O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Геродотнинг тарих асарида Ўғуз сўзи борми?

Геродотнинг тарих асарида Ўғуз сўзи борми?
188 views
24 June 2019 - 11:31

ЎҒУЗХОН ТАРИХИ (ДАВОМИ)
II БОБ

Геродотнинг тарих асарида Ўғуз сўзи борми?
Ушбу асарни ёзишда тарих фанидаги энг қийин услуб – ёзма манбаларни кўпроқ танладим. Чунки, француз сиёсий арбоби Шарль де Голлнинг «Рақобатчиларга дуч келмай десанг, энг қийин йўлни танла» деган тавсияси менга устуворлик қилди.

Дунё тарихида «тарих отаси» дея шуҳрат қозонган Геродот бундан 2500 йил аввал яшаб, ўзидан «Тарих» асарини авлодларга мерос сифатида қолдирган.
Геродотнинг ўзи эрамиздан олдинги 490-480 йилларда Галикарнасс шаҳрида туғилган. Бу шаҳарнинг харобалари ҳозирги кунда Туркиянинг Бодрум шаҳрида жойлашган. У Галикарнасс шаҳридаги зўравонликларга қарши сиёсий курашларда муваффақиятсиз қатнашади, шу сабабдан она шаҳрини ташлаб, чиқиб кетишга мажбур бўлади. У Кичик Осиёда, Бобил (Вавилон)да, Мисрда, Болқон мамлакатларида, юнонлар мустамлакасида бўлган Қора денгиз бўйидаги ўлкаларда бўлади ва у ердаги халқларнинг, йўлбошчиларнинг ҳаётларини кузатади, халқ оғзаки ижоди, ривоятларини ёзиб боради ва ўша халқлар тилларини ўрганади.
Геродот ўз асарини юнон тилида ёзган ва биринчи бўлиб тарихга «Скит» тушунчасини ёзма равишда киритган муаллиф бўлиб турибди.
Скит сўзи юнон манбалари бўйича.
Биз ўзбеклар Рус олимлари таъсирида қолиб кетганлигимиз учун бу сўзни рус тили орқали «Скиф» дея муомалага киритдик. Чунки, Татаристонлик тилшунос, академик М.Закиевнинг асосли фикрига кўра, руслар Европаликларнинг «Т» товушини «Ф» шаклида талаффуз қиладилар. Мисол учун европаликлар тилидаги Марта, русларда Марфа, европа тилларидаги Теодор, русларда Феодор сифатида жаранглайди.
Шуни қайд қилиш керакки, руслар бу ишни «ўзига хослик» сифатида қабул қилганлар. Мисол учун улар ўзларининг хабарлар дастурида қозоқ миллатига мансуб Омон Тулеевни, Аман Тулеев сифатида эътироф этадилар. Омон десалар бўлмайдими? Бўлганда қандоқ. Мисол учун милиция сўзи полиция сўзига айлангунга қадар, руслар «отряд милиции особого назначения» сўзини қисқартириб ОМОН дейишади.
Энди бундай ҳолатлар бошқа тилларда ҳам бор. Дунёга машҳур Апельсин сўзини олинг. Бу сўзнинг луғавий маъноси «Апел Чина» яъни, «Хитой олмаси», аммо, бу сўз европа тиллларида «Чина» эмас «Сина» тарзида талаффуз қилина бошланди. Бизга ҳам европаликлар орқали шундай шаклда истеъмолда. Қадимги манбаларимизни қидирсак, бу сўзнинг туркийчаси умуман бошқача янграши аниқ. Инглиз ва немислар ўғил бола исмини «Карл» дейишса, бу исмни французлар «Шарль» дея талаффуз қиладилар ва ҳоказо.
Майли сўзимизга қайтайлик.
Геродот Тарих асари 4 китоби номи «Мельпомена» бўлиб бу Скит қабилаларига бағишланади. Мельпомена дегани юнон афсоналарида Зевснинг қизи бўлиб «Фожеа маъбуди» ҳисобланади.
Ўтган асрда яшаб ижод қилган ажойиб туркшунос олим Садри Мақсуди Арсал (1879 – 1957й.й.)нинг “Турк тарихи ва ҳуқуқи” асари (рус тилига ўгирилган электрон матни (“Тюркская история и право”Козон-2002, “Фен”нашриёти таржимон Р.Мухаметдинов)да айтишича, Геродот скифлар ҳақида айтган гаплари, айниқса, ундаги тўртта исм – Таргитай, Арпаксай, Липоксай, Колоксай бўйича дунёда туркшунос ва эроншунос олимлар ўртасида илмий тортишувлар бир неча юз йилдан буён давом этиб келяпти.
Геродот айтган бу тўртала исмнинг тарих учун аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки, бу исмларнинг қайси тилда эканлиги, шоҳлар авлоди – скифларнинг кимлигини, бу эса туркийларнинг ёки форсийларнинг қаерларда истиқомат қилганлигини, улар ҳозирда кимларнинг аждодлари эканлигини билдиради.
Геродот айтган, бутун дунёга шу ном билан кириб келган Скит, юнон афсоналаридаги чексиз ақл-идрок, тенгсиз куч-қувват соҳиби, баҳодир Гераклнинг учинчи ўғли эмиш.
Афсонада айтилишича, Геракл Герионнинг буқаларини боқиб юриб, совуқ ўлкаларга келиб қолади ва чўчқа терисига ўраниб ухлаб қолади. Уйғонганида отлари ғойиб бўлганлигини кўради. Отларини қидириб, бир ғорга келса, у ерда ярим илон, ярим аёл шаклидаги махлуқ “отларинг менда, лекин мен билан ишқий алоқа қилмагунингча уларни сенга бермайман” дермиш.
Қисқаси, Илон аёл Гераклдан уч ўғил кўради. Бир куни Илон аёл Гераклдан: – Бу ўғиллар улғайгач, уларни ўз юртимда қолдирайми ёки сенинг ёнингга жўнатайми?- деб сўрайди.
