O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ДАВЛАТ ҚАНДАЙ БОШҚАРИЛАДИ ЁХУД УНИ КИМ БОШҚАРАДИ?

ДАВЛАТ ҚАНДАЙ БОШҚАРИЛАДИ ЁХУД УНИ КИМ БОШҚАРАДИ?
194 views
04 March 2012 - 9:52

Бу саволга жавобни “давлат нима ўзи”, деган баҳс билан бошласак ҳам бўларди. Чунки давлат таъриф ва моҳиятда анчагина “бетайин” нарса бўлгани учун аввало унинг моҳияти ҳақида фикр юритиш тўғри бўлса керак. Аммо мавзуни шундай танлаганимиз учун жавобни ҳам унга кўра берайлик: давлатлар тарихидан маълумки, уни ҳамма, яъни ҳар қандай инсон ҳам бошқариши мумкин. Яъни, давлат бошлиғи имонли, адолатли, инсофли бир зот бўлгани каби, золим, жоҳил, бир сўз билан айтганда телба-тескари бир инсон ҳам бўлиши мумкин. Худди қадимда Рим жаллоди Нерон, француз императори Наполеон, немис фашисти Ҳитлер, коммунист жаллод Сталин, Ливиянинг эски телба диктатори Қоззафий, ўзимиздан чиқаан ғаддор Ислом Каримов ва буларга ўхшаш ақл ва инсоф йўли бегона бўлган “зотлар”  каби…Бошқа томондан давлатни инсонларнинг сарварлари ҳисобланадиган пайғамбарлар ва уларга эргашган солиҳ инсонлар (мўминлар) ҳам бошқарганлар. Сулаймон (ас) ўз замонида дунёга донг таратган давлатнинг раҳбари эди. Муҳаммад (сав) эса инсониятга динда, яъни ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларида бўлгани каби, сиёсатда ҳам ўрнак раҳбар эди. Муҳаммад (сав)ни замонавий сиёсий тушунчадаги Асосий Қонун (Конституция)нинг муаллифи ҳам дейишимиз мумкин. Чунки пайғамбаримиз (сав) ва саҳобалар Маккадан Мадинага ҳижрат қилгандан кейин Муҳаммад (сав)нинг раҳбарлигида мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида Мадина шартномаси номи билан машҳур бўлган бир давлат шартномаси имзоланганди.  Бу шаклда дунёга йигирманчи асргача ҳукмронлик қилган Исломий давлат шакли ўртага чиқди. Бу давлатнинг Умар (ра), Умар ибн Абдулазиз , Фотиҳ Султон Муҳаммад каби дунёга машҳур давлат бошлиқлари бор эди…

Сўз бошида давлатни таъриф ва моҳиятда жиҳатдан анчагина “бетайин” нарса дедик. Бу ерда “бетайинликдан” мақсад давлатнинг шаклининг ва  бошқарув усулининг турли -туманлигидир. Инсонлар давлатларни асосан диний ва дунёвий, дея  ажратганлар. Аммо бундай ажратиш давлатнинг энг тўғри таърифи, дейиш албатта мумкин эмас. Чунки ягона Ҳақ дин бўлган Исломга кўра, динийлик ва дунёвийликни бир -биридан ажратиб бўлмайди. Дейлик, католик дунёнинг давлати ҳисобланадиган Ватикан диний, яъни насронийликнинг католик шуъбасига кўра динни тамсил қиладиган давлатдир. Бундай давлат тушунчасида дунёвий қадриятларга аҳамият берилмаслиги ҳам маълум ҳақиқат ҳисобланади. Бошқа томондан, дунёвий давлат тушунчаси динни тамомон инкор қиладиган ёки уни ибодатхоналарга ҳибс этадиган феодал, капиталистик, социалистик давлат шаклларининг ўртага чиқарган.  Айтиш мумкинки, айнан мана шундай давлатлар энг золим ва ғаддор диктаторларнинг ўртага чиқишига ва инсоният учун қатлиом ҳисобланадиган дунё урушларининг содир бўлишига ҳам сабаб бўлган.

Давлатнинг ўртага чиқишида эътиқод (мафкура), ҳудуд, халқ (қавм ёки қавмлар жамоаси), жамиятнинг ташкилий тузилиши, қонун ва ҳуқуқнинг эътирофи, бошқарув, мудофаа каби омиллар асосий ҳисобланади. Бу маънода давлат мураккаб тузилмадир. Фақат баъзан давлатнинг бу мураккаб унсурларини уни бошқараётган бир телба -тескари “зот” ўзининг оддий ўйинчоғига ҳам айлантириб олиши мумкин. Худди, бугунги мустақил Ўзбекистонда бўлгани каби. Бу ҳолда мафкура, халқ, асосий қонун (конституция), ташкилий тузилиш каби унсурлар мана шу “зот”нинг киприк қоқишига ёки хўмрайишига боғлиқ ҳолда ўзгарадиган ёки қўлланиладиган  унсурлар ҳолини олади.

