O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Давлат Ҳавфсизлик Хизматининг маҳкум подполковниги Баҳром Сувановнинг Халқаро ҳамжамиятга мурожаати

Давлат Ҳавфсизлик Хизматининг маҳкум подполковниги Баҳром Сувановнинг Халқаро ҳамжамиятга мурожаати
148 views
22 September 2019 - 19:21

Дунё жамоатчилиги
Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари ва вакиллари
Халқаро юристлар Ассосацияси
Америка юристлар Ассосацияси
Европа юристлар Ассосацияси
Халқаро журналистлар уюшмаси аъзолари

Мен Суванов Баҳромжон Хурсандович 1976 йилда Сурхондарё вилоятида туғилганман , оилалиман , 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор, 1 нафари ногирон , шахсий уй жойим ёки дала ҳовлим йўқлиги учун ДҲХ ( Давлат Ҳавфсизлик Хизмати ) нинг хизмат хонадонида яшаб келганман.

Мен 2003 – 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасининг МХХ ( Миллий Ҳавфсизлик Хизмати ) 2016 -2017 йилларда ДБҚ да ( Давлат Божхона Қўмитаси ) турли оператив лавозимларда “ Наркотрафикка ва контрабандага қарши кураш йўналишларида ” хизмат қилганман.

Ҳарбий унвоним “ подполковник ” бўлган. Мен 2010 йилда “ Жасорат ” медали ва 2016 йилда “ Мардлик ” ордени Давлат мукофотлари билан тақдирланганман.

Ҳарбий хизматим давомида бирор маротаба ҳам интизомий жазога тортилмаганман.

МХХ идорасида ёки бошқа ташкилотлардаги гуруҳбозлик ҳамда порахўрлик иллатларига қўшилмаганман.
Мен 2016 йилнинг III – чорагида Ўзбекистон Республикасининг “ Тезкор – қидируви фаолияти тўғрисидаги ” Қонуни ва МХХ норматив ҳужжатлари асосида “ Информатор ” дан оператив маълумот олиб , МХХ раиси Рустам Иноятовнинг рухсатига кўра МХХ ва ДБҚ нинг 40 нафар раҳбар ва оператив ходимлари билан ҳамкорликда “ наркотрафикка қарши кураш ” йўналиши бўйича фаол тадбир ўтказдим.

Тадбирни ўтказишга полковник Ўктам Сувонов , подполковник Ҳайдар Шодиев , генерал Хасан Гулямовлар раҳбарлик қилишган.

Тадбир натижасида Сурхондарё вилоятининг Термиз чегара районида Афғонистон Ислом Республикасидан ( АИР ) Ўзбекистон Республикаси орқали Россия Федерацияси ва Европа давлатларига чиқиб кетаётган 405 кг 291 гр “ опий ” ва 644,61 гр “ гашиш ” наркотик моддаси далилий ашё сифатида қўлга олинди ва процессуал тартибда расмийлаштирилиб , МХХ Сурхондарё вилояти Бошқармасининг “ Махсус омборига ” топширилди.
Тадбирнинг якуний босқичида оператив зарурият юзасидан полковник Ў.Сувонов 2017 йилнинг 18 – март куни МХХ раиси Р.Иноятовдан 405 кг 291 гр “ опий ” ва 644,61 гр “ гашиш ” наркотик моддаларини “ оператив ” тарзда йўқ қилишга рухсат олган ва ижросини таъминлаш учун МХХ Сурхондарё вилояти Бошқармасининг собиқ бошлиғи полковник Нодир Ибрагимовга хизмат хатини юборган.
Н.Ибрагимов ижрони таъминлаш учун подполковник Суннат Ахмедов ва подполковник Абдурайим Енсепбаевга топширган.

А.Енсепбаев эса номълум сабаблар билан 2017 йилнинг 18-март кунидан 5- май кунига қадар ижрони бажармаган.

МХХ регламенти бўйича хизмат хатлари 10 ишчи кунида бажарилиши шарт .

Худди шу вақтда қарийиб чорак аср давомида МХХ идораларида жиноий уюшма тузиб фаолият олиб бораётган “ Ғуломовчилар ” орасида янги ҳукумат раҳбарияти олдида жон сақлаб қолишлари учун ўзаро низо бошлаган.

