O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Демократик кучлар форуми

Демократик кучлар форуми
266 views
04 September 2016 - 7:33

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(75)

ДЕМОКРАТИК КУЧЛАР ФОРУМИ

Март  ойининг  охирида  янги  ташкил  қилинган  «Ўзбекистон Демократик  Кучлари  Форуми»нинг  биринчи  мажлисини  ўтказдик.

Мухолифатдаги  ташкилотлар  89-йилдан  бери  илк  даъфа  бир шамсия  остида  тўпланаётгандилар.  Мажлисда  ўлкадаги  сиёсий вазият хусусида шундай маъруза қилдим:

«Бугунги йиғилишимизни Демократик кучларнинг анжумани деб  атадик.  Бу  ном  албатта  шартли  бир  номдир.  Бу  номни бемалол мухолифатдаги кучлар анжумани, деб ҳам аташ мумкин. Чунки, бугун бизнинг жумҳуриятда ҳар қандай демократик гуруҳ фақат мухолифатда бўлиши мумкин.

Биз Ўзбекистон БМТга аъзо бўлиб, Хелсинки Шартномаси ва бошқа халқаро ҳужжатларга имзо чекканидан бошимиз осмонга етди.  Аммо  аччиқ  бўлса  ҳам  тан  олиш  керак-ки,  бу  тарихий воқеалардан сўнг демократияга қарши хуруж авж олишини барча демократлар ботинан билар эди.

Бу хуруждан нолиётганлар «бу қандай сиёсат, ишим битди, эшагим лойдан ўтди, сиёсатими?», дея ҳайқирмоқдалар. Улар «Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ўзбекистонни демократик давлат бўлгани учун эмас, аксинча, демократик бўлмагани учун, ундаги  демократик  жараёнга  тезроқ  туртки  бериш  учун  ўз сафида қўшди,» дейдилар.

Бу нормал бир мантиқдир. Бу мантиқ шу қадар нормалдир-ки, у фақат нормал бир жамиятда қабул қилиниши ва англаниши мумкин. Бизнинг жамиятимиз нормалми?

Мен шу ҳақда гапирмоқчиман ва нутқимни «қайта қуриш» деган кўҳна тушунчадан бошламоқчиман.

Қайта қуриш даврида сиёсатшунослигимиз янги атамалар билан бойиди. Буларнинг энг кўп тарқалгани «демократия» ва «ошкоралик»дан ташқари, «тоталитар тузум», «коммунистик режим» ёки «диктаторлик бошқаруви» кабилардир. Шуни айтиш керак-ки, бу атамалар бугун Русия ва болтиқбўйи давлатлари учун эскиргандир.  Бу  атамалар  бизда  кўпроқ  қўлланилади.  Ўзини радикал деб санаган кишилар жумҳуриятдаги номлайдилар. Янги ҳукуматни «неокоммунистик» дея, президентни эса «яккаҳоким,» деб  атайдилар.  Бир  қарашда,  бу  атамалар  ўз  ўрнида ишлатилаётгандай туюлади. Чунки, жумҳуриятда демократик принциплар  ҳақиқатан  ҳам  қарор  топгани  йўқ.  Чунки,  бозор иқтисодиёти  ва  хусусий  мулкчиликка  муносабат  ҳам  эскича. Чунки, бошқарув усуллари ҳам, давлат тизимлари ва унда ўтирган одамлар ҳам эскидир. Ва ниҳоят, Президент чиндан ҳам барча ҳокимиятни ўз қўлида марказлаштиришга мойиллик кўрсатмоқда. Тоталитар  тузум  дегани  шу  эмасми,  дея  хитоб  қилади радикаллар. Яккаҳокимлик шу-да, дея ҳайқиради улар.

