O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гулноранинг шериклари жазо олдилар

Гулноранинг шериклари жазо олдилар
13 views
13 July 2014 - 16:15

 

140218105730_gulnara_avakyan_304x171_none_nocredit

“БиБиСи” радиосининг Ўзбек Хизмати хабарига кўра,Ислом Каримовнинг тўнғич қизига шерик бўлган икки шахс бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Гулнора Каримованинг яқин ҳамкори бўлган Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган.
Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.
Икковлон ҳам, асосан, солиқдан бўйин товлаш ва пул ювиш каби жиноий ҳаракатларда айблангани айтилади.
Маҳкумларга яқин манбаларнинг айтишича, улар маҳкама қарорига қарши шикоят аризаси билан мурожаат қилишади.
Гулнора Каримованинг ўзи ҳақидаги сўнгги хабарлар эса анча зиддиятли.
Ўзбекистон ҳукуматига яқин uzmetronom.com вебсаҳифасига кўра, Гулнора Каримова бир неча кун олдин Болтиқбўйидаги бир мамлакатда ўз туғилган кунини нишонлаган.
Гулнора атрофидаги машмашаларни кузатиб келаётган манбалар ҳам Гулнора Каримова Ўзбекистонни тарк этган,дейишмоқда.
Аммо унинг Лондонда яшаётган ўғли Ислом Каримов ўз онаси ҳамон Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётганини таъкидламоқда.
Бу жиноий гуруҳнинг кўзга кўринган вакили Рустам Мадумаровни Гугушанинг фуқаровий эри, деб таърифлашади. Гаяне Авакян эса бир неча Оврўпо давлатларида бошланган пул ювишга оид ишларда номи тилга олинган шахс бўлиб, Гулнора Каримовага боғлиқ тижоратларни юритган.
Ҳозирда Гулнора Каримова ўз тижорат салтанатидан айрилган ва уй қамоғида сақланмоқда, деб ишонилади.
Баъзи таҳлилчиларга кўра эса, гўё Гулнорани жазолаган бўлиб, дунё кўзини шамғалат қилаётган бўлишлари мумкин.
Чунки Гулнора Каримовага қарши бирон айблов илгари сурилгани йўқ.

ЎХХ Ахборот бўлими