O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гурлан атамасининг келиб чиқиши

Гурлан атамасининг келиб чиқиши
240 views
08 July 2019 - 12:00

ГУРЛАН АТАМАСИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Жой номлари ҳақида тадқиқот ишлари олиб борувчи топономика фани қанчалик ютуқларга эришмасин, аммо ҳалигача, баъзи бир жой номлари ҳақида тугал хулоса, илмий ечим йўқ..Хусусан Гурлан атамаси тўғрисидаям шундай дейиш мумкин.

Негаки, ҳар қандай ном ёки атама замон ва макон билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг келиб чиқиш илдизи бирон тарихий давр, ижтимоий, сиёсий, маданий, маиший воқеа ёки табий ҳодисага бориб тақалади.Натижада жой номлари, элат ва қавмларнинг, қаъла ва қишлоқларнинг, дарё, дала ҳамда қирларнинг номланиши ўз даврининг сиёсий ижтимоий муҳитига мос равишда ҳукмрон синф вакилларининг ҳоҳиш иродасига қараб ўзгартирилаверган.

Масалан, биргина Амударё тарихда Гихон, Жайҳун, Окс, Окус каби номларга эга.Шунингдек, сўнгги икки-уч минг йиллар давомида Урганч шаҳрининг 4 марта, Берунийнинг 5 марта,Гурланнинг 3 марта номи ўзгарганига тарих гувоҳ.

Гурлан атамасининг келиб чиқиши ва унинг маънолари хусусидаги масалаларга келсак, қуйидаги фикр-мулоҳазалар, тахминлар илгари сурилганинини айтиш керак.

Жумладан,ЮНЕСКО академиги Худоёр Оллаёров бу борада қуйидаги фикрни илгари суради: « Гурлан–Гўр олон, яъни олон уруғининг гўри, қабристони деган маънони билдиради.Олон уруғи Хоразмда яшагани, кейин Кавказга кўчгани тарихдан маълум.Олонлар кўчиб кетишсада, ўз номларини топонимикага асос қилиб қолдиришди.Масалан,Боғолон–олонлар боғи, унинг шундоқ ёнгинасида эса Гурлан–яъни Гўр олон.Бу сўз бора-бора Гўролондан Гурланга айланган» .

Урганч Давлат Университети доценти , шарқшунос Абдулла Аҳмедовнинг тахминига кўра эса, « Гурлан-гур, яъни кулон деб атайдиган ҳайвон номи билан боғлиқ..Қадимда бу ерлар олонглик, яъни кенг майдонликлар бўлиб, чорва боқилган.Айнан ана шу олонгликда эса Гур, яъни кулон кўп бўлган.Ана шундан Гуролонг-гурлар кўп жой деган сўз, топоним келиб чиққан.Вақт ўтиб эса Гуролонг–Гурлан сўзига айланган».

Профессор А. Набиев ўзининг «Тарихий ўлкашунослик» китобида бир ривоят келтиради. «Бир вақтлар бу ҳудудга кўр чол ва чўлоқ кампир кўчиб келишибди. Улар жуда моҳир ҳунарманд эканлар. Бозорда ҳеч кимнинг нарсаси ўтмаса ҳам уларнинг нарсалари бемалол сотилавераркан. Шунда одамлар бу косибларда бирон сир бор, деб уларнинг атрофига келиб жойлаша бошлашибдилар. Вақт ўтиши билан бу сўз «Гурлан» бўлиб кетибди».

Хоразм лаҳжасида «к» товуши «г» шаклида ишлатилади. Шунинг учун «кўр» сўзи «гур» шаклида ишлатилиб «Гурлан» бўлиб ишлатилиб келинмоқда. (Т. 1996. 243-бет)

Халқ ичида юрган ривоятни ўз китобига киритган А. Набиевнинг Хоразм шевасида «к» ва «г» товушларининг ишлатилиши ҳақидаги фикри тўғри эмас. Негаки, Хоразм жуғрофий жиҳатдан жанубий ва шимолий Хоразмда жойлашган. Шу боис Гурланликлар ўз эли номини – «Кўрланг»ни Гурлан деб атамаган бўлишса керак.