Шунда паҳлавон Геракл:
– Болалар улғайгач, мана бу камонимни қай бири менчалик тортиб, мана бу камаримни белига тақолса, ўшанисини ёнингда қолдир. Эплолмаганини ҳайдаб юбор,- дермиш.
Болалар улғайгач Илон аёл ўғилларнинг каттасига Агафирс, ўртанчасига Гелон, учинчисига Скит деган исм қўйибди. Отасининг талабини фақат биттаси, яъни кенжа – Скиф амалга ошириб давлатга эгалик қилибди. Скитиядаги барча шоҳлар афсонавий баҳодир Гераклнинг мана шу кенжа ўғли Скит авлодлари экан. Скитнинг авлодлари яшайдиган ҳудуд ШОҲ СКИТЛАР макони дейиларкан.
Шундай қилиб, барча халқлар ўзларини «Шоҳлар Авлоди» бўлиб чиқиши ҳақидаги баҳсга берилиб кетдилар.
Геродотдан сўнг жуда кўп юнон ва рим олимлари, тарихчилари ушбу мавзуга тўхталганлар. Скитлар ўз қўл остига кўп халқларни бўйсундиргани учун, ушбу этноним кенг маънода уларга бўйсунувчи халқлар ҳам скит дейилиши (шунинг учун скит халқлари тилида бошқа тиллар элементларининг борлиги)да ва тор маънода айнан скит қабиласига (етакчи сўзларнинг айнан скит тилида эканлиги)да нисбатан қўлланилганлигини ёқловчи фикрлар ҳам бор.
Геродот скитларнинг келиб чиқиши ҳақида учта ривоятни келтиради. Унинг биринчисига кўра, скитларнинг биринчи отаси Таргитай бўлган, унинг уч ўғли бўлган: Липоксай, Арпоксай, Колаксай.
Мана шу учала ўғилдан тарқалган авлод шоҳ скитлар авлоди дейилади. Эллинлар эса уларни скифлар дейишади (Геродот, 1972 Тарих VII китоб, 6-хатбоши). Форсларнинг скитларни саклар дейишини ҳам айнан Геродот келтиради.
Юнонларнинг бошқа манбаларига кўра, эрамиздан олдинги III асрдан эрамизнинг IV асригача бўлган даврда скифлар этноними ўз номини сармат этнонимига бўшатиб беради.
Скитлар форсий тилда сўзлашувчи халқлар эканлиги ҳақидаги ғоя ҳозирча устун мавқега эга бўлиб, унинг бош ғояси: эронийлар Шарқий Европа халқларининг асосини ташкил қилган.
Туркий халқлар эса Европага эрамизнинг IV асрида Атилла бошлиқ хуннлар орқали кириб келган, шунинг учун Геродот (эрамиздан олдинги Vаср) айтган скитлар эронийлармиш.
«Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида асари»да келтирилишича («YURIST-MEDIA MARKAZI» Тошкент–2008 й.) Таргитайнинг ўғиллари – Липоксаис, Арпоксаис, Колоксаис бўлган. Таажуб.
Мирфотиҳ Закиевнинг «Турк ва татарларнинг келиб чиқиши ҳақида» («Происхождение тюрков и татар» Москва-2002, «Инсан» нашриёти) асарида Геродот айтган Таргитайнинг ўғиллари исмлари – Арпаксай, Липоксай ва Колаксай тарзида берилган.
Эрамиздан олдинги VII асрда ёзилган Оссурия ёзма манбаларида киммерийлар ва ашгузлар ҳақида фикр юритилишини турк олими И.Дурмуш айтган [И.Дурмуш , 1993, 26].
Совет олимлари қадимги юнон тарихчилари асарларини тан олишмаган. Бу ҳақда фахрий академик, тарихчи Н.Морозов ва физика-математика фанлари доктори М.Постниковлар ўта «жонбозлик» кўрсатганлар.
М.Постников ўзи билан бирга яна икки олимдан иборат комиссия тузиб, ўзининг математик таҳлиллари орқали қадимги тарихчилар асарларини жиддий текширувдан ўтказиб, унинг хулосасини 1982 йилда «Фан ва техника» журналининг 7-сонида «Тарихдаги энг буюк сохталаштириш» («Величайшая мистификация в истории») номли мақоласини эълон қилади.
Унинг хулосаси, мақола номидан ҳам маълум. Аммо, уларнинг хулосасида соғлом фикр уруғлари ҳам йўқ эмас. Масалан, комиссия хулосасининг бир қисмида эрамиздан олдинги Геродот ва бошқа юнон ҳамда рим олимлари, тарихчилари ёзган қўлёзмалар ўрта асрларда монахлар томонидан қайта кўчирилган ва баъзи сўзлар ўша давр кўчирмачиларининг қабиҳ мақсадларига мослаштирилиб ўзгаришлар билан нусха олинганмиш.
Туркий тил, дунёдаги жуда кўп тилларга асос бўлганлигини Алишер Навоий ҳам айтиб ўтади. Замонавий фикр юритганда туркий тил агглютинатив тиллар жумласига киради ва бу гуруҳдаги тиллар, ўзининг қадимги ўзагидан кам ўзгарадилар.
Нутқ бир мўъжиза бўлиб, унинг қандай пайдо бўлганлиги фанга маълум эмас экан. Сўзларнинг ўзиям мўъжиза. Инсонлар ҳам қачонлардир бир ота-онадан пайдо бўлганидек, тил ҳам қачонлардир битта бўлган.
Тиллар ота макондан узоқлашгани сайин ташқи таъсир орқали ўз шаклини ўзгартира боради. Шунинг учун муаллиф қайсидир сўз фалон тилники, қайсидир сўз бошқасиники, демакки бу сўз бошқа халқларга ўтиши мумкин эмас деган фикрдан йироқ.
