O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Давлат на динга, на илмга йўл беради!

Давлат на динга, на илмга йўл беради!
275 views
11 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(65-қисм)

6.Давлат неча йиллардан бери қўл остидаги оммавий ахборот воситалари орқали Ислом дини ҳақида асосан салбий, бошқа динлар тўғрисида ижобий фикр уйғотиш сиёсатини юритяпти, бу иши билан (айниқса Ўзбекистон телевидениеси барча каналлари орқали) неча йиллардан бери билиб-билмай миссионерларга хизмат қилиб келяпти, миссионерлик тегирмонига сув қуйяпти:

– турли оқимларни баҳона қилиб, Ислом дини ҳақида доим қораловчи, аксинча, насронийлик ҳақида, улардаги секта ва мазҳабларни ажратиб ўтирмасдан фақат ижобий тасаввур уйғотувчи бадиий филмлар кўрсатади; бу филмлар орқали муттасил насронийликнинг ижобий образини ёйяпти, мусулмон халқимиз онги ва юрагига ёт дин ғояларини ерлаштиряпти;

– ўзбек киноларида биронта имом ё дин олимининг ижобий образи яратилмайди; аксинча, насроний оламидан кўрсатиладиган деярли барча киноларда насронийларнинг ижобий образлари тарғиб-ташвиқ этилади;

– насронийча “ҳижоб”ли аёллар бемалол кўрсатилавергани ҳолда биронта мусулмонча ҳижобли аёл экранларга чиқарилмайди. Чиқарилса ҳам, фақат салбий талқинда, салбий қиёфаларда, оммани ҳижобдан ва ҳижоблилардан нафратлантириш мақсадида кўрсатилади;

– биронта филмда қаҳрамон мачитга бормайди, гўё Ўзбекистон воқелигида мачит йўқдай; аксинча, чет эл филмлари қаҳрамонлари тинимсиз черковга боради, черковдаги ибодатлар ётиғи билан кўрсатилади, насронийлар диний масалаларини хотиржам-малолсиз гаплашади;

– “мустақиллик”нинг илк йиллари ҳеч бўлмаса Рамазон ойида Туркия, Миср каби мамлакатлар ишлаган исломий кинолар кўрсатиб турилган эди, бора-бора унга барҳам берилди. Ўрнига энди ҳатто Рамазон ойида дин ҳақида салбий сиёсий кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланяпти (мас., 2012 – 2013 йиллари); аксинча, насронийлик ҳақида биронта салбий баҳо ёки танқид йўқ;

– “Диний бағрикенгликка тўғри келмайди!” деган баҳонада насронийликнинг салбий томонларини гапиришга ё кўрсатишга рухсат йўқ, аммо бутун ОАВ Ислом дини тўғрисида фақат салбий материал беради, ҳеч ким: “Бағрикенглик йўриғига тўғри келмайди-ку!” демайди;

 – ҳар куни ҳар дақиқада Ислом динидан ва мусулмонлардан давлатга, сиёсатга, бошқа диндагиларга, динсизларга… нисбатан бағрикенглик талаб этилади, лекин давлат ҳам, сиёсат ҳам, бошқа диндагилар ҳам, динсизлар ҳам Ислом динига ва мусулмонларга бағрикенглик кўрсатмайди! Аксинча, баҳона топилса-топилмаса Исломни, мусулмонларни хўрлаш, камситиш, сиқиш, жамиятга таъсир қилдирмаслик, умуман, жамиятдан узиш, ижтимоий фаолиятини чеклаш билан овора.

7.Азонни овозкучайтиргичларда айтиш турли бўлмағур баҳоналар ила бекор қилиб турилади:

– бошидан-бош давлат минорага ва азонга қаршидир. Эски замондан қолган минораларни истисно қилганда, кейинги замонларда қурилган мачитларнинг камдан-камида минора бор. Минорали мачитнинг лойиҳаси кўпинча тасдиқланмайди. Ҳатто Тошкент марказидаги “Хўжа Аҳрор Валий” мачити ҳам минорасиз қурилди, минорага мўлжалланган ўрин ҳалигача бўш турибди;

– давлат азонга қаршилигини очиқ билдирмаса-да, уни халқ эшитишига қарши эканини яширмайди. Йигирма йиллик ўтмишимиз азонга давлат муносабатининг хилма-хил босқичларини кўрди: гоҳ карнайлар буткул ўчириб қўйилади, гоҳ фақат мачит ичида қўйишга рухсат берилади.