Профессор А. Набиев ўша асарида яна бир тахминни ўртага ташлайди: «Гиркания» сўзи қадимги туркий ёзувлардаги «Курикан» қабиласининг номи билан узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг асрлар давомидаги фонитек ўзгаришидан Гурлан варианти келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Аммо бундан Гурландаги аҳолини гирканлардан келиб чиққан экан, деган хулоса чиқариб бўлмайди. Кичик бир овулнинг номи ҳам ёки оила бошлиғи ёхуд унинг бир аъзоси номи топономикада асос бўлиб кетавериши ҳам мумкин. (ўша китоб 244 бет).

Гурлан атамасига асос бўлган деб ҳисоблаб келинган «кўр» ва «ланг» ҳақидаги афсона Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчоннинг асарида қуйидагича айтилган:

Кўр: «Қани кўзларим кўрса,

Ланг: «Қани оёқларим босса» деган.

Дарвоқе,

Кўр кўра олмайди, шол юра олмайди.

Гўдаклар йиғидан бўлган чалажон

Ланг «Қара, оёқ – қўлинг бут, мени кўтариб гўдаклардан узоққа олиб бориб ташла! Ўша ёқда ўлай бир амаллаб қайтарсан!»

Кўр: «мен ҳам кетаман!

Кўр лангни кўтариб йўлга тушибди.

Ланг: «Тўхта! Мана бу уйнинг эшиги очиқ. Бир нималар кўринаяпти ичида!»

Кирсалар ҳар ҳолда егулик бир нималар топилибди. Қувонишиб ўлжаларни яна шу тахлитда ортга қайтишибди. Ҳаёт тантана қилибди. Тарихнинг даҳшатли суронларидан ўз шажарасини сақлаб қолган Гурлан бу».

Шоир ўз асарида юқоридаги афсонани келтирибгина қолмай, Гурланга қуйидагича таъриф беради: «Гурлан ғаройиб юрт. Гурланликлар ўзбекнинг бек уруғи, гўё «Гурлан», «Журжон» ҳатто «Гурганч» деган номлар ҳам «Гурлан»нинг бузиброқ айтилгани.

Ҳатто хонлар ҳам Гурланликлардан ҳайиққан, қадим шаҳарнинг тўрт дарвозаси бўлган. «Тўрт тўқсон Гурлан» ибораси бекорга тўқилмаган. Амударё Хоразмдан оқа бошлаганига неча йил бўлган эрса, Гурланнинг ёши ҳам шунча.»… («Ҳаққуш қичқириғи» Т, 1979).

Шоир ва драматург Эркин Самандар эса ўзининг бир шеърида Гурлан сўзини “Авесто” даври ва зардуштийлик билан боғлаб, Гурлан-Гуриллаган,Гурланган, яъни олов билан боғлиқ деган фаразни илгари сурадики, унда қуйидаги сатрлар бор:

Бунда шерлар наъраси,
Титратганда борлиқни,
Сарбаланд ҳилпираган,
Хоразмнинг ялови.

Бунда Зардушт нафаси,
Олқаганда ҳурликни
Гуриллаган Гурланган
“Авесто”нинг ялови…

Устозлар ёзганидек, «Тарих фани далилларга суянади ва лекин афсона ва ривоятларни ҳам инкор этмайди. Чунки қадимги қалъа ўрнидан топилган сопол идишнинг синиғи археология фани учун қанчалик муҳим рол ўйнаса, ўша шаҳарнинг пайдо бўлиши хусусидаги ривоятлар ҳам тарихнинг парчаси сифатида қабул қилинаверади.

Яна бир ривоятга кўра мўғил босқинчилари шаҳарга ўт қўйган эмишлар. Шаҳар ёниб кул бўлибди. Орадан бир неча йиллар ўтганидан сўнг Амударёдан кемалар сузиб келган эмиш. Кемадагиларнинг бир қисми қалъани «кулранг», ён атрофини «Гулранг» деб хитоб қилибдилар. Шундан сўнг шаҳар Кул-ранг, Гул-ранг шаклида аталган ва вақтлар ўтиши билан Гурлан шаклида талаффуз этила бошлабди».

