Томорқани бошқариш мантиғи жуда соддадир: Томорқанинг эгаси бор, у ўз ерининг мутлақ хўжайини ҳисобланади ва томорқасида истаган нарсасини қилади. Истаса унга маккажўхори экади, истаса тарвуз…Шунингдек, томорқа эгаси товуқларига, қўйларига, сигир ва бузоқларига истаган шаклида эгалик қилади. Истаса боқиб семиртиради, истаса сўйиб ейди…
Аммо давлат томорқани бошқариш мантиғи билан бошқарилиши мумкинми? Яъни, давлат раҳбари томорқа эгаси, мамлакат ва халқ эса унинг шахсий мол -мулки ўрнида кўрилиши мумкинми? Шунингдек, давлат халқни боқиши керакми?
Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов ва унинг ҳамтовоқларининг бутун фожеаси ҳам давлатни томорқа ўрнида кўришлари ва уни томорқа бошқариш мантиғи билан бошқаришга уриниб келаётганларидир. Бу уларнинг зеҳниятининг ва сиёсий тушунчаларининг нақадар паст даражада эканлигига далил ҳамдир. Улар ўзларича биз давлатнинг эгасимиз ва Ўзбекистон халқини ҳам биз боқмоқдамиз, дея ўйлайдилар. Улар ўз сиёсатларини ҳам мана шу хатоли мантиқ устига қурганлар. Президент Ислом Каримов, Бош Вазир Шавкат Мирзиёев, Вазирлар ва ҳокимлар “томорқа”лари учун жонкуярлик қилаётганларини кўрсатиш учун қўл остидаги катта -кичик ходимларни сўкиш, ҳақоратлаш, уриб-тепиш каби усулларни ишлатиб келаётгани фвқатгина Ўзбекистон жамоатчилига эмас, бутун дунёга бугун яхши маълумдир. Куни кеча Бош Вазир Мирзиёев вилоятлар билан телефон орқали ўтказган мажлисида ҳам ҳаммани оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб , инсонларнинг томорқаларида тартиб ўрнатишга уринганини Каримов режимининг хуфяси uzmetronom.com cайтидан ўргандик. Бу муштумзўрлар ўзлари ўтказаётган мажлисларда аёллар борлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасалар керак. Аммо уларни ҳам оналари туғишган, хотин-қизлари бор-ку ахир! Ёки улар оилаларини ҳам шунақа сўкағон ва ҳақорат усуллари билан бошқарадиларми?
Ҳақиқат шундан иборат ки, давлат асло ва асло томорқа эмасдир. Давлатнинг вазифаси ҳам халқни боқишдан иборат эмас, аксинча давлатни давлат қиладиган ва уни моддий жиҳатдан оёқда тутадиган ҳам халқдир. Яъни, Ислом Каримовнинг иқтисодий сиёсати оёғи осмонда боши ерда турган одамнинг югуришига ўхшаган бир нарсадир. Шунинг учун ҳам яқинда эълон қилинган бир халқаро хулосага кўра Ўзбекистон иқтисодий эркинликлар соҳасида 164 ўринда турар экан. Бунинг устига Ўзбекистонни ўз “томорқасига” айлантирганлар унинг бюджетини ҳам ўз чўнтагида бойлик ҳисоблаб келмоқдалар. Яқинда тарқатилган маълумотларга кўра Ўзбекистон бюджетининг 3,5% ҳарбий ҳаражатларга ажратилар экан. Бу 2,5 миллард долларни ташкил қилар экан.
Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лолага бюджетдан ажратган улуши 1 миллиард долларни, яъни унинг 0,5 % ташкил қилади. Аммо бу расмий маълумотлардир. Ҳақиқатда эса бюджетдаги барча пуллар “томорқа”нинг эгасининг ихтиёрида эканлигини унутмаслигимиз керак…
Ўзбекистон халқи муштумзўр раҳбарият олиб бораётган сиёсатдан ниҳоятда норози эканлигини мухолифат ҳам, мустақил манбалар ҳам таъкидлаб келмоқдалар. Масалан, ББС нинг ўзбек хизматига суҳбат берган мустақил журналист Абдумалик Бобоев ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий портлаш нуқтасига келганини айтади.
Ўзбек мухолифатининг асосий кучи бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бундай таҳликали вазиятда содир бўлиши муҳтамал бўлган халқ қўзғолонини тўғри бошқариш ва Каримов диктатурасидан ҳуқуқий давлат тузумига ўтиш даврини қулайлаштиришни ўз кун тартибининг асосий моддаси сифатида кўрмоқда. Бу мақсада халқ қўзғолонининг ижтимоий сабаблари ва уни ўтказишнинг тафсилотлари баён қилинган “ХАЛҚ ОЁҚҚА ТУРСА” номли муҳим бир ҳужжат яқин кунларда ҳаракатимизнинг веб саҳифасида эълон қилинди.
Ҳаракатимиз аъзолари ва унинг тарафдорларининг ҳозирги вазифаси мана шу ҳужжат билан танишиш, уни муҳокама қилиш ва иложи борича унинг халқимиз ичида кўпроқ тарқалишига ва ўзлаштирилишига эришишдан иборат, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонни ўз томорқасига айлантириб олган диктатор Ислом Каримов ва унинг ҳамтовоқлари яқин келажакда ўз тахтларидан ағдарилиши мумкин. Бу амалга ошгандан кейин Ўзбекистонни ҳақиқий маънода давлатга айлантириш ҳаммамизнинг вазифамиз ҳисобланади.
Йўлдош Абдулла ўғли,
18 январь 2012 йил.