O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Газетчиларимиз 30 йил бурун қандай ёзган бўлса, бугун ҳам ўша гапларни ёзиб ётибди

Газетчиларимиз 30 йил бурун қандай ёзган бўлса, бугун ҳам ўша гапларни ёзиб ётибди
268 views
30 June 2016 - 8:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(54-қисм)

Энди далилларга ўтамиз. Газетнинг 2011 йилги айрим сонларини варақлаймиз. Мисолларнинг ўзини келтирамиз, хулоса чиқаришни ўқувчига қолдирамиз. Жуда чидаб бўлмайдиган ерларигагина изоҳ бериш билан тўхтаймиз. Имло ва жумла хатоларини шундоғича қолдирамиз. Чунки мадҳия чоғи жазбаланиб кетган журналистлар гапнинг тўғри ёзилишига диққат қилиб ўтирмайди, улар учун мадҳиянинг ўзи муҳим. Қанча кўп қолип сўз ва қолип жумлалар ишлатилса, шунча яхши! Кўчирмалардаги бу қолипларга ўқувчи диққатини тортиш учун ётиқ ҳарфларда ажратиб кўрсатдик. Демак…

2011 йил 27 ўктабир сонида:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурат Каньязов ЎзА мухбири билан қилган суҳбатини бундай бошлайди: “Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан юртимизда хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимояси изчил таъминланмоқда. Бу борадаги қонунчилик базаси тобора мустаҳкамланиб, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий кафолатлари кенгаймоқда”.

2011 йил 29 ўктабир сонида:

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида танланган мустақил тараққиёт йўлимиз ҳамда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ривожланишнинг “ўзбек модели” нақадар тўғри эканлигини бугун дунё эътироф этмоқда”.

2011 йил 18 нўябир сонида:

Президентимиз раҳнамолигида қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларнинг бой мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли ҳунармандларимиз ижоди янада сайқал топаётир” (“Миллий санъатимизнинг бетакрор намуналари” мақоласидан).

2011 йил 22 нўябир сонида:

“Истиқлол йилларида миллий мусиқа санъатимизни ривожлантириш, унинг бетакрор анъана ва мактабларини тиклаш, тарғиб-ташвиқ этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди” (“Эл ардоғидаги санъаткорнинг қалб наволари” мақоласидан).

2011 йил 23 нўябир сонида:

“Юқори халқаро рейтинг банкларимизнинг изчил ва самарали фаолияти ифодасидир”.

2011 йил 24 нўябир сонида:

“Мақсадимиз – юксак эътиборга муносиб жавоб қайтариш” деб номланган спорт хабари: “Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамюртларимизнинг жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги муваффақиятли иштирокини таъминлашга хизмат қилаётир”, деб бошланади.

2011 йил 26 нўябир сонида:

Жаҳон чемпиони Абдулла Тангриев билан қилинган суҳбат сарлавҳаси: “Ғалабаларимиз – эътибор ва ғамхўрлик меваси”.

2011 йил 2 декабир сонида:

“Истиқлол йилларида Президентимиз томонидан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” халқимиз фаровонлигини таъминлашда асос бўлмоқда” (“Илғор технологиялар ва саноатимиз истиқболи” номли расмли бош мақоладан).

2011 йил 3 декабир сонида:

“Бугун Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида…”

2011 йил 6 декабир сонида:

Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойларни юртдошларимиз аҳолига чексиз ғамхўрликнинг амалий ифодаси сифатида қабул қилишмоқда…”

“Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган беқиёс эътибор юксак самараларини бермоқда. Бундай ютуқ ва муваффақиятлар замирида жамиятимизда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги ислоҳотлар муҳим роль ўйнамоқда… Ушбу ютуқларимга асос, авваламбор, Президентимиз томонидан биз, ёшларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-унишимиз, таълим олишимиз учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлардир. Мен каби минглаб навқирон авлод вакилларини рағбатлантириб, отамиздек бошимизни силаётган Юртбошимизга раҳмат!” (Умидахон Жўраева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори).

“…истиқлол йилларида санъатни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда” (Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси).

“Мустақил диёримизда навқирон йигит-қизларнинг мустаҳкам билим олишлари учун беқиёс шарт-шароит яратилган” (Барногул Санақулова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиати, Тошкент Молия институти аспиранти).

2011 йил 8 декабир сонида:

“Мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришаётгани – истиқлол шарофати ва Президентимизнинг навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган улкан эътибори самарасидир”.

Шу мақола тагида: “Узоқ йиллар ўқитувчилик, илму маърифат соҳасида ишлаган киши сифатида яхши биламанки, илгари бундай замонавий мактабларни кўриш у ёқда турсин, бу ҳақда тасаввур ҳам қилолмас эдик. Бугун эса Истиқлол шарофати ва Президентимизнинг эзгу ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда қад ростлаётган коллеж ва лицей ҳамда мактабларни кўриб ғурурланиб кетасан киши. (Бундай “эътироф”ни худди шу муаллиф совет даврида ҳам худди шу тарз ифодалаши бемалол мумкин эди! Фақат “истиқлол” ўрнига “Улуғ Ўктабирь” деб, “Президентимиз” сўзи ўрнига “Жонажон Коммунистик партиямиз” деб қўллаган бўларди! – Н.М.Р.)