‒ …

Аслида: азон динимиз шиоридир. Уни бекор қилишга уриниш динга қарши ҳаракат деб баҳоланади ва ҳатто Абу Бакр Сиддиқ (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин) замонларида азон саси чиқмаган қишлоққа қўшин тортиб кирилган, азон айтилса, ўша қабила четлаб ўтилган ‒ азон шу қадар аҳамиятли. Яъни, азон шу ўлканинг мусулмон эканини билдириб туради.

8.Давлат телевидение орқали миссионерликни тарғиб этмоқда:

– мана, неча йиллардан бери на туркий, на мусулмон давлатлардан, ҳатто ёнқўшни-жонқўшниларимиздан ҳам биронта бадиий кино кўрсатилмагани ҳолда асосан протестант Амрика, сўнгра католик ва англикан Оврупа, насроний Лотин Амрикаси, сўнгра бутпараст ё мажусий Шарқ мамлакатларининг ўнлаб, юзлаб (диний руҳдаги) филми орқама-кетин халқимиз маънавий оламига тиқиштириляпти;

– мусулмон миллатимиз онгига томчилата-томчилата бегона ғоя ва динлар сингдириляпти;

– насл ғайримусулмон руҳида етиштириляпти. Айниқса, болаларимиз бешикданоқ динимиз руҳи ва ахлоқидан буткул узилиб, бегона руҳ ва ахлоқ доирасида ўстириляпти.

Икки-уч йил бурун давлат миссионерларга қарши бошлаган тарғибот “компания”си сохта экани, эл кўзи учун бўлаётгани, яъни, самимий эмаслиги очиқ кўриниб турибди.

Насронийликнинг “устунлиги”ни мияларга қуя-қуя миссионерларга тайёр жонли хомашё тарбиялаб бераётган давлат сиёсатини бундан бошқача баҳолаб бўлмайди. Бу ишларни билмасдан қиляпти деб ҳам бўлмайди, узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсатга ўхшайди!..

Бунақа мисолларни кўплаб келтирса бўлади. Лекин мисол шунинг учун мисол: ози кўрсатилиб, кўпига ишора қилинади. Яъни, шугина мисол ҳам Ўзбекистон давлатининг дин борасидаги бош сиёсати қандай эканини ёрқин билдириб турибди.

Масала ўта мураккаб бўлганидан уни холислик кўзи-ла бошқа томондан ҳам таҳлил қилиб кўрайлик.

I.Ўзбекистоннинг Асосий Қонунига кўра, дин давлатдан, давлат диндан ажратилган. Бу қоида жайдари ўзбек тилида ифодаланса, бундай бўлади: дин давлатнинг ишига аралашмайди, давлат диннинг ишига аралашмайди.

Бутун демократик оламда шу тартиб: бир-бирининг ишига аралашмасдан бир-бири билан тинч-тотув яшашга келишиб олинган. Бу битимга риоя иккала томон манфаатига ҳам мос келгани учун иккала томон унга қатъий амал қилиб келяпти.

Ўзбекистон ўзини демократик дунёвий давлат деб атайди. Ҳар дақиқада демократияни “жадаллаштириб”, “ривожлантириб”, “чуқурлаштириб” бораётганини эълон қилиб туради. Дунё бу гапга ишонмайди, шунга қарамай у тинимсиз: “Биз демократлармиз!” деб келади. Хўп, демократик давлат бўлса, жумладан дин борасида нима қиляпти – ўртадаги келишувига риоя этяптими?

Ўзбекистонда чиндан ҳам дин давлат ишидан тамоман ажратилган ‒ ҳеч қачон давлат ишига аралашмайди, аралашишига йўл қўйилмайди ҳам!

