O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Даладан келган шеърлар”

“Даладан келган шеърлар”
154 views
03 May 2014 - 16:50

Таҳририятимизга Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва туманларидан ҳамда дунёнинг турли чеккаларида истиқомат қилувчи миллатдошларимиздан кўплаб мактублар келиб тушади. Улар орасида кўнглидан ўтган гапларни шеърият орқали ифодалаган юртдошларимиз ҳам талайгина.

Албатта бу каби шеърлар юксак шеърият талаблари даражасида бўлмаса ҳам, асосийси уларда  йиллардир дилимиздан ўтказиб тилимизга чиқаролмаган сўзларимиз ифодаланган, халқимиз дарди, орзу умидлари ифодалаган.

Шундай шеърлардан бир туркуми яқинда таҳририятимизга Қашқадарё вилоятининг олис бир қишлоғидан келиб тушди. Қуйида бизга йўлланган мазкур шеърлардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Айни пайтда ушбу тўртликлар муаллифига ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни айтиб қоламиз.

ТЎРТЛИКЛАР

Хақиқат учун босмасам  юртимда бир қадам,
Ўйлайман юрт учун гўё мен жонсиз бир одам,
Хақ-ҳуқуқ йўлинда элга нафим тегмаса гар,
Розимасман бу жаҳонда мудом яшасам ҳам.

Чўмич сенда бўлса эртага бошқададур,
Меҳнат қилиб ерин олдирган Қашқададур,
Эй, сен керилма мен хамиша ҳокимман деб.
Ҳақ-ҳуқуқ йўлинда қайтмас ҳам Лойқададур.

Юртим  қонунларида йўқдир сўзлагани тил,
Элим меҳнатинг бирла бағишлагин ўнга тил,
Эй, халқим юртимда харакат қилмаса қонун,
Эл-юрт тақдирин не бўлишин ўйлагин эй дил.

Мустақиллик қомуси берди ҳуқуқ шуни бил,
Ўз Ватанинг, ҳуқуқинг чун ўзинг кураша бил,
Агар ўз ҳуқуқингни ўзинг айта билмасанг,
Юртингда виждонсизлар кўпаяди, шуни бил.

Эй, зот сен орзу қилган жаннат ҳам шул заминда,
Иқбол, эркинлик бари мужассам шул заминда,
Тополмайсан бундай юртни ўзга юртдан, чунки,
Кафтингда қарор топгай  бахтинг ҳам шул заминда.

Майна келиб ўрик мағзин еб данагин отди,
Ит келиб илик, гўштин ютиб суягин  отди,
Аммо булардан баттар либос кийган  манқуртларга,
Нима айтишим билмай тилим лол бошим қотди.

Боболар хокидан олтин олганин кўрдим,
Коинотни инсонлар забт этганин кўрдим,
Эл-юрт учун жонин берса ҳам инсон аммо,
Мансаб учун ҳақни нохақ этганин кўрдим.

Кишилар дардига қилолмай тоқат,
Хар азобга чидайман хақ бўлса бас,
Майли, ур пичоқни кўксимга фақат,
Мен учун  бировни қийнама  эй, нокас.

Йўлда югуриб борарди нодон,
Шу пайт оёғига кирди   тикон,
Ахири тиконни гунохкор деб,
Аламдан захрини сочди  нодон.

Кеча нихол эдинг, келиб  қузғунлар қилдилар пайхон,
Илдиз отдинг такка яна эгдилар, қилдилар яксон.
Лек хайқмай яшнайвердинг  илдизинг етиб бўлоққа,
Охири бошини ҳам қилиб сани этдилар посбон.

Олтмиш ёшгача  тўлиқ хақиқат топмадим,
Эрмак учун юртбошига шикоят ёзмадим,
Адолат учун жоним олса ҳам майлига,
Ўйлаб кўринг қўлга бежиз қалам олмадим.

Шикоят ёздим ўз айбимга иқрор бўлиб,
Одамлардан олдин юрган телбага чиқдим,
Шикоят ёздим юртбоши сўзларинолиб,
Қўштирноққа олинган “Ёзувчи”га чиқдим.

Шикоят ёздим неваралар ҳаққи  чун,
Виждонсизга телпак кийган аёлга чиқдим,
Шикоят ёздим қонунларни бузгани чун,
Эл орасида юрган бузғунчига чиқдим.

Пахтакор бўлдим  Юртбоши дардларин юзага чиқармоқ учун,
Ният қилдим пахтакорлар манфаатин ҳимоя қилмоқ чун,
Мустақиллик берди бархам Юртбоши айтган дардларга,
Қалам ўрнига кетмон олдим далада ўмрбод ишламоқ чун.

Порахўлар ўз еримдан қувуб солдилар,
Қайга борсам мани гапим ёлғон бўлди,
Ўз юртимда хақиқат топаолмай оқибат,
Ишсизликдан бутун ноним ярим бўлди.

Олтмишга тўлдим адолат изин суриб,
Лек фарзандларим ишсизликдан сарсон бўлди.
Фирибгарларнинг қилмишидан ўзга юртларда,
Меҳнат ҳаққин ололмай кимларгадир қул бўлди.

Эй йигитлар ишонмагил фирибгарлар сўзига,
Тақдиринг ўйламай қулоқларингга сирға тақар,
Ўз ҳақ-ҳуқуқ, манфаатинг билмасанг гар билиб қўй,
Қонун бузар шахслар қўлларинга кишан тақар.