Тузумни  танқид қилар экан, уни «тоталитар» дея Лекин вазият  чуқурроқ  таҳлил  этилса,  мавжуд  тузум  ҳам,  янги номенклатура ҳам, давлат бошлиғи ҳам аввалгиларидан мутлақо фарқлидирлар. «Тоталитар тузум» атамасини олайлик. Бу атама бизнинг турмушимизни асло белгилай олмайди, чунки, тоталитар тузум, биринчи навбатда, мустаҳкам ҳокимият деганидир. Бундай ҳокимият  бугун  собиқ  Иттифоқнинг  бирорта жумҳуриятида, шунингдек, бизнинг жумҳуриятимизда ҳам йўқдир. Шу маънода, бирорта жумҳурият иккинчи жумҳуриятдан ўзиб кетгани йўқ ва улар бирор бир нарсада тенг бўлсалар, айнан шу ҳокимиятсизликда тенгдирлар. Март ойида Москов кўчаларида қизил байроқларини қиличдай  сермаб,  шўролар  иттифоқини  тиклашга  чорлаган коммунистлар худди ўша мустаҳкам ҳокимиятни талаб қилган эдилар.

Иккинчидан,  тоталитар  давлат  структуралари  ягона мафкура доирасида ягона сиёсий мақсад сари йўналтирилади. Бугун бизда ягона мафкура йўқ.

Тоталитар тузум мафкураси бизнинг ҳаётимизда шу қадар катта  ўрин  эгаллаган  эдики, у йиқилгандан сўнг  пайдо бўлган бўшлиқни  тўлдириш  учун  фақат  «демократия»  ва  «бозор иқтисодиёти»нинг ўзигина камлик қилади. Бу бўшлиқни ҳатто диний ёки миллий мафкура ҳам тўлдира олмаяпти.

Шунингдек,  сиёсий  мақсадимиз  ҳам  туманлидир.  Бугун демократик  давлат  яратамиз,  дея  эълон  қиларкан,  биз  кеча, коммунизм  қурамиз,  деган  хаёлпарастларга ўхшаб қолаяпмиз, чунки, бундай давлатни қуриш учун ҳеч қандай кафолат йўқ.

Учичидан,  тоталитар  тузум  давлатни  бошқаришда омманинг қўрқувига суянади. Бундай қўрқувни яратиш учун кучли ҳокимият бизда йўқлигини айтдик, демак, бугун бизда қўрқув ҳам йўқ. Порахўрликнинг очиқдан-очиқ авж олаётгани, коррупция ва жиноятчиликнинг юқорилаб бораётгани, давлат тизимларидаги ошкора саботаж ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмаслигини билдиради. Саналган факторлардан кўриниб турибди-ки, мавжуд тузумни тоталитар деб аташ мумкин эмас.

Демак, бу тузум тепасида турган Президентни ҳам «якка ҳоким»  дейишга  асос  йўқ.  Чунки,  у қўл остига жамланаётган ҳокимиятларнинг бирортаси (қонун чиқарувчи, ижроия ва адлия ҳокимиятлари)  ўз  функциясини  бажараётгани  йўқ.  Агар бажарганларида эди, юқорида айтилган ҳуқуқсизлик, порахўрлик, коррупсия, жиноятчиликка жилов топилган бўларди.

