O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Давлат”ми у, “мафия”ми?

“Давлат”ми у, “мафия”ми?
185 views
07 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(31-қисм)

Ўнинчи шох: Кўча

Бир дарахтга бошқа дарахтнинг новдасини улаб бошқачароқ хил мева олишни бугун ҳамма билади. Бунда асосан бир турдаги ёки бир-бирига яқин турлардаги дарахт новдалари уланади. Масалан, олмага олма, олчага гилос, наъматакка атиргул…

Илм юксалгандан юксалиб, энди шунчаки бошқачароқ эмас, буткул янги – учинчи бир тур яратишнинг усуллари чиқиб кетди: энди новдани новдага киргазиб ё гулларни бир-бирига чанглатиб ўтирилмайди, бир-бирига мутлақо бегона, қони қонига тўғри келмайдиган, шу дамгача бир-бирига ҳеч ҳам қовушмаса керак деб ўйланган икки ёт тур борлиғидан ирс (ген) олинади-да, бир-бирига чатиштирилади.

Масалан, памилдорининг ирсига чаённинг ирси чатиштирилиб, памилдорининг янги тури яратилди! Картошкага чўчқанинг, олмага қуртнинг ирслари чатиштириляпти. Қарабсиз, янги бир тур пайдо бўлиб турибди!

Давлат бутунлай бошқа турга киради, мафия унинг тамоман тескариси ва душмани бўлган бошқа турга киради. Лекин, қаранг, илм-фан юксалиб, йўли топилса, бир-бирини кўргани кўзи йўқ, қони бўлак бу икки тур ҳам алоҳида олинган бир мамлакатда ирслари бемалол бир-бирига чатишиб-чирмашиб кетаверар экан.

Хавотирли томони ‒ чатиштирилган бу икки бегона ирсдан пайдо бўлган учинчи турнинг асли жинсини билиб бўлмай қоларкан. Ғирт хунаса тур дейсиз.

Бу ўхшовсиз турга қараб туриб: “Бу ўзи давлатми ё мафиями?!” деб бошингиз қотаркан. Шуниси ўйлантиради одамни. Бир янги жинс пайдо бўлса-ю, унинг нималиги ё кимлигини билмасангиз! Унга бирдан от ҳам қўя олмасангиз! “Давлат”ми у, “мафия”ми?

Мантиқан олиб қараганда, у иккала тур ирсининг чатишишидан туғилдими, демак, оти “давлатмафия” ёки “мафиядавлат” бўлиши керак, лекин бу атамага кўз-қулоқ ўрганмаган ‒ кўринишиям, эшитилишиям ғалати.

Одатда янги жинс пайдо бўлишида қайси турнинг ҳиссаси кўпроқ бўлса, ўшанинг оти танланади. Демак, энг биринчи галда буни аниқлаб олиш керак.

Мафиядан ирс олиб давлат ирсига киритилдими ёки давлатдан ирс олиб мафия ирсига киритилдими, суриштириб-билиб олайлик десак, бу иш қайси илмий изланиш институтининг қайси лабароториясида қилинганини билмаймиз.

Бу масала энди абадиян сирлигича қолди. Чунки бир кечада у лабаратория ҳам, институтнинг ўзи ҳам бузиб юборилган. Бўшаган ери текисланиб, арчазорга айлантирилиб, тагига ирси чатиштирилган Амрика ажриғи экиб қўйилган. Кеча ишдан қайтаётганингизда у бинони кўрган бўлсангиз, бугун эрта билан ишга бораётганингизда у йўқ, ўрнида махсус кийими орқасига “…ТОБ” деб ёзилган бир киши янги арчазор тагидаги ажриқларга сув сепиб юрган бўлади!..

Хуллас, мен ҳеч тушунмайман: давлатга кадрларни мафия етиштириб берадими ёки мафия “кадр”ларини давлат тайёрлайдими? Ким билса, айтсин.

Бир замонлар президент Ислом Каримов Олий Кенгаш минбаридан қизиқ бир гап айтган: “Мен мелиса ва пуркуратура ходимларига мурожаат қиламан: ҳар бир тадбиркорнинг тепасига туриб олмаларинг, эркин савдо-сотиғини қилишига йўл берларинг!..” деган.

Бу мурожаат аслида кимга ёки кимларга қаратилган эди? Буни аниқлаш учун у кезларни хотирада тиклаб олиш керак: майдонларда демократия шабадалари ҳали тўхтамаган… мухолиф кучлар ҳаммаси очиқда… бир ёқда жамиятга диннинг таъсири кучайиб боряпти… Ислом Каримов эса ҳали ҳозиргидай кучга тўлмаган…

Шундай нозик паллаларда одамлар орасида: “Оқсоқол сайловга киришдан олдин Оқуйдан оқ фотиҳа олиб кетди”, деган гап юриб қолди. Оқуй ҳам оқ фотиҳасини текинга бермас? Олдин бир-иккита “арзимас” талабини қўйгандир? Номзодни тиз чўктириб, розилик қасамини олгандир? Балки “сайловчилар накази” ўлароқ гап орасида: “Майли, биз сизни танлаймиз, фақат, анов итларингизни биздан сал узоқроққа боғлаб қўйинг, ҳадеб акиллайвериб, ишлагани қўймаяпти!” деб қистириб ўтгандир. Ҳарҳолда, сайланган заҳоти президент биринчи бўлиб шу наказни бажарди ва илк нутқидаёқ “итларини” бир чеккага боғлаганини, энди хавотирсиз “ишлайверишлари мумкин”лигини телевизордан туриб эълон қилди.

