Совет Иттифоқи парчаланиб мустақил бўлган минтақа мамлакатлари раҳбарлари шу пайтгача поссовет ўлкаларда яшаган миллатдошларига қайиша бошлади.
Масалан Қозоғистон президенти Нурсултон Абишевич мамлакат ташқарисида яшаётган қозоқларга ўз тарихий юртига оммавий кўчиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиб қўйди.
Қирғизистон маъмурлари ҳам хорижлик қирғизларни қучоқ очиб кутиб олди, фуқаролик берди.
Адашмасам бу жараён ҳозирда ҳам давом этаётир.
Ҳатто тожик президенти Имомали Раҳмон ички низолардан кейин афғонлар еридан бошпана топган миллатдошларини битта қолдирмай йиғиб келди. Уларни “орийлар” га айлантириб қўйди.
Фақат Ўзбекистон ташқарисида яшаётган ўзбекларга бахт кулиб боқмади.
Ўзбекистонни ўзи учун маданият ва маънавият ўчоғи, деб билган минтақа ўзбекларининг бора-бора Тошкентдан ҳавсаласи пир бўлди. Бошида синаётган ҳар битта калтакни “пешонамда бори шу”, деб қарши олишдан ўзга чораси қолмади.
“Шўролар қулаб ҳамманинг эгаси чиқди, лекин биз ўзбеклар эгасиз, соҳиби йўқ бир миллат бўлиб қолдик”, дейди Хатлон вилоятида яшовчи 78 ёшли Машраб ота.
Бу отахон Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида бўлиб, кўп дўстлар орттирганини, ўзбек адибларининг китобларидан иборат шахсий кутубхонаси ҳам борлигини айтади.
“Ҳозир у томонларга бориш, жўралар билан аввалгидай гурунглашиш йўқ энди. Бугун менинг дўстлари-шу китобларим. Кўзим ўтмайди уларни ўқишга, невараларимга ўқитаман”, дер экан 80 ёшга яқинлашиб қолган бу отахоннинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Юлдузли тунлар” романларини ёддан билиши ҳайратга солди мени.
Расмий маълумотларда саккиз миллионлик Тожикистон аҳолисининг 15 фоизини ўзбеклар ташкил қилиши айтилади. Норасмий маълумотларда эса тожик жамиятида икки миллионга яқин ўзбек яшаши айтилади. Ана шулар орасида тарихий юрти – Ўзбекистонни қумсаб яшаётган яна қанча Машраб оталар бор, бу бизга қоронғу.
Лекин шуниси аёнки, минтақадаги ўзбеклар, жумладан мен билган тожикистонлик ўзбеклар ўз она-тилида савод чиқариш ҳуқуқидан деярли маҳрум бўлиб қолмоқдалар.
Тожикистонда “тожиклаштириш” сиёсати жадал суратлар билан амалга оширилиши ортидан аввал ўзбек синфлар, эндиликда эса бутун бошли ўзбек мактаблари ёппасига тожиклаштирилмоқда.
Масалан мен саккиз йил ўқиган А. Беруний номли мактабда ўзбеклар сони тожиклар сонидан беш-олти баравар кўп бўлишига қарамасдан бу мактабда ҳам болаларни биринчи синфдан бошлаб тожикча ўқитиш йўлга қўйилди.
Сабаб битта: ўзбекча дарсликлар ва мутахасислар етишмайди.
Бунга ким айбдор?
“Ўзбекистон расмийлари!”, дея жавоб беради бир овоздан тожик расмийлари.
Бугун минтақа мамлакатлари орасида энг кўп ўзбеклар яшайдиган Тожикистонда ўзбеклар ҳуқуқлари тез-тез поймол қилиниб турилади. Масалан сўнгги йиллар Хатлон вилоятининг Қабодиён, Шаҳритус, Колхозобод туманларида яшаётган ўзбеклар диний экстримизмда айбланиб қамоққа улоқтирилганига кўплаб гувоҳ бўлганман.
Туркиянинг Ғазантеп шаҳридан бошпана топган колхозободлик Музаффарнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўзбекларни “соғин сигир” га айлантириб олмоқчи бўлади.