Президент демократик принсипларни топтаётган бўлса, бунга  ҳам ажабланишнинг кераги йўқ, чунки, бу принсипларга Президент  каби Олий Кенгаш ҳам, суд, прокуратура ва оддий фуқаро ҳам амал қилмайди, яъни, қонунсизлик ва ҳокимиятсизлик олдида Президентдан тортиб, оддий фуқарогача ҳамма тенгдир. Март ойидаги Москов кўчаларига чиққан коммунистлар ана шу ҳокимиятсизликни  баҳона  қилиб,  тоталитар  тузумни  ҳимоя қилган  эдилар.  Бизнинг  жумҳуриятимизда  ҳам  турғунлик йилларини  соғинаётганлар  сонмингта  ва  бу  соғинчни  хунта ҳукмрон бўлган кунлари жуда кўплар ошкор кўрсатди. Агар вазият ўзгармаса,  бу  гуруҳларнинг  тарафдорлари  кўпайиб  боражак, чунки,  одамларнинг  кўпчилиги  тоталитар  ёки  демократик ҳокимият  йўқлигидан  эмас,  умуман  бирон  бир  ҳокимият йўқлигидан норози бўлмоқдалар. Улар коммунистик мафкурадан безиб  бўлганлар,  аммо,  қандай  бўлмасин,  бирон  мафкурасиз 
яшашга  ҳам  рози  эмаслар.  Ва  ниҳоят,  улар  ўз  фуқаросига иқтисодий ва сиёсий кафолат беришга қодир бўлган бир тузум истайдилар.  Лекин  бундай  тузум  собиқ  Иттифоқ жумҳуриятларининг бирортасида йўқдир.

Бўлмаса, қандай тузум бор? Қизиғи шунда-ки, ҳеч қандай тузум  йўқ.  Шу  сабаб,  шўрлик  сиёсатчиларимиз  чет  эллик мухбирларнинг «қандай тузум бўлади?» деган саволига жавоб тополмайдилар.  Шу  боис,  биз  «Хитой  модели»дан  «Америка модели»га, «Америка модели»дан «Қурия модели»га сакраймиз, қўним тополмаймиз. Ҳа, биз бугун шундай бир тарихий босқичга келиб  тўхтадик-ки,  бу  босқични  «тузумсиз  тузум»  деб  аташ мумкин ва бу атама қайта қуриш яратган энг сўнгги атама бўлса, ажаб эмас.

Бундай  вазиятда  мухолифатнинг  ҳам  роли  ўзгаради. Мухолифат  бугун  маълум  бир  тузумга  эмас,  мавжуд тузумсизликка қарши турган кучдир. У тузумни ўзгартириш учун эмас,  янги тузум пайдо қилиш курашига шайланмоқда. Ва биз талаб қилаётган Конституция бу курашнинг биринчи ва муҳим босқичи бўлажак. Бугунги сиёсий вазият ҳақида «Эрк» партияси мисолида қисқача ахборот бермоқчиман.

Сайлов  ўтгандан  кейин  «Эрк»ка  тазйиқ  икки  баробар кучайди. Газетамиз ёпилиш арафасида турибди. Сензура назорати кун  сайин  шафқатсиз  бўлиб  бормоқда.  Газетанинг  11-сони вақтида чиқмай қолди. Бунга техник сабабларни кўрсатаётган бўлсалар ҳам, аслида, бу мухолифат нашрига расмий муносабатни билдиради,  яъни,  ҳукуматимиз  жумҳуриятда  мухолифат мавжудлигига  ҳеч  кўника  олмаяпти.  Газетанинг оппозитсион нашр эканлиги ва бу нашрда ҳукуматга танқид айтилиши табиий бир ҳол эканлигини ҳеч англаб ололмаяптилар. Сензура ҳукуматга танқидни  бевосита  Президентга  ҳақорат  сифатида  қабул қилмоқда.  Партия  ўз  қарашларини  ўзининг  нашрида  ҳам билдираолмас экан, кўппартиявийлик сохта бир шиордир.

Вилоятларда партия бўлимларига ўтказилаётган тазйиқлар ҳам борган сари ортмоқда. Битта Қашқадарё мисолида айтсак, у ердаги нафақат «Эрк» аъзолари, балки, бу партияга хайриҳоҳ одамлар  ҳам  таъқиб  қилиниб,  ишдан  бўшатилмоқда.  Шу  йил бошида вилоятдаги «Эрк» бўлими котиби ҳеч бир сабабсиз ҳибсга олинди.  Яқинда  ўша  вилоятнинг  У.  Юсупов  туманига  партия мажлисига борган эдим. Бутун районни милитсия билан ўраб олиб, қатағон  қилдилар.  Мажлисга  келаётган  одамларни  қайтариб юборишди.  Юзага келган танг вазият тўғрисида «Эрк» партияси бир неча бор Президентга мурожаат қилди. Аммо бирор марта ҳам жавоб олгани йўқ. Шунингдек, партияга бўлаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар хусусида газетамиз материаллар чоп этди, аммо  ҳозиргача  бирор-бир  ҳуқуқни  муҳофаза  этувчи  орган муносабат билдиргани йўқ.

