O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Давлат  сирлари

Давлат  сирлари
344 views
18 September 2016 - 5:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(84)

УЙ ҲИБСИДА

Албатта,  бу  том  маънодаги  уй  ҳибси  эмасди.  Мен  кўчага чиқаолардим,  аммо  партия  офисидан  бошқа  ҳеч  бир  ерга  одим отиш  мумкин  эмасди.  Чунки,  мен билан кўришганларга ҳам сохта айб  қўйиб,  жиноий  иш  оча бошлагандилар. Ташкилотдаги дўстлар билан  маслаҳатлашиб,  ўн  кунга  ғойиб  бўлишга  қарор  бердим.

Режалаган бир ёзувим бор эди, ўшани тамомларман, деб ўйладим. Бир  кеча  томга  чиқиб, биз яшайдиган бинонинг бошқа подъездига тушдим.  Унинг  орқа  эшигидан  чиқиб,  кузатувчи-изқуварларни доғда  қолдирдим.  Кутиб  турган  машинага  ўтириб,  Қозоғистон ҳудудига  ўтдим,  кичик  шаҳарчага  бордим,  у  ерда  дўстлар ҳозирлаган  уйга  жойлашдим.  Сокин,  провинсиал  шаҳарча,  йўқ, қишлоқ эди. Гўзал бир қишлоқ, тоза ҳаволи, тоза сувли бир қишлоқ эди.  Менинг  кўпдан  орзу  қилганим  бир  ер.  Ўша  сокин  қишлоқ  ва кичик уйчада ўтириб, умримда ёзмаган жанрга қўл урдим, бу ҳазил жанри  эди.  Аслида,  кейинги ойларда бошдан кечирганларимни бир публицистик  китоб  қилмоқчи  эдим.  Аммо  менинг  жиддийлигим кулгили  чиқа  бошлади.  Уни  тузатмадим.  Жиддий  нарсалар  ҳам кулгили  бўлиши  мумкин-ку,  дедим.  Бу  кулгига  «Давлат  сирлари» деган жиддий ном қўйдим.

ДАВЛАТ СИРЛАРИ
1. Қочқин «Эрк»чининг айтганлари 

Иягимга кафтимни тираган эдим, игналар ботди: соқолимни уч кундан бери олмабман. Инқилобчилар ибораси билан айтганда, «конспиратив ҳаёт» биринчи марта менинг турмушимга кириб келди. Лекин у квартирадан бу квартирага кўчиш, «изимда «дум» йўқмикан,» деб ҳар бир кўринган машина ёки одамга шубҳа билан қараш  –  мен  каби  эрка  ўсган  совет  йигитига  тўғри  келолмаётганини ҳозир – шунча тазйиқ-таъқибдан кейин ҳам сезиб турибман.  Чунки,  мен  ўзимни  ҳеч  қачон ҳеч қандай инқилобга тайёрламаганман  ва,  ҳатто  инқилобчилар  ҳаётига бир қадар киноя билан қарар эдим. Шу онда ҳам, мустақил Ўзбекистоннинг махсус  органларидан  бир  аммаллаб  қутилиб,  нотаниш  бир муҳитда  гарангсиб  турар  эканман,  ўзимни  ҳеч  инқилобчи сезаётганим  йўқ.  Валлоҳ,  турмушнинг  қулай  шароитларини севгучи, етарли даражада эринчоқ мен каби одамнинг турмада ўтириб, бирор фойдали иш қилишга кўзим етмас эди ва шунинг учун  инқилобчи  учун  зарур  бўлган  «турма  босқичи»ни  онгли равишда рад этдим.

Сўроқ  пайтида  Тошкент  шаҳар  прокурори  дўқ-пўписаси остида менинг калламда «агар ҳозир қамасалар, сигарет масаласи нима бўлади?,» деган жўн бир фикр айланарди. «Эрк» партияси эмас, бола-чақа эмас, сигарет ҳақида ўйлабман. Йўқ, дедим кейин, мен  озод  бўлсамгина,  «Эрк»ни,  бола-чақани ўйлашим мумкин,
дедим  ва  бу  фикр  анча  жўяли  эканлигини  ҳис  қилдим.  Ва «конспиратив» турмушга кечдим. Лекин, соқолимнинг меёридан ортиқ ўсганини айтмаганда, бу турмуш ҳам аввалгисидан унча фарқ  қилмас  экан. 

