Шу шаклда дунё соҳибжамоли кўздан ғойиб бўлган экан…
Қиссадан ҳисса шуки, инсон, у оддий фуқаро бўладими, давлат арбоби бўладими, “давлатойнинг” изидан қувиб юришни, яъни дунё мол мулкини, амалу мансабни қўлга киритишни ўз ҳаётининг ягона мақсади қилиб олмаслиги керак. Чунки булар ҳеч кимга вафо қилмайдиган “қадриятлардир”. “Давлатой”нинг мол мулк ва мансаб маъносига келишига далил инсоннинг ўз фикри эмас, аксинча Қуръони Каримнинг таърифидир. Хашр сурасининг 7 -оятида давлат бойлар орасида қўлдан қўлга ўтиб юрадиган мол мулк сифатида таъриф қилинади…
Бу илоҳий ҳақиқат ҳеч қачон бизнинг замонамиздаги каби яққол кўзга ташланмаган бўлса керак. Инсоният тарихида мол мулк ва салтанат, яъни давлатни ташкил қиладиган бу омиллар учун кураш доимо мавжуд бўлиб келган бўлсада, бу кураш ҳеч қачон бугунги каби давлат манфаатларини байроқ қилиб, дунё миқёсидаги урушларга сабаб бўлмаган эди. Шундай экан, давлат нимаю, унинг манфаати нима, деган савол устида бироз мулоҳаза қилсак арзийди, албатта.
Давлат нима деган саволга оддий қилиб давлат давлатда, дейиш ва харитага қараб мана бу ерда Фалонистон давлати жойлашган, дея жавоб бериш мумкин. Бундай деган кишига “ўша Фалонистон”га бориб, “давлат”ни ўз кўзингиз билан кўриб келсангиз, десангиз, “Фалонистон”га борган одам давлатни тополмай роса сарсон саргордон бўлади. Тўғри у “Фалонистонга” қадам босганда бу давлатнинг тупроғига қадам босган бўлади, аммо у давлатнинг ўзини қаёқдан топади? “Фалонистон” фуқароларидан “давлатларинг” қаерда, деб сўраса бемаънилик бўлади. Чунки ўзи шу давлатда турган бўлади, айни пайтда давлатни топа олмай ҳайрон…
Кўчалар, улардаги бинолар, қомат кериб турган миршаблар (милиционерлар), идоралар, вазирликлар, давлат корхоналари…буларнинг барчаси давлатга оиду, аммо давлатнинг ўзи йўқ ўртада. Бир нарса бир кишига оид бўлса, унинг эгасини топиб келинг дейилганда, ўша киши топиб келинади. Аммо ҳамма нарса давлатга оид бўлсаю, давлатнинг ўзини топиб бўлмаса? Ажойиб ва ғаройиб бир ҳол бу….
Давлат ҳақиқатдан ҳам мавҳум нарсадир. Шунинг учун ҳам уни излаб топиш у ёқда турсин, уни таърифлаш ҳам қулай иш эмас:
“Госуда́рство — высший политический институт общества, задача которого состоит в обеспечении соблюдения прав и реализации интересов лиц, проживающих на одной территории, на которой государство обладает суверенитетом (территория, на которую распостроняется суверенитет называется страной) взаимоотношения между ними регулируются на основе единых законов (или традиций), осуществляется охрана границ; регулируются тем или иным образом взаимоотношения с другими государствами и народами”
“Необходимо сказать, что ни в науке, ни в международном праве не существует единого и общепризнанного определения понятия «государство»” (wikipedia.org)
Айтиш керакки, илмда ҳам, халқаро ҳуқуқда ҳам давлатнинг умумий ва ягона таърифи йўқдир….
