Америкалик ҳуқуқшунос Браян Кампбелл АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Гулнора Каримованинг пуллари тақдири борасида ўтказилаётган музокараларга маълумот етказиб бериш йўлида иш олиб бормоқда. АҚШ ҳукумати суд ҳужжатларида Каримова хонимга тегишли экани айтилган қарийб 1 миллиард долларни музлатиб қўйган ва уни мусодара қилиш арафасида. Мусодара борасидаги қарор Ўзбекистон ҳукумати аралашуви билан бир неча бор кечиктирилди. Ҳозирда Тошкент ва Вашингтон бу йирик миқдордаги пулларни нима қилишга келиша олмаяпти. Тошкент пуллар Ўзбекистонга қайтарилишини истайди.
Жаноб Кампбелл Ўзбекистон-Германия форуми, Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Очиқ жамият ташаббуси ташкилотлари ва мухолифат фаоли Санжар Умаровга вакиллик қилмоқда.
Би-би-си у билан Лондон сафари чоғида учрашиб, музокара тафсилотлари ва 1 миллиард доллар кимга тегиши кераклиги ҳақида сўради.
Кампбелл: Гулнора Каримова ишида АҚШ ҳукумати 900 миллион долларни мусодара қилишга шайланяпти. Бу фақат АҚШдаги пуллар. АҚШдан ташқари бошқа мамлакатлар ҳам Каримовага боғлиқ коррупция терговлари доирасида бошқа мулкларни ҳам мусодара этишга уринишяпти. Менинг вазифам – бу иш бўйича ишлаётган барча ҳукуматлар, хусусан АҚШ, Франция, Швейцария, Люксембург, Бельгия ва кўплаб бошқа ҳукуматлардан Каримовага пора сифатида берилган пуллар энди Ўзбекистон халқи манфаатида йўлида ишлатилишини сўрашдир. Ҳозирда 22та мамлакат Каримовани тергов қиляпти. Мен турли ҳукуматларга айтиб келаётганим шуки, Ўзбекистон халқи ва Ўзбекистон ҳукумати битта нарса эмас. У ерда яқинда президент ўзгарди, лекин кўп йиллар оша Каримовага ўз лавозимини суистеъмол қилишга йўл қўйиб берган тузум ўзгармади. Биз ҳоҳлаймизки, агар пуллар мусодара қилинса, у Ўзбекистондаги бутун халқнинг манфаатида йўлида сарфлансин.
Би-би-си: Агар суд бу пуллар мусодара этилсин дея ҳукм чиқарса, пуллар АҚШ ғазнасига тушадими?
Кампбелл: Ҳа, лекин биз бу пуллар АҚШ ғазнасига тушишини ҳам истамаймиз. Конгресс уни кейин истаган мақсадида сарфлаши мумкин. Ҳозирда Конгресс умуман пул сарфлашни истамайди. Лекин, тушса, биз ундан бу пулларни Ўзбекистон халқига қайтариб беришни сўрашимиз мумкин бўлади. Бу жараёнга умид билан қарамаяпмиз.
Би-би-си: Ҳозир Гулнора Каримова тергови қай босқичда? Унинг пулларини мусодара этиш қарори бир неча бор кечиктирилди.
Кампбелл: Мазкур иш бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари музокаралар олиб боришяпти. Ўзбек ҳукумати охирги дақиқаларда ишга аралашди, ҳукм чиқишига икки кунгина қолганди. Ўзбек ҳукуматининг даъвоси шуки, барча айбланувчилар жавобгарликка тортилган. Ҳамма ҳибсга олиниб, судга тортилган, шунинг учун пуллар ўзбек ҳукуматига қайтарилиши керак дейди. У коррупция муаммосини ҳам ҳал қилганини айтмоқда. Лекин, Каримова судга тортилмаган-ку. Мен ва ҳамкасбларим АҚШ қонунларига биноан Amicus brief, яъни “ҳакам дўсти” сифатида маълумотни судга топширишга тайёрмиз. У ҳужжатда урғулаймизки, Гулнора судга тортилмаган. Ундан ташқари, бу пуллар қайтарилмаслиги ҳақида АҚШ қонунчилигида нима дейилганини ҳам кўрсатамиз. Асл жабрдийда Гулнора эмас, ўзбек халқи эканини айтамиз.