Ушбу жиноий уюшманинг фаол аъзолари ДҲХ нинг собиқ ходимлари шахсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи полковник Рустам Назаров , Тергов Бошқармаси бўлим бошлиғи Нодир Тўрақулов , полковник Якубов Фарҳод ва бошқалар раҳномалари бўлмиш МХХ раисининг 1- ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломов қамалаётган вақтда зудлик билан уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Коддексининг ( ЖК ) МХХ ваколатига тегишли моддалари билан айблаб терговни уларни ўзлари МХХ Тергов Бошқармасида ёпиқ ҳолда олиб боришини режалаштирганлар.

Бундан мақсад ўзларини Ш.Ғуломовнинг раҳбарлиги остида содир этган порахўрлик , босқинчилик , талончилик , қотиллик , фирибгарлик , наркотик моддалар ва қурол – яроғлар контрабандаси ва бошқа оғир ва ўта оғир жиноятларини прокуратура ҳамда бошқа органларга очилиб қолмаслигини таъминлаш билан бирга коррупциядан орттирган миллион – миллион долларлари , ноқонуний бизнесларини ҳамда мансабларини сақлаб қолиш ва энг муҳими жиноий жазодан қутилиб қолиш бўлган.

Шу мақсадда Р.Назаров , Н.Тўрақулов , Ф.Якубов гумашталари Жўраев Мажид , Муҳаммедов Қобил ва бошқалар билан бирга Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни “ алдаш ” фитнасини ишлаб чиқишган.

Шундан сўнг , мен томонимдан ўтказилган қонуний тадбирни сохтага чиқаришиб , тадбирга “ сиёсий тус ” беришиб , Президентга Хизмат раиси Р..Иноятов , собиқ Бош прокурор И..Абдуллаев , собиқ Давлат маслаҳатчиси О. Муродовдан фойдаланишиб “ ёлғон ахборотни ” киритишиб, ўзларидан чалғитишган.
Улар шу сабабдан А.Енсепбаевнинг айби билан МХХ “ Махсус омборида ” сақланиб турган юқорида қайд этилган наркотик моддалари учун унга эмас , балки менга нисбатан 2017 йилнинг июнь ойида асоссиз равишда жиноят иши қўзғатишди.

Сўнгра тадбирга алоқаси бўлмаган ходимлар подполковник Санжарбой Қўзиев , полковник Нодир Қурбонов ва полковник Нодир Ибрагимовлар орқали генерал Ш.Ғуломовга боғлашди.

Н.Тўрақулов , Р.Назаров ва бошқалар менга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари билан тўхтатмасдан подполковник С.Қўзиевни ҳам 101кг “ опий” моддаси билан боғлиқ тадбирини қонуний бўлишига қарамасдан уни ҳам сохтага чиқаришиб , унга ҳам жиноят иши қўзғатишди.

Шундай қилиб , Н.Тўрақулов , Р.Назаров , Ф.Якубов ва бошқалар Н.Қурбонов , Н.Ибрагимов ҳамда Ш.Ғуломовни ЖК нинг МХХ ваколатига тегишли моддалари билан айблаш учун мени ва С.Қўзиевни “ Сиёсий жертва ” қилишиб , ЖК нинг 246-моддаси 2-қисми ( наркотик моддалар контрабандаси) , 276-модда 2-қисми “ а” банди ( наркотик моддаларини сақлаш ), 209-модда 2-қисми ( мансаб сохтакорлиги) , 301-модда 1-қисми ( мансаб ваколатидан четга чиқиш) ва 2411-модда 1-қисми ( жиноятни қасддан яшириш ) билан ўзлари ўйлаб топган уйдирмалар билан айблашди.

Хусусан , улар фаол тадбирни сохтага чиқариш учун тадбирни ўтказишга асос бўлган ҳужжатларни йўқ қилишди. Шу билан бирга , мендан ва С.Қўзиевдан ўзлари ҳоҳлагандай сохта ва ёлғон кўрсатмаларни олиш учун 8 – 9 ой давомида МХХ гаупвахтаси ва Тергов ҳибсхонасида ваҳшийларча жисмоний ва руҳий қийноққа солишди.

Н.Тўрақулов , Ф.Якубов , Р.Назаров МХХ Тергов Бошқармаси терговчилари Аҳмад Зуфаров , Рустам Сиддиқов , Веселов Александр , Раззоқбердиев Марат ( МХХ нинг сохта ва “ заказ ” делолари ушбу “ Ғуломовчилар ” томонидан юритилади ) ва бошқалар билан тил бириктириб жиноят ишимга қасддан ёлғон ва ўзлари ўйлаб топган уйдирмаларни киритишиб, тадбирга алоқадор бўлган асосий гувоҳларни терговдан яширишган.

