ДАХЛСИЗ ИНОЯТОВНИНГ НАРКОПЛАНТАЦИЯЛАРИ ҲАМ ДАХЛСИЗМИ?
Ўзбекистоннинг ўрмонлари, тоғли ва чўл деб аталадиган, аммо аслида сув чиқариш имконияти яратилган ҳудудлари борки, ундай жойларга ҳар қандай кишининг ҳам қадами етишини тасаввур этиш қийин. Сабаби у ерларда фақат бангивор ўсимликлар етиштирилади ва у манзиллар қаттиқ қўриқланади. Бугунги кун тилига яқинроқ қилиб айтилганда, бу қадар ҳадсиз бўлган наркоплантациялар ёппасига Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, айни пайтда ҳам дахлсиз-Рустам Иноятов бошлиқ алоҳида гуруҳ томонидан шахсан назорат қилинади. Кўпчилик билса-да, бу ҳақда оғиз жуфтлашга ҳалигача ўзида журъат топа олган эмас.
Шу ўринда яна бир жиҳатга урғу бермоқ жоиз. Республика миқёсида танланган ва мўлжалланган туманлардагина тиббий соҳа мақсади ва эҳтиёжини қондириш учун ҳам нашавор ўсимликлар экилади. Бунга маълум бир ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланган ва чекланган миқдор доирасида рухсат ҳам берилган бўлиши мумкин. Аммо кўпгина ҳолларда изн борлиги рўкач қилиниб, керагидан бир неча ўн баробар кўпроқ майдонга кўкнори уруғи қадалиш ҳолатлари юз бериб турганлигини инкор этиб бўлмайди. Бу каби қонунбузилишларнинг қоқ марказида ҳам албатта МХХ турганлиги аниқ. Фақат бундан худди шу тизим босси ҳамда унга тегишли гуруҳнингина чўнтаги қаппайиши бор гап.
Мамлакат бўйлаб хусусан, тоғли ҳудудларда террорчиликка қарши кураш ниқоби остида бир неча маротаба ҳарбий ҳаракатларга қўл урилганлиги кўпчилликнинг ёдида бўлса керак. Шундай қўрқинчли ва сирли амалиётларнинг бири сабаб зулм-зўравонликка, таҳқирланишга, сарсон-саргардонликка дучор этилган Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани аҳолиси юрагида тузалмас жароҳат пайдо қилганди. Ҳодисалар бошланишидан олдин ҳам, кейин ҳам “Наркоташувчилар, диний-экстремистик гуруҳлар пайдо бўлди” дея қип-қизил ёлғон, бир-бирини инкор этувчи хабарлар тарқатилиб бутун дунёга жар солинди. Ана шу тахлитда олиб борилган ҳаракатларнинг барчаси айнан миллионлаган инсонлар ҳаётини издан чиқараётган ОҒУ-гиёҳванд модданинг касофати деб содир бўлганлигини кимдир билди, кимдир билмади. Нега айнан шу заҳри қотил боис гўёки қуролли тўқнашувлар келтирилиб чиқарилди? Бунинг асл сабабларига бирма-бир тўхталиб ўтсак.
Ўзбекистон расман мустақил бўлгач, фойда келтириши мумкин бўлган деярли барча соҳалар ҳовуч коррупцион гуруҳнинг қўлига ўтди. Буни оддий кишидан сўрасангиз ҳам билади. Фақатгина бу ҳақда гапира олмайди, шу хусусда оғиз очса нима бўлишини билади. Шу коррупционерлар сабаб мамлакат иқтисоди равнақ топмаётганлигини бугунги оғир ва абгор вазият фош этиб турибди.
Гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ яширин тарзда олиб бориладиган криминал жабҳа ана шу коррупцион гуруҳнинг фойда оладиган манбаларидан бири эди.
Наркобизнесдан келаётган мўмай даромадни янада кўпайтириш мақсадида илгари аҳоли назаридан пана жойларда бангивор ўсимликлар экиш ишлари авж олдирилди. Айниқса, МХХга Рустам Иноятов раҳбар бўлиб келган 1995 йилдан буёғига айни бу хил майдонлар кенгайиб борди. Бу ерда гап фақат Ўзбекистон ҳудудидагина етиштирилаётган нашавор ўсимликлардан кўрилаётган фойда хусусида бормоқда.