Би-би-си: Лекин, ўзбек ҳукумати асл жабрдийда ўзи эканини айтяпти. Хорижий компаниялар келиб ўзбек амалдорига Ўзбекистон заминида пора беришган, демак жиноят ўзбек заминида юз берган. Шунинг учун пуллар жабрдийдага берилиши керак, дейишяпти.
Кампбелл: Биринчидан, бу жиноят фақат Ўзбекистонда юз бермаган. У глобал жиноят. Бир неча мамлакатлар ҳозир суд ишларини бошлаганлар. Гулнора пулни олиб, Ўзбекистонда сақлагани йўқ. У бизнинг иқтисодий тизимларимиз ва банкларимиздан фойдаланди, ҳамда дунё бўйлаб кўчмас мулк сотиб олди. Шундай экан, ҳамма ўзини жабрдийда деб кўради ва коррупция тўхтатилишини истайди. АҚШда банкларни ишлатган ва Нью-Йорк биржасида қайд этилган компаниялар Каримовага пора берганликларини тан олишди ва катта жарималарга тортилишди. Гап шундаки, Ўзбекистонда кўп ишлар ёпиқ эшиклар ортида қилинади. Мен Ўзбекистонга оид бошқа масалалар бўйича ҳам иш олиб бораман. Буларнинг барчасини жамласангиз, Ўзбекистон ҳукумати нодемократик, парламент ҳукуматнинг қарорларини қўллаб-қувватлаши, президент эса олдиндан тайинланган эканига гувоҳ бўласиз. Жуда кам ўзгариш қилинган. Ўзбекистонга сармоя киритган компаниялар ҳар доим йўқотишларга юз тутадилар. Билишимча, Ўзбекистон хорижий компаниялар томонидан ўғирланган мулк учун энг кўп судга тортилаётган давлатдир.
Би-би-си: Яна Гулнора Каримова ишига қайтсак, ўзбек ҳукумати нимани истайди?
Кампбелл: У пул унга берилишини ва ўзи истаганича уни сарфлашни истайди. Бир сўз билан уни “ҳукумат” дейиш қийин, чунки у ерда кичик сонли шахслар узоқ вақтдан бери катта қудратга эга бўлиб келяптилар. Пулни ўша шахслар истайди. Пул қайтарилса, Ўзбекистон учун сарфланмайди.
Би-би-си: Қаердан биласиз буни? Пул қайтарилмай туриб, қандай қилиб буни ишонч билан айта оласиз?
Кампбелл: Айтолмайман. Тўғри. Лекин, мен уларнинг ўтмишдаги қилмишларига қараб хулоса қиляпман. Масалан, Жаҳон банкининг фермер тракторлари учун ажратган пулларини қандай сарфлашганига қарайман. Жуда катта миқдордаги пуллар ҳар йили йўқолиб қолади. Туркиялик тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказдик, улар тортиб олинган мулкларини қайтариб олишолмаяпти. Фақат телекоммуникация эмас, барча соҳаларда коррупция устивор. Пахта соҳасидаги коррупция мажбурий меҳнатнинг сақланиб қолишига сабаб бўляпти.
Би-би-си: Бу терговлар бошланганида Ўзбекистон тепасида Каримов, АҚШникида эса Обама эди. Ҳозир Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп. Сизнингча, Трамп маъмурияти бу ишда адолатга эришишга қизиқиш билдирадими?