Ваҳоланки,  ўз  обрўсини  ўйлайдиган  ҳар  қандай  ҳукумат мухолифат  билан  мулоқотда  бўлишга  интилади,  унинг фикри билан қизиқади, унинг танқиди ҳақми, ноҳақми, таҳлил қилади.

Бундай  таҳлил  бўлими  Олий  Кенгашда  ҳам,  Президент аппаратида ҳам бўлиши керак. Лекин кейинги икки йил давомида Президент  ҳам,  Олий  Кенгаш  ҳам  мухолифат  билан  расмий учрашгани  йўқ.  Бу  ҳокимиятлар  мавжудлигини  бизга ўтказилаётган тазйиқлардан сезиб турибмиз, холос.

Мен  боя  «Эрк» газетининг ёпилиш хавфи бор, дедим. Бу шунчаки  муболаға  эмас.  Яқинда  давлат  матбуот  қўмитаси (Ўзбекистон сензураси) раиси Р. Шоғуломовдан бир хат олдик. Унда айтилишича, «Эрк» газети қонунга хилоф равишда, ҳарбий қисмларнинг адреси ва зобитларнинг фамилиясини кўрсатаётган эмиш. Бундан ташқари, газет миллий низолар қўзғашга ҳаракат қилаётган  ва  агар  бу  нарса  яна  давом  этса,  «Эрк»  газетига қонунан чора кўрилар экан. Тўғри, собиқ Совет Қонунлари бўйича ҳарбийга оид маълумотларни чоп қилиш мумкин эмас. Аммо бугун Иттифоқнинг  ўзи  ҳам,  қонунлари  ҳам  йўқ-ку!  Р.  Шоғуломов газетага  қайси  қонун  асосида  чора  кўрмоқчи?  Қолаверса,  Р. Шоғуломов  ҳимоя  қилаётган  ҳарбий  объектларни  бугун америкалик мутахассислар космосдан туриб, суратга олаяпти, маълумотларни бутун дунёга ошкор қилаяпти-ку!

Р.Шоғуломов «миллий низо» деб «Эрк» газетида Хўжалидаги озори  аҳолисининг  қирғинига  бағшланган  Хуршид Давроннинг мақоласини  назарда  тутаётганга  ўхшайди.  Бу  мақоланинг ортиқча ҳиссий эканлигини Хуршид Давроннинг ўзи телевидение орқали тан олди. Ва бу мақола «Эрк» партиясининг ҳам, «Эрк» газетининг ҳам икки халқ ўртасидаги ғавғосига муносабати эмас. 

Бу бир шахс муносабати. Р. Шоғуломов буни ҳам тушунади, аммо  тушунмаганга  олади.  Газета-ку  майли,  аммо  биз  олган ахборотларга  кўра,  бутун  демократик  ташкилотларга  тенг миқдорда ҳужум тайёрланмоқда. Яқинда мутасадди ташкилотда бир  мажлис  ўтган.  Талабалар  шаҳарчасида  бўлган  январ воқеаларини  текшираётган  тергов  гуруҳи  мажлиси.  Унда қатнашган  терговчининг  айтишича,  бу  гуруҳга  16  январ воқеаларида «Эрк» ва «Бирлик»нинг қўли борлигини исботловчи ҳужжат тайёрлаш буюрилган.

