O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Декларация ҳақида холис гувоҳнинг кундалигидан

Декларация ҳақида холис гувоҳнинг кундалигидан
389 views
20 June 2022 - 22:41

1990 йилнинг 20 июн куни Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси ҳақида гапирганда, бу улкан ва тарихий жараёнга ҳисса қўшганларни иложи борича эслаш лозим, деб ўйлайман. ЭРК демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг саъй-ҳаракатларига баҳо беришда ожизман, лекин, чеккада туриб ёрдам берганлар ва қўллаганлардан баъзилари ҳақида билганларимни айтишим мумкин. Шундай ватанпарварлардан бири – Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Кибернетика илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Бош директори, марҳум ВОСИЛ ҚОБУЛОВ (1921 – 2010) эдилар. Ўша кезларда Олий Кенгаш депутати бўлганлар
Мен 1997-98 йилларда устоз билан кўп мулоқотда бўлиб, кундалик дафтарларини ўқиб-ўрганиб чиққанман. Ўттизта қалин дафтардан иборат “Кундаликлар”дан кўчирмалар қилиб, матбуотда бир нечта мақола эълон қилганман. Уларда мустақиллик Декларацияси ҳақида ҳам эътиборга лойиқ гаплар айтилган, мана бугун, кўпчиликка маълум қилиш фурсати келди. Дафтарларда қандай ёзилган бўлса, иложи борича ўзгартирмасдан, санаси тартибида келтираман.
* * *
14 июнь, 1990 й., пайшанба.
Ҳозир ҳаммани Ўш воқеалари, жумҳуриятларнинг суверенитети, ЎзССЖ Олий Кенгашининг 18.06.90 й. да бошланадиган сессияси ташвишлантирмоқда. Бу сессияда ер мулкчилиги ҳақидаги қонун муҳокама қилинади. Декларация лойиҳасини тавсия қилиш фикрим бор.
15 июнь 1990 й., жума
Эрталаб соат 7:30 да Ангренга йўл олдик. “Ўзбекэнергоремонт” ташкилотининг дам олиш зонасига. Бу жой шундоққина Ангрен сувининг бўйида, шўрлик дарёнинг бутун қирғоғини ташкилот ва муассасалар бўлиб олишган. Бу, тарихий Облиқ бошида.
Учрашувнинг ташкилотчилари Анвар Каримов, Фарход Зуннунов, И.Х.Убайдуллаев, Ромен Зоҳидов, Ёлқин, Эркин Қосимов, Турсунов (Ҳусан), Турсунов (биолог), Мўминов Н.О., Иброҳимов И.И., Ирматов М.И. ва бир нечта ёшлар.
Аввал Декларация масаласини қизғин муҳокама қилдик. Душанба кунига тайёрлаб, Олий Кенгашга тавсия қилмоқчи бўлдик.
Жумҳуриятнинг мустақиллигига кўмакдош олимларнинг кўнгилли жамиятининг биринчи ишчи йиғилиши шундай ўтди.
17 июнь, 1990 й., якшанба.
Комилов М.нинг отаси вафот этган экан (82 ёшда), бутун умр муаллимлик қилган, ажойиб одам эди, таъзия билдириб келдик. Қайтиб келиб, Декларация устида ишладим. РСФСРнинг Декларацияси чиққан “Аргументы и факты”ни олиб келишди. Декларацияни тугатдим. Зўр диққатни талаб қилди, бу иш.
18 июнь, 1990 й., душанба.
Эрталаб институтга кириб, Декларациянинг қўлёзмасини қолдирдим, бир нусхасини олиб, МК га, Олий Кенгаш сессиясига кетдим.
Биринчи бўлиб Муҳаммад Солиҳни кўрдим. Унинг қўлида Декларациянинг учта варианти бор экан. Ширинқулов, Мирсаидовлар келишди. Улар ҳам Декларация ҳақида…
Сессия кун тартибининг муҳокамаси бошланди. Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар Декларацияни кун тартибига киритишга узоқ ҳаракат қилишди. Иброҳимовга Декларациянинг 63 депутат имзо қўйган учта вариантини беришди. Бўлмади.
19 июнь, 1990 й., сешанба.
Олий Кенгаш, соат 11:00, Эркин Жўраев қўмита раиси ўринбосари. Мулк қонуни устида иш бошланди. Муҳаммад Солиҳ фикрларини назарда тутиб, 25 модданинг 5- ва 7- бандлари олиб ташланди. Бу бандларда Иттифоқнинг мулки қайд қилинган эди.
Бошқа ўзгаришлар киритилмади. Мен кетдим. Яна ҳамманинг ишончи комилки, қонун ўтади…
Тунги соат иккигача телевидение орқали сессияни кўрсатишди. Ниҳоят, охирида айтилди: “62 депутат Ш.Р.Мирсаидовга Декларация масаласида мурожаат қилишган ва уларни кичик золга, Мирсаидов билан суҳбат қилишга таклиф қилишган.”
20 июнь, 1990 й., чоршанба.
Сессия бошланишига етиб боролмадим. Соат 11:30 да телефон қилиб билсам, Декларация муҳокама қилинаяпти экан. Демак, Муҳаммад Солиҳ, Ширинқулов ва бошқалар ниятларини амалга оширишибди.
Олий Кенгашга етиб борганимда, Декларация қабул қилиниши муносабати билан қарсаклар бўлаётган экан. Нима қилиш керак? 70 та олим имзо қўйган Декларациянинг вариантини Ширинқулов орқали беришга тўғри келди. Мирсаидов бошчилигида группа тузилибди…

Сўнг, “Ер” ҳақидаги қонун муҳокама қилинди. Уни академик В.Қ.Қобулов киритган битта тузатиш билан қабул қилишди. Шунисига ҳам раҳмат.
26 июнь, 1990 й., сешанба.
15:00 – Муҳаммад Солиҳ келди. Қандай жанг қилиб, Декларацияни ўтказганини гапириб берди. Митинг қилиш пўписаси билан уни нашр қилдирган. Концепция устида ишлаймиз…

Қудрат Дўстмуҳаммад