“Лекин кўпинча бунинг уддасидан чиқолмагани учун уйдирма айб билан уларни қаматиб юбораётир”, дейди диний мотивлар билан қамалишига сал қолганини айтиб Музаффар.
Яна бир мисол мустақилликка эришган Тожикистонда асосий ер эгалари яқингача ўзбеклар эди.
“Бугун сувли ерлар тожик оилаларига, тошлоқ ерлар эса ўзбекларга бўлиб берилаяпти. Мен давлатга қирқ йилдан кўп хизмат қилдим. Бугунга келиб менинг еримни тортиб олди, “узбаксан”, деб. Мен миллатчи эмасман, лекин 60 ёшга кирганимда оиламни боқиб турган еримдан ажралишим…”, дейди овози бўғилиб Жалмат ота.
Мана шундай, ҳар қадамда ўзбек бўлгани учун қанд ўрнига панд ейди тожикистонлик ўзбеклар. Бу билан бировнинг иши йўқ.
Бунинг сабаби, ёвонлик Машраб отанинг фикрича, Ислом Каримов ўз ўзбекларини суймагани, улар учун қайғурмаганида.
“Меннинг ота-боболарим 30-йиллар, колхозлаштириш даврида Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида бу ёққа кўчиб келган. Тожикистондаги тўқайзорларни обод қилган бизнинг оталаримиз бўлади. Шу яқин яқинларгача Тожикистонда ўзбеклар обрў-эътиборли эдик. Каримов отамиз бизга эга чиқмагандан кейин шу ҳолга тушиб қолдик. Эринг суйди, элинг суйди, деб бекорга айтмаган эскилар”, дейди бутун умр Ўзбекистонни қумсаб яшаган хатлонлик Машраб ота.
Нега Ўзбекистон президенти Ислом Каримов минтақа раҳбарларидан ўзгача қарашда, яъни ўзбекларига қайишмайди?.
“Чунки Ислом Каримов ўзбекларни умуман севмайди. 90-йиллар бошида у ҳатто “ўзбеклар мол халқ бўлади…”, деб айтганига одамлар гувоҳ бўлган. Шунинг учун бугун у юрғизаётган сиёсат ортидан нафақат мамлакат ташқарисидаги ўзбеклар, балки ўзбекистонлик ўзбеклар ҳам ҳар ёққа титилиб кетди”, дея мулоҳаза билдирди Ўзбекистон халқ ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ.
“Ўзбекистон ташқарисида яшаётган ўзбеклар ўзларининг эркин кўз қарашлари, фикрлари билан Ўзбекистон ҳукуматига душман сифатида кўрилади. Улар Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатни аксар ҳолларда танқид қилади ва бу ўз навбатида Ўзбекистон ҳукуматига ёқмайди”, дейди қирғизистонлик журналист Шоҳруҳ Соипов.
Мавзу юзасидан тожикистонлик зиёлиларнинг ҳам фикрини билишга уриндик.
“Каримов 2005 йил андижонликлар қандай муносабат қилганини эсга олсак бас, бу мавзуда ҳамма саволларимизга жавоб топамиз”, деди тожикистонлик таниқли журналист Умед Бабаханов.
Тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Саймуддин Дўстов эса Ислом Абдуғаниевич минтақа ўзбекларига “сендан угина, мендан бугина” қабилида сиёсат юргизаётир, дея мулоҳаза юритади.
“Ўзбекистон президенти Ислом Каримов минтақада лидерлик даъвосини қилиб келади. Минтақадаги ўзбеклар, жумладан тожикистонлик ўзбеклар Каримовнинг бу сиёсатига лоқайдлар. Табиийки Каримов ҳам уларга нисбатан шундай муносабатда бўлади”, дейди Дўстов.
Юқорида саволларимизга жавоб берган суҳбатдошлармизнинг ҳаммаси албатта ўзича ҳақли. Лекин мен кўп йиллардан буён мени қийнаётган саволларга барибир жавоб топмагандекман… Нега калтак ЎЗБЕКнинг бошида синаяпти?. Нега ЎЗБЕК ўзи яшаб турган мамлакатда ўз она-тилида билим олиш ҳуқуқига эга эмас?. Нега Ўзбек паспортига “тожик”,“қирғиз” ёки бошқа миллат, деб ёздиришга мажбур, нега?