Яна,  одамларни  кўп  кўравермайсан.  Доим одамлар  ичида  яшаган  кишига  бу  оғир  келади,  албатта. Одамларни бирдан кўрмай қўйиш, уларнинг миш-миши ва фисқу-фасодидан бир зумда жудо бўлиш – худди нашаванд одамнинг бирдан чекмай қўйганидай гап. Аммо бунинг яхши томони ҳам бор.. Гизли  ҳаёт  одамга  ёзиш  имкониятини беради. Дейлик, у хотиралар ёзиши мумкин. Хотира ёзиш учун машҳур шахс бўлиш шарт  эмас.  Агар  этикдўз  ёки  ошпаз  ўзининг  бошидан кечирганларини бўяб-бежамай ёзса, бу ёзувларни худди роман ўқигандай ўқиш мумкин.

Мен  ҳам  миршаблардан  яшириниб,  сўнгги  йилларда бошимдан кечирганларимни ёзишга қарор қилдим. Кўпчилик менга «шоирликдан сиёсатга қандай ўтдингиз?» деб савол беради. Чиндан ҳам, сиёсат деса, доим куладиган, бутун туриш-турмуши билан сиёсатга ёт бўлган шахснинг бирданига «сиёсатчи» бўлиб қолиши бирмунча ғалати кўринади. Лекин худди шундай саволни мен «сиёсатга ўтмасдан олдин» ҳам эшитган эдим. Фақат унда «шеъриятга қандай келдингиз,» деб сўрашар эдилар. Аввал шеъриятга қандай кирганимни айтиб бераман. Шеъриятга мутлақо тасодифан «кирдим.» Ўнинчи  синфни  тугатиб,  институт  имтиҳонларига тайёрланаётган эдик, синфдош дўстимнинг Рамз Бобожон деган шоир  рубоийларини  ўқиб  ўтирганини кўрдим.  У  рубоийларни мақтади. Китобни варақлаб, бундай текстни мен ҳам ёзишим мумкинлигини билдирдим. Дўстимнинг жаҳли чиқди, такаббурлик қилма, деди. Мен такаббурлик қилишда давом этиб, шу ернинг ўзида бир нечта «рубоий» ёзиб унга «ҳадя» этдим. Дўстим содда йигит, ҳайрон қолди ва «сен шоирсан,» деди. Мен дўстимдан ҳам соддароқ бўлганим учун унинг гапига дарров ишондим ва йигирма йил тинмай шеър ёздим. Тасаввур қилинг, соддадиллик оқибатида ўнта китоб чоп қилдим – ҳаммаси «рубоий.» Бу китоблар юзлаб одамларнинг ғашини келтирди ва, энг қизиғи, юзлаб одамлар менга шоирга қарагандай қарай бошладилар. Мен уларнинг авомлигига ҳарон қолар эдим, чунки, мен «шоир фақат туғма бўлади,» деб ўйлар эдим. Туғма шоир илҳомини илоҳдан олади, шеър ёзар экан, тутқаноқ тутгандай жунбушга келади, мен эса, соппа-соғман, деб юрардим.

Бугун ёшим қирқ тўртга қараб кетди, ҳанузгача менга бирор илҳом келгани йўқ. Шунга қарамай, узоқ йиллар мени «шоир» деб аташди ва шубҳам йўқ-ки, яна шеър ёза бошласам, яна шоир деб атайверадилар. Чунки, туғма шоир жуда камёб бўлади, юз йилда бир  марта  туғилади,  шоирпарвар  инсонлар  эса,  юз  йил кутолмайдилар ва шеър ёзишга журъат этган ҳар жасоратли кишини шоир деб аташга тайёр турадилар. «Жасоратли», дедим, чунки, шеърга қўл урган одам қўл урмаганга нисбатан, албатта, жасоратли  бўлади. 

Танқидчи  дўқ  урганида,  унга  жавобан жилмайиб  қўйиш  учун  жасорат  керак.  Умуман,  атрофдаги шовқин-суронга эътибор бермай ёзавериш кўпроқ туғма бўлмаган шоирларга  хос  одат.  Чунки,  туғма  шоир  ортиқ  даражада ҳиссиётли,  кўнгил  шишаси  шаффоф  ва  нозик  бир  мавжудот бўлади. У доим инсонларга яхшилик истайди ва улардан фақат яхшилик  кутади.  Бундай  руҳият  билан  яшамоқ  бизнинг замонамизда қийин. Бундай шаффоф хасталик белгилари менда ҳам бир пайтлар пайдо бўлган эди. Вақтида бартараф этдим.