Яъни, бу масалада бўйнига тушган шартни дин сўзсиз бажармоқда. Бажармаганига қўймай, бажартирилмоқда.

Иккинчи томон-чи?

Иккинчи томон, яъни, давлат бошидан-бош бу келишувга риоя этмайди. Риоя этмаслик секин айтилгани. Аслида ўзаро битимни қўпол равишда бузиб, ҳар куни, ҳар соатда, ҳар онда дин ишига аралашиб туради. Бир сония ҳам динни ўз ҳолига қўймайди. Омма кўзига мўмин-мусулмонлар ишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошқараётгандек қилиб кўрсатилса-да, кундалик ҳаётда тўласича МХХ, Девон, ДИҚ орқали давлат бошқаради.

Масалан, оддий бир мачит имомини ёки туман бош имом-хатибини Ўзбекистон мусулмонлари идораси мустақил ўзи тайинлай ё бўшата олмайди. ЎМИ кадрлар номзодини кўрсатади, уни давлатнинг кўринмас идоралари элакдан ўтказади, Девон ва ДИҚ билан келишилади, шундан кейин ЎМИ раисининг буйруғи чиқади ё чиқмайди.

Раис-муфти лавозимига номзод эса шахсан президентнинг сим ғалвиридан ўтади. Ўтса, “олиб келиб курсисига ўтқазиб кетишади”.

Фақат расмиятчилик учун Уламолар кенгаши чақирилади ва Кенгаш муфтини “сайлайди”. Юз фоиз овоз билан эски муфти ишдан олинади, юз фоиз овоз билан янги муфти “сайланади”!

Ошкоралик замонларида бўлганидай қурултой чақиришлар қайда!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аслида ким хўжайин эканини кўрсатадиган энг янги бир мисол:

Бир куни идора раиси, муфти ўз қўл остида ишлайдиган айрим ходимларни ишдан бўшатиш, айримларини бир лавозимдан бошқасига ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарди. Ишдан ҳайдалган бўлим мудири чопқиллаб буйруқни патронига ‒ раис ўринбосари бўлиб ишлайдиган Миллий хавфсизлик хизмати ходимига етказди. Чунки идора ходимлари муфтидан ҳам кўра кўпроқ ва “ҳартомонлама” мана шу “ўринбосар”га боғлиқ-да.

“Ўринбосар” нима қилди? Ўзининг тўғридан-тўғри бошлиғи бўлган раис чиқарган буйруқни йиртиб ахлат пақирга ташлади!

Ва тўғри қилди! Нимага ЎМИ раиси ўз ўринбосари (кечирасизлар, чинакам бошлиғи) билан маслаҳатлашмай ўзбошича буйруқ чиқазади?!

“Ўринбосар” сўзини қўштирноққа олганимиз сабаби ‒ унинг тўғридан-тўғри бошлиғи ЎМИ раиси эмас, балки МХХ раисидир. Бекорга идорада ўзини жуда эркин ва ягона бошлиқдек тутмайдими у!

Хўп, чиқарган буйруғи йиртилиб ахлат пақирига ташланганини эшитган муфти нима қилди?

У ҳам тўғри қилди ‒ буйруғини қайтиб олди, тупурган тупугини қайтариб оғзига солди ва… ўринбосари (кечирасизлар, чинакам бошлиғи)нинг яхшичасига қилган “маслаҳати” билан буйруқни бошқатдан ўзгартириб чиқарди! Энди янги буйруқда ҳалиги шоввоз бўлим мудирини ишдан бўшатиш ҳақидаги банд йўқ, бошқа бандлар ҳам “ўринбосар” хоҳиш-истагига том мос эди!

Мана сизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мана сизга давлат! Мана сизга дин, мана сизга сиёсат!

Давом этамиз.

Ҳар йили рўзанинг биринчи кунини ва ҳайит кунини аниқлаш можаролари ҳам давлат диннинг майда-чуйда ишларигача қўполларча аралашишига ёрқин мисолдир.