Баъзи тадқиқотчилар «Гурлан» атамасини мўғилчадан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар. Маълумки,мўғил тилида Хурее сўзи бўлиб у айлантирмоқ, ўрамоқ, атрофни бекитмоқ, (рус тилида окружить, загороживать ставить изгород) деган маънони билдиради. Асли келиб чиқишига кўра, туркий қўр, қўра каби ўзаклардан ташкил топган. Бу сўздан кейинчалик мўғилча Хурел (ограждение место, изгород, двор, стоп, лагер, крупний монастир) термини ясалган.

Ҳозирги мўғил тилида бу сўз Хурээлен (г) шаклига эга бўлиб рус тилида «двор», «сад» маъноларини ифодалайди. Бу сўз ўзининг семантик тараққиётида қатор босқичларни босиб ўтган.

Профессор Б. Я. Владимировнинг ёзишича, бу сўз рус тилидаги ограждение место, изгород, двор, стоп, лагер, монастирь, город сўзларига яқин бўлиб тўхташ жойи, қўрғон маъносига эга эканлиги ва бу тўхташ жойи овулларнинг йиғилишидан вужудга келганлиги айтилади.

Яна бир мулоҳаза шуки, Эрон ҳудудидаги Гургон вилояти номидан Гурлан номи келиб чиққан. Яъни ҳозирги Гурлан ҳудудида Гургон қабиласи яшаган. Муҳаммад Ражаб Гургоний бошчилигидаги қабила аъзоларининг бир қисми Эронга кўчишади. Гургон номи сақланиб қолади ва бора бора Гургон Гурланга айланади деган фикр ҳам бор.

Бундан ташкари,Худойберди ибн Қўшмуҳаммаднинг «Дили Ғаройиб» асарида Гурланга шундай таъриф берилади: «Гурлан – қадимий қалъа; дарё ёқасида. Дарёнинг шимол тарафида тоғлиқлар бор. Қадимда андин олтун оладурғон эркандурлар. Бу тоғда алон чақмоқ тоши бор. Қўрғошин, темир, фируза, мўмиё тоши ҳам бор дерлар. Гугуртни Замахшарнинг жанубинда тўрт манзиллик ерда бир қир бор, андин келтирурлар… Бу шаҳарнинг бозор жойиси зиёда танг эрди. Қалъанинг шарқисинда тахминан беш олти таноб кўл бор эрди. Бу олий ҳазратнинг амру фармойиши бирла фуқаро жамоаси бу марҳумнинг тарихинда (1247/1830 йил) 45 кунда кўмуб бозор жойи қилдилар. Қадимда бир боғи олий эркан ва турлук зийнатли саройлар ва кўшк ва кошинкорли подшоҳнишинли, турлук мевали дарахтлар бор эркан. Андин бир гужум қолган эркан. Бу ҳам қурубдур. Онинг таги ғалла бозори эрди. Ҳоло баққол жамоаси ва балиқ пиширадурганлар дўкон қилиб ўлтирадурлар. Ошпазлар ҳам дўкон қилибдурлар растайи бозорға от берурлар; – не учунким шаҳарнинг улуғ йўлининг устидур. Ҳижратнинг 1182( милодий 1768 ) йили бу шаҳарга вабо ва қаҳат воқеъ бўлган. Мундин саҳал одам қуртилиб қолган. Ҳижратнинг 1197( милодий 1783 ) йили ҳаводин бир оз булут пайдо бўлуб, буғдой хирмонида арик(ўрик) пишганда, шаҳардин ўзга ерга ёғмай ўтди. Ҳар бир қатраси товуқнинг юмуртқаси чоқли бор эрди. Шаҳарнинг яқин ерларида экилган полизларни йўқ қилди».

Тарихчи Наим Норқулов эса Беруний яшаган даврни мукаммал ўрганган олим бўлиб, унинг тадқиқотларига кўра, «Абу Райҳон Беруний асарларида нима учундир Гурлан учрамайди.»

Хуллас, тарихчилар орасида турли тахминлар борки, аммо якуний , қатъий хулоса йўқ..Бироқ у турли даврларда, хусусан,Чингизхон истилосигача, Дархос, кейинчалик Хосминор номларига эга бўлган.

Умид БЕКМУҲАММАД.

«Гурлан ҳаёти” газетаси, 1996 йил 12 январь

facebook.com