O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гугушага ўхшаганлар кийимга ва ясан-тусанга шунча кўп сарфу харажат этадики…

Гугушага ўхшаганлар кийимга ва ясан-тусанга шунча кўп сарфу харажат этадики…
52 views
13 February 2015 - 1:00

Royal Ascot, Lady's Day, day three, Ascot, England, UK.«Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат» туркумидан

Айшу ишратга муккасидан кетиш, узлуксиз фаҳшу разолатга ботиш фақат миракизмчиларга хос ҳолат дейилса, хато бўлади. Бутун ўзбек жамияти тепадан то пастгача даҳшатли бузуқчилик домига тушган. Бу барчаси “ўзбек – модели”нинг мустақиллик йилларида, нақадар ишончли иш олиб боргани ҳосиласидир. Гугушага ўхшаганлар кийимга ва ясан-тусанга шунча кўп сарфу харажат этадики, ўша маблағ ҳисобига бутун бошли туман аҳолисини боқиш мумкин бўлади. Йирик мансабдорлар ва бойлар ўз турмушларига афсонавий тус беришга интилмаса, акс ҳолда жамиятдаги обрў-эътиборларини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

Аҳоли икки қисмга бўлиниб бўлди. Бир томонда миракизмчилар – мансабдорлар, бой-бадавлат кишилар бўлиб, уларнинг турмуши роҳат-фароғатда кечади. Улар ҳатто отларининг туёғидан тушиб қолган тақаларни ёки итларининг кесилган қулоқ-думларини ҳам шоҳию марваридлар билан безаб, деворга илиб қўядилар. Иккинчи ёқда оддий фуқаро – деҳқонлар, ҳунармандлар, ишчилар ва майда савдогарлар бўлиб, уларнинг ҳаёти меҳнат, машаққатдан иборат бўлади. Ўсиб борувчи олиқ-солиқлар, турли йиғимлар юки остида қашшоқлик, камбағалликда кун кечиришади. Бу ҳам етмагандек, юқори табақа вакилларининг расму одатларига тақлид қилиб, ўзларига қўшимча азоб-уқубат орттиришади. Уларга ҳаётдан мамнунлик, руҳий хотиржамлик бегона.

Ҳаётнинг олий қадриятларию пайғамбарларнинг буюк ўгитларини улар ҳам унутишган, ахлоқий қонун-қоидалар кераксиз, маъносиз нарсага айланиб қолган. Давлатмандлар айшу ишрат билан банд бўлиб, нариги дунё ҳақида ўйлашни хаёлга ҳам келтиришмайди. Меҳнаткашлар эса турмуш ташвишларига ботиб, фикру ўйлари кундалик тирикчилик ташвишлари доирасидан нарига ўтмайди. Хуллас, моддий манфаат ва эҳтиёжлар ўзбек жамиятида инсонни ўраб-чирмаб ташлаган, уни ўз домида тутиб туради. Миракизмдан жабр кўрган жамият ҳалокатли хасталикка чалинган ва бу иллат жамиятнинг ҳам юқори, ҳам қуйи қатламларини қамраб олган.

Инсонлар тийиқсиз ва бемаъни ҳаёт кечиришлари натижасида, ўзларини беҳад-беҳисоб кулфат, аламларга дучор этадилар. Ҳашаматли ҳаётга сиғиниш катта ақча талаб қилади. Фақат оддий фуқарони, меҳнаткашларни қақшатиб ўша маблағни қўлга киритиш мумкин, холос. Улар мабодо талон-торож қилишга қаршилик кўрсатсалар, кишанларни ва милтиқларни ишга соладилар, бўйин эгишса, иш ҳайвонидек ишлатиб, уларни пировардида абгор этадилар. Бечоралар куну тун ишлашади. Доимий меҳнат, машаққатлар нафас ростлаб, ўй ўйлашга имкон бермайди. Кўпинча бутун бошли мамлакатда дину диёнат ташвишини чекувчи битта ҳам инсон топилмайди деб ўйлаб қоласан киши.

Хуллас калом, президент Каримов ҳукмронлиги остидаги бутун мамлакатнинг аҳволи оғир, турмуш аянчли бир аҳволда. Жамиятда диктатура билан бир вақтнинг ўзида қаттиққўллик ва анархия – бошбошдоқлик ва қашшоқлик ҳукм сурмоқда. Ҳамма ёқда бирдек жамиятга оқилона раҳбарлик етишмайди. Мамлакат разолат маконига айланган, оз сонли ислом руҳонийлари, демократлар ва инсон ҳақ-ҳуқуларининг толмас ҳимоячилари ёмғирли тунда милтираган шамлардек зулмат қўйнида аранг нур таратиб турипдилар. Ҳақиқий билим ва тақводорлик анқонинг уруғи. Масалан, ҳақиқат излаб ўз уйи, ота-боболари эътиқодини тарк этиб йўлга чиққан Салмони Форсий бир замонлар Сурияга қадар чўзилган масофада фақат тўртта тақводор инсонга дуч келиб, дардига бироз таскин топган эди.

