O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Давлатга хиёнат қилиш” каби соҳта айбловлар билан ҳукм қилинган 64/71-сонли Жаслиқ колонясининг маҳбуслари

“Давлатга хиёнат қилиш” каби соҳта айбловлар билан ҳукм қилинган 64/71-сонли Жаслиқ колонясининг маҳбуслари
141 views
24 November 2017 - 16:26

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳига Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексининг 157-моддаси билан маҳкамага тортилган, Жаслиқ посёлкасидаги КИН 64/71 қамоқхонасида сақланаётган, у ерда қийноқлар остида айбга иқрор бўлишга зўрланган, тергов ва суд жараёнларига адвокатлари киритилмаган судланувчиларнинг қариндошлари мурожаат қилди. Суд маҳкамаси ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Судланувчилар ва маҳкумларнинг қариндошларига таҳдид қилиниб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилмаслик таъкидланган.

Жиноят Кодексининг 157-моддаси билан “Давлатга ҳиёнат қилиш”да суд қилиниб, жазони УЯ 64/71 Жаслиқ қамоқхонасида ўтаётганлар рўйхати. Уларнинг жиноят ишлари уйдирилган ва соҳталаштирилган.

1.Каримов Хасан Шокирович. 1976 йилда туғилган. Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати собиқ капитани. 2012 йилда 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2010 йилда МХХдан ишдан бўшагач, иш излаб бир-икки марта Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчиликларига кирган. У АҚШ фойдасига жосусликда айбланган. Тошкент шаҳри Сергили тумани 8-“А”квартал, 9-бино, 6-уйда яшайди.

2.Тўхтаев Равуп Ахмадович.  1984 йилда туғилган. Бекобод шаҳридан собиқ милиция сержанти. “Жасорат” ордени билан тақдирланган. 2014 йилнинг 13 октябр куни МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Соҳталаштирилган иш билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Тергов вақтида айбга иқрор қилиниш мақсадида шафқатсиз қийноқларга тутилган. Суд жараёнида айби исбот қилинмаган. Тўхтаевни Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айблашган.

3.Хасанов Чориқул Абдураимович. 1960 йилда туғилган, асли Тожикистонлик бўлиб, 24 йил Термиз шаҳридаги 33015-ҳарбий қисмда хизмат қилган, озиқ-овқат хизмати прапоршиги бўлган ва Термиз шаҳрида хизмат квартирасида яшаган. Сурхондарё вилояти МХХ бошқармасининг собиқ терговчиси майор Орзиев Бахтиёр 2009 йилда Хасановга нисбатан соҳта жиноят иши очиб, натижада у ноқонуний тарзда 17 йилга озодликдан марҳум қилинган. Шундан сўнг Хасановнинг хотини ва 4 нафар фарзанди хизмат уйидан хайдаб чиқарилган ва кейинчалик уй сотиб юборилган. Ҳозирда Хасановнинг хотини – Холматова Гулсара Қурбоновна ўз болалари билан Тожикистон Республикасининг Хатлон вилояти Шухратуз туманидаги Айвоч қишлоғида яшашмоқда. Хасанов Ч.А. ни Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айблашган. У Ўзбекистон фуқароси эди, армияда хизмат қилган ва ҳеч қандай давлат сирларига эга бўлмаган.

4.Султонов Бахтиёр Чориевич. 1965 йилда туғилган. Сурхондарё вилояти Денов туман ИИБнинг собиқ милиция майори Жиноят Кодексининг 157-моддаси билан суд қилиниб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2012 йилда Султонов Б.Ч. Сурхондарё вилояти Узун туманидан бўлган Ўзбекистон фуқароси орқали гўёки Тожикистон махсус хизматиларига маълумот етқазганликда айбланган.

5.Икромов Иззатулло. Ўз вақтида Душанбе педагогика институтида ўқиган. 40 йил Узун туманидаги ўрта мактабда  математика ўқитувчиси бўлиб ишлашан, кейинчалик нафақага чиқиб, маҳалла кўмитаси раиси бўлиб ишлаган. Икромов 2012 йилда Жиноят Кодексининг 157-моддаси билан суд томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозирда у ҳам Жаслиқда жазо муддатини ўтамоқда.