Сўзни ҳам моддий жисм, ҳеч бўлмаса ерда ётган тош сифатида қабул қилиб, унинг вақт ўтиши билан емирилишини эътиборга олайлик.
Яхшиси сўзни олма сифатида тасаввур қилиб кўрайлик.
Олма дунёнинг деярли ҳамма минтақасида бор. Бир хил уруғни турли-туман об-ҳаволи муҳитга экиб кўринг, унинг ранги, таъми бошқача бўлади-ю, кўриниши, яъни ўзаги қолаверади. Туркий сўзлар ҳам шундай. Баъзида эса битта сўз, худди дунёнинг у бурчагидаги олма, қадимги аждодини такрорлаганидек, бу бурчагида асл ҳолида қолиб кетгандек, тураверади.
Келинг яна бир замонавий ўхшатиш қилайлик. Мана уяли телефонлар халқлар ўртасида қандай тарқалиб юрган бўлса, сўзлар улардан-да осонроқ тарқалган. Лекин, «телефон» сўзининг этимологияси-илдизини суриштираман десангиз, мантиқан мушоҳада юритилса, телефон айнан кимники эканлиги чиқади, қўяди. Мана шу нуқтаи назардан фикр юритилса, Геродот айтган ўша тўрт исмнинг илдизига етиб борамиз деб ўйлайман.
Грек манбаларини ўрганишни рус олимлари XVII асрдаёқ бошлаб юборгандилар. Биринчилардан бўлиб Геродотнинг «Тарих»ини рус тилига таржима қилган шахс, тарихчи Андрей Лизлов эди, у рус ва Fарбий Европа тарихий манбаларидан яхши хабардор эди. Лизлов турк тили ва тарихини ҳам яхши билган. Тарихчи 1649 йилда Краковда нашр қилинган С.Старовольскийнинг «Турк қайсарининг саройи» («Двор цесаря турецкого») асарини поляк тилидан рус тилига ўгирган эди.
А.Лизлов «Скифлар тарихи» номли асарини қўлёзма шаклида 1692 йилда ёзиб тугатади. Бу асарни ёзувчи ва жамоат арбоби Н.И.Новиков 1776 йилда қисман, 1787 йилда эса тўлиқ чоп эттиради.
А.Лизлов асари бошида турклар ва татарлар скифлардан келиб чиққанлигини исботлайди. Кейинги бобларда Европа халқлари ва русларнинг скифлар авлоди бўлмиш турк ва татарлар билан муносабатлари тарихини ёритади. Геродот тарихини ўрганган мутахассис А.А.Нейхардт А.Лизлов асарларини ўқиб, уларнинг шартли эканлигини қайд этади [Нейхардт А.А., 1982, 9]. Скифлар бўйича бошқа мутахассис С.А.Семенов-Зусер эса ушбу асарнинг «Россия тарихидаги биринчи таниқли асар»лигини қайд этади [Семенов-Зусер С.А., 1947, 11].
XVIII аср бошида скифларга қизиқиш кучаяди. Айниқса, бу масала Россия императори Пётр I ни қизиқтиради. У славянларнинг келиб чиқиш тарихини яратиш учун олмон олими Г.В.Лейбницга мурожаат қилади. У эса 1708 йилда императорга ёзган хатларининг бирида «мен сарматлар деганда славян қабилаларининг аждодларини тушунаман, кейинчалик бу сўз славян ва славлар номи билан танилганлар»,-дейди [Лейбниц Г.В., 1873, 211].
Скиф-сарматлар масаласини ўрганиш учун 1725 йилда Петербург фанлар Академиясига Германиядан Готлиб Зигфрид Байер чақирилади. Унинг хулосаси шундай: скифлар – Осиёдан келган халқлар; славянлар – автохтон халқ, шунинг учун скифлар славян эмас. Унинг фикрича скифларнинг авлоди финлар, ливлар ва эстлардир [Нейхардт А.А.,1982, 12]. Бу ерда қизиқ бир ҳолат бор. Мисол учун Готлиб Байер сўзлари аслида туркий сўзлардир. Олим ўзининг ҳам исми ва фамилияси скифча эканлигини билганмикан?
XVIII аср рус тарихчиси В.Н.Татишев скиф сўзини йиғма (жамланма) ном деб ҳисоблайди. Унинг фикрича скифлар жумласига славянлар, сарматлар, турклар, мўғуллар, Германлар, Эрон ва Хитойлар киради. Европаликлар 13-асрдан бошлаб скиф сўзи ўрнига татар сўзини ишлата бошлаганлар [Татищев В.Н., 1962, 232-233].
М.В.Ломоносов эса скифлардан финлар, сарматлардан славянлар тарқалганлигини қайд этади [Нейхардт А.А., 1982, 17-18].
Рус олимлари А.Лизлов, В.Н.Татишев ва бошқалардан ташқари ғарб олимлари ҳам аввал шу фикрда бўлганлар. XIX асрда инглиз олими В.Митфорд «Дунёда шундай жойлар борки, у ердаги аҳоли бошқалардан урф-одати ва ҳаёт тарзи билан кескин ажралиб туради. Бу халқни греклар скит, замондошлар эса татарлар дейишади»-дейди. [Митфорд В., 1838, 419]. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ўша пайтда европаликлар татар деганда – шарқдаги барча халқларни, асосан, мусулмон туркларни тушунганлар.
XIX аср ўрталарида рус тарихчилари ва географлари скифларнинг туркийлигини шубҳага олмаганлар. Масалан, Р.Латама 1854 йилда рус география жамияти Хабарномаси (Вестник)да шундай ёзган: «Ҳозирги пайтда скифларнинг туркийлигини исботлаш учун … махсус далиллар талаб қилинмайди» [Латама Р., 1854, 45].
XVIII аср охирида скифлар тарихи билан Н.М.Карамзин ҳам қизиқиб қолади ва хулосада у Геродот даврида Европа ва Осиёнинг баъзи халқлари скифлар ва сарматлар деган йиғма этноним билан аталганликлари ҳақидаги тўхтамга келади [Карамзин Н.М., 1818, 5-12].
