Етим йиғлар. Есир йиғлар. Хор йиғлар,
Хорликларга дош беролмай, зор йиғлар.
Тақдир ҳукми шу бўлдими, Туркистон?
Юрак-бағри ўртаб, дўсту-ёр йиғлар.
Дард устига дард ёғилди бошингга,
Кимса боқмас кўздан оққан ёшингга.
Ёвинг оғу қўшаётир ошингга…
Кўриб, жисми аро руҳи бор йиғлар.
Ўз фарзандинг бугун ғаним ўзингга,
Қараб туриб, чўп тиқади кўзингга.
Парвоси йўқ ғарғарадек сўзингга…
Оёқости бўлиб номус – ор йиғлар.
Хаёл ичра боқсам гоҳо ортимга,
Дили ўксик она тушар ёдимга.
Ўтлар тушсин шеърим – истеъдодимга…
Шўрим қуриб, бошим узра дор йиғлар.
Ўксик дилинг ёритолмам сўз билан,
Кўз ёшингни аритолмам сўз билан.
Йўқни ахир бор қилолмам сўз билан…
Зорлигингга кўнгиллар зор, зор йиғлар.
Қаддинг бор-ку, кўтармайсан қаддингни,
Ҳаддинг бор-ку, кўрсатмайсан ҳаддингни.
Туркистоним, ким қайтарар шаҳдингни…
Кўзларимга дунё бўлиб тор, йиғлар.
Иқрор
Менинг энди дунё билан ишим йўқ,
Қариб қолдим. Тишлашгани тишим йўқ.
Чигалликлар чангалида ҳар томон,
Алғов-далғов муаммога ечим йўқ.
Ажратолмай ҳақу-ноҳақ орасин –
Умрим ўтди. Энди ортиқ кучим йўқ.
Исканжада, азобларда қолди жон,
Бошвоғимни йўқотганман… Тинчим йўқ.
Эй, сиз жоҳил, ҳасис, очкўз оломон,
Дунё сизга бўлсин, менинг ҳушим йўқ.
Эл қонини сўринг, ичинг, бемалол,
Қўлингизни тутадиган ҳеч ким йўқ.
Ёдгор Обид