Эътиқод (мафкура) ва давлат муносабатига қайтадиган бўлсак, бу ерда табиийлик эътиқоднинг асос,  давлатнинг эса восита бўлишидир. Албатта, бу қоида соғлом бир эътиқод учун хосдир. Акс ҳолда давлатни бошқарадиганлар ўзлари билан “эътиқодларини” ҳам тахтга олиб чиқадилар ва бу ҳолда эътиқод ўз соғломлигини йўқотади ва давлат мафкураси ҳолига келади. Яъни, бундай жамиятда давлат (аслида давлатни қўлга киритган хўжайинларнинг ҳавойи нафслари) асос, мафкура эса шу давлатнинг қуролига айланади. Бундай “ҳамкорлик”нинг инсонлар зеҳни учун илон заҳаридан ҳам баттар эканлигини совет давлати тажрибасида кўриш мумкин эди. Яъни, бу давлат ўз фуқароларини оммавий шаклда манқуртларга айлантиришга муваффақ бўлганди. Соғлом эътиқод , дейилганда эса Аллоҳ таоло нозил қилган эътиқодни назарда тутаяпмиз. Бу эътиқодни бугунги тушунчада “ярим диний, ярим дунёвий” лик, дея аташимиз ҳам мумкин. Бундай ташхисни (диагнозни) масалани яхши тушунмайдиган ёки уни қасддан бузиб кўрсатадиганлар учун келтираётганимни алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки бундай кишилар назарида “динийлик”нинг дунёвийликка алоқаси йўқдир. Яъни, бундай сўзда олим, ўзда жоҳил кимсалар “диннинг ҳаммаси бир гўр” тушунчасида бўладилар. Уларга кўра Исломми, насронийликми, буддизми, ҳаммаси диндир. Шунинг учун ҳам улар динни ижтимоий сиёсий ҳаётга аралаштирмаслик керак,  дея ўжарлик қиладилар. Ҳолбуки уларга Ҳақ дини “ярим динийлик, ярим дунёвийликни”  назарда тутгандир, десангиз нима, деб жавоб беришни билмай қолишлари аниқ. Чунки улар дин деганда ғойбга имонни (Аллоҳга, фаришталарга, охират кунига ва ҳқ), дин фарз қилган ибодатларни тушунадилар. Ҳолбуки Ҳақ диннинг ярми муомалатлардан, яъни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий, оилавий, таълим тарбиявий ва шунга  ўхшаш дунёвий қадриятларни ўз ичига оладиган соҳаларни тартибга соладиган қонун ва қоидалардан иборатдир. Дин ва давлат масаласи инсоният тарихида ихтилофларнинг ва ҳатто қонли низоларнинг ўртага чиқишига сабаб бўлганлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу ерда муроса ўрнатадиган мўътадил қараш айнан мана шу “ярим диний, ярим дунёвий” лик эканлигини маълум бўлади. Яъни, бу ҳолда на дин ўз муқаддаслигини йўқотади, на да давлат қўғирчоқ ҳолига келади. Ўзбекчасига айтганда, “сих ҳам, кабоб ҳам кўймайди”…

Эътиқод (мафкура) масаласида бундай ўрта, мўътадил қарашни ўртага қўйиб, зеҳнимизда “дин ва давлатни” ўзаро ярашиш нуқтасига келтиргандан кейин, давлат қандай бошқарилади, деган масалага бевосита тўхталайлик.