Жумладан , мени 2016 йилнинг 20- июль кунидан 27- сентябрь кунига қадар МХХ идорасидан 14000 ( ўн тўрт минг ) АҚШ доллари ва 120.000.000 ( бир юз йигирма миллион ) сўм пулни оператив манбаларга рағбатлантириш пули сифатида олиб бериб , аслида ўша пулларга МХХ даги шахсий статистикасини сунъий ошириш учун 405 кг 291 гр “ опий ” наркотик моддаларини сотиб олиб , МХХ идорасига топшириб , ташкилотнинг “ Махсус омбори ” да мақсадсиз сақлаган деб қалбаки маълумотни кўр-кўрона саводсизларча киритишган ва жиноят ишимизни маҳфийлаштиришган.

Мен бу вақтда ДБҚ да хизмат қилган бўлсам , МХХ да мени қандай шахсий статистикам бўлиши мумкин.
Дастлабки тергов ва ҳарбий суднинг 1- инстанция судида ( 2017 й ) мен ва С.Қўзиев 20 – 30 нафар гувоҳлар орқали тадбирларимизни қонунийлигини ва МХХ тергов органининг бизга қўйган айбловларини номақбул далиллар эканлигини исботлаб берган бўлсакда , аммо Республика ҳарбий суди судьяси Акмал Жонқобилов номлари қайд этилган ходимларнинг назорати остида юқорида кўрсатилган моддалар билан 2017 йилнинг 8-ноябрь кунида 20 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ўз ўрнида , суднинг 1- инстанция судида ва 2019 йилнинг апрель ойидаги кассация судида асосий ва ҳақиқий гувоҳлар Ҳайдар Шодиев , Суннат Аҳмедов , Санжар Саидов , Ўктам Сувонов , Собир Холбоев , Элбек Хўжакелдиев , Абдурайим Енсепбаев , шунингдек “ информатор ” ( Аризачи ) ва бошқалар мазкур наркотик моддалари статистика учун сотиб олинмаганлиги , тадбирнинг ҳақиқийлиги ва қонунийлигини гувоҳлик кўрсатмалари билан исботлаб беришди. Шу билан бирга , юқорида қайд этилган рағбатлантириш пуллари мен томонимдан 2015 йилнинг январь ойидан 2017 йилнинг 19 май кунига қадар оператив манбаларга МХХ раиси Р.Иноятов нинг рухсатига кўра “ тилхат ” билан берилганлиги бу даврда 405 кг “ опий ” эмас, балки мени 1 т. 200 кг “ опий ” , 2 дона жангавор қурол , 585 дона патрон , 1 дона Ф-1 гранатаси , 7 кг 795 гр қуйма олтин ( қиймати 1 миллиард сўм ) , 1та автомашина , 1500 АҚШ доллари , 3 та террористик ва экстремистик руҳдаги видеороликлар ноқонуний айланмадан ушлаб қолганлигим ҳамда давлатга қарши қаратилган 5 та қўпорувчилик ҳаракатларини олдини олганлигим бўйича кўрсатмалар беришди. Шунингдек , гувоҳларни барчаси жиноят иши материалларини қалбаки эканлигини исботлаб беришди.

Шу қаторда , қора бозорда 1 кг “ опий ” наркотик моддаси 3000 – 5000 АҚШ доллари нархида сотилиши бўйича ҳолислар кўрсатма беришиб, қайд этилган пулларга ҳеч қачон юқорида кўрсатилган миқдордаги наркотик моддаларини сотиб олишни имкони йўқлигини исботлаб беришди.

Бундан ташқри , гувоҳлар мени ҳеч қачон “ Ғуломовчилар ” жиноий уюшмасига аъзо бўлмаганлигим , аксинча Н.Тўрақулов , Р.Назаров , Ф.Якубов , М.Жўраев , Қ.Муҳаммедов ва бошқаларнинг жиноятларига қарши курашганим бўйича кўрсатмалар беришди. Шу билан бирга , Р.Назаров , Н.Тўрақулов ва бошқаларни Президент Ш.Мирзиёевни “ разработкага ” олишганларига қарши курашганим , ҳукумат раҳбарига нисбатан қилган суиқасдларини билиб қолиб мустақил равишда уни олдини олиб қолганлигим ; Президентлик сайлови ( 2016 й ) даврида қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишга киришган вақтларида уни ҳам бартараф этиб уларнинг ҳаракатларига тўсқинлик қилган ҳолатларимни ҳам исботлаб беришди.
Шу сабабдан, Н.Тўрақулов , Р.Назаров , Ф.Якубов ва бошқалар ўзларининг ушбу мудҳиш жиноятларини очиб юборишимдан қўрқишиб , келгусида мени ҳеч ким эшитмаслигини таъминлаш учун қасддан тадбирни сохтага чиқаришиб , унга “ сиёсий тус” беришиб Ш.Ғуломовга боғлашди.

