O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Вояга етмаган қиз 19 та қотиллик жиноятига жалб қилинган

Вояга етмаган қиз 19 та қотиллик жиноятига жалб қилинган
155 views
26 August 2014 - 7:40

4Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир йил мобайнида анча шов-шувларга сабаб бўлган ёлғиз қарияларга нисбатан содир қилинган қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятлари содир қилган жиноий гуруҳ иши бўйича қўшимча маълумотларни маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар тарқатди.

Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи Азизбек Назаровнинг сўзларига кўра, Жамолиддин Қосимов ва унинг шериги Наргиза Ўразова томонидан содир қилинган жиноятларнинг қурбонлари Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарақанд, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида яшовчи жами 186 та кекса аёллардан иборат.

Жорий йилнинг 27 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ж. Қосимов ва Н. Ўразовалар жиноий тўдаси аъзоларига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарганди. Унга кўра юқорида тилга олинган шахслар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, ўғирлик ва бошқа оғир жиноятларда айбдор деб топилган. Шу жумладан айбланувчилар илгари очилмай қолган 20 та одам ўлдириш жиноятида айбдор деб топилган ва уларнинг 19 тасида Ўразованинг вояга етмаган қизи жиноятга жалб қилингани аниқланган.

Суриштирув-қидирув тадбирлари мобайнида жиноятларга алоқадор 60 минг одам сўроқ қилинган.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт пенсионерларини деярли бир йил давомида қўрқиб яшашга мажбур қилган жиноятчилар ўтган йилнинг кузида қўлга олинганди. Суриштирув мобайнида аниқланишича, эркак ва аёл жуфтлиги коммунал хизмат, тиббиёт муассаса ҳамда ижтимоий таъминот ходимлари сифатида ўзларини таништирган ҳолда ёлғиз қарияларнинг ишончини қозониб уларнинг уйларига кириб олишган. Ундан кейин эса зўравонликлардан тортиб қотилликкача бўлган турли жиноятларни содир қилишган.

Суд ҳукмига кўра жиноятда айбланаётган эркакка нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси, аёлга нисбатан эса қаттиқ тартибдаги колонияда ўталиши шарти билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ундан ташқари, Бош прокуратуранинг жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун киритган даъво аризасини ҳам қаноатлантирган.

ЎХҲ ахборот бўлими