O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Давлат сири бу

Давлат сири бу
207 views
02 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(26-қисм)

Тўққизинчи кўчат
Мен тушунмаган ишлар

Одамнинг феъли қизиқ: билганига кўниб кетақолмайди – билмаган нарсаларига ҳам аралашгиси, ўргангиси, тагига етгиси келаверади. Имконияти бўлса-бўлмаса, ақли етса-етмаса, ҳар соҳага бурнини бир суқиб кўради.

Ўзи жимитдай, аммо нақ осмонга сапчийди – катта гаплар, катта ишларга бошини тиқади, талашиб-тортишиб ўзиникини маъқуллайди. Тагига етолмайди, лекин тиришаверади. Ишқилиб, сира тек турмайди. “Ҳай хом сут эмган қул-а, ҳай одамзот-а!” деб юборасиз шунақа паллалар.

Хуллас, ушбу кўчат мен тушуниб етмаган ишларга бағишлаб экилди. Бошқаларидан фарқи – бунисига турли мевалардан новда уланган. Ҳар бир шохи бўлак-бўлак ҳосил беради. Яъни, бир туп кўчатда турфа мевали шохлар…

Биринчи шох: Чўнтакда ҳемири йўғ-у

Бир нарсани кўп ўйлайман, ўйлайвераман, лекин сира тушунмайман: чет эл валютаси бизда нимага икки хил нархда юради? Марказий банк (Давлат!) бир нархни айтади, чайқов бозорида бошқа нарх. Дунёнинг қаерига борманг, дуч келган саррофликка кириб пулингизни хоҳлаган валютангизга эркин алмаштириб кетаверасиз.

Ўзбекистонда эса ғалати: давлат бошқа қиймат белгилайди, бозордан бошқача нархда айирбошлайсиз. Чунки давлат ҳар куни АҚШ дўллари ва ундан ташқари яна ўн саккизта давлат пулига янги бир қийматни белгилаётиб, “…Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган”, дейди.

Миям ишламай қолади: “Нега, ахир?!” дейман. Ҳозиргина қийматни аниқлаб бердинг, энди нимага бирданига гапингдан тоняпсан? Бўлғуси чайқову товламачиликларга олдиндан тирқиш очишми бу? Иқтисодий сиёсатда катта камчиликлар борлигини ўзига хос усул билан тан олишми? Бир пайтлар давлат дўллар муомаласини изга солиш учун кўп ерларга пул айирбошлаш шахобчаларини очди. Ҳар бирининг олдига иккитадан мелисасини қўйди. Одамлар, ана энди тартиб ўрнатилса керак, дўллар қиймати бирхиллаштирилса керак, деб ўйлади. Яхшиликдан умид қилди. Аммо иш яна-тағин ўзбекистончасига айланиб кетди: шахобчалар аҳолидан (ё чет элликдан) давлат белгилаган қийматда сўмга дўллар сотиб олади, лекин бир дўллар ҳам сотмайди. Ҳали тушум бўлмади, деб тураверади. Биронтасининг дўллар топширганини кўриб туриб, устига борсангиз ҳам, бизда дўллар йўқ, деган жавобни оласиз. Эътироз билдирмоқчи бўлсангиз, ҳалиги мелиса болалар дарров қўлтиғингиздан олишади: “жамоат тартибини бузувчи” бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас!

Эсини емаган одам “Нимага бунақа бўляпти?!” деб сўрамайди. Кўриб-билиб турган нарсасини фақат аҳмоқларгина тушунмайди. Нимага бўларди, шунга-да… Албатта, шахобчалар дўлларни мутлақо сотмайди деб бўлмайди. Сотади. Аммо кимга?

Ҳар бир шахобча тизгини тўрт-бештадан шаллақи пулчайқовчи хотинлар қўлида. Оддий одамлар яқинлаша олмайди. У хотинлар ҳар куни мардикор бозоридан ҳар хил одамни олиб келади (паспорт билгилари янгиланиб туриши керак) ва ўшаларгагина олдиради. Бундай “пул амалиёти”ни мелиса қўриқлайди. “Хизмат ҳақи” эвазига, албатта. Бу ҳолни ҳамма – оддий одамлардан тортиб давлат раҳбарларигача кўриб турибди. Мас., Миллий хавфсизлик хизмати кўрмаяптими? Шуни кўрмаётган бўлса, бунақа ландавур ташкилотни ёпиб ташлаш керак. Кўриб турибди. Кўрмаганга оляпти. Демак…

Бу ишнинг у ёғидан қарасангиз ҳам, бу ёғидан қарасангиз ҳам, пул чайқови билан давлатнинг ўзи шуғулланаётгани кўриниб қолаверади. Миллий хавфсизлик хизмати ҳам, давлатнинг бошқа таянч идоралари ҳам кўра-билатуриб индамаётгани, индаш не, уларни қаноти остига олиб кўмаклашиб келаётгани
шундан.

