Андижон вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига ўтган йил мобайнида турли соҳалар бўйича жами 936 та шикоят ва аризалар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 879 таси ижобий ҳал қилинди ҳамда истеъмолчиларга 126593,5 млн. сўм миқдордаги маблағларнинг қайтарилишига эришилди. Жумладан, Андижон шаҳар 1-кичик даҳасида яшовчи С.Ҳалимова ўз аризасида хонадони 2011 йили табиий газ тармоғидан узилган бўлишига қарамасдан “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Андижон туман филиали томонидан унга 1500000 сўм нореал қарздорлик ҳисобланганлигини баён қилган. Мазкур мурожаат жамият мутахассислари ва “Водийгазтаъминот” УК Андижон туман филиали ходимлари томонидан аризачининг бевосита иштирокида ўрганилди. Натижада истеъмолчига нореал қарздорлик ҳисобланганлиги ўз тасдиғини топди ва унинг фойдасига ижобий ҳал этилди. Яна бир мурожаат Андижон шаҳридаги 1-кичик даҳада яшовчи Наталья Кравцовадан тушган бўлиб, унда “Янги шаҳар электр тармоқлари” корхонасидан электр энергияси бўйича 165000 сўм ҳақдор бўлгани ҳолда, мазкур корхона томонидан ушбу ҳақдорлик истеъмолчининг ҳисоб варағида акс эттирилмаганлиги юзасидан эътироз билдирилган. Андижон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Н.Кравцованинг ҳисобга олинмаган пули унинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Андижон вилояти Олтинкўл тумани, Ижтимоият МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Т.Жумабоев ҳудудий бирлашма “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, ўзининг туман электр тармоқлари корхонаси томонидан қарздор қилинганлигини билдирган. Ушбу мурожаат бўйича жойига бориб ўрганилганда, Т.Жумабоевнинг электр энергияси корхонасидан 602,4 минг сўм ҳақдорлиги маълум бўлди ва истеъмолчи фойдасига ҳисоб-китоб қилинди.
ca-news.org