Мен сени танидим.
Чангда қолиб кетган ўн саккиз ёшим
Қўлларим танимаган ўз ҳовурини
Лабларимнинг ойнада аксин кўрсатган
ҳайратни орқадан олдга санаган
Қарашимни қаршиламаган
Капалак ёшимсан сен менинг
Мен сени танидим
Япроқларнинг ораларидан
Юрагимни тасвирга олган
Туйғулар тарихини битган эй китоб
Тирноғимнинг тилла хати ва
Осмонга қаламин теккизган
Ўчирғич топилмай туйғуларимга
Ҳисларим растасига эвирилгансан
Мен сени танидим
Ҳадя этаётиб гулқўғирчоқни
кўкламни қобирғасига уриб олганим
ойнинг энг инжа қарошини тарошлаганим
ҳавога пуфланган момақаймоқдай
ичимда учаётган қўнмаётган паргулим
юрагимга қопқоқ ясагич Устам
Мен сени танидим
Биллур далаларни шудгорлаётган
Эсноқ ва ёмғирни аралаштирган
Томиримга эмас, оёқларимга
Симобли ўлчагич банд этган
Титроғимни таҳрир қилгувчи
Бармоғим учидан сачраган қуёш
Мен сени танидим.
* * *
Йўлсан
Қараганим сари шувиллаб кетади юрагим
Қараганим сари кўзларим сирпаниб боради
Қараганим сари момиқлашар нигоҳим
Гулдан калит ясаб ҳар бир асрга.
Шамолсан
Бўм-бўш идишларни учириб кетган
Тўлқинлантирган тўла қалбларни
Эсиб бораётган китоб шаклида
Шўх донишманд шамолдирсан сен.
Ёмғирсан
Тун демай, тонг демай ёғаверасан
Томчилар пиллапоясида
Осмон ҳовлисига кўтариласан
Ипак табассумим ёмғирда турган.
Ойсан
Тунда ёлғиз қолиш мумкин сен билан
Кўкда осиғлиқ сувратинг ва
Илгакда эмас,
тахмонда тахланган ҳиссиётларни
Олиб чиқиш мумкин оппоқ оқшомга.
Тунсан
Қутб айланасида айланган юрак
Гулзор оқшомидай бир эпкин ичра
Оқаётган денгиз ой ўртасида
Сувда сузиб борар ҳарир ҳақиқат.
* * *
Мен сизни шеър бўлиб севгим келади
Ер бўлиб
Осмон бўлиб
Юракни қитиқлайдиган насим бўлиб
Севгим келади
Борлиқнинг қалби устига
Оҳиста ёғаётган ёмғирдай
Юраклар ўртасида кўприкдай севсам
Тўхта, дея қўл кўтариб тўхтатсам вақтни
Эгилган одамнинг нафас олишидай
Кўзларимда ҳансираб очилса гул
Занжи эмас, оппоқ адлга дўнсам
Лабимни куйдирган пиёлага
Сўйласам
Ичи куйиб кетган
Дунёга чиқмаган бетарҳ сўзларни
Шамаларга ҳовур шаклини чизиб
Ва
Севсам
севсам
Воҳа бўлиб
Эл бўлиб
Эрк бўлиб
Ватан бўлиб севсам мен сизни…
ҚОРАЖИГАР
Қоражигарим сирқирар сим-сим
туйғуларимда тер тепчийди оғриқ зарбидан
зинадан бир маромда
чиқаётган
тушаётган
ва яна чиқаётган
қизнинг
сочларининг силкинишидек
солланиб зирқирар қоражигарим.
Майсаларга боққандаги майин тозалик
ва осмонни силаган виқорли шодлик
ғамгин япроқларнинг мазлум шитири каби
ичимда шитирлаб юриб чиқар
занжи бир оғриқ.
Мен олти яшар қизга эвриламан зумда
жигарини билмаган
талоғини англаб етмаган
юрак дукурини соат чиқ-чиқи деб ўйлаган
беозор қизчага дўнаман.
Юлдузларни туртиб қўйсам нима бўлади
ўйларимга фаррошлик қилсам-чи?
Сенинг эмас
ўқрайган дунёнинг юҳо юрагига
бир оёқда ҳаккалаб бораётган қизга
айландим мана.