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз, илму маърифат соҳаси вакилларининг кўнгилда ифтихор ҳиссини туйган ҳолда сидқидилдан меҳнат қилишимиз учун энг катта асос, бу, Президентимиз ғамхўрлиги ва эътиборидир (Диққат қилинг: биринчидан, “энг катта асос” болаларимизнинг илмга ташналиги ёки халқимизнинг маърифотга муҳтожлиги эмас, балки президент ғамхўрлиги ва эътибори, дейиляпти; иккинчидан, бундан олдинги сон газетда “зулфиячи” ёш шоира ҳам худди шу гапни айнан айтган эди! – Н.М.Р.). Шундай экан, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар улкан самараларини бераверади” (Мапар Ҳайдарова, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси).

2011 йил 16 декабир сонида:

Биринчи бетдаги бир мақола: “Солиқ соҳасида ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилади” деб аталади ва у: “Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ва мутаносиб суръатларда ўсишини… таъминламоқда”, деб бошланади.

Яна шу бетда “Маҳалла” жамғармасининг ҳисобот-сайлов конференциялари” рукнида “Халқимиз ҳаётининг ёрқин кўзгуси” сарлавҳали мақола-хабар босилган. Унда бундай дейилади: “Маҳалла” хайрия жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими ҳисобот-сайлов конференциясида делегатлар бўлимнинг беш йиллик фаолиятини баҳолаш асносида бўлим томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилганини алоҳида қайд этди. Жумладан, вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари тақдимоти изчил олиб борилаётир. Умуман олганда, давлатимиз раҳбари асарлари тарғиботи юзасидан 117 мингдан зиёд тадбирлар ташкил қилинганлиги эътироф этилди…”

Биринчидан, “аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тарғибот ишлари” “президент асарлари тақдимотини изчил олиб бориш” билан қилинаётганига тушуниш қийин. Иккинчидан, ҳисобот-сайлов йиғилишларида айтиладиган бундан бошқа ишлар йўқми? Учинчидан, бир йилда 365 кун бор, беш йилда (ортиқча бир кунни ҳам қўшганимизда) 1826 кун бўлади. 117000 ни 1826 га бўлсак, 64 чиқади. Демак, президент асарлари маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳар куни 64 мартадан тарғибот қилингани билинади. Бундан “Маҳалла” хайрия жамғармасининг президент асарларини тарғиб-ташвиқ қилишдан бошқа иши чиндан ҳам йўққа ўхшаб қолди…

Яна шу сонда: “…Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда…” (“Модернизация – жаҳон бозорига кенг йўл”).

2011 йил 30 декабир сонида:

 “Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигининг 20 йили мобайнида мамлакат Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотларни амалга оширгани ва бунинг мантиқий натижаси ўлароқ, соғлиқни сақлашнинг самарали миллий модели юзага келганини қайд этдилар” (Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси уюштирган симпозиумдан хабар).

“Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мудофаа тизимини мустаҳкамлаш, замонавий, ҳаракатчан, яхши қуролланган, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳозир миллий армияни ташкил этиш борасида салмоқли натижаларга эришилди” (1-бет).

“Истиқлол йилларида тадбиркорлик ҳаракати, айниқса, кичик бизнес ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилди. Президентимиз ташаббуси билан 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб номланиши бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириб юборди” (“Модернизация яратган имконият”) (шу бет).

“Хабарингиз бор, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган…” (шу бет).

Тагидаги мақолада: “Президентимиз томонидан тақдим қилинган…” (шу бет).

Тагида, ёнбошда: “Президентимиз ташаббуси билан истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшларнинг маънан етук…” (шу бет).

Ўнгда тепароқда: “Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва ғояси асосида Мустақиллик майдонида бунёд этилган ҳар бир иншоот, ҳар бир монумент ўзига хос рамзий маънога эга” (шу бет).

Шунинг тагроғида: “Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китоби ҳозирги кунга қадар истиқлолимизнинг ёритилмаган саҳифаларини очиб бергани, ўзида ноёб манба ва маълумотларни мужассам этгани боис халқимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда” (шу бет).

Шу ерда бир тажриба қилиб кўрайлик. Бу матнни худди шу ҳолича хаёлан 30 йилдан кўпроқ орқа замонга йўлласак, аниқ мана бундай ўқилади: “Оташин лелинчи, коммунизмнинг толмас курашчиси, ҳаммамиз учун ҳурматли Леонид Илич Бирежневнинг “Кичик ер”, “Қўриқ”, “Тикланиш” каби асарлари ҳозирги кунга қадар Улуғ Ватан урушининг, чўлни ўзлаштиришнинг ҳамда урушдан кейинги иқтисодий-ижтимоий тикланишнинг ёритилмаган саҳифаларини очиб бергани, ўзида ноёб манба ва маълумотларни мужассам этгани боис кўпмиллатли совет халқи томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда”.

Иккала матнни солиштиринг – нимаси бошқача? Йилини, муаллифини, асар номини демаганда, ҳеч нарса ўзгармаган – бир хил. Ҳа, азамат газетчиларимиз 30 йил бурун қандай ёзган бўлса, бугун ҳам айни ўша услубда, ўша гапларни ёзиб ётибди.

Яна узоқ давом эттирса бўлади бу “кўчирма”чиликни. Лекин на ҳожат? Шунинг ўзи етмайдими? Буларни ўқигунча роса қийналиб кетган бўлсаларинг ҳам керак. Орада бир оз дам беришнинг палласи келди, бизнингча. Дамнинг энг самарали йўли – бир чимдим кулги. Энди ўқийдиганларингиз сизларда кулги уйғотадими, алам уйғотадими ёки исён туғдирадими – билмадим-у, аммо “Халқ сўзи” заҳматкашлари сиз билан бизнинг кулгимизни қистатишга тер тўкиб ҳаракат қилишгани кўриниб турибди.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com