O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Давлат террорининг хроникаси

Давлат террорининг хроникаси
258 views
02 April 2017 - 6:00

Мамлакатимизда шу йил март ойи охирида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Ўзбекистон Президентинг баёноти унинг 1999 йил 16 феврал фожиаси ҳақида қилган баёнотидан унча фарқ қилмайди. Президентнинг бу чиқиши Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг ички сиёсатидаги устивор йўналишларни билган одам учун ғалати туюлмайди албатта.”Ташқаридан келган қора кучлар” образи бу сиёсатнинг тамал тошларидан биридир. Бу образ ҳар 5 йилда бир марта янгиланиб туради.

Каримов ҳукумати 1994 йилдан бошлаб ҳар сайлов олдидан мухолифатга қарши бир фитна таёрлашни ўзига одат қилиб олган. Мақсади ниҳоятда равшан – бир айб топиб, мухолифатни сайловларга яқинлаштирмаслик. Фитналар ақл бовар қилмас даражада аниқ вақт оралиқлари ичида режалаштирилади. Диққат қилинг: 1994, 1999, 2004 йилларнинг ҳар бири орасида 5 йиллик бир муддат бор.

1994 йил

94 йилнинг март ойида ўзбек милицияси Қашқадарёлик 15 та ёш йигитни ушлашди. Улар гўё Истанбулда Эрк партияси лидери ҳомийлигида Истанбулда Ўзбекистонгдаги конституцион тузумни тўнтариш учун аскарий тайёргарликдан ўтишган. Бу шов-шув соясида ҳукумат Эрк котиби Отаназар Ориф, ёзувчи Мамадали Махмуд, менинг укам Рашид Бегжон ва бошқа ўнлаб Эркчиларни қамоққа олишди. Июн ойида эса милиция Олмаотада Эрк газетасини Ўзбекистонга олиб келиш билан шуғулланаётган собиқ депутат Мурод Жураев гуруҳини қўлга олди. Ва шу билан жуда кўп бегуноҳ инсонларнинг бошига етган қатоғонларнинг биринчи тўлқини шундай бошланди. Ҳукумат мақсадига эришди: давлат тўнтаришида айбланган мухолифат 94 йил охиридаги Парламент сайловлари ва 1995 бошида ўтиши керак бўлган Президентлик сайловларида қатнашиш имконини йўқотди. 1999 йил Парламент сайловларига худди 1994 йил даги каби 9 ой қолганди. Ҳукумат 16 феврал куни афғон “Рэмбоси” Бин Лодин олабўжисини уйдирди ва бир қўрқув театри намойиш этди, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкилишига сабаб бўлди. Тўкилган қон бу томошани таъсирчан қилди, Ғарбликлар Каримов шахсида “ислом фунадаменатлизм”ига қарши курашаётган шўвальени кўрдилар.

Албатта, фаросатли инсонлар 16 феврал портлашлари орқасида кимнинг турганини тахмин этабилардилар. Аммо бу сафар ҳам ҳукумат мухолифатни сайловлардан узоқлаштиришга муваффақ бўлди. Эрк партияси раиси бу портлашларнинг ташкилотчиси сифатида айбланди, халқ ичида кенг микёсда мухолифатни қоралаш кампанияси бошланди. Ва шундай тариқа мухолифат ва мўьтадил диндорларга қарши қатоғонннинг
икккинчи даҳшатли тўлқини бостириб келди.

2004 йил

Март ойи. Сайловларга яна роппа-роса 9 ой қолятган эди. Худди 1999 йилдаги каби. Ва соати соатига ва дақиқаси дақиқасига тўғри шаклда ўзбек ҳукуматининг навбатдаги ваҳшати бошланди: портлашлар, ҳибсга олишлар, “ташқаридан келган қора кучлар” ҳақида баёнотлар. Ва худди 94 ва 99 йиллардаги каби жиноятчиларни аниқлашдаги тезкорлик, маҳаллий матбуотнинг лол ва соқовлиги, телеэкранлардан “президент атрофида жипсликка” чақираётган наҳс босган башаралар. Яъни 94, 99 йилларда кўрганимиз айни манзара!

Демак, худди ўша йиллардаги каби сайловларнинг натижаси ҳам 9 ой олдин маълумдир. Оллоҳу Таоло бир муъжиза кўрсатиб, бу наҳс босган режимни бир сонияда ўзгартмаса, на бирор ўзгариш, на-да мухолифатнинг сайловга киришига умид бор. Лекин март ойида юз берган воқеаларнинг аввалгилардан бир фарқи бор, буни изоҳ этмаслик мумкин эмас. Портлаш ва бошқа ҳужум ҳаракатлари бу сафар дуч келган оломонга қарата эмас, милицияга йўналтирилгани диққат чекади. Бу ҳусусият ҳужумларни ҳукуматнинг ўзи уюштиргани ҳақидаги тахминни заифлаштиради. Балки, ҳужумлар золим миршабларнинг зулмидан кўзи ҳеч нарсани кўрмас бўлган, нафратга тўлган оломоннинг ғазаби оқибатидир? Аммо, бу ғазабдан махфий органлар фойдаланган бўлиши ҳам мумкин-ку?

Яъни Чорсу бозоридаги бир оқсоқолни ўлдириб, одамларни исёнга ташвиқ этиш ва сўнгра уларга қарши репрессия бошлаш учун ҳуқуқий замин тайёрланган булиши мумкин эмасми? Вақт кўрсатади. Ҳақиқат мутлоқо ўртага чиқажак, бундан шубҳамиз йўқ.

Ҳозирча бир нарса аниқ: Каримов ҳукумати демократик мухолифатга ҳеч қачон йўл бермайди. Буни мен айтаяпман – режимни ичдан таниган, унинг бошида турган кишини 15 йиллдан бери кузатган бир одам сифатида айтаяпман. Каримов мухолифатга йўл бермайди чунки айнан шу мухолифат унинг учун асос рақибдир. Диний радикализмнинг мамлакатда етарли ижтимоий базаси йўқлигини билади. Аммо демократик мухолифат ҳатто ярим эркин бўлган илк сайловдаёқ режимни енгиши мумкинлигини у билади.

Бу сиёсий кучни машрулаштириш, уни таниш – режимнинг қисқа вақт ичида ўлими демакдир. Ўзбекистон Президенти диний радикализмнинг ўлкамизда жонсарак бир шаклда давомли яшашини истайди. Диний радикализм демократик мухолифатни ҳокимиятдан узоқ тутишнинг воситасидир.

03.03.2004

(99)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (300-302-саҳифалар.)

(давоми бор)