Ҳозирда асл “ Ғуломовчиларни ” ни ўзлари яъни Н.Тўрақулов , Р.Назаров , Ф.Якубов ва бошқалар 2018 – 2019 йилларда жазога тортилиб, Ш.Ғуломов билан боғлиқ жиноятларини тан олишган.

Агарда мен ҳам бу жиноий уюшмага аъзо бўлганимда , улар билан қаердадир , қандайдир ёки қайсидир жиноятда боғланган бўлар эдим! Ахир бндай ҳолатни ўзи йўқ!

Хусусан, мен ва С.Қўзиев 2018 йилнинг март ойидан 2018 йилнинг август ойига қадар ҳарбий прокуратурада Р.Назаров , Н.Тўрақулов ва бошқаларнинг жиноят ишлари бўйича гувоҳ сифатида қатнашиб, уларнинг мудҳиш жиноятларини очиб бердик. Бироқ Ҳарбий Прокуратура ва бошқа органларнинг ходимлари уларга чора кўрмасдан бизнинг кўрсатмаларимздан фойдаланишиб “ порахўрлик ” билан уларни жиноятларини беркитиб келишди.

Шундай бўлсада 2018 йилнинг март – июль ойларида мен ва С.Қўзиев биринчи маротаба кассация шикоятини ёзган эдик. Шунда ҳарбий прокурор 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосидан 4 йилини олиб ташлаш бўйича таклиф киритган эди. Шунда бизлар шикоятимизни холисона кўриб чиқилмагани учун кассация шикоятимизни қайтиб олишга мажбур бўлдик.

Иккинчи маротаба эса 2019 йилнинг март ойида Ҳарбий судниг кассация инстанциясига шикоятимизни топширган эдик. Кассациянинг ёпиқ суди шу йилнинг 16 – 30 –апрел кунларида бўлиб ўтди. Суд – терговида мен ва С.Қўзиев айбсизлигимизни тўлиқ исботлаб берган бўлсакда , бироқ Ҳарбий прокурор Ваҳобов Шоҳруҳ суднинг 1- инстанциясининг адолатсиз ҳукмини ўз кучида қолдиришни сўради.

Шундан сўнг, бизлар адвокатларимиз орқали кассация шикоят аризамизни қайтариб олишга мажбур бўлдик.

Ўз навбатида мен дастлабки тергов органининг қалбаки айблови ва Ҳарбий суднинг адолатсиз қарорларидан норози бўлиб 2017 йилнинг ёз ойларидан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари , жумладан Олий Суд , Бош прокуратура , ДҲХ ҳамда Олий Мажлис Сенатига , қонунчилик палатасига , Омбудсманига , Президент девонига 100 дан ортиқ ариза ва шикоятлар билан адолат қарор топишини сўраб мурожаатлар қилдим.

Афсуски , қайд этилган ташкилотларнинг ҳеч бири важларимни текширмасдан ариза ва шикоятларимни эътибордан четда қолдирди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб бир савол туғилади. Жумладан , 405 кг 291гр “ опий ” ва 644,61 гр “ гашиш ” наркотик моддаларидан 100.000 ( юз минглаб ) инсонлар жабр кўриши мумкин эди.
Мен ноқонуний айланмадан қайд этилган наркотик моддаларини оператив маълумотга кўра қонуний тартибда қўлга олдим ва расман МХХ органига процссуал тартибда топширдим.

Шундай экан жиноятни олдини олиш шунингдек инсонларни ва давлатни хавфсизлигини таъминлаш жиноятми?

Мен ўз хизматларимни мақтаниб ёки ўзимни оқлаш учун Сизларга мурожаат этаётганим йўқ . Аксинча , ўзингизга бир савол билан , яъни бутун ер юзида қанча инсонлар кимнингдир отаси ёки онаси , кимнингдир фарзанди ўғли ёки қизи , қолаверса яқинлари ушбу наркотик моддасидан азият чекиш билан бир вақтда оилаларни бузилиб кетгани , ёш фарзандларни вафот этгани бу ҳақиқат эмасми ?