Замонлар ўтгани сари “янги тур ҳосил бўлиши”да қайси ирснинг ҳиссаси кўп бўлгани аста-секин билина бошлади. Биттаси доим эл кўзида, иккинчиси доим панада. Лекин одамлар кўпроқ панадагисини гапиради. Панадагисига ҳавас билан талпинади, наригисини назарига илмайди.

Ватандош назарида Оқсаройдан Оқуй машҳурроқ. Ким Оқуйга алоқали бўлса, ўша одам бошқача ҳурмат кўради. “Ким кимнинг одами” деган сўров уюштирилса, аниқ Оқуй ютади. Оқсаройга ишонмайди, Оқуйга тўла ишонади.

Ҳатто Оқсаройда ишлайдиганлар кўпи ўзи Оқуйга яқинлиги билан мақтанади. Чунки Оқуй мард. Оқсарой тутимсиз бир идора. Оқуй бирсўзли – айтганида туради ва қилганига жавоб беради. Оқсарой айтовради ҳам, қайтовради ҳам – сўзининг тайини йўқ. Оқуй масалани жойида ва узил-кесил ҳал этади. Оқсарой “нимага деганда…”, “барака топкурлар…” деб чайналгани чайналган.

Оқуй адолатли – қайси ишга қўл урса, ўзининг ички қонун-қоидаларига кўра адолат билан ҳал этади. Оқсарой ўзи чиқарган қонунларга, ҳатто энг Асосий Қонунга – Конститутсияга ҳам амал қилмайди… Ва ҳоказо.

Тўйларнинг тўри оқуйликларники. Иккала томондан ҳам тўқнаш келиб қолинса, оқсаройликлар оқуйликларга йўл бераётгани, кўпроқ мулозамат кўрсатаётгани сезилиб туради.

Кейинги замонлар одамлар тилида “Кўча” деган янги атама пайдо бўлди. Ҳозир ҳеч ким “мафия” демай қўйди. Мафия йўқ бизда ҳозир. “Кўча” бор. “Бу одам ким?” деб сўралса, жавобига айрича меҳр-муҳаббат билан: “Кўчанинг одами”, деб қўйилади. “Кўчанинг болалари” деб эркалаб гапиришади билағон кишилар.

Бир ҳисобга бу яхши бўлди. “Мафия” қанақадир ажнабийча сўз, ўзбекчада қўполроқ, ҳақоратомузроқ эшитилади. Шунданми, илгарироқ битта газет бу сўз ўрнига ўзича “махфия” атамасини тавсия этди. Оммалашмади. “Кўча” оммалашди. Ҳарҳолда бегонамас, қадрдон. Шу ўзимизнинг кўча-да!

“Кўча” – жуда топиб айтилган! Тил мана шунақа бўлиши керак. Бегона сўзлар таржима қилинганида ёки ўрнига янги сўз тавсия этилганида, халқ руҳига уйғун келишига диққат қилиш керак. “Кўча” том ўзбекнинг руҳини, кайфиятини, орзу-умидларини ифодалайди. Халқнинг ғаму ташвишларига, шодлигию қувончларига шерик буюк макон! Миллий менлигимизни яққол кўрсатадиган ёрқин Сўз! Юз эллик йил нарида йўқотган мустақиллигини тил биргина “Кўча” сўзида топди десак хато қилмаймиз.

Хуллас, одамларга Девондан Кўча қадрдонроқ. Бу эркатой сўз фақат кўча-кўйда оддий одамлар оғзидан эмас, вазирлар оғзидан ҳам, Девон ходими оғзидан ҳам, оддий мелисадан тортиб то генерали оғзидан ҳам, Миллий хавфсизлик хизмати хоналарида қўр тўкиб ўтирадиган казо-казолар оғзидан ҳам бош ҳарфлар билан, ширали-ширали бўлиб чиқишларини эшитасиз. Ва… ўйланиб қоласиз: Давлат одамлари Кўча одамларими ёки Давлат ўзи Кўчами? Ирслари шу қадар чатишиб кетганидан қайси бири ким ва асли жинси нима эканини билиб бўлмай қолди.

Мана, йигирма бир йилдан бери иккала жинс апоқ-чапоқ: бирлари Оқсаройдан, иккинчилари Оқуйдан туриб, юртни сўраб ётишибди барака топкурлар. Соҳалар, тармоқлар, зовут-фабрикалар, спорт турлари, бозорлар, мозорлар, вазирликлар, мансаблар… – қаердан азгинча пул чиқадиган бўлса, ўртада “адолат билан” бўлишиб олинган. Ҳар ким ўзининг маконида ҳоким.

Бугун Ўзбекистоннинг энг чеккасидаги тоғлар оралиғига жойлашган кичкинагина оҳак сехчаси ҳам Кимникидир. Ўша “Ким” ўзи ким эканини ёки кимнинг кими эканини етти яшардан етмиш яшаргача билади…

Аммо-лекин кейинги йиллар дунёда ирси чатиштирилган маҳсулотлар (ИЧМ)га қарши кураш бошланган. Олимлар айтишича, ирслар қўшилишидан ҳосил бўлган “янги тур” одам саломатлигига зарар экан. Саломатлик тугул, кейинги наслларда айниш ҳам бўлиши мумкин эмиш. Масалан, давомли равишда ИЧМ еб юрганлардан келажакда думли, шохли, чўчқатумшуқли махлуқлар дунёга келиб қолиши ҳеч гап эмасмиш.

ИЧМнинг натижаси бу бўлса, “Кўча” билан “Давлат” ирслари чатишиб ҳосил бўлган “Кўчадавлат” (“Давлаткўча”) келажакда қанақа мева бераркан?! Бу ёғи ҳаммамизга уйга вазифа…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com