Ташқаридан кириб келаётган ва бошқа ўлкаларга транзит тарзда олиб ўтилаётган наркотиклар ҳамда Термизда аҳоли нима учун тунда маълум муддатга электрсиз қолишларини эса асти сўраманг. Чегарадан вагонлаб мамлакат ичкарисига киритилаётганларига тўғаноқ бўлишга уринган баъзи виждонли зобитларнинг ўз-ўзидан ғойиб бўлиб, бир неча кундан сўнг жонсиз танаси чиқиши эса даҳшат…
Ушбу турдаги экин далалари кенгайгани сайин у ҳақдаги сирли информациялар кўлами ҳам кенгая борди. Бу ҳақдаги маълумотларнинг аҳоли, кенг жамоатчилик орасида ёйилиши шу тизим раҳбарияти учун янада хавфли кўриниш ола бошлаган. Ўзи учун таҳликали бўлган бундай ҳолатдан МХХ босси хавотирланмаслиги мумкин эмасди. Чунки, бу борадаги ташвишли сигнал, яъни кейинги йилларда нашавор ўсимликлар экиладиган ерлар ҳамда ундан келаётган даромад бир неча баробарга ортганлиги ҳақидаги хабар президент девонигача етиб келиш эҳтимоли кучайгани Иноятовнинг ўтакасини ёриши турган гап эди. Бу маълумотлар халқаро миқёсда тарқалиб кетиши мумкинлиги унда янада жиддийроқ ташвиш уйғотаёганди. Таҳдидни бартараф этиш ва ундан қутулиш учун МХХ раҳбари вазиятни бутунлай бошқа бир ўзанга буриб юборишнинг режасини тузишга қизғин киришади. Бунинг учун у шу юрт аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигини ҳам чалғитиш-ишонтириш мумкин бўлган синалган усулини қўллайди, яъни террорга қарши курашилаётгандек қилиб кўрсатишга доир саҳна-сценарийсини ишлаб чиқади.
1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин Тошкент ва Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида террористларга қарши курашиш ниқоби остидаги ҳарбий ҳаракатлар Рустам Иноятов ташаббуси билан махсус-сунъий тарзда уюштирилди. Кузатувчиларга кўра бу МХХ ва ИИВнинг ўртасидаги гиёҳванд моддалардан келадиган манфаатлар тўқнашуви, жанги бўлган. Қайсидир маънода бу гапда ҳам жон бор.
Нима эмиш, тоғдан наркотик ташиётган кимса-террористлар карвони ҳақида муҳим маълумот тушганмиш. Яна нима эмиш, улар гиёҳванд моддаларни Афғонистондан олиб келаётганмиш. Мутлақо бўлмаган ва ҳақиқатга ёпишмайдиган миш-миш эди буларнинг ҳаммаси.
Ўзбекистонда ҳар бир қарич ер назоратда бўлса-ю, қандай қилиб бу каби ҳолатлар юз бериши мумкин? Ақлга сиғадиган иш эмас бу. Кейинги вақтларда тоғли ҳудудда кўкноридан тортиб бошқа бир турдаги наркотик ўсимликлар жойи кенгайгани сайин у ерда ғимирлаб қолган мутлақо бегона шахсларнинг ҳам сони ортиб борган. Бу эса ўз-ўзидан маҳаллий аҳолининг тинчини буза бошлаган. Ерли халқни менсимаслик ва уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш билан боғлиқ нохушликлар бот-бот такрорланаверган. Бундан ташқари, одамларнинг чорва моллари сабаб-бесабаб йўқола бошлаган. Энг ёмони баъзи оилалардаги аёл-қизларга нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари ҳам содир этилган.
Аввалига мусофир кишидек бўлиб юрганлар кимсаларнинг елкасида кейинги вақтларда замонавий қурол-яроғларнинг ҳам пайдо бўлиб қолаётганлиги кўпчиликнинг хавотирини ошира бошлаган ва бу одамларнинг ҳақли равишда норозилигини келтириб чиқарган. Сўнгги вақтларда очиқ-ошкора қуроллар билан таҳдид қилиш ҳаракатлари ҳам қайд этилган.
Узун туманидаги бангивор ўсимликларни қайта ишлайдиган цехлар бир гал панд бериб ишламай қолган. Шу сабабдан қандай қилиб бўлмасин хом ашёларни Ургут туманидаги цехларга олиб бориш зарурати туғилиб қолган. Катта юкни тоғма-тоғ олиб юриш учун кўпроқ от-уловга эҳтиёж туғилган. Аслида можаро шундан бошланган. Яъни улар шундоғам жонига теккан тоғликларнинг оти-эшагини сўраб-сўрамасдан олишга ва имкон қадар текин фойдаланиш йўлига ўтмоқчи бўлишган. Чорва моллари бедарак кетаётган одамларнинг суягига пичоқ қадалгандек бўлган, жунбушга келган бир неча оила участка нозирига хабар берган ва агар кескин чора кўрилмаса Тошкентгача бориши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Чунки, ерли халқнинг асосий ва муҳим транспорт воситасига айланган от-уловлари аллақачон наркоетиштирувчилар томонидан қўрқитилиб олиб қўйила бошланган. Улар борган сари қутура бошлашган. Гиёҳванд ўсимликлари плантацияларини қўриқлаётган ва уни ташувчилар-кўпчилигининг шахси номаълум кимсалар бўлган.
