O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Демократиясиз мустақиллик ва ундан кейинги сабоқлар

Демократиясиз мустақиллик ва ундан кейинги сабоқлар
165 views
26 April 2013 - 7:08

(“Эрк” демократик партияси бош котиби Ато Арифнинг
“Тараққиёт мезони” китобини (1995 й.) ўқиб)

Китобни мутолаа қиларканмиз, қандай қилиб “мустақилликка эришганимиз”ни ўзимизча таҳлил қилишга ва  тушунишга уриндик.

 Ҳали Ватанимиз мустақиллиги  ҳақида “қизил империя”нинг “ўзбек шўъбаси”  раҳбарлари тасаввур ҳам қилмаган бир йилларда Муҳаммад Солих ва у каби инсонлар миллий озодлик ҳақида ўйлай ва сўйлай бошлаган эдилар. Лекин “Эрк” партияси аъзолари ва мухолиф фикрли инсонлар ҳамон қувғинда ва таъқиб остида.

Ҳарчанд ҳаракат қилмайлик, бугунги мустақилликдан на кўнглимиз тўлди, на унга кўникдик. Чунки каримовча мустақиллик кўчаларимизу қалбларимизни кўчкиларга тўлдириб, кун-кундан емрилиб  бораётганлиги дунёнинг қай томонидан қараманг, кўзга ташланиб турарди…

Мустақиллик шундай бўларканми?

Биз зоҳиран қараганда мустақил давлатда яшаяпмиз. Чорак асрки, мустақилликка ва Президентимизнинг сон-саноқсиз ташаббусларига таъриф берамиз. Ботинан олганда “мустақиллик шундай бўлар экан-да”, деб тушунган оддий омма  учун тарихий мустақиллик орзуси аллақачон ўз аҳамиятини йўқотди. Халқнинг кайфияти расмий тан олинмагани билан бир пайтлари зиёли аталмиш кўпгина ўқитувчиларга кўра ҳам  “бугунги мустақилликнинг аввалги тузумдан ортиқ жойи (шохи) йўқ. Аксинча, авваллари ишчилар синфининг, совет ўқитувчисининг обрўси ҳам, билими ҳам юқори эди”, эмиш. Оддий мисол, ўқитувчиларнинг мустақилликдан олдинги  барча имтиёзлари чекланиб, устозлик шарафи кундан кунга оёқ ости қилинди. Айни кунда, айниқса, қишлоқ жойларида ўқитувчи деҳқонга, қурувчига, кўча супирувчига, давлатнинг исталган вақтдаги ҳашарчисига айланиб қолди. Қани унинг  мустақилликдан олдинги устозлик мақоми ва ҳ.к. деб жавоб беришади.

Яна, баъзилар эътирофича, бу мустақиллик бизга “ўз оёғи билан кириб келгани” учун қадрига етилмади. Яъни, 15 та республикани “бирлаштирган” СССРдек бир буюк давлат инқирозга юз тутгач, Москва ўз қўли остидагилардан ўз ихтиёри билан юз ўгирди. Ёлғон диктатураси ҳаммадан аввал ўзи  туғилган замин аҳолиси ва ёлғоннинг “доя”ларини ўзидан бездирди.

Коммунизм ёлғони устига қурилган иморатнинг аҳволига “Тараққиёт мезони” номли китобда шундай таъриф берилади:

“Ниҳоят 1990 йил 12 июнда Россия Парламенти Қарамсизлик эълон қилди. Буни Қарамсизликнинг ўзини танитувчи зарбаси  эди деса бўлади. Бу зарба ёлғон диктатурасидан чекинишни бошлаб берди. Орадан ҳафта ўтиб, яъни 20 июнда Ўзбекистон Парламенти ҳам Мустақиллик эълон қилди. Бу эса Қарамсизликнинг аниқловчи зарбаси эди. Яна ҳам аниқроғи, Ҳақиқатнинг қадрсизланишидан унинг қадрланиши томон, ёлғонкратиядан демократияга томон ҳаракатнинг бошловчиси эди бу  Мустақиллик”.

Ўйлаб қараганда Россия ўз “қарамсизлиги” билан бундан 70 йил олдинги, ҳатто Петр давридан буёғидаги империянинг режасини чиппакка чиқарди. Чунки у ҳеч кимга қарам эмас эди. Социализмдан чарчаган Россия (Рус совет) империяси  кутилмаганда ўз қўл остидаги “қарам”ларга эгаликдан  воз кечди. (Ер қаттиқ бўлса ҳўкиз ҳўкиздан кўради, деганларидек) Коммунизм ижодкорлари ўз  инқирозини ғояларининг пучлигидан эмас, балки Россия атрофидагиларнинг “текинтомоқ”лигидан кўраётганди. Айниқса, Ўрта Осиё республикалари Россиянинг оёғига осилиб олган юк, она-Россия бутун СССРни боқаётгани етмаганидек, Ер куррасидаги бошқа социалистик давлатлар олдида ҳам ўзини мажбуриятли санамоқда, деб ишонишарди улар. Бунга 1985-90 йилларда ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Фарғона воқеаларида ўзбекий русларимиз: “бошқалар қон тўкишади, она Россия ҳаммасига балогардон”, деганларини эшитганмиз. Ҳақиқатан СССР ва бутун Социалистик Дунё Москванинг оғзига қараб қолган кунларнинг куни ботган, янги тонг отаётган эди. Ана ўшанда ўзидан ва оламдан безор бўлган “она-Россия”да шаклланиб келаётган янги куч Ато Ариф айтган қарамсизликни қабул қилди.  Аммо айрим республикалар бундан қувонмади. Айниқса Ўзбекистон…

СССРнинг Ўрта Осиё республикалари депутатларидан бошқа барча депутатлари съездлар саройини тарк этишди. Эҳ, бу жуда ҳам уят ҳол эди. Ҳамма мустақил бўламан, деб турса-ю, Ўзбекистонимиз СССР тарафдори! Тарафдор-мансабдорларнинг халқнинг  хоҳиш-иродаси билан заррача ишлари йўқ эди. Улар ҳақиқатан ҳам Москванинг оғзига қараб иш юритадиган тобе, мутье, робот амалдорлар эди, холос. Бир жойда ботиб қолган робот етакчилар учун мансабига қаттиқ ёпишиш, юқоридан келган буйруқни бажаришдан осони қолмаганди. Жонбозликлари СССРни сақлаб қолишга ёрдам беролмаган депутатларимиз Ватанга шўппайибгина қайтишганди ўшанда…

Кремль ўз муаммолари билан банд, аста-секинлик билан уйғонаётган ўзбеклар учун (Худо бериб) Империянинг “чўнтагидан тушиб қолган “фавқулодда мустақиллик” мустақиллик курашчиларига насиб этмади. Миллат фидойилари халқ орасида мустақиллик тарғиботи билан банд бир пайтда Империянинг дуои фотиҳасини олиб, мунофиқликда илоннинг ёғини ялаган Ислом Каримов гўё “янгича руҳ билан” майдонга чиқди. Куни кеча СССР ягона оила, деб турган инсон (халқни ваъдалар бериб алдаб) ичкари ва ташқаридаги миллат ва мухолифат душманлари ёрдамида осонгина тахтни эгаллади, Мана чорак асрки, демократияга асосланган фуқаролик жамиятини қурмоқчи Президентимиз халқнинг овозини бўғиш, ҳақ-ҳуқуқини паймол қилиш, ҳўл-қуруқни баравар ёндириш, турмаларни гуноҳсизлар билан тўлдиришда дунё диктаторлари орасида рекорд натижаларга эришиб келмоқда. Қани энди, шундай ҳолатда Ўзбекистонни мустақил деб бўладими?

Ҳар бир нарсани тутиб турувчи ўзаги, жавҳари бўлгани каби инсоннинг жавҳари қалб, қалбнинг жавҳари иймон, иймондан мурод Ҳақиқат экан, Мустақиллигимизнинг бир йигит ёшига етмай путурдан кетиши ҳам унинг ёлғон асосига тикланганлигини исботлаб турибди. Бир дўстимиз иймонни демократия билан аралаштириш керак эмас, деди. Тўғри, иймон ўзгартириб бўлмайдиган ҳақиқатни тасдиқлайди, демократияни эса амалдорлар, кучлилар худди Президентимиз Ислом Каримовга ўхшаб, ўз хоҳишларига бўйсундира оладилар. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биз мустақилликнинг овозасини эшитдик, аммо ҳали унга эришганимизча йўқ.

Мустақиллик одамларнинг ва  давлатнинг ўзини мустақил, эркин тутишидир…

Юқорида “Тараққиёт мезони”дан олинган иқтибосдан маълум бўлдики,  1990 йил Июнь Қарамсизлиги Россияни ҳам, Ўзбекистонни ҳам маълум маънода ёлғон салтанатидан Ҳақиқат йўлига чиқариб қўйди. Ёлғон зўравонлигига қарши зўравонликсиз кураш йўлига ўтилди. Сиёсий ҳокимият Россияда демократлар қўлига ўтди. Ўзбекистонда эса ҳокимият эгалари ўзгармай қолди. Битта муҳим ўзгариш, ЎзКПнинг бир думалашда ХДПга айланиши бўлди.

Эслайлик, 1991 йил 19 августда  Совет Иттифоқида ГКЧП — фитна ҳаракатга келди. Умумдавлат ва республика фавқулодда комиссиялари тузилди. Республикалар у пайтда давлат дейилмас эди.

Ўзбекистонда бундай комиссияни бошқариш бош вазирга топширилди. Демократларни ҳибсга олиш бошланди, КГБ ишга тушиб кетди. Фитна марказий органи ҳужжатлари тезкор таржима қилиниб, босиб чиқарилди. Ғолибона табассумли нотиқлар  ГКЧП  йўлини қўллаб- қувватлашга чақириб туришди. Ўзбекистон раҳбарияти тутиб келган йўлнинг ГКЧП йўлига мослиги уқдирилди.  Республикада давлат ҳокимияти ва фитна органлари орасида ҳеч қандай зиддият йўқ эди.

…Уч кун ўтиб фитна барбод бўлди. Россия федерацияси ўзининг июн қарамсизлигини сақлаб қолди. Шундай қийин вазиятда Ўзбекистон раҳбари бўлмиш жаноб Каримов мунофиқлик либосини янгилаб, ( кечаги қилмишидан заррача уялмай) халқ олдига чиқди. У энди ёлғонкратик демократияни танлашга мажбурлигини тушуниб етди, чунки ёлғизланиб қолаётгани аён эди. Ана шундай мушкул ҳолатда Ўзбекистон Давлат ҳокимияти иккинчи бор мустақиллик эълон қилди. Тўғрироғи, И.Каримов ўзи инкор қилиб келган (1990 йил июн) “Мустақиллик Декларацияси” ишга туширилди. Лекин унинг ҳам тўни тескари кийдирилган эди. Куни кеча Иттифоқни сақлаб қолишга чақираётган Давлат ҳокимияти фурсатдан фойдаланиб, бир ўқ билан икки қуённи урди. Ўзи қарши бўлган ҳақиқат-“Мустақиллик”ка хўжайин ва Марказ (катта оғалар)га нисбатан ҳам эркинликка эга бўлди.

Сиёсий плагиат ёки сиёсий ўғирлик рўй берган кун

Ҳали Иттифоқ мустаҳкам бир вақтда Ўзбекистон демократлари ишлаб чиққан “Мустақиллик Декларацияси” га қўшимчалар киритилиши унинг демократик моҳиятини чалкаштирди.  Жаҳон амалиётига кўра Қарамсизлик эълон қилинган кун Мустақиллик куни бўлиши керак эди. Мустақиллик куни деб Давлат ҳокимияти 1990 йил 20 июнда қабул қилинган “Мустақиллик Декларацияси”га қўшимча қабул қилинган кун– Август Қарамсизлигини қонунлаштирди.

Мустақиллик муаллифлиги тўлалигича қўшимчалар муаллифларига ўтди. Сиёсий плагиат рўй берди. Ғоялар ўғирлигига асосланган Август Қарамсизлиги Июн Қарамсизлигига зид моҳият сифатида тарих саҳнасидан жой олди. Ёлғонга нисбатан Қарамсизлик ва ҳақиқатга нисбатан Қарамсизлик мана, чорак асрдирки, ўз моҳиятини деярли намоён қилиб улгурди. Халқ ибораси билан айтганда, ёлғоннинг чуви чиқди. Ҳокимиятнинг ўз ёлғонини яшириш йўлидаги ҳаракатлари унинг башарасини баттар очди. Сургундаги ва муҳожиротдаги мухолифат аъзолари ва лидерларини халққа янада яқинлаштирди. Эндиликда ўзбек халқи том маънода мустақилликка эришиш учун кураш йўлини танлашга мажбур.

Ато Ариф фикрича, Мустақиқллик фуқароларнинг ва  давлатнинг ўзини мустақил, эркин тутишидир. Лекин айни пайтда амалдаги бошқарув аппарати мустақилликнинг асл талабига амал қилмаётган бўлса-да, муҳими илк қадам қўйилди: давлатимиз мустақил бўлди. Аср давомида орзу қилинган кунга етилди. Лекин (Худо бериб) Империянинг “чўнтагидан тушиб қолган “фавқулодда мустақиллик” деган фикрга қўшилиб бўлмайди. Халққа нисбатан бундай фикрлаш нотўғри.  Тарихга назар солсангиз  турли даврларда миллатимиз намоёндалари  қон ва жонларини  мустақиллик учун бағишладилар. Масалан,  1860 йилларда, 1917, 1937, 1945 йилларда, ҳатто яқин тарихга назар солинг, 1980 йилларда ҳам қанча қон тўкилди.  Ўша санаб ўтилган йилларда  юзлаб қурбонлар берилди, ҳақ сўзли, миллий кайфиятли зиёлиларни, оддий одамларни ҳам қамоқлар оч аждардек домига тортди.

Ҳозирги авлод Мустақиллик йўлидаги ҳаракатларга гувоҳ бўлмагани билан илғор ахборот технологиялар воситасида озми-кўпми оламдан хабардор. Қиёслаш орқали биладики, айни кунда ҳукумат тепасида турган диктатура ёлғонга қурилгандир. Ва у асосдан маҳрум, тош устига тупроқ солиб экилган дарахтга ўхшайди. Илдизи тошга етган куни ҳарчанд уринмасин у энди қуришга, қулашга маҳкум. Каримов диктатураси айни кунда худди шу ҳолатдадир. Унинг иймондан, ҳақиқатдан маҳрум “демократияси” таназзулга юз тутиб бўлди.

Одамгарчиликнинг муҳим бир қирраси

“Тараққиёт мезони”нинг “Дийдор эркинлиги…” сарлавҳали бобини ўқир экан, ўқувчи мухолифатчиларга,  эркчиларга ҳеч қачон осон бўлмаганлигини ҳис қилади.

Мустақил “ҳукумат”нинг “Эрк” котиби Ато Арифдан ҳадиксираши аслида мақсад йўлида собит турган эркчилардан, ҳақиқатдан қўрқувидан бўлак нарса эмасди. Қуйида АҚШ расмий  делегацияси вакилининг Ато Ариф уйида бўлиш тафсилотидан олаётганимиз ушбу лавҳалар “Эрк” партиясининг ёзилажак тарихи олтин саҳифаларидан жой олишини тасаввур қилдик:

“1993 йилнинг 13-14 сентябр кунлари АҚШ Президентининг расмий топшириғи билан юборилган расмий делегация Ўзбекистонда бўлди.

АҚШ элчихонаси делегация келишидан “Эрк” котибини ҳам огоҳ қилиб, делегация котиб билан учрашув истагида эканини билдирди.

Қўнғироқдан бир соат ўтиб-ўтмай котиб уйига С.А. Тахтин ташриф буюрди. У киши ИИ вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлиб ишларди. Полковник котибга икки кун давомида уйдан чиқмаслик, Элчихонага бормасликни тайинлади.

Полковник келиб кетганидан кейин котиб уйи олдида назорат пости пайдо бўлди. Техникавий жиҳозланган автомобилдаги йигитлар уйни кузатишарди…

Ҳа, ҳаммаси ҳозиргидек эсимда, деб ҳикоя қилади Атаназар (Ато Ариф) ака. Маҳаллани учта жойда махсус хизмат қўриқлаб турарди. Маҳалла бунга ўрганиб қолганди, биз кузатувларга кўникиб ҳам қолгандик.

Таваккал қилиб учрашувга боришни лозим кўрмадим. Элчихона ходими қўнғироқ қилганида унга сабабни очиқ айтдим. Сешанба куни 14 сентябрда элчихонадан яна  қўнғироқ қилишди. Делегация аъзоларидан бири  мен билан учрашмоқ учун вақтни соат 11 га белгилабди. Йўлга чиқишидан олдин телефон қилиб манзилни сўрашини билдирди. Лекин бироз ўтиб телефон ишламаётгани маълум бўлди. Ён қўшнига чиқдим, унда ҳам телефон узилган, кейин нариги ва яна бошқаси, барча телефонлар жим-жит, узилган. Узоқроққа бориш эса хатарли эди.

Автомобилдагилар мени кузатиб ўтиришарди. Телефон ахтаришдан натижа чиқмади. Уйга қайтиб кирдим. Сал ўтмай постдагилардан кимдир манзилимни сўраётганини эшитдим. Кўчага чиқсам, элчихона ходими ва унинг ёнида Р.М. Форсайт келаётган экан. Ўшанда у “Мустақиллик Декларацияси” қўлёзмасини сўраб олган ва менга “Ўзбекистон Джефферсони”ни кўргани келдик, деб ҳазиллашган эди.

Суҳбат уйда давом этди. Меҳмонларни олиб келган автомобил, кейинчалик билсам,  вице-премьернинг хизмат автомобили экан.

Соат 14 га яқин  меҳмонларни кузатгани кўчага чиққанимизда пост ҳамон ўз ўрнида эди. Форсайт постни икки бор расмга туширди. Постдагилар бирон бир сўз, ҳаракат билдиришмади. Меҳмонлар соат 15 га мўлжалланган матбуот йиғилишига етиб боришларини айтиб, хайрлашишди.  Кейин билсак,  делегация матбуот-конференцияси қилмасдан жўнаб кетишибди. Мен билан бўлган учрашув тафсилотларини эса делегациянинг Конгрессга ҳисобот докладига киритишибди…

Ўша куни “фахрий пост”имиз эшик олдида соат 19 гача хизматда турди. Эртасига полковник Тахтин  хабар олгани келди.  Америкаликлар билан учрашувга бормаганим учун раҳбариятнинг мамнунлигини айтди. У менга ўзим ишлаётган университетда ҳам менга нисбатан таъқиб тўхтатилишига ваъда берди. Полковникнинг ваъдаси инсоний муносабатдан келиб чиқаётган эди. Ҳокимиятнинг “Эрк”ка муносабати эса бундай ваъдаларни кўтармаслигини кўплаб муносабатлар давомида кўрганмиз. Мен ўшанда ваъда самимий бўлгани билан унинг аксини кутишим лозимлигини  тушуниб турардим ва натижани узоқ кутмадим. Худди ўша 13 сентябр куни университетда менинг ишдан бўшатилишим ҳақида ғайри қонуний буйруқ пайдо бўлди. Бошқа таъқиблар ҳам авжига чиқа бошлади. Мени қамаш тадбири кўрилаётган эди. Бу энди алоҳида мавзу.

Шу ўринда қўни-қўшниларимизнинг воқеаларга муносабатини айтиб ўтсам дейман. Навбатдаги кузатув пости пайдо бўлганида қўшнимиз шундай деган эди: “Давлатимиз шу даража заиф эканки, ўзининг оддий бир зиёли фуқаросидан хавфсирайди. Қанча-қанча маблағни осмонга совуриб, ундан кўз-кулоқ бўлиб туради.”

Бу сиёсатдан йироқ оддий бир меҳнаткаш сўзи эди. Унда масаланинг молиявий қиррасига эътибор қаратилганди. Биз масалага, ҳокимиятнинг ўз фуқаросига нисбатан ҳатти-ҳаракатига ҳуқуқийлик юзасидан назар солсак, маълум бўладики, давлат ҳокимияти содир қилган амал аксил конституциявийдир. У бу амални содир қилиш билан Конституцияни бузган. Бундай  бузилишларга мисоллар кўп. Мана, қаранг:

1. 2-модданинг “давлат халқ манфаатларига хизмат қилади”, дейилган талаби;

2. 7-модданинг “давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилади”, дейилган талаби.

3. 13- модданинг “инсон, унинг  эркинлиги ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, дейилган талаби;

4. 14-модданинг “давлат ўз фаолиятини инсон фаравонлигини кўзлаб, қонунийлик  принциплари асосида амалга оширади”, дейилган талаби;

5. 15-модданинг “давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар Конституция ва Қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, дейилган талаби;

6. 15-модданинг “Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади”, деган талаби;

7. 19-модданинг “фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз  маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”, дейилган талаби;

8. 25-модданинг “ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга”, дейилган талаби;

9. 27-модданинг “ҳеч ким телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”, дейилган талаби;

10. 28-модданинг “бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқига эга”, дейилган талаби.

11. 29-модданинг “ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” дейилган талаби.

Ўз-ўзидан равшанки, ҳар қандай аксилконституциявий амал содир қилинганда бошқа қонунлар ҳам бузилади. Давлат ҳокимияти содир қилган амалнинг ҳуқуқий қирралари хусусида мулоҳаза юритар эканмиз, Конституцияда берилган ва амалда бузилиб келаётган ҳуқуқлардан бир нечтасинигина тилга олдик.

Мулоҳазаларни якунлашдан олдин “дийдор эркинлиги ҳуқуқи” инкор этилганини айтиб ўтишимиз лозим. Фикримизча, бу ҳуқуқ инсон ҳуқуқлари тизимида асос ҳуқуқлар қаторига қўйилиши лозим.  Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳужжатларга “дийдор эркинлиги ҳуқуқи” деган тушунча ҳали кирмаган. У Ўзбекистон Конституциясида ҳам йўқ.

Ҳар ким ўзининг кундалик ҳаётида кимларнингдир дийдорига руҳоний эҳтиёж сезиши азалдан аниқ. Инсон ҳеч кимнинг дийдорини қўмсамайдиган, умрбод ёлғизликка мубтало бўлиб туғилмайди.

Эҳтиёж, айниқса табиий эҳтиёж, ҳар хил ўлчамлари бўлган табиий ҳуқуқни келтириб чиқаради. Ҳуқуқлар тизими эҳтиёжлар тизими билан умумий ўзакка эгадир.

Ўз келиб чиқиши жиҳатдан пойдевор эҳтиёж бўлгани ҳолда, ҳуқуқий ифодаси жиҳатидан дийдор эҳтиёжи ҳали ҳақиқий шаклланиб етишмаган кўринади. Ҳаётни идора қилиш омили сифатида расман ишлатилмайди, ҳуқуқий ўлчами йўқ. Айни вақтда унинг ҳаётга таъсирини инкор қилиб бўлмайди. Аксинча, таъсир кучи жиҳатидан кўплаб бошқа эҳтиёжлардан устун туради.

Инсон ҳуқуқларига нисбатан садоқат устиворлик қилган жамиятда ҳар ким ўзи истаган кишиси билан учраша олишига шубҳа йўқ. Бундай учрашувлар кимларнингдир назорати остида эканидан хавфсираш, унинг оқибати ўзи учун азият олиб келишидан қўрқиш, қалб туйғуларини изҳор қилишдан тортиниш, фикр-мулоҳазаларини айтолмаслик каби иллатлардан холи бўлади.

Совет Иттифоқи сиёсий тизимининг емрилишида туб сабаб иқтисодий эҳтиёжлар эмаслиги эндиликда кўпчиликка аён. Дийдор эҳтиёжи, дийдор қадрининг пасайиб кетиши, сиёсий тизим емрилишидаги туб сабаблар сирасига кирса ажаб эмас. Шунака гаплар…

Бу ҳақда яна бир қанча фикрларим бор эди, аммо ҳадисга амал қилсак, ҳозирча шу етарли бўлар, деб ҳикоясини тугатдилар Атаназар ака..

“Дийдор эркинлиги ҳуқуқи”га қўшимча

Бир учрашув тафсилоти сабаб Атаназар ака ҳақиқатда кишини ўйлатадиган яна бир мавзуга қўл ургандилар. Халқимизнинг киши “Мусофир бўлмай мусулмон бўлмас” номли файласуфона бир мақолини эсга солади бу “дийдор эҳтиёжи”.

Қаранг, мусофир  киши ҳаммадан ҳам кўпроқ нимага зор? Албатта дийдорга! Яхши кўрган кишисини, ота-онасини, чангиб ётган қишлоғи кўчасини, эшиги одида оқиб турган, кўриб юрган вақтларида қадри сезилмаган анҳорини, ҳатто қўра олдида тумшуғини иккала оёқларига қўйганича “хаёлга толган” Бўйноқ итини кўргиси келиши каби соғинчлар, менга қолса,  ўз номи билан   “дийдор эҳтиёжи” эди. Мусофир кишига нон топилади, лекин дийдор танқис. Ана ўшанда у одамларни, оламни, борлиқни яхшироқ англай бошлар. Ана ўшанда улуғ бир севгини, муҳаббатни кашф этар. Ана ўшанда у ўз қалбининг сирли хилқатлигини, инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратган буюк Зот ўзига бўйин томиридан-да яқинлигини англар. Ана ўшанда у ҳаётида илк бор сажда ҳаловати отли тенгсиз роҳатни туяр. Ана ўшанда у борлиғидан фақат яхшилик таралиб тургувчн ҳақиқий мусулмон бўлар… Узр, чекиниб кетгандаймиз-у, аммо бу инсон қадриятига хизмат қилувчи  муҳим мавзулиги аниқ.

Совет Иттифоқининг сиёсий емрилишига сабаблардан бири ҳам “дийдор эркинлиги ҳуқуқи”,  “дийдор эҳтиёжи” бўлиши мумкинлиги бугун ҳақиқат.  Мисол, касалхонада оғир ётган бемор ҳузурига яқин кишилари, домла-имомнинг қўйилмаслиги, ўлим тўшагида ётган беморларга енгиллик берувчи руҳоний суҳбатларга руҳсат этилмаслиги, дуо қилдирилмаслиги бу ахир инсоннинг руҳий эҳтиёжига нисбатан зулм эди-ку.

Ана энди, яна бир янги муаммо:  “Мустақил Ўзбекистонимизда неча миллион киши “дийдор эҳтиёжи” хасталигини кўтариб юриган экан?” деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилайлик. Бу муҳожиротдаги мардикорлар, гастербайтерлар ва уларнинг ватандаги оиласи, бола-чақалари йиллаб бир-бирларига зор. Бу ўша оила кишилари учун ижтимоий адолатсизлик, ҳуқуқсизликдан келиб чиққан жисмоний, маънавий, руҳоний кўринишдаги  ноҳақ жазо эканини тан олишга журъатланайлик. Ким томонидан? Албатта, жабрланувчиларнинг жавоби шу халқ раҳбарининг зиммасидадир.

Ҳурматли Атаназар ака, китобингизнинг сўнги саҳифасида “ўзбегим дийдор эҳтиёжи” масаласига ҳам жавоб тайин экан:

“Конституциявий бош мақсад тубдан янгилангани ҳолда сиёсий тузим тузилмаси туб янгиланиш  заруратини ўтамади. Мақсад билан тузилма орасида доимий рақобат давом этди. Демократиянинг конституциявий тимсоли демократия ҳақиқатидан йироқ. Бу тимсол демократиянинг ҳаётга кириб келишига руҳсатнома вазифаси ўрнига тақиқнома вазифасини ўтаб, тўсиқлар барпо қилмоқда.

… демократия нималиги конституциялаштирилмаган. У тўғридаги ҳар қандай тортишув мавзусизлик оқибатига мубталодир.

“…халқ демократияга тайёр эмас”, каби ҳақоратлар юксак минбарлардан янграётганига қарамай, демократия таълими ҳанузгача таълим тизими сифатида йўлга қўйилмади. Аксинча, ишлаб турган Демократия университети ёпилиб, ташаббуслар кесиб ташланди.

“Эҳтиёжларни қондириш”, дейилган ёлғон мақсад худди яқин тарихимиздаги каби иқтисодий тизим тузилмасини белгиловчи ақида бўлиб қолмоқда. Иқтисодий тизим ўзагини ҳамон нафс эгаллаб олган. Талаб билан истеъмол ўртасидаги фарқ ортиб, қониқмаслик кучайиб бориши, нафсга қуллик зўрайиб бориши давом этмоқда…”

***

Ҳурматли Атаназар ака, муҳтарам устоз!

Аввало яна бир бор ассалому алайкум.

…“Тараққиёт мезони”ни икки маротаба, баъзи ўринларини уч-тўрт маротабадан ўқидим. Айрим ҳолатларда ўзингиздан изоҳлар ҳам сўраганимни биласиз. Китобингизни ўқий бошлаганимда у ҳақда бир мақола ёзиш ниятимни сизга билдириб қўйганимдан хижолат ҳам бўлдим. Уни осонгина ёзаман, деб  ўйлагандим. Лекин бу “мезон” мағзини чақишга ҳали тайёр эмаслигимни, уни тушуниш учун ўзимда етарли мезон– ўлчов бирликлари етишмаслигини ҳис қилдим. Ўзимнинг демократияга “даво”ларим, “тезкорлигим” “мезон”ингиз қошида кўзини катта очишга мажбур эди.

…Матбуот майдонида бир-бирлари билан олишиб ётганлар, бирлашиш ўрнига парчаланаётганлар, ҳатто давлатда ўтириб фақат ўз нафслари учун курашаётганлар ўша тарқатиб юборилган “Демократия мактаби”да “Тараққиёт мезони”ни бандма-банд ўрганишлари лозим экан, деган фикрга келдим.

“Тараққиёт мезони”  ҳуқуқий, фалсафий, маънавий, руҳоний , демократик… (“дийдор эркинлиги ҳуқуқи”) эҳтиёжларни таҳлил қилгани ва муаммоларга ечим ахтаргани ва тавсиялар бера олиши билан мураккаб эди. Такрор-такрор ўқиган киши унинг моҳияти ҳам ўша мураккаблигида эканини  ҳис эта олсагина китобни тушуниши мумкин, деб ўйладим.

Сизнинг улкан олим, физика-математика фанлари доктори, ҳаётини илм-фан, мустақиллик йўлига бағишлаган кенг феълли, катта қалбли, сабрда пешво, суҳбатда доно, душманларингиз учун ҳам ўзлари ёмон кўрган иймон қудратидан ҳурматли, дўстлар учун ҳарқандай вазиятда ҳам ишончли, ниҳоятда камтар,  олийжаноб инсонлигингизни дўстлардан ҳам кўп эшитган бўлсам ҳам шундай ажойиб асарни кечикиб ўқиганимдан қаттиқ афсусландим.

Яна орзу қилдимки, китобнинг демократия мактабини ўтовчи ёшларга мўлжалланган, мураккаб бандлари соддалашган, тафсирланган шакли чоп этилса, қўлланма сифатида асқотган бўларди.

…Устоз Ато Ариф (Атаназар Арифов) бу йил 75 ёшга тўлдилар

Синовлар тўла йиллари, Ҳақ йўлда собитликлари, ёруғ кунларга ишончлари билан издошлар учун намуна мактаби ярата олган давримизнинг энг кучли сиёсатчиларидан бўлмиш Атаназар ака Арифовга қутлуғ ёшингиз муборак бўлғай, деймиз.

Олимлар, фозиллар, маърифатли кишилар қаримайдилар, дейишади. Улар учун ҳаёт моҳияти ҳеч қачон йўқолмайди, жасорат сўнмайди, илм ўлмайди. Ҳар бир кашфиёт, натижа янгисига йўл очаверади. Ҳозирдаги ягона мақсадимиз Ўзбекистонимизнинг тенглар ичра тенг Мустақиллигига эришмоқ экан, улкан мақсад йўлида устозга куч-ғайрат, яхши кунлардан баҳрамандлик, икки дунё саодатини тилаймиз. Ишонамизки, бу узоқ-яқиндаги барча эркчилар, дўстларнинг ҳам тилакларидир.

Эҳтиром ила ўқувчингиз, 
Абдуқодир КАРИМ