O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гул бўлгил

Гул бўлгил
176 views
18 July 2019 - 11:55

 

 

ГУЛ БЎЛГИЛ

Бир бедавлат элнинг беки бўлгунча,
Давлатманднинг эшигида қули бўл!
Асли йўқ бек арконида қолгунча,
Асил бекнинг соясинда кули бўл!

Ёмонни қўй, яхшиларга кўз индир,
Пўпишак ҳам жўжасини “гулим” дер,
Қарғиш бўри зурёдини қуритар,
Қўйдек тарқаб, чўл-чаманнинг эли бўл!

Шоҳ бўлсанг ҳам қумурсқага қулоқ қўй,
Сулаймондек тинглаб, сўнгра қилгил ўй,
Ҳоким бўлсанг, халқни қуёш каби суй,
Оқарда сув, эсарда тонг ели бўл!

Бу не ишдир – ётиб, нафсинг кўзласанг,
Ахмоқликдир, йўқдан борни изласанг,
Ҳар бозорда ривож топмоқ истасанг,
Яхшиларнинг киссасинда пули бўл!

Махдумқули, бордир дамнинг ҳисоби,
Кесилади бир кун банда насиби,
Одам бўлсанг, қўйгил қуруқ тавсифи,
Яхши-ёмон, барчаларнинг дили бўл!

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com