Дўллар олди-бердисини давлат эмас, бир гуруҳ жиноятчи қўлига олган, ўшалар сувни лойқалатяпти, десак, унда неча йиллардан бери уларнинг мушугини пишт дея олмаган давлатнинг кучсизлиги ўртага чиқади. Ҳар икки ҳолда ҳам шу иш тузукми?! Тузук бўлмаганида нима? Тузугини қаердан топасиз? Бошингиз қотгани қолади. Барибир ҳеч нарсани тушунмайсиз. Тагига етолмайсиз.

Пул чайқови билан давлатнинг ўзи шуғулланаётганига яна бир ёрқин мисол. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамма мошинанинг баҳоси сўмда бичилади, нарх қоғозчасида сўмдаги қиймати кўрсатилади, лекин ҳаётда айримларигина сўмга, қолган кўпи дўлларга сотилади. Мана шу нарсани сира тушунолмайман:
“Нега? Сўм пул эмасми?” дейман. “Мустақиллик”нинг илк йиллари Ўзбекистонда дўллар муомаласи кескин тақиқланган эди. Қачон бу қонун бекор бўлди? Эслаёлмайман. Хўп, майли, би-ир мошина мингимиз кепти, оламиз дедикми, дўлларга бўлсаям, оламиз. Ҳар эҳтимолга қарши чўнтакка қўл тиқиб, бор пулимизни пайпаслаб кўрамиз. Етармикан?

Ўзи-ку етарди, фақат, бу ерда бир нозик жойи бор-да. Деҳқончасига бир чўт ташлаймиз: масалан, битта мошинанинг баҳоси 42000000 (қирқ икки милён) сўм, дейлик. Унинг дўллардаги баҳоси сизга давлат белгилаган қийматда айтилади – бугун у (42000000 : 1600 =) 26250 (йигирма олти минг икки юзу эллик) дўллар чиқади. Давлат очган шаҳобчадан ё бонкаларнинг ўзидан пулингизни алмаштира олмаслигингиз табиий. Нима қиласиз? Шартта чайқов бозорига чопасиз. Бир дўлларнинг бозор қиймати давлат белгилаган қийматдан 900 сўмча қиммат, яъни, 2500 сўм туради. Шундай қилиб, 26250 дўллар сизга (26250 х 2500 =) 65625000 (олтмиш беш милён икки юзу эллик минг) сўмга тушади.

Давлат белгилаган 42000000 сўм нарх давлат билан бозор орасидаги жинкўчаларда бир думалаб 65625000 сўмга айланади! Ўртадаги фарқ (65625000 – 42000000 =) 23625000 (йигирма уч милён олти юз йигирма беш минг) сўм! Шундоққина оёғи тагидан чиқиб қолган шунча бебилиска пулни қайси аҳмоқ олмайди?! Бошқаларни билмадик, лекин давлат аҳмоқ эмас! Бордию давлат аҳмоқ бўлса, давлат одамлари аҳмоқ эмас! Тайёр бунча пулни олмаганида аҳмоқ бўларди! Ва йўлини қилди – оляпти!

Мошинанинг сўмдаги қийматини дўлларга давлат баҳосида чақди-да, дарров шаҳар чеккасидаги шаҳобчаси қўли билан битта шаллақи хотинга Марказий бонк белгилаган қийматда “пуллаб”, қаёқдан ҳам орзу-ҳавас билан би-ир мошина мингиси кепқолган сиз билан менга ўша шаллақи хотин орқали чайқов бозори қийматида ўтказдирди! Ана сизга айланма ҳаракат.

Мактабда геометрия фанидан дарс олгансиз. Сиркулнинг нималигини биласиз: бир учи игнали, иккинчи учи қаламли ўқув қуроли. Шу сиркул билан кўп айлана чизгансиз ҳам. Сиркулнинг игнали учи бир нуқтага қадалади-да, қаламли учи қоғоз бўйлаб айлантирилади ва, қарабсиз, битта айлана тайёр. Қаламнинг айланма ҳаракати игнали битта марказдан бошқарилади, дегани бу!

Пулнинг айланма ҳаракати ҳам бир сиркулда чизилади, бир марказдан бошқарилади! Сизга бир баҳо айтилиб, чўнтагингиздан бирярим баравар кўп пул чиқариб олишнинг айланма усули шунақа! Қойил-э, қандини урсин, деб юборасиз ихтиёрсиз равишда. Лекин чўнтагингиздан шунча пул ортиқча чиқиб кетганини эслаб қоласизу… ёмон алам қилади! Бу аламнинг ўчмас доғи қолади юрагингизда.

“Давлат чиқарган мошинани олиш учун дўлларни нимага чайқов бозорида айирбошлашим керак? Нимага давлатнинг ўзи давлат нархида алмаштириб бермайди?” деб қанча бош қотирманг, фойдасиз. Сиркулнинг игнали учи қаерга санчилганини (марказ қаерда эканини) ҳам, уни кимнинг қўли айлантираётганини ҳам ҳеч қачон аниқлай олмайсиз.

Пул чайқаланадиган бозорни давлат расман тан олган бўлиб чиқяпти. Бонкадан давлат баҳосида валюта чиқариб, бозорда бирярим баравар баҳосига сотиш давлат ҳимоясига олинган амалиёт эканини исботлайди бу ҳодиса. Тушунишга ҳаракат ҳам қила кўрманг, ўртоқ. Шундоқ ҳам кал бошингиз баттар кал бўлгани, тиришган пешонангиз баттар тиришгани қолади.