Ислом гуркираб яшнамоқда, дея ҳисобланадиган бизнинг замонимизда эса ҳар тумандан тўрттадан тақводор инсонни топгандан кўра, анқонинг уруғини топиш осонроқдир. Қуръони каримда Ер юзини ўшанда қуршаб олган зулмат ва бошбошдоқлик ҳақида ўқувчини фикру мушоҳадага ундаб, шундай дейилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (30:41). Инсоният ўлим тўшагида бўғилиб, ажал билан олишаркан, уни ҳаётга қайтариш, зулматдан зиёга етаклаш учун Тангри таоло Муҳаммад алайҳиссаломни юборди. Қуръони каримда ўқиймиз: “Эй Муҳаммад! Бу (Қуръон) Парвардигор иродаси ила инсонларни зулматдан зиёга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил этганимиз китобдир” (14:11).  Пайғамбар (а.с.) жаҳолат ва бидъат кишанларини уриб парчалади, инсонларни ҳар қандай тобеликдан озод этувчи Тангри таолога ибодат қилишга чақирди. У миркизмчиларникига ўхшаган сохта ахлоқий ва маънавий тушунчалар туфайли инсонлар ўзларини маҳрум этган ҳаёт қувончларини уларга қайтариб берди. Тангрининг китобида дейилади: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди” (7:157). Муҳаммад алайҳиссаломнинг майдонга чиқиши башариятга янги ҳаёт, янги нур, янги эътиқод, янги вужуд, янги жамият ва янги маданият бахш этди. У кишилик тарихида янги эра – инсоннинг Ер юзидаги ҳақиқий миссиясини адо этиш даврини бошлаб берди.

“Кўр киши (кофир) билан кўрувчи (мўмин), зулмат (куфр) билан зиё (имон), соя (жаннат) билан жазирама (дўзах) баробар бўлмас, тириклар билан ўликлар баробар бўлмас” (35:19-22).
Ислом билан жоҳилият – мирказмчилар – президент Каримов ва у вужудга келтирган режим ўртасида, чорак аср давомида тубсиз чуқур жарлик пайдо бўлди. Ислом билан жоҳилият ўртасида ҳам, ўшанда, бизнинг кунларимиздаги каби жарлик ётар эди. Дунё Муҳаммад алайҳиссалом раҳнамолигида тарихда мисли кўрилмаган ғайрат, шижоат кўрсатиб, ана шу жарликдан ўта олди, жоҳилиятни тарк этиб, исломга мушарраф бўлди.

Юқорида кўрганимиздек, Муҳаммад алайҳиссалом майдонга чиққанда дунё, худди бугунги миракизм вужудга келтирган йўлсизликка менгзаш даҳшатли зилзила натижасида бузилиб, вайронага айланган хонадонга ўхшарди. Ана шу бузғунлик ичида инсон ўз-ўзини шу қадар хор этган эдиким, у тоғу тошлар, сув ва оғочлар, табиатнинг барча ҳодисалари олдида тиз чўкиб, бош эгарди. У кундалик оддий ҳақиқатларни ҳам англай олмасди. Унинг ақли ҳаракатсиз, қотиб қолган фикри шу қадар айқаш-уйқаш, ҳиссиёти шу қадар карахт эдиким, борлиқ билан йўқликни ажратолмас, ошкор-аён кўриниб турган тўғри ва ҳақиқий нарсани шубҳа остига оларди. Гуноҳ фазилат саналарди. Қўйларга қўйчивон – бўри, маҳкамалар қозиси – ўғри эди. Гуноҳкор ва жиноятчи кимсалар роҳат-фароғатда тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришар, дунё ўшаларники эди. Аммо тўғри, ҳалол инсонлар қисмати – фақирлик ва азоб-уқубат эди. Макр ва ёлғонни донишмандлик деб билишар, чинакам донишмандликни нодонлик деб кулишар эди. Майхўрлик, қиморбозлик, судхўрлик, талончилик одатий ҳол эди.