Денгиз денгизга сув сепган монанд
қуриган гул ҳидли
конвертдай
дордаги шамолни силкитиб
йиқиламан
эсмайман
дарз кетган юрак белгиси эмодзиларнинг
табассумига бекинаман кейин
узилган тугмаларни санайман
қоражигаримга оғриқ берар
ҳамма-ҳаммаси…
* * *
Болаликда ўлимни яхши кўрардим
Ҳеч қурса бир бора ўлиб кўргим келарди
Қатор турар улар ана ўсмир ёшимда
Деразам ортида
Эшигим олдида
Томда
Пичоқда
Арқонда
Қолган барча тиғлар лабида
Осилиб ўйнайди улар салонглаб
Бугун аёлини ҳеч вақт хурсанд этмаган эркакдай
Қарамай қарайман
Ўлмай қолган дунё кўзига
Кўрмай ўтиб кетсамми дейман
Қўлларимда совутаман фиғонни
Тугмамни адаштириб қадайман
Ҳайратларни пуфлаб-пуфлаб
Кўз ёшлар орасидан
расмга оламан букри ўйларни
Адолат истайман кўкнинг кўзидан
Нафасимнинг тугунларини ечиб юбораман.
Дунёга эмланмаган қалбни тутиб
Таҳлил учун қон топширган бемордай
Сенга
Нинада топшираман туйғуларимни.
Ўлмай қолган кунлар эса
Гоҳ бошмалдоғи билан юради
Гоҳ ўмбалоқ ошар қилнинг устида
Хотир қопқоғини даранглатганча
Қўллари-ла имлаб чақирар
Томда
Пичоқда
арқондаги
болаликда ўлмай қолган кунларимни
БОЛАЛИК ЧИРМАНДАСИ
Дунё тўзиб ётар:
бир этак бола
Тош олиб югурар шамол изидан
Тош отиб қочишар:
Эй девона шамол,
Қора кампир шамол
Болангнинг юзига гулчечак тошди
Болангнинг ичини ўргимчак босди
Югур уйингга шамол!
Болангдан хабар ол!
Бир кўча болалар ёмғир ёққанда
Ёмғирнинг юзига сувлар сепардик:
Гумбурлатиб челакларимизни
Гўёки
Ёмғир боласини сувга отардик.
Бирдай хитоб билан олдига чиқиб
Юзланиб:
Эй бечора ёмғир,
ичиқора ёмғир
Уйингга югур
Боланг қудуққа тушди
Қош-кўзлари сув ичди
Югур, уйингга югур,
Қутқаришга улгур!
Шундай ўйнар эдик бола пайтимиз
Гоҳ шамол
Гоҳ ёмғир
Гоҳ булутнинг болаларин майна қилардик
Боланг касал дея дилига
Ёмон ғулғула солардик.
Ёмғирнинг боласига
Шамолнинг боласига
Раҳмимиз келмасди
Титрамасди киприкларимиз.
Шамолнинг боласи сувга чўкса ҳам
Ҳаётни ўйнардик
Шамолни қувлардик
Ёмғирни ювардик лойқа сув билан
Шамолнинг ғувиллаб боласи томон кетишидан
Ёмғирнинг челаклаб кўзёш тўкишидан
Бирдай севинардик
Қийқирардик
тасаввурнинг йиртиқ чегарасин босиб ўтганда
тасаввурим чодирини қурган меъмордан ўпкалайман бугун
қошу кўзларимни чимириб сувратга тушаман
изтиробларимни селфи қиламан
болалик тугмачасин боссам
миямда ўт ола бошлар портлашлар:
шамол, хабар ол!
Ёмғир-югур!
Ана ёмғир ҳаллослаб югуриб борар
Боласини қутқармоқ учун
Шамол чир-чир айланаверар
Гулчечакли боласин юзини силаб
Мен эса нега хурсандман
Нимага шодман
Шамолнинг боласи
Ёмғирнинг ноласи
Оламни тутган болалигимдан?!
* * *
қуёшнинг исмини ўчириб бўлмас,
ҳовучимда титрар ойнинг ёғдуси.
ёмғирнинг устига ёғади ёмғир
юракда зўрланган сукут жодуси.
узунчоқ соямнинг қоқ ўртасида
бармоғин букади бир мамлакат шаҳд.
ақлсиз тишимнинг ҳар ковагида
тош қотиб ётибди ақлли бир дард.
қўл чўзгум бу олам деразасидан
оғрийди ҳар кун минг силкинган алим.
шалоббо руҳимнинг хархашасида
умидни уйғотиб қўяр йўталим.
* * *
Исмингизни кийса бўлади
Энг хушбичим либосдай
Бир ҳарир рўмолдай ўраса бўлар
Исинса бўлади унинг қошида.
Сиёсий айби йўқ мусичаларнинг
Сайраб ўтирибди исмингиз айтиб.
Қўрқиб-қўрқиб очилган гуллар
Бекитолмас ўз ифорини
Исмингиз тоғдир асли
Кечиб ўтолмайди уни ҳамма ҳам
Айланиб ўтилмас мутлақо
Чиқиш учун унинг қил учигача
Тарихий меҳр ва
Муҳр керак дил ҳошиясига.
Гўзал БЕГИМ
Манба: facebook.com