O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Газета кимники? ёки «Ёзувчи» Прокурорлар

Газета кимники? ёки «Ёзувчи» Прокурорлар
146 views
06 February 2013 - 1:30

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари устидан жамият назоратини кучайтиришга қаратилган бир неча қонун ва қарорлар бор. Аммо амалда бунинг тескариси бўлса-чи?!

Бойсун туман ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий нашри бўлмиш «Бойсун» газетаси тахламларини кўздан кечирсангиз, бир неча йиллардан буён бу даврий нашрнинг айрим давлат органлари босими остида фаолият кўрсатиб келаётганига амин бўласиз.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, биргина туман газетаси бўлган бу нашрнинг ҳар сони нафақат туман прокурори ва ходимлари, балки Сурхондарё вилоят прокуратураси бўлим прокурорлари, ҳатто бошқа туман прокурори ёки департаменти ходимлари қаламига мансуб жиноий материаллар билан «безатилади».

Бу мақолаларда ўғирлик, фирибгарлик, давлат мулкини ўзлаштириш, номусга тегиш, қотиллик ва бошқа тур жиноятларни қандай қилиб моҳирона амалга ошириш, терговга чап бериш, айбни яшириш, жазодан қутилиб қолиш ва ҳоказо тафсилотлар баён этилган. Ўз қонунларини билмайдиган, билса ҳам амал қилишдан чўчийдиган бечора газета раҳбарияти ноилож…

Энди эътибор қилинг. Камина ёшлар онгини заҳарлашдан бошқага ярамайдиган, ёлғон маълумотлар билан тўлиб-тошган «Бойсун» китобини таъқиқлаш ва қайта нашр этиш борасида Ўзбекистон Фанлар Академияси, Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси ҳамда мабуот ва ахборот агентлигининг хулосаларига таянган ҳолда аниқ далиллар асосида кичик бир мақола тайёрлагандим.

«Бойсун» газетасининг лавозимдан тушгунча лозимни туширишни афзал билувчи муҳаррири Х.Қараев тиш-тирноғи билан қарши туриб, асоссиз ҳолда уни нашрдан қолдирди. Сабаби оддий: мазкур китобни маблағ билан таъминлашда туман ҳокими «жонбозлик» кўрсатган, газета раҳбарияти эса ҳоким бувани «ота» деб атайди. Энди ўзингиз ўйлаб кўриб жавоб қилингчи, мен чаласаводнинг ёшлар онгини сохта тарих билан булғамасликка қаратилган куюнишларим муҳимми ёки вилоятнинг энг фаол журналистга «айланиб» бораётган бир неча прокурорлари ёзаётган жиноят ишларими?

Айтганча, менинг ўша мақоламни «Карвон қўнғироғи» номли республика газетаси чоп этди.

«Бирор газета чиқарсин, кейин кўчириб босамиз», дея ваъда қилган муҳаррир Х. Қараев тағин лафзини бузиб, «ота»сининг тазйиқидан қўрққанча «думини тугди». Ундан ҳам ёмони, фарзандларимиз турли-туман жиноят тафсилотлари билан бирга кутубхоналарда, мактабу коллежларда бетакрор юртимизнинг сохталаштирилган тарихини ҳам ўқимоқдалар! Бу яхшими ё ёмон – келажак кўрсатади.

Зар СОБИРОВ