XIX асрда ўтказилган археологик қазишма ишларидан маълум бўладики, Геродот ва бошқа юнон олимлари Европа ва Осиё тарихини тўғри ёритганлар. Шунинг учун ҳам рус зиёлилари Геродот ва бошқа юнон тарихчиларининг асарларини рус тилига таржима қилиб, чоп этиш ишларини кечиктирмаганлар. Ўлка тарихини ўрганиш учун кенг имкониятлар яратганлар.
Илгари, Вильно ва Қозон университетларида дарс берган академик Э.И.Эйхвальд Геродотнинг «Тарих»и бўйича тадқиқот, изланишлар олиб боради ва ундаги маълумотлар орқали славянлар, финлар, турк ва мўғуллар тарихини тиклашга уринади. У скифлар битта халқ эмаслигини, скифлар деганда ҳозир ҳам ўша ҳудудда яшовчи халқлар тушунилганлиги ҳақида хулосага келади [Эйхвальд Э.И., 1838, т. 27].
XIX аср бошларида қатор халқлар тарихи муаммолари билан шуғулланган П.Ф.Сум: «– скифлар, сарматлар, аланлар ўрнига кейинчалик турк қабиласи бўлган хунлар келганлар, сармат сўзи, туркча сар – «сариқ» сўзидан келиб чиққан бўлиб, сариқ одамлар маъносини беради»-дейди [Сум П.Ф., 1846, 3, 15]. Олмон тарихчиси Б.Г.Нибур скифларни мўғуллар деб ҳисоблайди ва туркларни ҳам улар таркибига киритади [Нибур Б.Г., 1847]. Асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1870 йилда А.Д.Мордтман Лейпциг шаҳрида миххатлар бўйича олиб борган тадқиқотларини эълон қилади ва скифлар турк тилида сўзлашганликларини қайд этиб, бу тил ўша пайтда (Геродот даврида -А.Ш.) Ўрол-олтой тил оиласидан ажралиш жараёнини бошдан кечираётганлигини айтади [Мордтман А.Д., 1870, 66-77].
К.Цейсснинг 1837 йилда эълон қилинган тадқиқотлари скифлар тарихида янги босқич бошланганидан дарак беради. У илк бор, скифларни эроний тилда сўзлашувчи қабилалар таркибига киритади. Унинг тахминича, диний, географик жойлашув ва скиф ҳамда форсий тиллардаги бир хилликлар шундай хулосага келишига сабаб бўлган [Доватур А.И.,…, 1982, 47].
Бошқа олмон олими К.Нойманн эса айнан диний ва тиллар уйғунлигидан келиб чиқиб, скифлар – туркийлар, сарматлар эса славянлар эканлигини қайд этади [Доватур А.И.,…, 1982, 50].
П.И.Шафарик скифлар туркларни ўз таркибига олувчи мўғуллар; сарматлар эса форслар; будин ва неврларни славянлар деб ҳисоблайди [Шафарик П.И., 1948; Доватур А.И.,…, 1982, 48].
XIX аср 60-йилларида К. Мюлленхофф скиф ва сармат сўзларини ҳинд-европа тиллари нуқтаи-назаридан ўрганиб чиқиб, скифлар асосан эроний тилларда сўзлашувчилар бўлиб, улар Эрондан анча шимолда ҳам яшаганликларини, жумладан, шулардан бири осетинлар эканлиги ҳақида хулосага келади [Доватур А.И.,…, 1982, 53].
К.Мюлленхоффдан кейин скиф-эрон назарияси кўпчилик тарихчилар ва лингвистларнинг эътиборини тортадики, улар бу назарияни кучайтириш учун турли-туман қўшимча ҳужжатлар топа бошлайдилар. Ушбу назариянинг ўзига тортадиган жозибаси шундан иборат эдики, у орқали ҳинд-европа халқлари келиб чиққан ота юртларини кенгайтириш имкониятига эга бўлаётгандилар. Бу йўналиш олимларининг бошқалардан ажралиб турадиган томони, улар бошқача фикрловчиларга нисбатан ўта жипсликда ҳужум уюштирар, айри фикрловчиларни ўта қаттиқ танқид қилишар, уларни «майдакаш, саводсиз олимлар»-дейишарди ва бу билан ўзларининг назарияларидаги далилларнинг кучсизлигини билдириб қўйишарди.
Танқидларга қарамай, скиф ва сарматлар туркийлар эканлигини исботламоқчи бўлганлар ўша пайтларда ҳам топиларди. Баъзида бундай олимлар миллати турк бўлмаган олимлар ичидан ҳам чиқиб қоларди. Масалан, 1904 йилда О.Франке Хитой манбаларининг Ўрта Осиё скифларини аниқлашда тутган ўрни билан боғлиқ китобини эълон қилади [Дурмуш, 1993, 17].
Унинг қайд этишича, хитой манбаларида ўрта осиёлик скифлар икки номда: саи ва сак этнонимларида учрайди. Олим «саи» дегани, хитой тилида «саки»ни билдиради, деган фикрни илгари суради. Яъни «саи ванг» дегани – «шоҳ саклар» деганидир [Дурмуш, 1993, 27-28] (Қадимги Хитой манбаларида ҳам «шоҳлар авлоди» ҳақида фикр бўлганига эътибор беринг).
Археологик қазишма ишлари натижасида Дунайдан бошлаб, Хитойнинг Fарбий чегарасига қадар ерларда скифлар (саклар, саилар, ишгузлар) яшаганликлари аниқланган.
Устоз М.Закиевнинг фикрига кўра, скид (скиф) этноними эрамиздан олдинги III асрдан бошлаб, ўз ўрнини Геродот тилга олмаган сармат, кейинчалик савромат сўзига, савромат сўзи ўз навбатида эрамиздан олдинги I асрда алан ва ас сўзларига ўз ўрнини бўшатади.