Рустам Иноятов ўз манфаати ва манфур ниятини амалга оширишда ёвузликнинг ҳар қандай турларидан максимал даражада фойдаланганлиги, бундай ҳаракат айни вақтда ҳам давом этаётганлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бангивор ўсимликлар ҳудудини кенгайтириш орқали иқтисодий жиҳатдан янада бойиш, ўпқон нафсини қондириш йўлида у ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ваҳшийга айланди. Чунки, ана шундай қиёфани ўзида акс эттирган МХХ босси ва унинг шотирлари вақти-вақти билан тоғли халқнинг ерлари, қўй-қўзилари, от-уловларини тортиб олишдек зўравонликлари етмагандек, ўша ерлик аҳолини ўз турар жойидан мосуво қилиш режасини ҳам туза бошлайди. Иноятов лойиҳаси асосида бир эмас, икки эмас, балки йигирмадан ортиқ тоғдаги қишлоқлардан аҳоли мажбуран кўчирила бошлайди. Бу анча олдин, ҳали у жойларда террористик ҳаракатларга қарши курашиш ниқоби остида амалиётлар хусусида гап-сўзлар урчимасдан бурун бошланган сирли, даҳшатли бир қатағон-сургун эди, дейиш мумкин.
Яна бир муҳим маълумот: Рустам Иноятовнинг МХХга раҳбарлик йилларида республика бўйича тоғли туманларда кўкнори экилган экинзорларни йўқ қилиш билан боғлиқ тадбир доирасида бирон маротаба вертолётларнинг ҳавога кўтарилганлигини ҳеч ким кўрган эмас. 1995 йилгача бу борадаги амалиётларга оид видеотасвирларни деярли ҳар йили телевизорларда кўриш мумкин эди. Ҳаттоки, собиқ шўро давлати ҳукмронлиги даврида ҳам шу ажал оғуси етиштириладиган тоғли ҳудудларда уни йўқ қилинаётганлигига доир кўрсатув-лавҳалар аҳён-аҳёнда бериб бориларди. Лекин кейинги йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида бундайин очиқ кўринишдаги фош қилишларга мутлақо чек қўйилди. Албатта бундай “жим-житлик”нинг таг-замирида ҳам қандайдир мақсадлар ётганлиги ўз-ўзидан маълум.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссиясига эса тоғли ерлардаги гектарлаб экиладиган бангивор ўсимликлар борасида лом-лим дейилмайди. Бу хусусда бирор-бир маълумот ҳам берилмайди, статистик рақамлар қайд этилмайди ҳам. Фақат номигагина ҳисоботни бўрттириб кўрсатиш учун “Эшмат ёки Тошматнинг томорқасида нималардир етиштирилаётганлиги аниқланиб, тегишли чора кўрилдими-кўрилди” тариқасида бир нарсалар қораланиб, далолатнома тузиб қўйилади, нари борса.
Чунки, дахлсиз Рустам Иноятов 20 йилдан ортиқ давр ичида нафақат МХХга раҳбарлик қилди, балки у Ўзбекистондаги наркомафияга ҳам раҳнамо бўлишни уддалади. У ҳозирда отдан тушгани билан ҳали эгардан тушгани йўқ. Шу кунларда ҳам давлат маслаҳатчиси ва сенаторлик мавқеларидан фойдаланиб наркобизнес билан боғлиқ фаолиятини давом эттирмоқда. Унга ҳали биров мушугини пишт дея олмаётган кўринади. Сабаби бу ўта нозик ва ўта хавфли бўлган криминал жабҳанинг илдизи анча чуқур…
Рустам Иноятов наркобизнесдан сувдай оқиб келаётган жарақ-жарақ даромаддан шунчаки айрилгиси йўқ. У бугунги кундаги мавқеидан ҳам унумли фойдаланиб қолиш йўлида тинмай тер тўкмоқда. Имкони борича уни ўз қўлида сақлаб қолиш учун барча ресурсларини иш солмоқда. Тоғли туманлардаги серунум ерларни қайтадан ўзининг энг ишончли одамларига аллақачон тақсимлаб ҳам бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, бу тақсимлашдан бош вазирнинг хабари бор, аммо сердаромад жабҳадан негадир президентнинг хабари йўқлиги кўпчиликни ажаблантирмоқда.
Сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси, сенатор-Иноятов ўз хизмат вазифасига кўра, дахлсиз бўлгани каби наркоплантацияларининг ҳам дахлсизлигини умрининг охиригача таъминлаш ниятидан воз кечмаган кўринади.
Абдулворис Салом