O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гулшан Қораева. Ола қараш қилган эмишман

Гулшан Қораева. Ола қараш қилган эмишман
137 views
05 November 2012 - 11:36

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси
4 ноябрь, 2012 йил 


Қашқадарё” газетаси ўзининг 16 октябрь кунидаги сонида мен ҳақимда бир “ҳаққоний” мақола эълон қилибди. Ўзини газета мухбир дея такидлаётган Шоҳиста Бозорова “Пашшадан фил ясашдан мақсад нима?” – дея савол аломати билан сарлавҳа қўйган ўз “дурдонасига”. Бу аёл журналистика этикасини билмайдиганлардан биридек кўринади ёки ўзининг бир томон фойдасига ишлаётганлигини ҳам кўз кўз қилган. Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркин фаолият олиб бора олмаслигидан келиб чиқсак, “Қашқадарё” газетаси ҳам ўзининг “журналистлари” командаси билан бирга эркин эмасликларини таъкидлаш янгитдан американи кашф қилиш эмас.

Журналист деган кимса ҳар воқеъликни ҳар томонлама ўрганиб, уни тўлиғича баён этмайдими? “Журналист” мен яшайдиган “Маҳаллот” маҳалласининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси бўлган Гулжаҳон Эркаевадан интерьвю олади-ю, шу маҳалла идорасига яқин жойда истиқомат қилаётган менинг момом Алимардонова Бибисулувдан ёки мендан бирор муносабат олишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Негадир менга ва оиламга ёрдам беришгаётганини маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Гулжаҳон Эркаева бот-бот таькидлаяпти. Ҳаттоки ногирон боламга ногиронлик аравачаси ҳам беришганини иддао қилишмоқда.
Ваҳоланки, бу менинг ҳаққим, бу менинг ҳуқуқим. Улар шунчаки меҳрибонлик кўрсатишгани йўқ ва ҳар бир ногиронга ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиб бориш ҳар қандай мамлакатда давлатнинг вазифаси ва бурчидир. Негадир “Қашқадарё” газетаси буни тушунмайди, ёки билмайди. Қизиқ, унда улар ўзларини нима учун “журналист” деб аташаяпди экан? Ахир оддий нарсаларни, яъни давлатнинг фуқаро олдидаги бурчи, ҳамда фуқаронинг давлат олдидаги ҳуқуқларини ҳам билишмаса.

Начора, бундай ҳолатни нафақат Қашқадарё газеталарида, балки бутун Ўзбекистон матбуотида ҳам кузатамиз.

Газетада ёзилишича, қўшнилар билан ичимлик суви йўқ деб борган эмишман. Афсуски бу ёлғон кимга ва нимага кераклигини мен яхши биламан. Мен маҳаллага бу яқин ўртада ичимлик суви деб бормаганман.
Борган эдим, бу ҳам бўлса ёз ойларида, адашмасам.ҳовли ерларининг суғоруви учун мулжалланган сув масаласида эди. Дарахтлар қўриб кетаётганди, тағин бир қўшнимиз суғорув суви трубасини кесиб қўйганди.

Шу масалада борган эдим, унда ҳам бир ўзим. Газетада ёзилишича Гулжаҳон опамиз сув бор эди дея иддао қилибди. Бу сатрларни ўқир эканман, мийиғимда кулиб қўйдим. Нега деганда у кишини турмуш ўртоқлари бутун ёз давомида арава судраб биз томонлардаги домлардан сув ташиб юрган эдилар. Мен ҳамиша сув йўқ деб жар солмаганман. Сув бўлса махаллага ёмонми? Бир менга сув керакми?

Кучларинг етар экан, маҳаллани сув билан таьминлаб беринглар, маҳалла аҳли қишда газсиз, электр қувватисиз ўтирганида нега жим қараб турасизлар? Ҳовлимиз ичкарисида кранда фақат қиш ва куз ойларининнг ўрталаридагина ичимлик суви оқади. Буни инкор этмайман. Бир йили, сира эсимдан чиқмайди, биз томонларда яшайдиган бир журналистнинг уйига сув олиб келишиб, адашиб тунги cоат 12 да мени уйғотишганди. Агар маҳаллада ичимлик суви танқислиги бўлмаса нега яшовчилар ҳовуз қуриб олишган?

Сув мўл-кўл жойда ҳовузга не ҳожат? Мақолада қўни-қўшнилар нима қилсин яна дейилади. Бу мухбир опамиз “қўни-қўшниларни”, қўшниларидан сўраб кўрдимикан?

Энди Туркия сафарига келсак, бажонидил Фронтлайн деган халқаро ташкилот бор, газета сўровнома юборса бўларди. Ёки ҳали ҳам кеч эмас.
Улар сизларга тушунмаган нарсаларингга ойдинлик киритиб беради, лозим топишса сўровларингни тийинигача ҳисоб беришади.

Имконият бор-ку, нега бундан фойдаланмайсизлар, “ҳурматлик” Қашқадарё журналистлари? Мақолада яна мен “ола қараган” эмишман. Ола қараш қандай бўлади-ю, тўғри қараш қандай бўларкин? “Пахтани ким териши кимни қизиқтиради?” – дейилади мақолада. Албатта халқаро ташкилотларни қизиқтиради! Ўзбекистон болалар меҳнатидан миллионлаб тонна пахта териб олинсаю, унинг ҳузурини юқоридаги сараланган одамлар кўрса бу ажабланарлик эмасми? Ўзбекистонимиз болалар меҳнатидан фойдаланмаймиз деган халкаро конвенцияни ратификация қилган. Шундай бўлгандан сўнг қизиқиш бўлади-да албатта.

Агар истасанглар сизларга ногиронлар аравачасини ҳам қайтариб беришим мумкин! Тез кунда қайтариш ниятим ҳам бор бу коляскани, фақат бошқача тарзда қайтариб оласизлар. Унинг боламга кераги бўлмайди деб ўйлаяпман…

Акс холда бу коляскани гапиравериб ҳаттоки оғизларингизнинг суви ҳам қуриб қолаяпти.