16 октябр куни журналист Бобомурод Абдулланинг онаси Давлат адвокати Шаҳзод Шариповга 300 минг сўм пул тўлагани ҳақида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташаббус гуруҳи (ЎМХХТГ) рахбари хабар тарқатди.
Хабарга кўра, 27 сентябрдан буён МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Абдуллаевнинг онаси, 69 яшар Мадаминова Гавҳаржон, ўғлига тайинланган давлат адвокати Шаҳзод Муродович Шарипов билан 11 октябр куни учрашган.
Шарипов ундан «Шартнома» бланкини имзолашни сўраган. Мадаминова бланкка ўқимасдан имзо қўйган ва Шарипов сўраган 300 минг сўм пулни берган.
Бироқ, эртаси 11 октябр куни адвокатурадан “Шартнома”нинг тўлдирилган нусхасини олганида, Мадаминова 150 минг сўм тўлангани ҳақидаги қайдни кўрганини билдиради.
Давлат адвокати хизмати учун пулни давлат тўлаши керак
16 октябр куни бу ҳақда хабар тарқатган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов, давлат адвокати хизматлари давлат томонидан тўланиши кераклигини айтади.
«Давлат адвокати ҳимояланувчининг яқинларидан ўз хизмати учун тўлов сўрамаслиги керак эди. Бунинг устига у ўз ҳимоясидаги Бобомурод Абдуллаевнинг онаси билан учрашгунига қадар, бирор марта ҳам ҳимоясидаги кишининг аҳволи ҳақида унинг яқинларига хабар бермаган», дейди у.
Бундан ташқари давлат адвокати журналистнинг онасига: «…агар хаттоки 50 та адвокат олсангиз ҳам, уларни терговга ҳам, судга ҳам киритишмайди…», деган.
«Бу билан у, ўзининг ушбу ишда ягона ва алмаштириб бўлмайдиган адвокат эканлигини таъкидлаган», дея билдиради ҳуқуқ фаоли.
«Ўғлим янги президентга ишонган эди»
Мадаминова ўғлининг тергов ишини шахсан назорат қилишни илтимос қилиб президент Мирзиёевга хат ёзди.
«Бу хатни мен кўзларимда ёш билан ёзаяпман, ўғлимни олиб кетишганини 3 октябрда бегона кишилардан эшитдим. Икки марта ариза ёзиб боламни кўришни сўрадим, лекин рухсат беришмаяпти», дея ёзади 42 йил ўқитувчилик қилиб, 4 фарзандни ёлғиз катта қилган она.
Унинг ўғлига жиноят кодексининг 159 моддаси 4 банди бўйича айблов қўйилганлигини интернетдан ўқиб беришган. Бунга кўра, Бобомурод Абдуллаев давлат тўнтаришида айбланмоқла ва унга энг оғир жазо 10 йилдан 20 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
«Ахир қандай қилиб оддий журналист давлат тўнтариши қилиши мумкин?», дея савол қўяди Мадаминова президентга ёзган хатида.
Жумладан у, ўғлининг мактабни олтин медалга тамомлагани. Республика олимпиадасида 1-ўринни эгаллаб, Университетга имтиёзли ўқишга киргани, 3 хонали эски уйда уч фарзанди билан жуда оддий яшагани ҳақида ёзади.
Мадаминованинг сўзларига кўра, «кимларгадир танқидий фикри ёқмагани» учун уни оғир жазога ҳукм қилишмоқчи.
«Ўғлимнинг қўлидан бундай ишлар келмайди. Чунки у ҳақиқий ватанпарвар. Ватанига, Узбекистонимизга багишлаб қанча шеър ва қўшиқлар ёзган… қилмаган ишларини бўйнига юклаб ёш жонини ҳазон қилишмоқчи» дейди у жумладан ўз мактубида.
У шунингдек ўғлининг янги президентни қаттиқ ҳурмат қилиши ва ишониши ҳақида билдиради.
Мактубда ёзишича, ўғли унга «Президентимиз халқ дардини тўғридан-тўғри эшитадиган қабулхоналар очди. Ҳали бундай қабулхоналар ҳеч бир давлатда йўқ. Яқинда Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўзи журналистлар билан учрашмоқчи, ўшанда неча йилдан бери ишсизлигимни айтиб, иш сўрайман. Мана кўрасиз, онажон, ҳамма қийинчиликлар ортда қолади, бу ёғи, худо ҳоҳласа, жуда яхши бўлади”, деб айтган.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябр куни МХХ ходимлари журналистни ўғирлаб кетган ва кейинчалик унга давлат ҳимоячиси берилишини ваъда қилиб, яқинларини мустақил адвокатдан воз кечишга мажбур қилишган эди.
Абдуллаевнинг онасига эса, МХХ терговчилари турли сабабларни кўрсатиб ўғли билан учрашишга руҳсат бермасдан келмоқда.
«Элтуз» журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши ишнинг боришини суриштиришда давом этади.
Манба: Eltuz.com