Шикоят  ёздим неваралар хаққи учун,
Тинчим бузиб еган ноним захар қилишди.
Мендан  сўрамасдан изоҳ нима қилди деб,
Айбдорлар кўча куйда миш-миш қилишди.

Неча кун, неча тунларим бедор ўтди, нима едим, нима ичдим билмадим
Ўзбек ўзбек ҳуқуқин паймол этди, Илецкдаги  ўғлим  не бўлди билмадим.
Тутқунликда айтган сўзларини эшитиб, қалбим нафратга тўлди, нетайин,
Ёнимда йўл кирам йўқ, ёнига бораолмай сулғун юзларини эсладим.

Залга кирдим бева аёл манфаатини ҳимоя қилмоқ учун,
Бироқ бермади рухсат хужжатлар соҳталигин исботлаш учун,
Аммо лекин қози тингламади, бева аёл дард хасратин,
Оқибат уй-жойсиз  сағирлар қолди, кўчада яшамоқ учун.

Жамоат ҳимоячиси бўлдим махбусни ҳимоя қилмоқ учун,
Иккинчи томон топа олмадилар таёқ мени умоқ учун,
Асоссиз қарор чиқарди раис мени залдан чиқормоқ учун,
Адолат топмадим қатор-қатор шикоят ёзиб хақиқат учун.

Қанотим  йўқдир коинотга учгани,
Рухсатим йўқдир Юртбошига киргани,
Гар юртимда адолат топа олмасам,
Қайларга борай дардларим айтгани.

Порахурлар дастидан нафратланиб қилдим харакат,
Аммо топаолмадим тўлиқ ҳеч бирон бир хақиқат,
Ёлғиз отни чанги чиқса ҳам донғи чиқмас экан,
Эй, халқим бошингни кўтар! Қонун бузарга қилмаги тоқат.

Қўлга олдим ният билан қалам ўрнига кетмонни,
Кишилар ҳаққига қилмай ҳиёнат қилдим меҳнатни,
Лекин еримдан бўлдим қувғин қонун бузарлар дастидан,
Аммо сен ўйлама улуғ ҳалқим бор, тинглайди дардимни.

Қайта олдим қўлга кетмон ўрнига тиғли қаламни,
Хақиқат учун бахшида этаман тани жонимни,
Хақ йўлинда мақсадимга етмагунча энди қайтмасман,
Розиман суғириб олсалар ҳам қоним бирла жонимни.

ХАЛҚИМГА  МУРОЖААТ  ЭТАМАН

Эй, халқим ахлоқ учун бошингни кўтар!
Маънавиятинг етук бўлиш даври келди,
Эй, халқим Ватан учун бошингни кўтар!                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                      Яратувчи бўлиб етишиш даври келди. (….)

Ахлоқсиз нопокларга тил бергунча тилсиз қилсанг бўлмасмиди, Эй, худо,
Ўз халқига қасд қилганга қўл бергунча қўлсиз қилсанг бўлмасмиди, Эй, худо,
Тўғри сўзинг туққанингга ёқмас экан бири кам дунёда Эй, худо,
Хақга  хиёнатни кўрган икки кўзим кўр қилсанг бўлмасмиди, Эй, худо.
Нохақликни  эшитган икки қулоғим кар қилсам бўлмасмиди, Эй худо.

Мажлисбозлик, тамагирлик  хукм сурса,
Хақ-ҳуқуқимиз фақат саҳнада турса,
Ош-нонимизни  тамагирлар туя қилса,
Фойдамиздан қўша-қўша  “NЕXIA”  минса,
Эй, халқим итоатгўй бўлмоқ не керак…

ЭЙ ХАЛҚИМ, ОЧ КЎЗИНГНИ!

Ўзингдан кетди фикр,
Сўзингдан кетди фикр,
Ишингдан кетди фикр,
Эй, халқим оч кўзингни!

Кўнма нокас сўзига,
Юрма нокас йўлидан,
Учма нокас пулига,
Эй, халқим оч кўзингни!

Бошлиқдан кетди фикр,
Ҳокимдан кетди фикр
Табибдан кетди фикр
Эй, халқим оч кўзингни!

Бошлиқ ҳам ўзингсан ку,
Ҳоким ҳам ўзинг сан ку,
Табиб ҳам ўзингсан ку
Эй, халқим оч кўзингни!

Ўртоқдан кетди фикр,
Миршабдан кетди фикр
Олимдан кетди фикр
Эй халқим оч кўзингни!

Ўртоқ ҳам ўзингсан ку,
Миршаб ҳам ўзингсан ку
Олим ҳам ўзингсан ку,
Эй, халқим оч кўзингни!

Хақиқтни рад этма,
Тўғри сўзни ман этма,
Ватанимни хор этма,
Эй, халқим оч кўзингни!

Фақат тўғри йўл учун,
Ўз юртинг аҳлоқи чун,
Инсон омили учун,
Эй, халқим оч кўзингни!

Сўзла тўғри талабни,
Ташла тўғри қадамни,
Бажар тўғри талабни
Эй, халқим оч кўзингни!

Сўзла тўғри талабни,
Ташла тўғри қадамни,
Бажар тўғри талабни
Эй, халқим оч кўзингни!

Юртим қайта қуриш чун,
Ёшлар тарбияси чун,
Порлоқ келажак учун,
Эй, халқим оч кўзингни!

РАХМАТ  ДУРСАЕВ