Сизга маълумки, бу қонли воқеалардан тўрт кун сўнг, шахсан Президентнинг ўзи «Эрк» ва «Бирлик»нинг мазкур ғавғога алоқаси йўқлигини бутун жумҳуриятга эълон қилган эди. Мана, тергов бошланганига икки ойдан ошди, аммо гуноҳкорлар топилмади. 

Топилмаганидан кейин яна ўша «Эрк» ва «Бирлик» версиясига қайтишга қарор қилишганга ўхшайдилар. 

Хуллас, аҳвол чидаб бўлмас даражага етаяпти. Агар вазият ўзгармаса,  биз  энг  сўнгги  чора  —  оммавий намойишлар йўлига ўтишга  мажбур  бўлажакмиз.  Лекин  ҳали  ҳам  кеч  эмас,  биз ҳурматли ҳукуматни яна бир бор ақл-идрокка чақирамиз. Халқни «дўст» ва «душман» гуруҳларга ажратмасликка даъват этамиз.

Биз баъзилар айтгандек, «қора кучлар» эмасмиз. Биз улар айтаётгандек, Ватан мустақиллигининг душмани ҳам эмасмиз. Аксинча, бугун мустақилликни пеш қилаётган кимсалар икки йил олдин  мустақилликка  қарши  курашаётган  эдилар  ва  ўша замонларда айнан демократлар мустақиллик ғоясини кўтариб чиқдилар! Озгина инсоф керак. Биз инсофга чақирамиз. Зўрликдан воз  кечинг,  чунки,  зўрлик  фақат  зўрликни  туғдиради,  буни унутманг, дея илтижо қиламиз. Токи, Ўзбекистон ҳам Гуржистон каби олов майдонига айланмасин.

Биз, ўзини демократ деб атаган кишилар аввал-бошданоқ ижтимоий  барқарорлик  тарафдори  эдик,  бугун  ҳам  шунинг тарафдоримиз. Фақат бу барқарорлик ҳуқуқсизлик ва зўравонликка қурилмасин. Биз мутлақо осойишталик тарафдоримиз, аммо бу осойишталик  зиндон  осойишталигига  айланмасин.  Бор-йўқ талабимиз шу. Бор-йўқ орзуимиз ҳам шу.»

Мендан  кейин,  бир-иккита  миллатвакили  чиқиб  гапирди. Форумнинг  ташкилий  ишларини  ўртоқлашдик.  Мухтасар  Тузук (Устав) қабул қилинди. Форум ўлка бўйлаб мусбат акс-садо берди. Фарғона  водийсида  «Эрк»  вағ  «Бирлик»чилар  тўпланиб, «Форум»нинг  вилоят  бўлимларини  очдилар.  Одамлар  янги ташаббус илҳоми билан яшай бошлагандилар.

Форумда  қилинган  маъруза  ўзимизнинг  «Эрк»  газетасида босилиб  чиқди.  Сензордан  ўтганига  ажабландим.  «Ўтганининг сабаби»  сал  кейинроқ  шоир  депутат  Карим  Баҳрининг ҳикоясидан кейин  маълум  бўлди. Карим  Баҳри  президентнинг  қабулига  иш билан  кирган  экан,  у  «Эрк»  газетасини  ўқиб  ўтирган  экан. «Каримжон,  бу  одамнинг  ёзганига  ҳеч  тушунмайман,  мана  шу мақоласида  бизни  мақтаяптими  ёки  ёмонлаяптими?»  деб сўрабди «Эрк»да босилган Форум мажлисидаги маърузани кўрсатиб.

Карим  Баҳри  президентга  нима  деб  жавоб  берганини билмайман,  аммо  сензорнинг  мақолани  босишга  қандай  рози бўлганини  биламан. У ҳам  мақолани  тушунмаган.  Бир  нарсани Президент  тушунмаган бўлса,  у  нарсани  Президентнинг  сензори тушунмаслиги фарздир.

(давоми бор)