Кампбелл: АҚШ ҳукумати – ниҳоятда катта идора. У қонунлар бажарилиши бобида жуда яхши иш олиб боради. Мазкур тергов иши сиёсат остида қолиб кетади деб ўйламайман. АҚШда энг муҳим масалалардан бири – коррупцияга қарши кураш. Шундай экан, бу тергов ривожланишида ўзгаришлар бўлади деб ўйламайман. Лекин, Ўзбекистон томонида, президент ўзгарса ҳам, ҳукумат ўша-ўша.
Би-би-си: Лекин, ўзбеклар айтиши мумкин, майли, бизда президентнинг қизи Гулнора Каримова давлат амалдори эди, энди эса АҚШда Трампнинг қизи Иванкага давлат лавозими берилди. Унинг ўта йирик бизнес манфаатлари бор ва энди у давлат расмийси бўлди. Трампнинг ўзи эса солиқларини ошкор қилмаяпти. Бундай ҳукумат коррупция терговини кўнгилдагидек олиб боришига қандай ишонишимиз мумкин? Ўзларининг қариндош-уруғчилиги ва бизнес манфаатлари савол остига олинаётган бир пайтда, уларнинг Ўзбекистон устидан ҳукм чиқариши адолатданми?
Кампбелл: Ҳа, менинг хавотирларим бор бу борада, ва бу хавотирларни АҚШ ахлоқий қўмитаси ҳам изҳор қилди. Коррупция АҚШ ҳукумати учун янги нарса эмас. Мен ҳар доим қайсидир сиёсатчи ўз лавозимини суистемол қилади деб безовта бўламан. Лекин, бу ерда гап 1 миллиард доллар пора пули ҳақида кетяпти. Трампга қарши қариндош-уруғчилик ва ҳукумат лавозимидан ўз бизнес манфаатларини кучайтириш айблари қўйиляпти. Бу икки нарса бир-биридан фарқ қилади. Агар Иванка Трамп 1 миллиард доллар ўғирласа, мен АҚШ адлия тизими бунга чора кўради деб ўйлайман. Бунга ишонаман. Айни дамда, ўзбек Адлия вазирлиги буни қилишига ишонмайман. Қилмади. 1 миллиард доллар ўғирлаган Каримова ажойиб боғида уй ҳибсида ўтирибди. Қамоқда эмас. Доналд Трамп бизга фақат президент, холос. Айтганимдек, АҚШ ҳукумати жуда катта – Конгресс бор, адлия тизими бор. Гувоҳи бўлаяпсизки, адлия тизимимиз ҳали ҳам ўз вазифасини бажараяпти ва Президент амалларини савол остига оляпти. Улар ҳатто президент фармонларини тўхтатиб қўйишяпти. Бу демократия. Ҳа, айбловлардан жуда ҳавотирга тушамиз. Лекин, уларни жавобгарликка тортадиган тизимимиз самарали ишлаб турибди. Биз Ўзбекистондан ҳам шуни истаймиз.
Би-би-си: Нима учун Каримова тергови АҚШда бунча узоққа чўзиляпти?
Кампбелл: Чунки бу ишлар одатда узоққа чўзилади. Хорижий ҳукуматлар ҳақида гап кетганда, АҚШ ҳукумати жуда эҳтиёткорона иш тутишга уринади. Ташқи ишлар масаласида адлия вазирлиги ижрочи ҳукуматга юзланади. АҚШ адлия тизимида “клептократия ташаббуси” бор. Унга биноан, клептократия (ўғирликка мойил давлат) амалдорлари тергов қилинади ва судга тортилади. Биз АҚШ ҳукумати билан Қозоғистондаги БОТА жамғармасини муҳокама қилдик. Унда ҳам қозоқ ҳукумати расмийлари олгани аниқланган миллионлаб пулларни АҚШ мусодара қилган ва бу пуллар сўнгра махсус келишувга биноан Қозоғистонда ташкил этилган жамғармага берилган ва унинг сарфланиши кейин халқаро кузатувчилар томонидан текшириб турилган.
Би-би-си: Сизнингча ўзбек ва АҚШ томонлари ҳам шундай жамғарма тузишни муҳокама этишяптими?
