Ўзбекистондаги газ ва электр энергияси тақчиллиги боис юзлаб кичик корхоналар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Ҳар йили қиш мавсумида ишлаб турган иссиқхоналар, ғишт ишлаб чиқарувчи заводлар қишки “таътил”да дам олмоқда. Бу корхоналарда ишлайдиган минглаб одамлар ҳам ишсиз қолди.
Тошкент шаҳридаги қурилишларни ғишт билан таъминлайдиган Янгийўлдаги ғишт заводларининг аксарияти бугунги кунда ишсиз қолган.
Янгийўл туманида истиқомат қилувчи Парпи Соҳибовнинг ғишт заводларидан бирининг раҳбари бўлган танишига таяниб айтишича, шу пайтгача тумандаги заводлар қишда газ йўқлиги боис бирор марта ҳам тўхтаб қолмаган эди:
– Менинг уйимдан 150 метр нарида ғишт заводи бор. Ярим йил бўлди ишламаяпти. Янгийўл территориясида 32 тача ғишт заводи бор. Шунча заводдан бор-йўғи 2 таси ишлаяпти, қолган 30 таси фаолиятини тўхтатган. Бу бор ҳақиқат, – дейди Парпи Соҳибов.
Янгийўллик тадбиркор Ўткир Маҳмудов раҳбарлик қилган энг йирик ғишт заводларидан бирида ишлаган темирчи Раҳматжоннинг сўзларига кўра, тумандаги заводлар янгийўлликларнинг ярмини “боқиб” турган эди. Заводлар фаолияти тўхтатилгани боис минглаб одамлар ишсиз қолди:
– Заводни “газ йўқ” деб ўчирдилар. Ярим йилдан буён ётибмиз ишсиз: “Агар ишга тушса, айтиб қўйинглар, темирчини қайта ишга олинглар” деб, – дейди Раҳматжон.
Янгийўлдаги ғишт заводлари фаолияти тўхтатилгани боис юз миллионлаб сўм зарар кўрилгани айтилади. Ишсиз қолган одамларнинг эса совуқ кунларда бошқа муқобил иш топишга имкони бўлмаяпти.
Ўзбекистондаги газ тақчиллиги биргина ғишт заводларининг эмас, балки юзлаб иссиқхоналарнинг ҳам ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишига сабаб бўлди.
Тошкент вилоятидаги “Қўйлиқ” хусусий иссиқхонасига қўнғироқ қилганимизда телефон гўшагини қоровул кўтарди:
– Ҳали ишга тушгани йўқ, мартдан ишга тушади. Ҳозир газ йўғу, – деди иссиқхона қоровули.
Унинг айтишича, ҳар йили бу пайтда иссиқхонада 30 дан ортиқ одам помидор ва бодринг етиштирарди, бу йил эса уларнинг ҳаммаси бекор қолди.
Бухоро вилоятидаги Исмоил Гадоев номидаги деҳқон хўжалиги ҳам республикада газ тармоғидан узилган юзлаб корхоналардан биттаси. Корхона иш юритувчиси Учқун Гадоевнинг айтишича, ҳар йили улар иссиқхонадан 10-15 миллион сўм даромад олишар ва камида 10 киши иш билан таъминланган эди:
– Фаолият юритмаяпмиз, бир биз эмас, атрофимиздаги барча иссиқхоналар ҳам “дам” оляпти,- дейди Учқун Гадоев.
Мамлакатдаги истеъмол, қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган юзлаб кичик корхоналар бугунги кунда ўз фаолиятини тўхтатган. Бундан мамлакат иқтисодиёти қанча зарар кўришини иқтисодчилар ҳали ҳисоблаб чиққанларича йўқ.