Ахир “ Тезкор-қидируви фаолияти” ни амалга оширувчи органнинг вазифаси халқни , давлатни , бутун инсониятни хавфсизлигини таъминлаш эмасми?

Шунингдек , наркожиноятни олдини олиш , бартараф этиш ва унга чек қўйиш Давлат органининг ҳамда ваколатли ходимнинг вазифаси эмасми?

Шуни алоҳида кўрсатиб ўтиш жоизки ҳеч қайси давлатда , жамиятда ҳаттоки совет тузими даврида ҳам кимнидир қамаш учун ушбу шахсга алоқаси бўлмаган одамни уйдирма ва ёлғонлар билан халқ манфаати йўлидаги қонуний тадбирини сохтага чиқариб ўзларини ўрнига “ сиёсий жертва ” қилиб қаматиб юбормаган.
Бунга тарих гувоҳ.

Хўш Н.Тўрақулов , Р.Назаров , Ф.Якубов , М.Жўраев , Қ.Муҳаммедов ва бошқаларнинг “ фитналарига ” Хизмат Раиси Р.Иноятов нега ишонган. Қолаверса нега мени ва С.Қўзиевни “ Сиёсий жертва ” қилинишимизга розилик берган. Ёки ушбу раҳбарнинг “Ғуломовчилар ” уюшмаси аъзоларини кимлар ташкил қилганидан хабари бўлмаганми? Мен қўлга олган ва МХХ идорасига топширган наркотик моддаси қанақасига ноқонуний бўлиши мумкин. У ҳолда мазкур тадбирни ўтказишга нега Хизмат раиси Р. Иноятов рухсат берган.

Агарда тадбир ноқонуний бўлса , нега тадбирни ўтказишга раҳбарлик қилган подполковник Х.Шодиев , полковник Ў.Сувонов , генерал Х.Гулямов ва рухсат берган Р.Иноятовни ўзи жавобгарликка тортилмади?
Қонун ҳамма учун баробар эмасми? Нега тадбирга алоқаси бўлмаган С.Қўзиев , Н.Ибрагимов , Н.Қурбонов ва Ш.Ғуломов мен билан боғланди ?

Қани ҳақиқат , қани адолат ?

Ахир бутун дунё давлатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ( БМТ ) “ Наркотик моддалар ва психотроп моддаларга қарши кураш ” тўғрисидаги 1961-, 1971- ва 1988 йиллардаги резалюциялари ва конвенциялари асосида “ Наркотрафикка ва унинг контрабандасига қарши кураш ” тўғрисидаги қонунчилигини шакллантирган. Мен ҳам Ўзбекистон қонунчилиги асосида тадбир натижасида 405 кг 291 гр “ опий ” ва 644,61 гр “ гашиш ” наркотик моддасини МХХ ва ДБҚ нинг 40 нафар ходими иштирокида расмийлаштириб, давлат органига МХХ га топширдим.

Бу жиноятми?

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мен адолат ва ҳақиқат қарор топишини сўраб Ўзбекистон Президенти номига ҳам 10 лаб ариза ва шикоятлар ёздим. Бундан ташқари, ўз ҳуқуқ ва эркинликларимдан фойдаланиб Интернет тармоқлари орқали ҳам мурожаатлар қилдим.

Агарда ушбу мурожаатларим Президент Ш.Мирзиёевга етиб борганида адолат қарор топган бўлар эди.
Афсуски , бу мурожаатларим тўсиқлар бўлаётганлиги сабабли ҳали – ҳануз ўз манзилига етиб бормади.
Ҳурматли дунё жамоатчилиги , халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари ва вакиллари , халқаро юристлар Ассосацияси , Америка юристлар Ассосацияси , Европа юристлар Ассосацияси , халқаро журналистлар уюшмаси аъзолари Сизлардан

-Ушбу ҳолатга қимматли фикрларингизни билдиришингизни , ҳуқуқий баҳо беришингизни ;
– Ишончли вакилларингиз мен билан шахсан учрашув ўтказишига ;
– Ҳақиқий ҳолатни Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевга етказишда ;
– Шунингдек Ўзбекистон ҳуқуқ – тартибот идоралари орқали адолат қарор топишида амалий ёрдам беришларингизни илтимос қиламан.

Маҳкум Суванов .Б.Х
УЯ – 22 ( ЖИЭМ ).