Мустақиллигимизнинг илк ойларида Ислом Каримов телевидение орқали кўрсатилган бир йиғилишда сўзга чиқиб:
– Мана, мустақил бўлиб олдик, барча бойликлар энди ўзимизники. Ана, кўрасизлар, яқин йилларда яшашимиз «Во!» бўлади , деган эди бош бармоғини кўрсатиб.
Орадан 22 йилдан кўпроқ вақт ўтди аммо яшашимиз «Во!» бўлмади. Аксинча, юрт хароб бўлди, халқ йўқсилликка юз тутди. Негаки, Ислом Каримов айтган ўша бойликлардан келаётган фойда оффшор зоналарда унинг ҳисоб рақамларига ўтиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Агарда ўтган асрнинг 60-70 йилларида халқ «гази Уралга етиб, тезак ёққан ўзбегим» деб ашула айтган бўлса, бугун халқ «гази Хитойга кетиб, тезак ёққан ўзбегим» ашуласини баралла айтмоқда. Чунки бугун ўзбек гази нафақат Европага ҳаттоки Хитойга ҳам етказилди.
Халқчи? Халқ ноябр ойининг совуқ кунларида тезак-таппи ёқмоқда. У ҳам бор бўлса! Йўғида эса совуққа мослашишга мажбур. Бу ҳам етмагандай, йўқ газ учун халқдан сен газдан қарздорсан, деб мажбурий пул ундиришади.
Самарқанд туманида яшовчи бир танишимнинг айтишича, октябр ойининг охирларида газ таъминоти идораси ходимлари ёнларида участка нозири, маҳалла фаоллари билан уйма-уй юриб агар қиш фаслида ҳар бир ой учун олдиндан 152 минг сўмдан тўласаларингиз 1 ноябрдан газ узатишни йўлга қўямиз, деб пул йиғиб олишган. Бундай гаплар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлаётганини одамлар айтишмоқда. Лекин мана ноябр ойидан ҳам бир ҳафтача ўтаяптики газдан дарак йўқ. Бу қандай бедодлик, қароқчиликнинг ўзгинаси-ку, дейди куйиниб танишим.
Билишимизча, ҳамма ерда бўлгани каби, Самарқанд вилоятинингбарча туманларида ҳам бўлмаган, ёқилмаган газ учун ўқитувчлар, шифокорлар ва бошқа давлат бюджетидан ҳақ оладиган ходимларнинг маошларидан, нафақахўрларнинг пенсияларидан мажбуран тўлов ундиришлар, халқнинг вой-додига қарамасдан, изчиллик билан давом этмоқда.
ЎХҲнинг Самарқанд мухбири