Юқорида айтилганлар тафсилотлари билан ўрганиладиган бўлса, давлатни бошқариш унчалик осон эмаслиги ўз -ўзидан маълум бўлади. Чунки давлат фаолияти эътиқоддан бошлаб, оддий фуқароларнинг кундалик ҳаётига оид икир- чикирларгача тегишлидир. Бу давлатнинг муқаддас бўлишига эмас, унинг муҳим восита бўлишига далилдир. Бу маънода давлат аввало хизмат воситасидир. Бу воситадан фойдаланадиганлар (яъни давлат бошқарувчилари) бутун восита соҳиблари каби масъулият эгаси бўлишга ҳам мажбурдилар. Акс ҳолда нотўғри қўлланиладиган бутун воситалар тезда чиришга маҳкум бўлгани каби, масъулиятни билмайдиган раҳбарлар қўлида ҳам давлат тез муддатда “ириб -чириб” кетади. Хизмат ва масъулиятни шиор қилиб олган давлат бошқаруви ва ташкилотларининг асосий вазифаси ижтимоий адолатни таъминлашдан иборатдир. Демак, АДОЛАТ, МАСЪУЛИЯТ  ВА ХИЗМАТ давлат, унинг раҳбарияти ва ташкилотлари амалга оширадиган асосий вазифалардир. Масъулият ва хизмат талаб бўлса, Адолатни таъминлаш эса Ҳукмдир. Яъни, адолат давлат, унинг ташкилотлари ва раҳбарияти ўзларининг кайфига кўра амал қиладиган ўйинчоқ қурол эмас, Ҳақга эътиқоддан кейин келадиган ва уни тамсил қиладиган ўзгармас кучдир. Бу маънода Адолат давлатнинг ўзидан ҳам, унинг хизматчиларининг турли истакларидан ҳам устундир. Демак, адолат кимнингдир хоҳишига кўра ўртага қўйилмагани каби, айни амал, айниқса бундай амал жиноят ҳисобланадиган бўлса, кимгадир мукофот, кимгадир жазо берадиган қурол ҳам эмасдир. Шунинг учун АДОЛАТга қўйилган талаб унинг кимнингдир истагига кўра шаклланиши эмас, аксинча ҳамманинг АДОЛАТ қаршисида бўйин эгишидир.

Давлатга толиб бўлганлар    АДОЛАТ, МАСЪУЛИЯТ  ВА ХИЗМАТ ни ўз зиммасига олар эканлар, тахт ва уни мерос қилиб олишни, ўзларига бериладиган имтиёзларни (давлат маъмурларининг хавфсизлиги бундан мустасно),  шону шуҳратни,  яккаҳокимликни тамоман унутишлари керак бўлади. Чунки бу кайфу сафо манзаралари адолатнинг эмас, жаҳолатнинг нишоналари эканлиги ўз -ўзидан маълум.

Жамиятда соғлом эътиқоднинг ва ижтимоий адолатнинг устунлиги, давлат ташкилотлари ва маъмурларининг хизмат ва масъулиятни шиор қилиб олишлари билан давлат бошқарувидаги энг асосий омиллардан бири бўлган ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИК ўрнатиш йўлга қўйилган бўлади. Бу эса ўз ўрнида ижтимоий онгнинг тўғри шаклланганига ҳам далил ҳисобланади. Бундай барқарорлик шароитида давлат ташкилотларини шакллантириш ва  ҳукуматни тузишда муаммолар ўртага чиқмайди.

Демак, давлатни бошқаришда тўғри ижтимоий онг, унга ассоланган ижтимоий барқарорлик, адолатнинг  ва қонунларнинг устунлиги, бошқарувчиларнинг(тахт, сарват ва обрў эгалари эмас, масъулиятли маъмурлар ўрнида кўрилиши асосий омиллар ҳисобланади. Яъни, бу шароитда жамиятда ўзаро тўқнашувлар, тушунмовчиликлар, турли фитна-фасодларнинг олди олинган ҳисобланади. Фуқароларнинг ва жамоатчилик ташкилотларининг  турли фикрларни ўртага қўйиши (фикр ва сўз эркинлиги) ва бу шаклда мавжуд муаммоларни тўғри ҳал қилиш учун шароит мавжуд бўлади. Хулоса шаклида айтадиган бўлсак, бундай жамият ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлади. Бу эса жамият ва давлатда яккаҳокимликнинг ўртага чиқишига тўсиқ бўладиган асосий омил ҳисобланади.

2.