Бу иқтибосни тушуниб олишни ўқувчининг ўзига ҳавола қиламиз. Фақат бу ерда айтилгани каби “давлат” ҳар доим ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи восита ҳисобланмайди. Таъбир жоиз бўлса, давлат бир нарсанинг ўзи ва соясига ўхшайди. У нарсанинг сояси кўринади, аммо ўзи кўзга ташланмайди. Бир ерда бир давлат ўртага чиқиши учун камида бир халқ ( у бир ёки бир неча миллатдан, яъни қавмдан иборат бўлиши мумкин), катта ёки кичик ҳудуд ва шу давлат деб аталувчи кўзга кўринмайдиган махлуқга хос қонун қоидалар (ҳокимият) бўлиши керак. Маълумки халқ ва ҳудуд инсонлар ишлаб чиққан “маҳсулотлар” ҳисобланмайди. Гарчи инсонлар ўз давлатларининг ҳудудини (унинг чегараларини) кенгайтириши ёки торайтириши мумкин. Инсонлар қонун қоидалар ўйлаб топиш орқали давлат тузулишига ўз ҳиссаларини ҳам қўшишлари мумкин. Албатта, агар илоҳий қонун ва қоидаларни тан олмасалар, уларнинг бу ҳиссаларини тўлиқ, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда давлат ўз фуқароларини асир олган кўзга кўринмайдиган ёвуз кучга айланади (фишистик, коммунистик давлат). Акс ҳолда давлат ҳақиқий маънода инсонларни (агар у саҳиҳ эътиқоднинг қонун ва қоидаларига асосланган бўлса) ҳимоя қиладиган соябон ҳолига келади. Давлат учун яна муҳим бўлган нарса ҳокимият омилидир. Инсоний ҳокимият ҳам бир инсон ёки инсонлардан ташкил қилган турли тоифаларнинг (буржуазия, ишчи синфи ва ҳк) истакларига қараб турли шаклда бўлиши мумкин (қироллик, социалистик, диктатура ва ҳк).
Айтилган бунча гапдан кейин ҳам давлат нима ўзи, деган савол муҳкам бўлиб қолаётганини биламиз. Муҳтарам ўқувчи, гапни айлантирмай унга ўзингиз таъриф берингчи, дейишга албатта ҳақлидир. Давлат менинг назаримда асос эмас, воситадир. Шунинг учун ҳам давлат муқаддас ҳисобланмайди, яъни у тенгсиз бир севги ва эҳтиромга лойиқ эмасдир. Давлатнинг “парчаларидан”дан ҳисобланадиган мол мулк ва ҳокимият масаласида уруш жанжал қиладиганларнинг дунё гўзали “Давлатойнинг” орқасидан қувиб, қўли очиқ қолганлар ҳолига тушиши эса муҳаққақдир…
Давлат воситадир ва у инсон эътиқоди, ақли ва закосининг хизматчисидир. Давлат инсонга берилган мана шу фитрий хусусиятлар туфайли шаклланади. Давлатнинг у ёки бу шаклда бўлиши ҳам мана шу фитрий хусусиятларга боғлиқ бўлади.
Сиёсатни давлат бошқарувининг воситаси дедик…
Давлатни жамиятни шакллантиришнинг воситаси деймиз. Яъни, сиёсат давлатга, давлат эса инсон ва жамият ҳаётига оид омилларга хизмат қилади. Давлатни ўз хизматчиси ҳолига келтирадиган омилларнинг энг муҳимлари эътиқод (мафкура), ҳуқуқ, адолат ва ахлоқдир. Мана шу тўрт омилни давлатга “эгалик” қиладиган қадриятлар дейдиган бўлсак, бу ҳолда давлатнинг ўзи бешинчи, сиёсат эса олтинчи қадрият даражасига тушиб қолади. Шунча гапдан кейин ҳам Давлатойга маҳлиё бўлишни ёки Давлатбойга қул бўлишни истайдиганларга афсусланишдан бошқа қандай муносабат билдиришимиз мумкин?
(Давоми бор)
Бошланиш: uzerk.org
Намоз Нормўмин,
5 август 2012 йил, Истанбул