Сурхондарё вилояти МХХ бошқармасининг собиқ терговчиси майор Орзиев Бахтиёр ва МХХ бошқармасининг бошқа ходимлари майор Султонов Б. Ва ўқитувчи Икромов И.ни қийноқлар ва калтаклаш билан бир-бириларига туҳмат қилишга ва қарши кўрсатма беришга мажбурлашган. Маълумот учун: Сурхондарё вилояти МХХ бошқармасининг собиқ терговчиси майор Орзиев Бахтиёр 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Бекобод шаҳридаги УЯ 64/21 қамоқхонасида жазони ўтамоқда.

6.Очилдиев Алишер Нормуродович. 1972 йилда туғилган. Ленинград вилоятидаги Можайск Космик Институтида ўқиган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкаси подполковниги Жиноят Кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан маҳкамага тортилиб, 2007 йилда 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг иши 100 фоиз соҳталаштирилган.

Беш нафар судланганларнинг барчаси, яъни Каримов Х.Ш., Тўхтаев Р.А., прапоршик Хасанов Ч.А., майор Султонов Б.Ч. ва Мудофаа вазирлигининг подполковниги Очилдиев А.Н. лар рус тилини мукаммал билишлари ва бу тилда эркин фикрлай олганиклари, демократик ва адолатли ҳаёт кечириганликлари ва ғарбона кайфиятда бўлганликлари учун ноқонуний равишда суд қилинганлар.

7.Қорабоев Оқбўта. Ҳужжат бўйича 1947 йилда, аслида эса 1943 йилда туғилган. 50 йилдан ортиқ Жиззах вилоятининг Бахмал тумани тоғларида чўпонлик қилган, 3-синфгача ўқиган. Қорабоев 2010 йилда Бахмал тумани ИИБ раҳбари ўринбосарининг ва МХХнинг буйруғи билан тоғлар орқали Тожикистонга ўтиб кетган 150 дона қўйни қайтарган, шунинг учун уни Жиноят Кодексининг 157 моддаси билан айб қўйиб, 2011 йилда 13 йилга озодликдан маҳрум қилишган.

Оддий бир чўпон қандайдир давлат сирларига эга бўлиши мумкинми, чўпонга қарши қўзғатилган жиноят ишининг ёлғон ва соҳта ҳарактерга эга эканлигини шундан ҳам кўриш мумкин. Мана 6 йилдан ортиқ вақт мобайнида чўпон Қорабоев О. ва ўқитувчи Икромов И.лар Жаслиқ қамоқхонаси деворлари ортида қийналмоқдалар, ваҳолангки уларнинг ёшлари 70 дан ўтди ва доимо касаллар.

Санаб ўтилганларнинг барчаси Олий судда, Бош Прокуратурасида, МХХнинг махсус бюроси ва барча ҳуқуқ ҳимоячилари олдида ўзларининг айбсиз эканликларини исботлай оладилар. Айнан МХХ уларнинг айбсиз эканликларини била туриб соҳталаштирилган жиноят ишлари очди (ЖКнинг 230-моддаси “Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш”), уйнан улар шафқатсиз ва адолатсиз қарор қабул қилишлари учун судяларга босим ўтказишди (ЖКнинг 231-моддаси “Адолатсиз ҳукм, қарор ва ажримлар қабул қилиш”), шунингдек МХХ ходимлари қўлга олинганлар, ҳибсга олинганлар ва маҳкум қилинганларга нисбатан қийноқлар қўллашликда айбдордирлар (ЖКнинг 235 –моддаси “Қийноқлар қўллаш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи жазолар қўллаш ёки муомала қилиш”).

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МХХнинг ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний ва юридик кучга эга эмас, чунки ҳужжатлар тўплами тасдиқлаш учун 2001 йилда Олий Мажлисга (Парламентга) юборилган “Ўзбекистон республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ҳақида”ги Қонуни шу кунга қадар қабул қилинмаган. Қонун қабул қилинишига Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов ва МХХ маъмурияти тўсқинлик қилган. “Ўзбекистон республикаси ички ишлари ҳақида”ги Қонун эса И.Каримов ўлимидан сўнг қабул қилинган.

Ҳозирги вақтда Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларига қарши саботаж қилиб келмоқда. МХХ ва ҳукумат ўртасидаги зиддиятлар ривожи ва  натижасини вақт кўрсатади…

24.11.2017 г
Сурат Икромов
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси

E-mail: surat.i@rambler.ru,   suratikramov@gmail.com