Ижтимоий асослари соғлом бўлган фазилатли давлатда фуқароларнинг турли ҳуқуқларга эга бўлиши, ҳукумат ташкилотларининг уларнинг раҳбарларига қарам бўлмасдан фаолият олиб бориши табиий ҳолдир. Шу билан бирга бундай жамият ва давлатда ҳукумат ташкилотлари орасида вазифаларнинг тақсимланиши ва бу вазифаларнинг бажарилишини тўғри назорат қилиш, қонунлар бузилганда ва жиноят содир қилинганда адолатли маҳкамаларнинг қарорлари билан қонунбузарларнинг жазолантирилиши ҳам муҳим  аҳамият касб этади. Бу ижтимоий жараённинг илдизи эса аввало соғлом эътиқодга асосланган, шунинг учун ҳам  шахслар кўнгилларида эътироз кўрмайдиган ва  ижтимоий онг қаршилик қилмайдиган ўзгармас қонунлар (Асосий қонунлар) ҳисобланади. Шу билан бирга вақт ўтиши билан  ижтимоий ҳаётнинг эҳтиёжига жавоб берадиган ва шу сабабдан ўзгариб турадиган қонунлар ва қарорлар ҳам ижтимоий жараёнларни йўлга солишда ўз ўрнига эгадир.  Демак, инсонларнинг ўзаро муносабатлари ва давлат ташкилотларининг фаолияти мана шундай ўзгармас (асосий) ва ўзгариб турадиган қонун ва қоидаларга кўра амалга ошади. Ўзгармайдиган Қонунлар (Асосий Қонунлар) кундалик мавзу ҳисобланмагани учун бу ерда улар ҳақида тўхталмаймиз. Ҳозирги мавзумиз Ўзгармас Қонунлар доирасида ижтимоий асослари соғлом бўлган жамиятда фазилатли давлат ташкилотлари ва  маъмурлари қандай фаолият олиб боради, деган саволга жавоб беришга уринишдан иборатдир.  Замонавий давлат тушунчасида, гарчи уларда Асосий Қонунлар инсон ижодининг маҳсули бўлсада, давлат ташкилотлари орасида вазифаларни тақсимлаш, бу вазифаларни бажаришда мутаносибликни сақлаш (давлат ташкилотлари орасида зиддиятлар даражасини ва миқдорини мумкин қадар камайтириш) ва бундай зиддиятларни давлатнинг қонун ва қоидаларига кўра ҳал қилиш асосий омиллар ҳисобланади. Бу мақсадда давлат бошқарувини қонун қабул қилувчи ташкилот (парламент), ижро мақоми (ҳукумат) ва маҳкамалар орасида тақсимлаш удуми йўлга қўйилгандир. Давлатни бошқаришнинг бундай удуми албатта биз юқорида таъкидлаган ижтимоий барқарорликга таянади. Акс ҳолда ҳеч қандай удум давлатнинг тинч фаолиятини таъминлай олмаган бўларди. Шунга қарамасдан агар давлатни бошқаришнинг бу удуми диққат билан ўрганилганда, унинг анчагина камчиликлари борлиги ҳам маълум бўлади. Масалан, ғарбдаги давлатларда давлатни бошқарадиган кучлар мутлақ эмас, нисбатан уч бўлимга айрилгандир. Бу нисбийликни АҚШ, Англия, Франция, Олмония каби давлатларнинг тажрибасида ошкор кўриш мумкин. Бу давлатларда ижро мақомининг қонун қабул қиладиганларнинг асосий қисмини ёки бир қисмини ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Сўнгги асрда ушбу давлат удумини ўзлаштиришга уринган Туркияда ҳам айни сиёсий манзарани кўришимиз мумкин. Айтиш мумкинки, бу мамлакатда Ижро мақомининг бошқа мақомлардан устунлигини ҳаспўшлаш учун  ўзига хос  давлат удуми ижод қилинган. Чунки умумхалқ сайловида бошқаларни ортда қолдириб кетган фирқа аслида “давлат”ни қўлга киритган ҳисобланади. Чунки шу фирқанинг ўзи қонун чиқаради ва уни ижро этади (?). Давлатнинг рамзий бошлиғи ҳисобланадиган Жумҳур Раисини (Президентни) ҳам, жойлардаги давлат ҳокимиятини тамсил қиладиган волийларни (ҳокимларни) ҳам шу фирқа сайлайди. Қисқача айтсак, ҳоким фирқа Давлатнинг Ҳоким кучига айланади. Бу фирқада эса унинг Раисининг дегани деган эканлиги изоҳга муҳтож бўлмаса керак. Шундай экан, ғолиб фирқа Раиси инсофли эса Давлатда ҳам инсоф ҳукмрон бўлади. Акс ҳолда давлатнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам вой ҳолига…

Демак, замонавий давлат удумининг икки асосий нуқсони шулардан иборатдир: Бу биринчидан, Асосий Қонуннинг инсон ижодининг маҳсули эканлиги. Иккинчиси эса, давлатда куч манбалари орасида вазифа тақсимотининг ўта нисбийлигидир.