Кампбелл: Мен шундай деб умид қиламан, чунки биз шуни тавсия қилдик. Лекин, БОТА жамғармасидаги миқдор кичик эди (78 миллион доллар), Каримова ишида эса гап 1 миллиарддан кўпроқ пул ҳақида кетяпти. Бу ўта йирик миқдордаги пул. Шунинг учун унинг қандай сарфланишидан биз ҳавотирдамиз. Айни дамда ўзбек томони музокараларда ўз айтганида туриб олган, яъни “Бизга пулни бер, тамом-вассалом”. Мен билишимча, музокараларда олдинга силжиш бўлмаяпти. Қайси босқичда АҚШ ҳукумати музокараларни ёпиб, кейинги босқичга ўтади, деган савол туғилади.
Би-би-си: АҚШ ҳукумати Гулнора Каримованинг Тошкентда ёки хорижда судга тортилиши ёки озод этилишини талаб қиляптими?
Кампбелл: Йўқ, ундай деб ўйламайман. Лекин, АҚШ қонунчилигига кўра, агар жиноятчи судланмаган бўлса, унда унинг пулини қайтармаслик керак. АҚШ адлия тизими айбланувчига қандай муносабатда бўлинаётганини ҳам ҳисобга олади.
Би-би-си: Швейцариялик адвокатга кўра, Гулноранинг аҳволи ёмон, у ўз саройи ташқарисидаги кичик кулбада сақланяпти.
Кампбелл: Биласизми, мен Филиппиндаги турмаларда бўлганман. 10х10 метр хонада 60 одам сақланади. Мен билан яқиндан ишлайдиган Санжар Умаров ўзбек турмасида “маймун қафаси”да сақланган ва 60-70 тутқун кўзи олдида қийноққа солинган, кейин шу маҳбуслар уни дўппослашган. Агар тутқунлик шароитлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Гулнора Каримова ажойиб шароитларда сақланяпти. Ҳали ҳам. Тасаввур қиласизми, ўзбек маҳбусларининг нечтаси ўша кулбада ушлаб турилишни хоҳлаган бўларди? Ҳаммаси. Шубҳасиз. Унга ҳали ҳам юмшоқ муносабатда бўлишаяпти.
Би-би-си: Сиз Ўзбекистон ҳақида АҚШ терговчиларига маълумот беришга уриняпсиз. АҚШ ҳукумати ўзи Ўзбекистон ҳақида етарли билимга эга деб ўйлайсизми?
Кампбелл: Менимча, АҚШ ҳукуматида Ўзбекистон ҳақида жуда кўп билимга эга шахслар бор. Масалан, давлат департаменти, конгрессда… Лекин, АҚШ адлия вазирлигидаги прокурорлар – коррупция билан шуғулланувчи прокурорлар. Шундай экан, уларнинг мутахассислиги – коррупция.
Би-би-си: Лекин, ахир бу иш фақат коррупция ҳақида эмас. Бу иш йирик сиёсий аҳамиятга эга бўлган иш, шунинг учун ҳам сиёсий музокаралар шунчалар узоққа чўзиляпти, шундай эмасми? Ўзбекистоннинг сиёсий қуроли борми бу музокараларда? АҚШ ҳам ўзбекларни ҳафа қилмаслик эвазига, қандайдир сиёсий манфаатни кўзлаяптими?