Нима  билан,  десангиз,  айтаман:  БАҒРИТОШЛИК  билан. Бағритошлик  ҳам  Худонинг  бир  неъмати.  Оллоҳ таоло туғма шоирга жуда кўп фазилатларни ато этган, аммо бағритошликни раво  кўрмаган.  Дейлик,  туғма шоирни танқид қилсалар, у чин юракдан хафа бўлади, кечалари ухламай чиқади. Танқидчининг бағритошлигидан  ҳайратланади.  Агар  у  ҳам  сал  бағритош бўлганида эди, ҳар қандай танқидга табассум билан жавоб берган бўларди.  Зотан,  табассум  –  изтиробга  қарши  ягона антибиотикдир. Бу дорига тенг келадигани йўқ. Бу дори кучини мен сиёсатда ҳам синаб кўрдим.

Юқорида  эслатганим  прокурор  «бу  баёнотинг  билан мустақил  Ўзбекистон  обрўсини  дунё  олдида  тўкаяпсан,»  деб бақирганида, мен табассум қилиб қўяқолдим. Шунда унинг баттар жаҳли чиқди: устимдан кулаяпсан, дея наъра тортди. Мен такрор жилмайишга мажбур бўлдим. Ишонинг, бу иккинчи табассум асло антибиотик эмас эди, фақат кўз олдимга катта идишдаги лим тўла обрўни тўкаётганим келди. Аммо буни ғазаб отига минган бир бечорага тушунтириш амри маҳол бўлганлигидан, ноилож жилмайган эдим.

Қурб,
Куч эмас,
Қурб, деяпман сизга.
Ҳамма фарзандини эркалар,
Мен сени эркаларман, қурб…
Токи,  сўнгги бало келганда,
Бир масрур табассум,
Бир озод табассум суратин
Кўм-кўк лабларимга чиза олсин қурб.

Бу  шеър  ўша  мен  англатишга  уринаётган  бағритошлик ҳақида  ёзилган.  Хуллас,  айтмоқчиманки,  мени сиёсатга «олиб кирган» нарса бир замонлар ўнг-сўлга қарамай шеър ёзишга ёрдам берган бағритошликдир. Яъни, шеъриятга кириш тасодиф бўлса, сиёсатга  кириш  тасодиф  эмас  экан.  Буни  ҳозир  тушуниб ўтирибман.

Менинг  бу  ҳаракатим  ҳам  жуда  кўпларнинг  ғашини келтирди. Шеърга аралашганимдан жаҳли чиқиб юрган инсонлар энди «сиёсатга аралашиб нима қилади, шеърини ёзавермайдими?,» дея писанда қиладиган бўлишди. «Сиёсатга аралашма,» деб собиқ доҳийларимиз буюрганлар. Яъни, унга аралашиш хавфли, дея ўз халқини огоҳлантирмоқчи бўлганлар. Нақадар хавфли эканини амалда кўрсатганлар ҳам. Бундай кўргазмани юксак даражада ташкилқилганлардан бири Иосиф Сталин эди.

Яқинда нашриётга бориб, Сталин даврида азоб чеккан шоир Шукруллони учратиб қолдим. У яхши одам. Илгари жуда яхши одам эди. Ҳозир ҳам ёмон одам эмас. Фақат ортиқ даражада куюнчак, сал нарсага кўзига ёш оладиган киши. Мени кўриб, ачина бошлади.

– Президент қилаётгани йўқ бу тазйиқ-таъқибларни. Унинг номидан иш кўрадиган нокаслар кўп. «Эрк» партияси ҳокимиятга интилаяпти, деб етказишибди Президентга. Сиёсатга аралашиб бекор қилдинг-да…