Шуниси қизиқарлики, скифлар тарихи билан шуғулланган туркшунослар бу манбаларни лингвистик, мифологик, этнологик нуқтаи-назардан ўрганиш жараёнида скифлар ва сарматларнинг турк тилида сўзлашганликларини аниқлаганлар.
Масалан, 1880 йилда венгер туркшуноси Геза Куун «Куманикус Кодекси» асарида скифларнинг туркийзабонликларини рад этиб бўлмас далиллар билан исботлаб беради [Куун, 1881, LVII-LVIII].
Хасан Ато Абуший ҳам скифларнинг туркийзабонлигини ишонч билан исботлайди. У 1909 йилда «Туркий қавмлар тарихи» асарини ёзади [Габаши Х.Г., 1909, 54].
Таниқли татар тарихчиси Ходи Атласи «Сибир тарихи» китобида қадимги юнонлар тилга олган Скифия ҳамда эронликлар қайд этган Турон, ҳозирги Туркистонга тўғри келиши ҳақида хулосага келади (Х.Атласи., 1993,21).
Ўз вақтида, Франциянинг Сорбонна университетини битирган, Европанинг асосий тилларини яхши билган турк ва татар олими Садри Мақсуди Арсал ҳам скифларнинг асосий қисми туркий тилда сўзлашганлигига эътибор қаратади.[Арсал, 1930, 8].
Туркийларнинг машҳур тарихчиси Заки Валиди Тўғон ҳам ўз тадқиқотлари хулосасида юқоридагига ўхшаш фикрни илгари суради. [Валиди А.-З., 1981, 34].
Садри Мақсуди Арсалнинг қизи кўпгина роман, герман ва турк тиллари билимдони Адила Айда қадимги Римда яшаган этрускларнинг туркийлигини исботлаб, бу борада турк тарихчиларининг жаҳон Конгрессида маъруза қилади. [Адиля Айда, 1979, 287-292].
Совет Иттифоқидаги расмий тарихий фан скифлар-саклар –сарматларни эроний тилда сўзлашувчилар деб ҳисоблашига қарамай, баъзи туркшунослар жасорат ила скифларнинг туркийзабонлигини айтишган. Масалан, қозоқ олимларидан А.С.Аманжолов, О.Сулаймонов, К.А.Акишевлар скифлар қозоқларнинг аждоди эканлигини баралла айтганлар [Аманжолов А.С., 1971; Сулейменов О., 1975; Акишев К.А., 1978].
Қозоқ олимларининг бу асарлари ичида Ўлжас Сулаймоновнинг «АЗиЯ» асари жуда катта шов-шувларга сабабчи бўлган. Муаллиф унинг ўзбек атамаси келиб чиқиши ҳақидаги фикрини кескин равишда рад этиш билан биргаликда, унинг асари Марказий Осиё туркийлари тарихини ўрганиш учун ўша «метин панжара»ларни синдиришда катта аҳамият касб этганини қайд этади.
Кавказшунос олимлар И.М.Мизиев ва К.Т.Лайпановлар 1986 йилда скиф-сармат ва аланларнинг асосий таркиби туркийзабон эканликларини лингвистик, археологик, этнологик маълумотлар таҳлили асосида исботлаб берганлар [Мизиев И.М., 1986, 35-56, 123-138; Мизиев И.М., 1990, 51-72; Лайпанов К.Т., Мизиев И.М., 1993, 45-86].
1993 йилда турк олими И. Дурмуш «Скитлар. Сакалар» («Skitler. Sakalar») номли монографиясини эълон қилади. Олим ўз асарида скифларга оид лингвистик, археологик, этнологик маълумотларни таҳлил қилади ва скифлар (саклар)нинг туркий тилда сўзлашганликларини рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаб беради [Дурмуш И., 1993].
Булғор татарлари этник илдизини ўрганиш борасида М.Закиев ҳам скиф-сарматлар масаласи билан тўқнаш келади ва бу ҳақда «Татар халқининг скиф-сармат илдизлари» номли мақола ёзади [Закиев М., 1995а, 37-58].
Кейинги пайтларда скиф-эроний назарияни рад этиб, скиф-турк концепциясини ёқловчи асарлар кўпаймоқда. Шулар жумласига Фиридун Агаси ўғлининг лингвистик таҳлилларга асосланган асарларини мисол тариқасида келтириш мумкин [Фиридун Агасыоглу, 2000, 77-133].
Юқорида М.Закиевнинг асарларидаги парчалар таржимасидан кўрганимиздек, скифлар, саклар, сарматлар ва бошқа исмлар ҳақидаги баҳс-мунозаралар 200 йиллардан буён давом этиб келмоқда.
Скитларни эронийлар дегувчи эроншунос олим, филология фанлари доктори В.И.Абаев (осетин тилида – Абайты Иваны фырт Васо; 2 (15) декабрь Грузия — 12 марта 2001, Москва) нинг фикрича, Таргитай сўзи форсча ДАРFА (мангу ёки ўткир) ва ТАВА (куч, қувват) сўзларидан ташкил топган. [Абаев В.И., 1949, 163; Миллер Вс., 1887, 127].
Таргитайнинг катта ўғлининг исми – Липоксай сўзини В.И.Абаев олмон олими М. Фасмернинг фикрига асосланиб: «унинг иккинчи қисмини ксая/хсай сўзи» дейди, «унинг маъноси – нур таратиш, ялтираш, ҳукмронлик қилиш; осетинча эса «княгиня», «тонг» маъносини англатишини айтади. Унинг фикрича, сўзнинг биринчи қисми номаълум, балки эронча ХОРСЕД қуёш сўзидан олинган бўлиши эҳтимол»,- дейди.
Таргитайнинг иккинчи ўғлининг исми профессор В.И.Абаев фикрича, Арпоксайдаги биринчи уч ҳарф «апр» бўлиб, ундаги «ап» эронча ўзакда «сув» ва осетинча «ра», арф «чуқур», апра «сув чуқурлиги»; хсая – шоҳ; апра-хсая «сув шоҳи» [Абаев В.И., 1949, 189].
Таргитайнинг учинчи ўғли Колоксай ҳақида немис олими М. Фасмер ва Абаевларнинг фикрича Колаксай сўзининг иккинчи қисмидаги Хсай – «ярқираш, ҳокимлик қилиш», осетин тилида «хсарт» – «жасорат», хсиня – княгиня, хсед- тонг ва ҳоказо. Сўзнинг биринчи қисми «Кол», балки қадимги эрончасига хвар-хшаита «қуёш»дир [Абаев В.И., 1949, 189].
Скиф-эрон назариётчилари баъзан бу сўзни форсча Сколахшай дейишиб, Колоксойни скол (сколот)/скитлар – форс шоҳлари қабиласи бошлиғи дейишади [Доватур А.И., 1982, 207—208].
М.Закиев эса қуйидагича фикр юритади: турк тили этимологияси бўйича Колоксай, қўли- оқ-сой «қўллари оқ, муқаддас қабила» ёки иккинчи фараз «кола»-қалъа-шаҳар-пойтахтни англатиб, бу сўз ўшанда арабчадан олинган бўлиши мумкин.
Устоз М.Закиевнинг Таргитай сўзи бўйича хулосаси қуйидагича:
Таргитайдаги «тарги» ёки «тариқ» ва «сой» – «той» яъники қадимги турк тилидаги «уруғ», «қабила» маъносини ифодалайди. Яъни, Таргитай сўзи туркий тилда «Тариқчилар уруғи» ёки «деҳқонлар уруғи бошлиғи» маъносини англатади.
Академик М.Закиев Липоксайни: «Лип» – қадимги форс тилидан чегара, «ок» – оқ, олийжаноб, бой; «сой»-олдинги хулоса каби қабила, уруғ номи бўлиб, Чегарани қўриқловчи қабила маъносини беради».
М.Закиевнинг Таргитайнинг иккинчи ўғли Арпаксай ҳақидаги фикрича, бу ерда Арпа – дон экини, оқсой – муқаддас уруғ, олийжаноб уруғ. Туркий этимология бўйича Арпаксай «деҳқонлар қабиласи бошлиғи».
Таргитайнинг учинчи ўғли Колоксай бўйича М.Закиев фикри: турк тили этимологияси бўйича Колоксай, қўли- оқ-сой «қўллари оқ, муқаддас қабила» ёки иккинчи фараз «кола»-қалъа-шаҳар-пойтахтни англатиб, бу сўз ўшанда арабчадан олинган бўлиши мумкин.

М.Закиев Скиф сўзи бўйича қуйидагича фикр билдиради:
Бу сўз Скиде –искид–искуз–Ишгуз [Закиев М.З., 1995, 23, 40—41]. Яъни М.Закиевнинг фикрига кўра: Ашгуз – Ишгуз – Искуз – Искид – Скид – Скит- Скиф (русчасига). Чунки, руслар Тракияни – Фракия, Тиссагетни – Фиссагет ва ҳоказо дейишади. Геродот Тракия (Фракия)да энг яхши қабила сифатида гетларни тилга олади (Геродот «Тарих» IV, 93).
Кўриб турганимиздек иккала совет кейинчали Россиялик В.И.Абаевнинг ва Татаристонлик М.Закиевнинг фикрларида тахмин унсурлари мавжуд.
Мен бу бешала сўздаги тахмин унсурини камайтиришга, алқисса йўққа чиқаришга уриниб кўраман.
Агар биз В.И.Абаевнинг фикрига биноан Таргитай сўзини ДАРFАТАВА деб олсак, мўғул тилидаги ДОРУFА сўзи қачонлардир Ҳоким маъносида ишлатилганлиги тарихан маълум бўлиб, бу сўзнинг форсча илдизига шубҳа уйғонади. Тарғитой қаерда-ю, Дарғатава қаерда?
М.Закиевнинг фикридан келиб чиқадиган бўлсак, Таргитай яшаган скифлар юрти аҳолиси Геродот даврида ҳам асосан кўчманчи бўлган.
Геродот “Тарих” IV китоби 7-бобида шундай дейди: “…скифлар мамлакати (Дашти қипчоқ–А.Ш.) қадимда кимсасиз бўлиб, дастлабки инсон Тарғитой бўлган” (“Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида”YURIST-MEDIA MARKAZI” Тошкент-2008 йил 8-бет).
Демак, Геродот айтаётган скитларнинг бобоси Таргитай бу ерга, яъни Дашти Қипчоққа Доронинг эрамиздан олдинги 514-йилдаги юришидан ҳам минг йил аввал келган!
Геродот дашти қипчоқликлардан Тарғитойнинг Дашти қипчоққв қачон келганлигини сўраб шу хулосага келяпти. Аслида Дашти қипчоқ аҳолиси Геродотга «Тарғитойнинг Дашти қипчоққа келганлигига (Геродот даврида) 2300 йил бўлди» дейиши керак эди. Аммо, бундай демаганлар. Чунки, улар саноқда адашганлар.
Абулғози ҳам, Геродот фикрини тасдиқлаб, Дашти қипчоқдаги биринчи одам Қипчоқ эканлигини айтяпти. Аммо, Абулғозида аниқ сана бор. Қипчоқнинг Дашти қипчоққа келиши билан Чингизхон даври оралиғи 4000 йил. Мана ўша маълумот:
«Ўғуз хоннинг замонидин Чингизхон замониғача Тин ва Атил ва Ёйиқ, бу уч сувнинг ёқасинда қипчоқдин ўзга эл йўқ эрди. Тўрт минг йилғача ул ерларда ўлтурдилар. Анинг учун ул ерларни Дашти Қипчоқ дерлар» (Абулғозий «Шажараи турк» Т.-1994 йил «Чўлпон» нашриёти 22-бет).
Геродот замонида Дашти қипчоқдаги скитлар юртига Дунай дарёси орқали бостириб келган Дорога макр ишлатиб, унинг армиясини толиқтириш учун турли-туман жойларга Ўғузхоннинг навкари Қангли ўйлаб топган аравада хотин-халажи-ю, бола-чақасини миндириб қочиб юрган Идантирс, кўчманчи эди. У қочиб кетатуриб, Доро отлари учун озуқа бўлмасин деган маънода даштдаги ўтларни ҳам ёқиб юборар эди. Скитлар бошлиғи Идантирс Волга бўйигача қочиб, Доро армиясини ҳолдан тойдиради. Очиқ жанг қилмай қочиб юрган Идантирсни қўрқоқликда айблаб, тўхташга мажбур қилиш учун Доро унга «нега мендан қочиб юрибсан?»-деган маънода хат юборади. Шунда скитлар подшоси Идантирс «мен сендан қочаётганим йўқ. Аввал, қандай яшаётган бўлсам, худди шу тарзда яшаяпман. Менинг муқим уй-жойим, яшаш манзилиб йўқки уни қўриқласам. Агар сен мен билан жанг қилмоқчи бўлсанг, менинг ота-боболарим кўмилган мозорлар(скитлар ўлгандан сўнгина тинчиб,қўним топадилар)ни топиб уни бузишга уриниб кўр. Шунда менинг жанг қилиш, қилмаслигимни биласан»-дейди. Мана шу эпизоднинг ўзиям Скитлар деҳқончилик қилмаганлигини билдиради. Чунки, деҳқончилик ўтроқ ҳаётни талаб қилади.
Шунинг учун М.Закиевнинг Таргитай – «Деҳқонлар отаси» деган маънони ифодаловчи далилларини ҳам инобатга олиб бўлмайди.
Баҳодирхон билан Геродот келтираётган маълумотлар йиллар бўйича 1300 йилга фарқ қилаётган бўлса-да, Тарғитай бу ерларга бошқа юртдан келганлиги маълум бўлмоқда.
В.И.Абаев ва М.Закиевлар Таргитай, Липоксай, Арпаксай, Колоксай сўзлари этимологиясини топишда туркий тил ва туркий менталитетнинг бир жиҳатини эътибордан қочиришяпти.
Туркий тиллар ўзакларнинг елимланишидан иборат бўлиб, ҳар бир ўзак алоҳида маъно бериши, улар алоҳида ишлатилиши ҳам мумкинлигини биринчи бобда айтиб ўтдик. В.И.Абаев эроншунос бўлганлиги учун уни тушунса бўлади, аммо, М.Закиев жуда катта туркшунос олим.
Туркий тилнинг мана шу хусусиятини инобатга олсак, қуйидаги сўзларга дуч келамиз:
1. Тар-Гит-Ай;
2. Лип – Окс – Ай;
3. Арп- Окс – Ай;
4. Кол – Окс – Ай.
Бу сўзлардаги ўзакларни шарҳлашга ўтамиз.
Таргитай сўзидаги «Тар» – Турк, Тангри сўзлари бўлиши мумкин. Бироқ бошқа вариант бор. Тар – бу ҳозирги тилимиздаги Тор. 4800 йил аввал унинг шакли Тар бўлган ва бу сўз ҳозирги Ипни билдиради.
Бу ип кўчманчи учун жуда аҳамиятли, муҳим сўз. Тар камоннинг тори. Камон эса кўчманчининг энг муҳим қуроли. Тар бу аравани отга бойлайдиган восита. Арава эса кўчманчининг уйи, аёли, болалари. Тар қанчалик мустаҳкам бўлса кўчманчини душман ҳамласидан сақлайди, аравадаги болаларини эса кўчиб яшашини таъминлайди.
ТарХон – дейишди Миср пирамидасидан чиққан кўйлак номини.
Тархон дегани туркий давлатда Олий мансаб бўлиб, Хонга энг яқин киши дегани ҳам. Темучин (Чингизхон)ни Ўнгхон ҳужумидан огоҳ қилган ёш йигитларга тархон унвони берилади. Бу унвоннинг қандай улуғ эканлигини Мирзо Улуғбек «Тўрт улус тарихи» асарида шундай келтиради:
«Ўнгхон томонидан қасд қилинганидан огоҳ қилган икки гўдакни тархон қилдилар.
Тархон шундай одамки, барча жарималардан озод ва эркин, қай лашкарда бўлмасин, қандай ўлжани қўлга киритмасин, ҳеч ким ундан бирор нарса ола олмайди, унга тегишли бўлади ва буюрдики, қачон хоҳласа даргоҳга ижозатсиз ва дастурсиз кира олур. Тўққиз бор гуноҳ улардан содир бўлганда ҳам бирор киши уни Жазо бера олмайди. Яна тайинладики, унинг нажодидан тўққиз авлод бошқа таклифлардан эминдирлар. Назм (мазмуни):
Оқил ва хуш юлдузли икки ўғил душман макридан хабар бердилар. Шундай фармон бердики, тўққиз пуштигача бўлганларнинг гуноҳидан ўтарлар бизнинг одамлар, бизнинг жойда турғун бўлурлар.
Ҳозирги давр тархонлари уларнинг наслидандир. Тар-хонларнинг кўпчилиги бодой қавмидан. Чиғатой улусидаги тархонлар Қишлиқ наслидандир».
Таргитайдаги Гит эса туркий тилда Ўғузлар маъносини беради. Мисол учун туркий уруғ ҳисобланмиш «Манғит» сўзида бу сўз Ғит шаклида турибди. Ай эса – одам, киши маъносида.
Шунинг учун ТарГитАй сўзи Ўғузга яқин, боғланган шахс маъносини беради. Қизиқарли томони шундаки Абулғозийга кўра Қипчоқ ҳам Ўғузхонннинг асранди ўғли. Қондош эмас. Яъники, Тар сўзи унинг Хон наслидан бўлмаса-да Ўғузхонга тегишли киши эканлигини кўрсатиб турибди.