Давлатдан бозор кучлилик қиляпти! Бозор давлатни бир бурчакка тиқиб ташлаган! Бунга давлатнинг ўзи айбли, албатта. Бозорча муомалани ҳеч ўз ҳолига қўймаганидан кейин, бозор ишига ҳадеб бурун суқаверганидан кейин шунақа айланма йўллар билан энасини кўрсатворади-да!

Янги “мустақил” бўлган йилларимиз бошда Катта Иқтисодчи ўлароқ ҳамма иқтисодчиларимиз дўлларнинг кир ишини олдиндан кўрабилмагани орқасида мамлакатимиз ўтириб қолишига оз қолган. Дўлларнинг давлат белгилаган қиймати билан бозордаги чин қиймати орасидаги фарқ катталиги ҳолатидан дунё учарлари роса фойдаланиб қолди, чўнтакларини давлат ҳисобига (нега давлат ҳисобига бўлар экан, халқимиз ҳисобига!) роса қаппайтирди: мамлакатга товар эмас, дўллар олиб кириб, уни бозорда оддий халқимизга чайқаб, топган вагон-вагон сўмларини бонкадаги ҳисоб рақамларига киритиб, сўнгра давлат баҳосида дўлларга айлантириб (“конвертатсия” қилиб!), уч-тўрт йил ичида хазинамизни бўшатиб қўйишларига сал қолди.

Ўзбекистоннинг тоза ҳавоси (кислород)ни ютиб, ўрнини ўсириққа (карбонад ангидридга) тўлдириб ташлашди. Тўғрироқ айтганда, нўноқ давлатимиз дунё бурнига кислород оқиздириб, ўзимизга орқадан чиққани ҳам бўлаверади дегандай иш қилди. Натижада жаннатмакон юртимизда ҳузур қилиб нафас ололмай қолдик. Хазинамиз таги кўриниб қолгачгина давлатнинг эси кирди ва эркин конвертатсияни тўхтатди.

Чет билан алоқа бўлар экан, конвертатсия буткул тўхтатилмайди, бунинг иложи йўқ. Мудом тўхтатилмас экан, уни ўзимизникилар айлантиргани яхши деган “ватанпарварона” бир фикрга келинди ва… …бундан кейин конвертатсия қилиш ҳуқуқи танланган фирма ва давлат ташкилотларигагина берилди. Лекин дўлларнинг қиймати икки хиллигидан ҳамон кимлардир фойдаланиб ётгани аниқ. Ичига киролмаганимиз учун энди бу ёғи қандай бўлаётгани бизга қоронғи. Бир уларнинг ўзи ва бир Оллоҳ билади.

Иккинчи шох: Ўзимизнинг мошина!..

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мошиналарга тегишли яна битта гап. Бизда мошина нимага бунча қиммат? Наҳот зовутдан шунча қимматга чиқади? Унақа десак, чет элларга худди шу мошина Ўзбекистондагидан икки ё уч бараварча арзонга сотилади! Демак, зовутдан янаям арзонга чиқаркан-да? Лекин кўчада асл таннархни суриштиришнинг сира иложи йўқ. Давлат сири бу. Давлат ҳар бир мошина устига қанча устама қўйиб сотяпти – жонини севган биронта одам буни сўрай ҳам, суриштира ҳам олмайди. Мошин зовути (айтишларича) нақ Коттанинг ўзига қарайди-я!

Аммо оламга жар соламиз: “Ўзбекистонда бир неча хилда мошина ишлаб чиқарилади! Ўзбекистон – автомошина ишлаб чиқарадиган йигирма саккиз давлатдан бири!”

Теварагимиздаги қўшнилар, аксинча, мамлакатларида мошина зовути қурилмаганига шукр қилишади:

“Хайрият, бизда мошин зовути йўқ. Мошина ишлаб чиқарилса-ю, нархи Ўзбекистондагидай бўлса, умуман зовут қурилмагани яхши. Чунки ҳозир биз дунё мошиналарини Ўзбекистондагидан анча арзонга сотиб оляпмиз. Ҳатто Ўзбекистоннинг мошиналари ҳам бизда сув текин. Шундай экан, нимага энди мошин зовути қуришимиз керак?! Бунинг нимаси мақтангулик?!” дейишади.

Мантиқан қаралса, тўғри айтишади. Лекин биз бу масалага мантиқан ҳам, адолат юзасидан ҳам қараёлмаймиз. Бу масалада ақлни ишлатишга ўрин йўқ. Бизда ҳаяжон ғолиб. Биз ўзимиз мошина ишлаб чиқарамиз! Ўзбекистон автомошина ишлаб чиқарадиган йигирма саккиз давлатдан бири! Автомошина державаси!!! Қандай тараққиёт, қандай устунлик!

Менинг ақлим етмайдиган ери шу ўзи. Ҳеч йўқ озгина тушунишга уриниб ўйлайверсам, миям ачиб кетади, лекин сира тагига етолмайман.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com