Тангрининг бойлиги подшолар қўлида – ахлат, инсонлар уларга қул эдилар. Руҳонийлар ўзларини худо деб билишар, бошқалар ҳисобига семириб, ўз мақсадлари йўлида атай алдоқчилик қилиб, одамларни сохта йўлларга бошлашар эди. Тангри таоло инсонга инъом этган бебаҳо хислатлардан тўғри фойдаланилмас, улар маъносиз, мақсадсиз соврилар эди. Куч ва жасурлик зулму истибдодга хизмат қилар, саховат ўрнини исрофгарчилик эгаллар, безбетлик шараф, ҳийла-найранг донолик саналарди. Ақлу идрок жиноят қилишга, разолат ва тубанликнинг янги-янги кўринишларини кашф этишга сарфланарди. Шундай қилиб, узоқ даврлар давомида зоти шариф яралмиш инсон мавжудоти бугунгидек, тўғри истифода этилмади, беҳуда соврилди. Унинг омади юришмади, унинг ақлу идроки тамаддун ясовчи моҳир устанинг қўлига тушмади. Уюшган, тартиб-интизомли, инсоний жамоалар ўрнига одамсимон ҳайвонларнинг қаровсиз, назоратсиз тўдалари тентираб юришарди. Сиёсат тизгинсиз ёввойи туяни эслатар, ҳокимият мастликдан қутуриб, қилич яланғочлаган телбага ўхшар, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямасди. Барча-барчаси бизларнинг атрофимиздаги сингари эди…

Миракизм деб аталаётган дунёқарашнинг юқорида айтиб ўтилган аянчи манзаралардан қандай фарқли томони бор, деган саволга, миракизмчиларнинг ўзларининг ҳам, “ҳеч қандай”, деб жавоб беришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Миракизмнинг қуроли мунофиқлик бўлиб, уларнинг айтган сўзларида ўзларини рад қилишлари баробарида, ҳамиша ўзларини ўзгаларнинг кўзида адолатпарвар қилиб кўрсатишларининг ўзи, дунёда уларнинг зўравонлигини кўз-кўз қилади. Бугунгига ўхшаб ириб-чириб кетган ўша замонлардаги жамият, худди бугунги миракизмга ўхшаб, бошдан-охир куфру гуноҳга ботган эса-да, тамаддуннинг ҳар бир соҳаси ислоҳотчи инсондан бутун диққат-эътиборини ўзининг сохтакорлигига жалб этишга тиришарди. Пайғамбарлик илҳоми ва Илоҳий раҳнамолик остида эмас, балки ёлғиз ўз қобилиятига суяниб иш кўрувчи ўртача ислоҳотчи бутун диққат-эътибори, куч-ғайратини биргина айниган жиҳат, битта ижтимоий паталогияга қаратар ва бу борада ҳам бирор натижага эришмоғи даргумон эди.

Инсон – табиатан чалкаш-чулкаш йўллари, сирли, яширин эшиклари бўлган мураккаб мавжудот. У тўғри, табиий йўлдан адашса ёки адаштирилса, биргина нуқсонни бартараф этиш билан уни аввалги ҳолатига қайтариб бўлмайди. Бу ерда туб ислоҳот, бошдан-охир тузатиш талаб этилади. Инсон табиати тупроғига тақводорлик уруғини экиб, ундириб-ўстиришдан олдин уни куфр, бидъат деб аталган бегона ўт-алафлардан батамом тозалаш зарур. Бошқа йўл йўқ. Баъзан биргина ахлоқий иллатни бартараф этишга ислоҳотчи бутун умрини бағишлайди. Баъзида инсонлар айрим ахлоқий иллатлар ёхуд ижтимоий бедодлик билан йиллар бўйи курашиб, бирор самарага эриша олмайди. Масалан, ичкиликбозлик касалини олинг. Бу одат халқ орасида кенг тарқалиб, кўпчилик онгида илдиз отгач, унинг ортидан ўзга айшу роҳатлар саф тортиб келаверади. Бу балони ёлғиз ахлоқий ваъз-насиҳатлар ўқиш ёки қонуний жазолаш билан бартараф этиш мумкинми? Йўқ, албатта. Бутун жамият ҳаётида чуқур психологик ўзгаришлар ясаш, тушунча ва кўз қарашларни тубдан янгилаш воситасида уни даф этиш мумкин. Бошқа ҳар нечук чора, тадбир – бесамар, у дардни ичкарига ҳайдайди ва янада ҳалокатли тус олишга ёрдам беради. Ўзбек жамияти шундай бир ҳолатдаки, уни биргина Каримов балосидан қутқариб, тараққиёт йўлига олиб чиқиб бўлмайди. Каримизмчиларнинг супириб ташланиши, галдаги муаммоларни ечишга йўл очади, холос…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон