O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Демократик” мунофиқликнинг чехча кўриниши

“Демократик” мунофиқликнинг чехча кўриниши
26 views
06 February 2014 - 8:01

DemokratikIfloslik

“Демократик” Ғарб эндиликда ўзининг асл мохияти бўлмиш “демократик” мунофиқлигини ошкора намойиш эта бошлади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни шу йил февраль ойида Прагада қабул қилишини маълум қилган Чехия ҳукумати апрель ойида Прагага бориши кутилаётган Украина президенти Виктор Януковични қабул қилмаслигини эълон қилди.

Эмиш-ки, Янукович Киевдаги майдонга йиғилган намойишчиларга қарата куч ишлатиб, уларни резинкали тўқмоқлар билан калтаклатиб, исёнчиларга қарата резинкали ўқ узишга буйруқ берганмиш.
Чехия ҳукуматининг фикрича, Януковичнинг бу ҳатти-ҳаракатлари “демократик қадриятларни шафқатсизларча топташ” эмиш.

Бироқ Украина президентининг ҳаракатлари борасида демократик қадриятлар ҳақида оғиз кўпиртираётган Чехия ҳукумати резина тўқмоқлар билан дўппослаш ва резина ўқлар узишга қараганда миллион маротаба дахшатли жиноятларни амалга оширган ва ошираётган Ислом Каримовни феврал ойи охирида Прагада қабул қилади. Ваҳоланки, диктаторлик бўйича Янукович Каримовнинг олдида ип эша олмаслигини Чехия президенти Милош Земан жуда яхши билади.

Янукович украин халқига қарата Киевда бир-икки резина ўқ отган бўлса, Каримов ўзбек халқига қарата Андижонда минглаб қўрғошин ўқ отди.
Януковчининг резина ўқларни еган украинлар ярадор бўлган бўлса, Каримовнинг қўрғошин ўқлари теккан ўзбеклар ҳалок бўлишди. Януковичнинг ОМОНидан қочган оломоннинг оғзидан атиги сўлаклар оққан бўлса, Каримовнинг СПЕЦНАЗидан қочган оломонинг оғзидан қонлар оқди.

Шундай бўлса ҳам, Чехия президенти Милош ЗЕМАН вахшийликни фақат Януковичда кўрди ва уни Прагада қабул қилишдан бош тортиб, асл вахший Ислом Каримовда эса фариштасифат бир сиёсатчини, “халқ сайлаган президент”ни кўрмоқда ва уни Прагада қабул қилади.

Бу “демократик” мунофиқлик эмасми?!

Саид АСКАР