Фазилатли давлат эса мана шу икки нуқсонни ўртадан кўтарадиган давлат удумига асосланиши керак, деб ўйлаймиз. Яъни, Асосий Қонунга инсон ижоди аралашмаган бўлиши ва давлат бошқарувида кучларнинг айрилиши сўзда эмас, ўзда (ҳақиқатда) амалга ошиши шартдир. Бу кучлар Ҳақни асос олган ва халқ тарафидан сайланадиган Халқ Мажлиси (ғарб тушунчасида парламент), ижро мақомини тамсил қиладиган Давлат Раиси идораси ва жамиятда адолатнинг ўрнатилиши учун масъул бўлган Маҳкамалардан иборатдир.  Бундай давлат удуми аввало соғлом эътиқод, унга асосланган тўғри ижтимоий онг ва буларнинг маҳсули бўлган ижтимоий барқарорликга асосланишини яна бир марта таъкидламоқчимиз. Бундай давлат удумида Халқ Мажлиси давлат идорасининг маркази ҳисобланиши ўз ўзидан тушунарли бўлса керак. Чунки Халқ Мажлиси (Парламент) умумийлик, яъни жамиятдаги умум маслаҳатлашув натижасида ўртага чиқади ва у оладиган қарорлар ҳам мана шу умумий “ақл”нинг маҳсули ҳисобланади.   Бу умумий “ақл”нинг асосий вазифлари ижтимоий жараёнларнинг табиийлигини қўрийдиган ўзгарувчан қонун ва қоидаларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат қилишдан иборат бўлади.  Давлат бошқарувининг замонавий удумида бундай тизим Мажлис (Парламентар) тизими, дейилади ва у Раислик (Президентлик) тизимининг муқобили ҳиобланади. Раислик (Президентлик) тизимининг аҳолиси мусулмон бўлган давлатларда жуда осонлик билан салтанатга айланиб кетиши тарихий бир ҳақиқатдир. Гарчи салтанат ўртага чиққанда бошқарув Давлат Раисида эмас, унданда муборак мақом эгасида (Халифада)  эди. Қуръони Карим нафақат мусулмонларга (Шўро сураси 13 оят), ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га ҳам ишларни Шўро билан амалга оширишни амр қилгандир (Оли Имрон сураси 159 оят). Исломнинг энг азиз исмларидан Умар ибн Абдулазиз ва имом Абу Ҳанифалар мусулмонлар орасида Шўрони тиклаш ва Давлат раҳбарини бу шўроларда сайлаш масаласига жон фидо қилган эдилар. Аммо вақт ўтиши билан салтанат ва сарой удуми бошқарувни ўз мулкига айлантирди. Сўз саройнинг сўзи бўлди, мукофот эса унинг талабини бажарганларга берилди.  Натижада якка шахс иродаси нафақат сиёсатнинг, балки умуман диннинг тамсилчисига айланди. Охир оқибат мусулмонларнинг бошқарув тизими чириди, ўзлари бошқаларга қул бўлдилар. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бизнинг замонамизга келиб, мусулмонлар бутун масалаларни, шу жумладан сиёсатни ҳам тарозуга солиш имконига эга бўлдилар. Нақлий (ваҳий)  ва ақлий далиллар, мингларча йиллик сиёсий тажриба аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда сиёсий бошқарув марказининг бир шахс тарафидан бошқариладиган мақомда (Раис, Амир ва ҳк) эмас, умумий “ақл” тамсилчисида (Мажлис, Шуро) бўлиши кераклигига далилдир.  Ижро мақоми эса бир раҳбар бошқарадиган давлат идораси ҳисобланади. Бу раҳбарнинг  ўзи бошқарадиган ижро жараёнида оладиган қарорлари аввало Асосий Қонунларга ва Халқ Мажлисида умумий “ақл” қабул қилган қарорларига асосланган бўлади. Бу эса Ижро Мақомининг ишини қулайлаштиради ва табиийки Ижро Мақомининг масъулияти ҳам Халқ Мажлисининг масъулиятидан камроқ бўлади. Қарор қабул қилувчи ва уни ижро қиладиган мақомлар ўртасида ихтилоф чиққанда бундай ихтилофларни ҳал қилиш Давлат Маҳкамасининг салоҳияти ҳисобланади.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, давлат қандай бошқарилади масаласи, уни ким бошқаради масаласидан муҳимроқдир. Чунки жамиятда соғлом эътиқод, адолат ва қонунларнинг устунлиги таъминланмас экан, бошқарувда шахсларнинг ва уларга оид бўладиган мақомларнинг ўрнини тўғри баҳолашнинг имкони бўлмайди.

Намоз Нормўмин, ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси, 4 март 2012 йил.