ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 95
(давоми)
ВОДИЛ ҚУРО ВОҚЕАСИ
Ҳижратнинг еттинчи йили Хайбар қалъаларини фатҳ қилиб келаётганларида Расулуллоҳ Водил Қуро яҳудларини Исломга даъват қилдилар. Агар Исломни қабул қилсалар, ер-сувлари ўзларига қолиб, мол-жонлари ҳам омон топгай, деб Расулуллоҳ ваъда қилсалар ҳам, алар уруш қилмоқчи бўлишди.
Бу урушда ўн икки кишилари ўлгач, омон сўрашга мажбур бўлдилар. Буларга омонлик берилгач, Хайбар яҳудларига қилинган келишув бўлиб, ер ҳосилотининг ярмини Расулуллоҳга топшириш шарти билан бутун ер-сувлари қолдирилди.
Булардан бошқа аларнинг Мадинадан олти кунлик ерда Фадак деган яҳудлар қалъаси, саккиз манзиллик жойда Таймо деган бир шаҳарлари бор эди. Бу жойлардаги яҳудлар эса Хайбар воқеасини эшитгач, жизя тўлашга рози бўлишиб, ўз жойларида қолишди. Фадак яҳудлари эрса бунга рози бўлишмай, ер-сувларини ташлаб, хоҳлаган ёққа кўчиб кетиш шарти билан сулҳ қилдилар.
Хайбар шаҳри ва унинг атрофида яшаётган яҳудлар ўз ерларининг ҳосилларидан тенг ярмини тузилган келишувга биноан Расулуллоҳга топширишлари лозим эди. Буни йиғиб олиш учун Расулуллоҳ ансор саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳани тайинламиш эдилар.
Бу киши эрса алардан хазина ҳақини қолдирмай олишга қаттиқроқ киришди. Яҳудлар ишни юмшатиш чорасини қилмоқчи бўлишиб, у кишига пора бериш ишоратини қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Равоҳа буни пайқаб қолиб, аларга:
— Эй Худо душманлари, менга ҳаром нарса едириб, мени булғамоқчидурсиз, бу ишнинг бўлиши меним устимда мумкин эмасдур. Энг яхши кўрган кишим томонидан энг ёмон кўрган кишилар устига шу хизмат учун келдим. Худо ҳаққи, меним кўзимга сизлар тўнғиздан ҳам, маймундан ҳам ёмонроқ кўринасизлар. Шундай бўлатуриб, тутган динимнинг шарофатидан сизларни энг ёмон кўришим, Расулуллоҳни энг яхши кўришим мени адолат йўлидан тойдира олмайди, — деди, Разияллоҳу анҳу.
Шунинг билан Хайбар аҳли бошлиқ Мадина атрофидаги барча яҳудийлар баъзилари сулҳ билан, баъзилари уруш билан бўйсунганликдан, мусулмонлар ички душманларининг зиён–заҳматидан қутилгандек бўлиб қолишди.