“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тижорий тизимларидан бирида юқори лавозимда ишлаган ва коррупцион схемаларга алоқадор деб топилган “Нурик” лақабли Нурмуҳаммад Содиқов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Нурмуҳаммад Содиқов узоқ йиллар давомида Гулнора Каримованинг шахсий ҳисобчиси вазифасини бажариб келган.
Уч йил аввал Содиқов Араб Амирликларидан қайтганида Тошкент аэропортида қўлга олинган ва унга молиявий қаллобликлар билан боғлиқ айбловлар қўйилган эди.
Франциядаги Марказий Осиёда инсор ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, Содиқов устидан ҳукм яқинда ўқилган.
– Ҳозир бизга аён бўлишича Нурмуҳаммад 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган,- деган Надежда Отаева “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.
Шунингдек, Ўзбекистон тергов идоралари Гулнора Каримова хорижий телеком ширкатларидан йирик миқдорда пора олган, деган даъво билан Европа ва АҚШда тергов қилинаётган жиноят ишларига алоқадор бир қатор шахсларни ҳибсга олган.
Ҳибсга олинганлар орасида Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянлар ҳам бор.
Улар 2014 йилнинг май ойида одам ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан 9 ва 6 йилга қамоққа ҳукм этилган эди.
Ўғирланган одам эса Нурмуҳаммад Содиқов бўлган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Содиқовни Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ёллаган собиқ ҳарбийлар ўғирлаганини билдирган эди.
Озод этилишидан бир неча кун ўтиб, Содиқов Twitter тармоғи орқали ўзини Гулнора Каримованинг одамлари унинг кўрсатмасига кўра ўғирлашганини айтганди.
Нурмуҳаммад Содиқовга нисбатан ҳукмнинг қачон ва қайси маҳкама тарафидан чиқарилгани маълум эмас.
Надежда Отаеванинг айтишича, Гулнора Каримова атрофидаги шахслар, жумладан Содиқов устидан маҳкама ҳам ёпиқ ўтказилган.
– Афсуски жамоатчилик бу суд жараёнларини кузатиш имконига эга бўлмаяпти. Бу шахслар устидан маҳкамалар ёпиқ ўтказиляпти. Сабаби бу коррупция схемалари марказида Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг турибди. У президент отасининг соясида бу ишларни қилгани, уни хизмат мавқеидан фойдалангани маълум. Айнан шунинг учун бу жараёнлар жамоатчиликдан ёпиқ ўтказиляпти,- дейди Надежда Отаева.
ЎХҲ хабарлар бўлими