Давлат нима деган саволнинг аниқ жавоби йўқлиги маълум. Давлат тушунчаси нисбий тушунча бўлишига қарамай, y аниқ куч қудрат, айтиш мумкинки, бир даҳшатли жонивор сифатида ўртага чиқиши ҳам мумкин. Эски вақтларда давлатлардан кўра динлар, миллатлар ва қавмлар машҳур бўлганлар. Бизнинг замонамизда эса давлатлар машҳур ва таъсирчан кучга эгалар…
Ҳозирги вақтда давлат манфаат маъносини олган десак хато қилмаган бўламиз. Моддий ва ғоявий манфаатлар давлатларни ҳаракатга келтирган асосий кучлар ҳисобланади. Машҳур сўзга кўра қирқ дарвеш бир кўрпага ўраниб ухлай олиши мумкин, аммо икки подишоҳ дунёга сиғмайди…Худди шундай бугунги кунда 200 га яқин давлат дунёга сиғмай, ўзаро низо ва жанжалларга шўнғиб кетганликлари бир ҳақиқатдир.
Баъзи инсонлар ўз териларига сиғмайдиган даражада семиришни яхши кўрадиганларидек , баъзи давлатлар ҳам ўз ҳудудларига сиғмайдиган даражада кучли бўлишни яхши кўрадилар. Шунинг учун баъзи давлатларнинг ўзлари дунёнинг бир бурчагида, манфаатлари эса иккинчи бурчагида бўлади.
Дунё шундай қурилганки, унинг марказида асосий моддий ва маънавий бойликлар ўрин олган. Сўнгги асрда инсониятнинг тараққиёти табиий бойликлар ва уларни ўзлаштиришга бевосита алоқадор бўлди. Автомобиль саноати ва машинасозликка асосланган ҳарбий саноат кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада ривожланди. Бу эса дунё сиёсатининг шаклланишида, тўғрироғи дунёнинг катта давлатлар тарафидан бўлиб олинишида асосий ролни ўйнади…
Бу кунларда дунёнинг энг қудратли 8 давлатининг Лондонда навбатдаги анжумани бўлиб ўтади. Худди шунингдек, дунёнинг энг тараққий қилган 20 давлати ҳам вақти вақти билан ўз йиғилишларини ўтказадилар. Дунё давлатлари бошқа йирик ташкилотларга ҳам бирлашганлар: Европа Иттифоқи бугун мана шундай давлатлар бирлашувининг энг ёрқин мисолидир…
Сўнги 3 асрда инсоният тараққиётида моддапарастлик ва унга асосланган турли ғоялар ва тушунчалар устунлик қилди. Натижада 19 ва 20 асрда дунё миқёсида жаҳон урушлари номи берилган ва миллионларча инсонларнинг ўлими билан якунланган даҳшатли урушлар содир бўлди. 21 асрнинг бошларига келиб, яъни ҳозирги кунда моддий дунёқараш аста секинлик билан ўз ўрнини ақидавий, яъни инсоният учун янгилик бўлмаган диний дунёқарашларга ўз ўрнини бўшатиб бера бошлади. Бундан “жони (жаҳли) чиққан” давлатлар яна қиличларини қинидан чиқардилар. Шу тарзда 20 асрнинг иккинчи ярмида ҳукмрон сурган “совуқ уруш” иссиқ урушларга айланиб кетди…
Афғонистон ва Ироқни ғарбликларнинг ишғоли натижасида миллионларча кишилар ўлдирдилар. АҚШнинг собиқ президенти ўғил Буш бу урушларни янги салб юришлари, дея атаганди. Англия собиқ Бош Вазири Тони Блайр эса ўз давлатИнинг Ироқни ишғол қилишда қатнашишига сабаб қилиб диний ҳисларини кўрсатганди.
Демак, давлатлар бир маънода инсонлар ва уларнинг ташкилотлари у ёки бу сабаб билан юзларига таққан маскаларга ўхшайди. Чунки давлат манфаати дейилганда аслида инсонлар жамоаларининг, яъни миллатлар ва қавмларнинг миллий, эътиқодий ва моддий манфаатларининг мажмуаси тушунилади. Давлатлар манфаатлари ушбу манфаатлар устига кийдирилган ёки тақилган маскалардир. Бу маскаларни давлатларни бошқараётганлар ўзлари истаган рангларга бўяшлари ва бу билан аслида чиркин бўлган юзларини, бир биридан чиройлироқ қилиб кўрсатишга уринишлари мумкин. Яъни, баъзи сиёсатчилар ўзлари, халқлари ёки давлатлари номидан гапириб, ҳаммани инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, дунёда адолатни ўрнатишга, табиатни муҳофаза қилишга, халқаро ҳуқуқларга амал қилишга чақиришлари мумкин. Бу чақириқлар давлатлар таққан маскалардан жуда оҳанграбо жаранглайди. Баъзилар бундай чақириқ ва баёнотларга лаққа тушишлари ҳам мумкин. Масаланинг муҳим томони давлатларнинг юзларидаги бу “маскаларни” тушуриб, уларнинг ҳақиқий башараларини очиб ташлаш унчалик қулай бўлмаган бир иш эканлигидир. Шу тарзда дунёда ким золиму ким олимлигини пайқаб олиш қийинлашиб бораверади. Эътибор берилса давлатнинг ўзи мавҳум нарса, бунинг устига унинг юзига “маска” ўраладиган бўлса, ҳақиқатни тушуниб етиш нақадар қийинлиги ўз ўзидан маълум бўлади…
Бугун давлатлар худди кўча безорилари (хулиганлари) каби ўзаро урушларни давом эттирмоқдалар. Бу урушлар ғоявий (ақидавий) кураш, моддий манфаатларни кўпроқ қўлга киритиш, бу йўлда бир бирларига сиёсий ва иқтисодиий зарбалар бериш, бир бирларини учинчи давлатларга қарши гиж гижлаш, аҳдларига хиёнат қилиш, турли фитналар чиқариш, истиҳборат (разведка) урушлари, ҳужум қилиш билан қўрқитиш ва шунга ўхшаш шаклларда давом этмоқда.
Дунё кўчаларининг “безориларига” айланган бу давлатларни инсофга чақирадиганлар ҳам албатта йўқ эмас. Юзларига турли туман “маскалар” таққан ушбу “безорларнинг” таъзирини бериб қўйишни истайдиганлар ҳам албатта йўқ эмас. Демак, ҳозирги кунда жиловланиши мумкин эмасдек кўринаётган жанжалкаш давлатларнинг бир кун келиб юзларидан маскалари туширилади. Инсоният шу тарзда ўзини оловли урушларга бошлаган бадбахт башараларни таниб олади. Чунки ҳаёт доимо ҳақ ботил, адолат ва зулмнинг курашидан иборат бўлган. Ниҳоий ғалаба эса ҳақ ва адолатнинг ғалабаси эканлигига асло шубҳа қилмаслигимиз керак…
Намоз Нормўмин
13.06.2013