Дин, осмонда ҳилол кўринса ой бошланади, дейди. Фалакшунослик илми янги ойнинг туғиш вақтини илмий изланишлар орқали аниқлаб кўрсатади. Дин ишлари бўйича қўмитанинг тақвим тузишга масъули Астрономия институти тавсия этган жадвалга кўра ва улар билан яқиндан ҳамкорликда йиллик тақвимни тузиб чиқади. Унда, жумладан, Рамазон ойининг илк куни ҳам кўрга ҳасса қилиб кўрсатиб қўйилган.

Аммо ҳар йили Рамазон яқинлашиши билан талваса бошланади: нашриёт йиллик тақвимга суянган ҳолда рўза тақвимини тузади, рухсат учун Дин ишлари бўйича қўмитага (Ҳукуматга!), Қўмита ўз навбатида Президент девонига (Давлатга!) чиқаради.

Бу ёқда нашриёт ҳам, халқ ҳам ҳақ деб кута бошлайди.

Орадан кунлар, ҳатто ҳафталар ўтади. Олий даргоҳлардан жавоб ҳадеганда чиқавермайди. Одамлар рўза тақвимини кута-кута кўзлари қорайиб кетади…

Биринчидан, динимиз “Ойни кўриб тутинглар, ойни кўриб очинглар” ҳадиси билан бизга у кунни аниқлашнинг осонгина йўлини очиқ-ойдин кўрсатиб берган.

Иккинчидан, йиллик тақвимни Астрономия институти (!) илмий йўл билан (!) олдиндан аниқлаб қўйибди!

Давлатга нима иш қолди?

Ҳеч қанақа иш қолмаган. Бу ёғи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иши.

Йўқ, албатта давлат аралашиши керак! Давлат на динга, на илмга йўл беради! Ҳаммасини ўзи ҳал этгиси келади. У нима деса, шу бўлади: рухсат берса, ой чиқади, рухсат бермаса, чиқмай ҳам қўяверади! Ёки чиқиб-кўриниб турса ҳам, чиқмаган ҳисобланаверади!

“Э барака топкурлар, шапалоқдек рўза тақвимига ҳам мени аралаштирасанларми?! Қўйиб берларинг мусулмонлар идорасига, ўзлари ҳал қилаверсин!” демайди бу “Давлат” исмли валломат!

Ёқса керак-да?

“Ой қачон бошлансин, ҳайит қайси куни бўлсин, эртага қуёш чиқсинми-йўқми?” деб сўраб туришса, кимга ёқмайди!

Давлат ҳам одам. Шишади-да.

“Демак, шундай ишлар ҳам менга боғлиқ экан, истасам ойу қуёшни чиқазаман, истамасам чиқаётган жойига қайтариб киргизиб юбораман!” деб ҳузурлана бошлайди!

Аслида, иш бу қадар мураккаб эмас. Рўзанинг бошланиш куни тақвимдагидан бир кун олдинга ёки бир кун орқага сурилиб қолса ҳам динга кўра ҳечқиси йўқ. Тақвимда: “Ой боши ёки ҳайит кунлари ой кўринишига қараб бир кунга ўзгариши мумкин”, деб изоҳ бериб қўйилса етади!

Ўзгариб туриши эса, илмда исботланган табиий ҳодиса! Одамлар ой кўринган кечадан таровиҳини ўқиб, рўзасини тутиб кетаверади. Бунда ташаббусни Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўлга олса бўлди эди. Афсус, диний масалаларга бевосита жавоб бериши лозим бўлган идора ҳам “тепа”нинг имосига зор бўлиб қолган.

Бу айтилганлар мусулмонлар ўз ишларини ўзлари эркин ҳал эта олмаётганига, эркин ҳал эта олмаслигига, эркин ҳал этишига давлат йўл қўймаслигига, натижада давлатнинг етовисиз бир одим ҳам ота олмай қолганига икки-учта энг майда далиллардир.

Шу майдаларнинг ҳал этилиши шунчалик “қийин” бўлганидан кейин катта масалалар қандай ҳал этилишини ҳар ким ўзи тасаввур этиб олаверсин.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com