O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Даволанишдан маҳрум қилинган беморлар

Даволанишдан маҳрум қилинган беморлар
145 views
22 June 2012 - 14:35

Ўзбекистон шифохоналарида пропискага қўйилмагани учун беморларни қабул қилмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Би-би-си Тошкент шаҳри ва қатор вилоятларда пропискаси бўлмагани учун даволанишдан маҳрум қилинган беморлар билан суҳбатлашган.

Шифохона масъуллари бу ҳолат барча масканларда рўй бераётгани ва беморлар марказий шифохоналарга юборилаётганини билдиришди.

Бошқа вилоятдан келиб, Тошкентда истиқомат қилаётган Исмоил (исми ўзгартирилган) фарзанди касал бўлиб, шифокорларга мурожаат қилишга тўғри келади.Яшаётган маҳалласидаги поликлиникадан йўлланма орқали ва тез тиббий ёрдам машинасида борган бўлишига қарамасдан Тошкент вилоят Занги ота туман юқумли касалликлар шифохонаси уларни қабул қилмайди.

Шифохонадагилар бемор ушбу туманда рўйхатдан ўтмагани учун даволашдан бош тортишади.

“Мен ўзим турган жойдаги шифохонанинг поликлиникасига тушдим. Поликлиникадагилар кўриб, боланинг аҳволи жиддийлигини билгач, тез тиббий ёрдам машинаси билан туман касалхонасига йўлланма берди. Улар йўлланма билан борган касални қайтариб юборишди. Шунчаки ўзим борганимда бошқа шифохоналарга бориб пулини бериб бўлса ҳам қаратардим”, – дейди Исмоил.

Исмоил кейинчалик фарзандини республика юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришга мажбур бўлади.

‘Ҳамма жойда прописка’

Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонаси исмини ошкор қилишни истамаган катта ҳамшираси агар бемор уларнинг туманида рўйхатда турган бўлса қабул қилишини акс ҳолда вилоят шифохонасига юборилишини билдирди.

“Ҳозир ҳамма жойда пропискага қарайди. Лекин сиз вилоят касалхонасига борсангиз сизни пропискасиз ҳам олади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмалари бўйича дўхтирлар ҳам билишади, хабари бор бўлгани учун жўнатишади”, – дейди шифохона катта ҳамшираси.

Тошкент шаҳридаги 5- сонли юқумли касалликлар шифохонасига қўнғироқ қилганимизда, қабулхонадаги ҳамшира агар бемор маҳаллий поликлиникада рўйхатда турмаган бўлса, фақат марказий шифохонага олиб бориш мумкинлигини айтди.

“Биз фақат шаҳарга қараймиз. Дислокация бўйича, марказий шифохонага борасиз. Агар поликkиникага рўйхатга қўйилганда, қаерга боришни айтардим”, – дейди қабулхонадаги ҳамшира.

Изланишлар давомида нафақат Тошкент шаҳри ва вилоятида балки бошқа ҳудуларда ҳам беморларни прописка бўйича рад қилиш ҳоллари кузатилди.

Facebook ва twitter фойдаланувчилари ўз бошидан кечирганларини ёзади.

“Бундан бир ярим йил олдин қизчамнинг нафаси қисилиб қолди. Мен яшайдиган Самарқанд туман касалхонасидаги дўхтирларнинг тажрибасига ишонмаганим боис Самарқанд шаҳар болалар шифохонасига бордик. У ердагилар биринчи навбатда ҳужжатларимизни сўрашди. Тумандан эканлигимизни кўриб , фақат шаҳарликларни даволашини айтиб, рад қилишди”, – деб ёзади Дилшод Абдулвоҳид исмли фойдаланувчи.

Таниқли адвокат Руҳиддин Комилов беморга пропискаси сабаб биринчи тиббий ёрдамни рад этиш инсон ҳуқуқлари меъёрларига зид эканлигини айтади.

“Гапнинг очиғи бу қонунчиликка ҳам, инсон ҳуқуқларига ҳам зид нарса. Оғриб турган беморни қабул қилмасликка ва биринчи тиббий ёрдамни кўрсатмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу нарса қонунда белгилаб қўйилса ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва мантиққа зид бўлади”, – дейди Руҳиддин Комилов.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

 

bbc.uzbek