O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гужумлар қўшиғи

Гужумлар қўшиғи
126 views
10 December 2017 - 7:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ

Хоразмда гужумларни «Шаҳар мўйловдори» деб
аталган зараркунандалар ғажиб битирмоқда.
1
Биз ҳеч бевафолик қилмаймиз,
Бош олиб кетмаймиз ҳеч ерга.
«Қизил китоб» олис. На чорамиз бор?!
Балки кириб қолармиз… шеърга.

Балки сўнгги бора шовулламоқда,
Бизнинг бағримиздан яшил оҳ.
Энди ҳомий бўла олмайсиз бизга,
Сизга биз азалдан бўлсак-да паноҳ.

Ўзига маҳлиё қилолмас бизни
Ёт тупроқ, ўзга халқ, бегона юртлар.
Хоразмда қоламиз, ғажиб турса ҳам
Азим танамизни шилимшиқ қуртлар.

2
Наҳот, соямизда тебранмас бешик,
Такрор пичирлашиб кирмаймиз тилга.
Аъзои баданимиз илма-тешик,
Нақ ўққа тутилган.

Бизларга юраклар камроқ ачийди,
Тўлдириб бўлмайди бизларга план.
Юртлар оша келган қуртлар ғажийди
Иштаҳа билан.

Қутқаринг! Куйламанг шунчаки мақтаб,
Йўқса, биз кўрк эмас, болталар сопи.
Даҳшатга солади бизни биз ҳақда
Беозор қўшиқлар азоби.

(давоми бор)