Яқинда таниқли ўзбек тарихчи олими, халқаро миқёсда тан олинган Гога Аброрович Ҳидоятов 85 ёшида оламдан ўтди. Ўзбекистондаги тарихчиларнинг аксари бу шахсни ўзлари учун устоз деб билишади.
Гога Ҳидоятов жорий йилнинг 9 декабр куни вафот этди. Маълумотларга қараганда, олим оқшом олтилардан кейин фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилган.
Жаноза вақти эса вазиятдан келиб чиқиб куннинг эртасига – 10 декабрь соат 10.00га белгиланган. Айтилган вақтда жаноза намози ўқилган ва маййит Ўзбекистон зиёлиларининг аксарияти дафн этилган Чиғатой қабристонига олиб борилган. Аммо қабристон маъмурияти маййитни қабул қила олмасликларини маълум қилишган. Чунки “юқори”дан қўнғироқ қилиниб, Гога Ҳидоятовга қабристондан жой бермаслик ҳақида буйруқ берилган. Гувоҳларнинг шоҳидлик беришларича, олимнинг маййитини Тошкент қабристонларига қўйиш тақиқланган.
Бу гап маълум бўлгани учун Гога Ҳидоятов билан бирга ишлаган кўплаб шогирдлари, ҳамкасблари азахонага ҳам, жанозага ҳам, қабристонга ҳам бориш фикридан воз кечадилар. Жанозага келган 50 киши атрофидаги мусулмонлар унинг тобутини қабристонга олиб келган эдилар, лекин айтилганидек, маййитни олиб кетиш талаб қилинган.
Гога Аброровичнинг саноқли садоқатли шогирдларидан бири бу масалада олим аввал фаолият кўрсатган Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети раҳбариятига мурожаат этган. Университет ректори девонга – Президент ҳузурига Гога Аброровични Тошкент қабристонларидан бирига, масалан, Чиғатойга дафн қилиш учун рухсат сўраб хат юборганини айтган.
Орадан 2 соатлар ўтган, аммо рухсат келмаган. Шунда ҳеч қандай хат билан мурожаат қилинмагани маълум бўлган. Агар мурожаат қилинса, бу мурожаат эгаси ишдан олиб ташланиши мумкин эди.
Чунки Гога Ҳидоятов мавжуд тузумга мухолиф фикрлари билан танилган, қолаверса, қизи Нигора Ҳидоят “Озод деҳқон” ҳаракатига раҳбарлик қилган эди. Шу каби қатор факторлар уни Ўзбекистонда кузатувга олиш учун етарли асос ҳисобланган. Айтишларича, олим умрининг сўнгги йилларида фаол меҳнат қилган, охирги йирик китоби – “Турклар цивилизацияси”ни ёзиб тугаллаган. Ўлимидан олдин эса мусулмонликка исбот бўлувчи калимаи шаҳодатни кўп бора айтган.
Кўп оворагарчиликлардан сўнг олимни Чиғатойга кўмиш учун рухсат келган. Бу рухсатни олиш учун унинг шогирдлари Вазирлар маҳкамаси, Президент девони ва бошқа идоралар ўртасида, халқ тили билан айтганда, “зир” югурганлар. Катта қийинчилик билан ижозат олинган. То бу рухсат келгунга қадар маййит қабристон эшигида 6 соатга яқин туриб қолган.

Туман Ҳокими томонидан қабристондан ер ажратишга рухсат берилмагач, Гога Ҳидоятов жасади онаси Сора Эшонтўраеванинг қабри устига дафн қилинди.
Жанозадан бир кун ўтиб Ўзбекистон радиоларида Гога Ҳидоятовнинг вафоти ҳақида расмий хабарлар эълон қилингач, марҳум руҳига бағишлаб берилган ошга юзлаб одамлар келишган, таъзия билдирувчилар ҳам кўпайиб кетган.
Гога Аброрович тириклигида ўз қарашлари билан Ўзбекистоннинг бугунги ҳукуматига хавф солиб тургандир балки, вафотидан кейин ҳукумат узоқ ўйлаб, маййитнинг зарари йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, дафн учун рухсат берган бўлса керак.
Мазкур ҳолат Ислом Каримов бошчилик қилиб турган ўзбек ҳукуматининг асл башараси қандай эканлигини яқиндан билдиради.
Хасан Али