Арпоксайдаги Арп, аслида туркийча Алп Эр бўлиб, кейинчалик Арп бўлиб кетганлиги мантиқан тўғри.
Липоксайдаги Лип эса туркий тилда Учқун, нурнинг бир бўлагини англатади.
Колоксайдаги Кол. Бу туркийча «Қол» бўлиб, она Туркистонни тарк этиб Дашти қипчоқда қолган, ҳозирги қолмоқ халқи айнан Колоксай авлодидир. Европадаги ўтроқ ҳаёт (тўпланиш)ни англатувчи Колониядаги «Кол» ҳам туркий «Қўл» эмас, балки «Қол». Колоксай сўзининг бироз шакли ўзгарган ҳолати ҳозир ҳам бор. Бу сўз европаликлар тилидаги КОЛЛЕКЦИЯ сўзи бўлади.
Арпаксай, Липоксай, Колоксай сўзларидаги Окс эса Ўғуздир. Бу сўз европада ҳозир ҳам бор. Мисол учун Окситан халқи, Оксфорд шаҳри номидаги Окс, европаликлар Ўрта асрларда бизнинг юртимизни ТрансОКСиана деганлиги.
Россия ва Татаристонлик олимлар И.В.Абаев ва М.Закиевлардаги яна бир эътиборга олинмаган ҳолат туркийларнинг ўта консерватив менталитетга эгалиги билан боғлиқ.
Туркийларнинг консервативлигини ўз оталари Туркни ҳеч қачон ёддан чиқармаганликларидадир. Ҳа, туркийлар ҳеч қачон ўз қаҳрамонларини эсдан чиқармайдилар.
Ўғузхон туркийлар ичидаги энг буюк лашкарбоши ва ШОҲ эди.
Туркий менталитетнинг ўзига хос бу жиҳатини милоддан аввалги 90 йилда туғилиб милоддан олдинги 21 йилда вафот этган Римлик тарихчи Диодор (Сицилиялик) ўзининг «Тарих кутубхонаси» номли асари II китоби 2-бобида, ажайиб тарзда баён этади:
«Энди Ҳиндистон чегараларида яшовчи скифлар ҳақида гаплашайлик. Бошланишида улар унча катта бўлмаган маконда яшаганлар, бироқ кейинчалик ўзларининг қўрқмас ва жасурликларига таяниб, жуда шуҳратли ва жанговар халққа айландилар. Энг аввалги скифлар Аракс (Амударё) бўйларидаги ерларда яшаб, унчалик кўп бўлмаганлар… аммо уларнинг шоҳларидан бири тоғли жойлардан Кавказгача, текисликда эса Мэотия қўлигача (Азов денгизи), Танаидгача (Дон дарёси) бўлган ерларни эгаллаган. Ундан сўнг скифлар Фракия… Мисрда эса Нилгача… Шарқ океанигача… Каспий ва Мэотия кўлигача етиб борганлар. Баъзи бир атоқли шоҳларнинг отлари скифларнинг турли шохобчалари — саклар, массагетлар, аримасплар ва ҳоказоларга ном бўлиб ўтган» «Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида». Т.-2008 «YURIST-MEDIA MARKAZI» 60-бет).
Икки минг йил аввал яшаган Диодор Ҳиндистон чегарасида яшовчи халқнинг жуда машҳур жаҳонгир бобоси ҳақида гапирмоқда. Диодор яна қизиқ бир фактни тилга оляпти. Ўша жаҳонгирнинг исми скифларнинг турли-туман шохобчалари номларида турганмиш!
Энди бу гапнинг тасдиғини Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарида ҳам, Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асарида ҳам топса бўлади. Ўғузхон қадимда Хитойни ҳам, Ҳиндистонни ҳам, Эрон, Шом, Мисрни ҳам, Рус денгизигача ерларини ҳам жанг қилиб, ўзига тобе қилган. Улуғбек Ўғузхон ҳақида бундай дейди, “… (Ўғузхон) Ҳар бир шаҳар ва ноҳияга бир амир ва ҳоким жўнатди. Бир хиргоҳни жавоҳирлар билан безатиб ҳисровона базм ва подшоҳона тўй ташкил этди. Жамъи бузурглар, амирларга яхши навозиш ва сийловлар кўргазди. Султонлар сулоласини Ўғузхон бошлаб берди»….турк маликлари орасида мисли жамшед эди. Ажам маликлари орасида ҳам» (М.Улуғбек “Тўрт улус тарихи” Т.-1994 йил “Чўлпон” нашриёти 50-бет).
Вақти келади, мен сизга ўзбек, қозоқ, қирғиз, тотор сўзларида Ўғуз сўзи борлиги ҳақида ўз фикримни баён этаман.
Энди Скит сўзига келсак, бу сўз туркий тилда «ИсКит» сифатида янграйди. Бу ердаги «Ис» Ўғуз сўзининг қисқарган шаклидир. Европада бу ИсКандинавия, ИсЛандия, ИсПания, Ислован сўзларида бор. Искит сўзидаги Кит, бизнинг «Ғит»дир. ИсКит эса Ўғузларнинг икки уруғи бирлашувини билдиради.
Туркий, хусусан ўзбек тилида кўплик маъносини берувчи «Лар» сўзидаги «Л» товуши ўзидан олдинги ундош шаклига кириб кетади. Мисол учун Ғузлар – Ғуззар, Отлар – Оттар.
Ўғузхон Шоҳлар авлодини бошлаб берган шахс бўлганлиги учун. Шоҳлар сўзи кейинчали Шаҳҳар – Шаҳар сўзини келтириб чиқарган.
Инглизларда эса Скити сўзи бироз ўзгариб Сити (шаҳар) сўзини англатади.

Давоми бор

Анвар Шукуров