Кампбелл: АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга ҳамиша эҳтиёткорлик билан ёндошиб келган деб биламан. Чунки Ўзбекистон Ипак йўли марказида, Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида. Уни Америка халқи билмаса-да, Америка ҳукумати жуда муҳим деб билади. Чунки биз ҳали ҳам Афғонистонда ўз қўшинларимизга эгамиз. Шундай экан, сиёсат ва қонун тўқнашаяпти. Биз ҳозир қонунга энг асосий эътиборни қаратяпмиз. Лекин, қонунга ҳам сиёсат аралашган экан, биз Ўзбекистондаги сиёсий тузумни тушунтириб беришимиз даркор. Ўзбекистон ҳукумати – клептократия, буни унутмаслик керак. АҚШнинг халқаро муносабатларида етакчи рол Давлат департаменти ёки Пентагон (Мудофаа вазирлиги)га берилади, камдан-кам ҳолларда Адлия вазирлигининг гапи ўтади. Шундай экан, ҳатто АҚШ ҳукуматининг ичидаги вазирликлар ҳам турлича фикрларга эга эканига гувоҳ бўламиз. Биз эса уларнинг барчасини етарли маълумот билан таъминламоқчимиз. Айни дамда АҚШ ҳар доим Россиянинг ролидан ҳавотир олиб келган ва Ўзбекистон буни била туриб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уриниб келади. АҚШ ҳам ўзининг эҳтимолий сиёсий ё иқтисодий шеригини ҳафа қилгиси келмайди.
Би-би-си: АҚШ ҳукумати ўз банкларининг коррупцион мақсадларда ишлатилишига йўл қўйиб берган, дейдиган танқидчилар ҳам бор. Масалан, Швейцарияни олсак, Каримованинг пуллари сақланган Lombard Odier банкига қарши ҳозирда Швейцария ҳукумати жиноий тергов очган. Ваҳоланки, шу банкнинг ўзи шубҳали пуллар борасида ҳукуматни огоҳ қилганди. Лекин, АҚШ ўзидаги банкларни нега жиноий жавобгарликка тортмаяпти? Пора берган хорижий компанияларга йирик жарималар солди, энди Каримованинг изидан тушган. Нега ўз банклари сувдан қуруқ чиқяпти?
Кампбелл: Бу ажойиб савол. Унга мен тўлиқ жавоб бера олмайман. Лекин, мен билишимча, бу банкларга ҳеч нима бўлмади. Муаммо шунда. Ўйлайманки, биз барчамиз жавобгармиз. Биз жуда қулай бўлган банк тизимидан клептократиялар фойдаланишига йўл қўймаслигимиз керак. АҚШда аксил-коррупция қонунларимизга ўзгартиришлар киритилиши зарур. Банк ҳисоби аноним компаниялар номига очилиши тўхтатилиши керак. Ким нима ва қандай рўйхатдан ўтказаётгани очиқ бўлиши керак. Банклар шунда муҳим текширувларни олиб бориши мумкин бўлади. Масалан, Делавер штатида жуда осонлик билан, текширувларсиз банк ҳисобини очиш мумкин. Буни янги қонунлар ёрдамида тўхтатиш қийин нарса эмас. Ундан ташқари, улар компанияларни шахслардан айри нарса сифатида кўрадилар. Бунга нуқта қўйиш керак. Мана Вимпелком катта жарима тўлади, лекин ким қамалди? Ҳеч ким. Муаммо шу. Кимдир ёки бир гуруҳ шахслар пора беришга қарор қилишган, биз уларга бир корпорация тузиб, унга ҳуқуқий асос беришга йўл қўйиб берганмиз. Лекин, ортида кимлар турганини унутиб қўйганмиз. Баъзи корпорациялар ортида ким турганини мутлақо билмаймиз, лекин уларга инсонга муносабат қилгандек муносабат қиламиз ва инсоний ҳуқуқлар билан таъминлаймиз. АҚШ Олий маҳкамаси ҳатто бу корпорацияларга сўз эркинлиги каби конституцион ҳуқуқни бериб қўйган. Шундай экан, ҳа банкларни ҳам жавобгарликка тортишимиз шарт. Прокурорлар учун бу жуда қийин бўлишини башорат қиламан. Чунки агар банкни тергов қила бошласа, жиноятни қилган шахслар ҳақидаги банк маълумотларини олиш мушкул бўлиб қолади. Аммо, бакнлар албатта ким ким билан бизнес қилаётганини синчковлик билан текшириши шарт.
Манба: bbc.com/uzbek