Мен Шукрулло акани юпатдим. Аммо унинг соддадиллигини юзига солмадим, бағритошлик қилмадим. У шоир, фақат «Эрк» партияси  эмас,  дунёдаги барча сиёсий партиялар ҳокимиятга интилишини, уларнинг бошқа мақсади йўқлигини тушунмас эди. Лекин Тошкентда «Ватан тараққиёти» деган бир партия тузилибди.  Бу  партия  сиёсат  билан  эмас,  иқтисод  билан шуғулланар  ва  мутлақо  ҳокимиятга  интилмас  экан.  У романтиклар  эмас,  прагматиклар  партияси  экан.  Бу  партия Президент билан қўлни-қўлга бериб, мустақиллик учун курашар экан.  Партия  раиси  Президент  маслаҳатчиси  экан  ва  худди Президент каби бақир-чақирни севмас экан. Фақат қўлни-қўлга бериб  фаолият  кўрсатар  экан.  Албатта,  бу  хил  партия ҳокимиятга интилмайди. Ўзи ҳокимиятнинг бир парчаси бўлиб, ўз-ўзига  интиладими…  қўлни-қўлга  бериб?  Аммо  бу  гапни  домла Шукруллога айтсанг, яна тушунмаслиги мумкин. Чунки, домла Сталин  даврида  кўп  азоб  чеккан  ва  бу  азоблар  бизнинг  ҳам бошимизга тушушини истамайди. Лекин шунга ўхшаган азоблар аллақачон бошимизга туша бошлаганини эслатсанг, дарвишларча ҳайрон бўлади, наҳотки, дейди. Шукруллонинг соддалигидан ҳайрон қолишнинг  кераги  йўқ.  Адабиётимизда  ундан  ҳам  соддадил шоирлар  кўп.  Улар  ҳафтада  бир  марта  жумҳурият  ойни-жаҳонидан боқиб, «СОДДАДИЛЛИК КЕЧАЛАРИ» ўтказмоқдалар.

Кашпировский усулини қўллаб, «бўшашинг, сустлашинг, атроф гўзал, атроф гулбаҳор, қора кучларга ишонманг, биз мустақилмиз, биз мустақилмиз,» дея илҳом билан шивирламоқдалар. Бу шивир остида севикли миллатимизни яна оромбаҳш уйқу элитмоқда. Уни энди ким уйғотади? Қора кучларми? Йўқ!

Неъмат Аминов яқинда очиқ ёзди-қўйди: «Ҳой, Қора хўроз, бевақт қичқирма, қичқирсанг калланг узилади!». Кейинги воқеалар бу  зукко  ёзувчининг  башорати  ҳақиқатга  яқин  эканлигини исботлаяпти. Бундай ёзувчилар нафақат ҳукуматга, бизга ҳам қадрлидир. Гарчанд, биз мукофот бера олмасак ҳам, оталарча ғамхўрлик қўлимиздан келмаса ҳам, огоҳ этганига раҳмат. Огоҳ этмаслиги ҳам мумкин эди-ку. Масалан, Жамол Камолга ўхшаб. Сиёсатга аралашиб нима қилардинглар, мухолифат бўлгандан кейин  чидаш керак-да, қамайди, отади, бутун дунёда шундай, дейди  у.  Бир-иккита  одамларинг  қамалса,  шунга  ота  гўри қозихонами? Мустақиллик йўлида қурбонлар бўлиши табиий, аввал ватан, кейин жон, дейди куюниб Жамол Камол. Жамол Камол ичи ҳам, таши ҳам ҳушрўй инсон. Унда мантиқ ҳам нуқсонсиз. «Аввал ватан,  кейин  жон,»  деганида  Жамол  Камол  ўз  жонини  эмас, мухолифат  жонини  назарда  тутади,  ватан  деганда  эса,  ўз «ватанини» тушунади. У тарихни яхши билади. Бутун дунёда мухолифатни қамаб, отганлар деганда, мисол сифатида Пиночет, Сухарто ёки ўзимизнинг Мустафо Камол Отатурк фаолиятини келтиради.  Фақат  бир  жойини  айтмайди.  Пиночетнинг  ҳам, Сухарто  ва  Отатуркнинг  ҳам  мухолифати  коммунистлар бўлганлигини яширади. Чунки, Жамол Камол ҳам собиқ коммунист-да.  Бугун  Отатуркка  тенглаштираётганимиз  Ўзбекистон Президенти  ҳам  коммунист  бўлган.  Нафақат  улар,  бутун Ўзбекистон ҳукумати собиқ коммунистлардан тузилган. Буни очиқ айтиш, давлат сирини фош қилиш билан тенг бўларди. Бу ҳазил эмас, кураш. Бу курашда хато қилганларни халқ-дарё  хасни  қирғоққа  улоқтиргандай,  четга  улоқтириб, йўлида давом  этаверади.  Шундай  улоқтирилган бир инсонни кўрдим.

Депутат эмас, мухолифат вакили ҳам эмас, оддий машинистка қиз.  У  идорада  сиёсий  хато  қилиб  қўйибди.  «Мустақиллик» калимасидаги «и» ўрнига «у»ни ёзиб қўйган. Яъни, бошлиққа бу сўз «мустақиллик» эмас, «мустақуллик» бўлиб етиб борган. Жамол Камол ҳақ, бу йўлдан қурбонсиз юриб бўлмайди.

Лекин, дўстлар, инсон робот эмас-ку, хато қилади. Айниқса, бу  сўзни  колхозчи  ҳам,  ўқувчи-ўқитувчи  ҳам,  Президент  ва маслаҳатчилари ҳам ҳар куни тинмай такрорлайверса, одамнинг боши айланиб, хато қилиб қўйиши мумкин-ку. Бу хусусда менинг дўстим  Турсунали  Полвон  доно  гап  айтган.  «Ҳадеб  мустақил Ўзбекистон, мустақил Ўзбекистон деявериш, қамоқдан чиққан одамга «ҳў, қамоқдан чиққан дўстим, чой ич, ҳў қамоқдан чиққан оғайни, кел ўтир,» дея тинмай жавраганга ўхшайди.» Хуллас, бандасига фаросат берсин. Буни бермаса, чатоқ. Ўз тажрибамда  синаб  кўрганман.  Бир  неча  марта.  Ҳурматли Президент  билан  бир-неча  марта учрашганман ва ҳар сафар, учрашувдан олдин худога нола қиламан: «Эй, Парвардигор, шу гал бир фаросот бер, пошшонинг олдида юзимни ерга қаратма,озгина хушомад қилай, ишимни битирайин, ичимдаги бор гапни яширишга ёрдам  бер,  Худойим,»  дейман. Аммо пошшонинг ёнига борган заҳот  ичимдаги  бор  гаплар учиб чиқа бошлайди, уларни изига қайтаролмайман. Не меҳнатлар билан топган ширин каломларим эса, тилимда муздай қотиб қолаверади. Табиий президент бундан хурсанд  бўлмайди,  яъни,  тўғри  сўз  нафақат  отангга,  ҳатто Президентга ҳам ёқмайди. Фаросатсизликнинг оқибати бу. Шу маънода мен президент маслаҳатчиларига ҳавас қиламан. Улар Худога  нола  қиладими-йўқми,  билмайман,  аммо  ҳаммаси фаросатли. Бирортаси ичидаги гапни айтмайди. Жуда нари борса, «сиёсатга аралашмаган маъқул,» деб қўйишади.

Бу маслаҳатни улар Президентга эмас, халққа берадилар. Халқ ўз навбатида, фарзандларига уқтиради. Ва фарзандларнинг бирортаси  сиёсатга  аралашмайди,  аралашгани  дарров «қора куч»га айланади ва бундай фарзанддан халқ «юз ўгиради.» Бизнинг  партиянинг  Фарғона  вилоят  котиби  Иномжон Турсуновдан халқ шундай юз ўгирди. Сиёсатга аралашгани учун. Ўзи  ёзувчи  йигит,  аммо  сиёсатга  аралашди,  оқибатда, депутатликдан ҳайдалди, яқинда икки йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. 

«Эрк» Марказий Кенгаш котиби, профессор Отаназар Ориф ҳам  ҳозир  ички  ишлар  вазирлигининг  ертўласида  ўтирибди. Сиёсатга аралашгани учун. Мен ҳам қочқин мақомида, хотира ёзиб юрибман. Сабаби – сиёсатга аралашганман. «Эрк» партиясининг бугун 54 минг аъзоси бор, улар ҳаммаси сиёсатга аралашганлар. Бу одамларни йиғиб олишса, ертўлаларга сиғармикан?  Бу  ташвишли  фикр  маъмурларимиз  ҳаловатини бузаётган бўлса, ажаб эмас. Менинг ҳаловатимни эса, мутлақо бошқа  нарсалар  бузаяпти.  Мен  сиз  билан  шулар  ҳақида ўртоқлашмоқчиман…

Эшик тақиллаяпти, кечирасизлар… Ким экан, бемаҳалда? Наҳокти мени яна топишган бўлса? Бор-йўғи учта одам биларди-я? Ёки улардан биттаси…

(Қўлёзма шу ерда узилади.)

(давоми бор)