Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(51-қисм)
IV.Кичиклардан ниҳоят каттага келдик. Энди сўз Ўзбекистон ХДПси ҳақида. Мухолифлик даражаси масаласида бошқаларининг ҳолини кўрдик, қани, боқайлик-чи, коммунистликдан демократликка дўнган партия ничик экан?
Бурун “Совет Ўзбекистони” журналистлар даврасида “отахон газет” деб тилга олинарди. Унинг эгаси Компартия тугатилиб коммунистлар эски чопонларини ХДПга янгилагач, газет ҳам бир юмалаб олдию кечагача куйлаб келган ғояларидан тонди. “Совет” сўзи “овоз”га айланиб газетнинг “бош”и сал ўзгарди, аммо куйчи журналистларнинг бошлари алмашмади, эски бўйича қолаверди. Бошлари ўзгармагани билан сайрашлари ўзгарди ‒ энди улар тушунарсиз бир овозда тушунарсиз бир нағмани олиб ётишибди.
Мисоллар:
“Ўзбекистон овози”нинг 2011 йилги айрим сонларини кўздан кечирамиз.
18 январ сонида газета “Қоғоздаги режалар қачон бажарилади?” дея сал илгарироқ – 2010 йил 2 декабир куни берилган танқидий материал орқасидан текширув ўтказади. Унда Бўка туман партия кенгаши иши танқид қилинган экан. “Шунингдек, қонунлар, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши… зарур эди”, дейилган. Бундан, демак, халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатлик (ХДПдан, албатта) гуруҳи раҳбари Абдурашид Расуловнинг асосий вазифаси ўз партиясининг ғоя ва мақсадларига хизмат қилиш эмас, “қонунлар, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш…”дир, деган хулоса чиқади.
3 феврал сонининг бош мақоласи “Инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳамма нарсадан устун” деб аталади. Унда: “Ўзбекистон Республикасида сўнгги йиллар мобайнида аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан яратилган фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг (ФВДТ) кучлари ҳамда воситалари томонидан амалга оширилмоқда”, деган каби жумлалар бор. Бутун диққатингизни бир ерга тўпланг-да, бу жумлани энига ҳам, бўйига ҳам қайта-қайта ўқиб кўринг. Олдидан орқага қараб ўқисангиз ҳам, орқасидан олдига қараб ўқисангиз ҳам натижа бир хил – ҳеч нарса тушунмайсиз. Ортиқча сўзларни олиб ташлаб, етишмаётганларини қўшиб, ўрин алмаштириб, бир бало қилиб маънони тушуниб олишингиз мумкин, аммо… обунага пул тўлаган оддий ўқувчига бу гаплар нимага кераклигини англамай қолаверасиз. “Фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ)” ҳам бошқаларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан яратилганини билиб оласиз, холос. Ҳол бу ки, буни ҳар газетда, ҳар сонда уқтиришга сира ҳожат йўқ. Чунки Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ташаббусисиз биронта иш ё яхшилик қилинмаслигини халқимиз йигирма йилдан бери билади!
Яна шу сон газетнинг 2-бетида “Фракция фаолияти” рукнида битта сурат берилган, суратга таҳририят бундай сўз ёзган: “Юртбошимиз мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берган Концепцияда: “Ислоҳотларнинг муваффақияти, авваламбор, мамлакатимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз суръатига, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига ва ўз-ўзидан аёнки, биринчи навбатда сиёсий партияларнинг етуклик даражасига, уларнинг Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бундай улкан масъулиятли ваколатларни ўз зиммасига олишга қай даражада тайёр эканига бевосита боғлиқдир”, дея таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ўз позицияси ва қонун ижодкорлиги фаолиятининг йўналишларини белгилаб олди”.
Шу сўзнинг шундоқ остида “ЎзХДП ҳаёти” рукнида “Концепция – фаолиятимиз дастуриламали” сарлавҳаси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида Консепсия муҳокамасига бағишланган партия кенгашларининг йиғилишлари ҳақида туркум хабарлар босилган. Унда жумладан: “Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида Президентимиз илгари сурган Концепция партия ташкилотларида чуқур ўрганилмоқда. Шунингдек, Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда партия аъзолари иштироки ва ташкилотлар ўрни атрофлича таҳлил қилинмоқда”, дейилган.
9 июн кунги 69-сонида “Қарор ва ижро” рукнида “Уй-жой ширкатлари: юксак самаралар” номли мақола чоп этилган. Унда: “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида коммунал соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, хизматлар сифатини, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган”, дейилибди.
Шу соннинг 2-бетида “Бурчга бўлган муносабат ёки ҳоким депутатлардан, депутатлар эса, ҳокимдан ташаббус кутаётгани ҳақида” деган мақола чиққан. Охири “Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган Концепцияда белгиланган вазифалар сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳларидан, энг аввало, эскича ишлашдан воз кечишни, янгича вазифаларга янгича ёндашишни талаб этади”, деган одатий ва оташин сўзлар билан тугайди (Иброҳим Жонузоқов, “Ўзб. овози” мухбири). Эскича ишлаш қандай эдию энди янгича ишлаш қанақа бўлади – ўлай агар, ҳеч ким билмаса керак!
11 июн 70-сонда “Ахборот эркинлиги таъминланмоқда” дейилибди ва, табиий, албатта Муҳтарам Юртбоши бошчиликларида! “Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ахборот соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлашга доир изчил чоралар кўрилмоқда…”
Шу соннинг 4-бетида “Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллиги олдидан” рукни остида “Улуғ орзуларнинг амалдаги ижобати” катта сарлавҳаси остига битилган кичикроқ тагсарлавҳа бундай жаранглайди: “Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида ишлаб чиқилган ҳамда изчил амалга оширилаётган қишлоқларда замонавий уй-жойлар қуриш борасида Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси ҳақида”. (Ўзбекнинг тили бу “ўзбекча” матнни ўқигунча қонталаш бўлиб қавариб кетса кетади, аммо мияси бир нарсани тушунмайди!) Шу мақоланинг ҳар бир хатбошиси Президентга бир қуллуқ қилиб олиш билан бошланади. Ўртасида: “Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва тавсиялари асосида илгари ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар ҳартомонлама синчиклаб таҳлил қилинди…” дейилган.
Ёки газетнинг 25 июн 76-сонини олайлик. 1-бетда катта бир сурат босилган. Унда бир депутат (албатта, ХДП аъзоси) ўзи каби силлиқ-силлиқ юзли беш кишига нималарнидир уқтиряпти. Йўқ, депутат уқтираётган, қолганлар эшитаётган бўлиб расмга тушишган, холос. Шу расм тагига бундай оламшумул янгилик битилибди: “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами ва партия электоратига тушунтиришда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари алоҳида ташаббус кўрсатмоқда”.
Бу мисоллардан хулоса: демак, Ўзбекистон ХДПнинг ўз йўли, ўз мақсади, ўз концепцияси йўқ! Бошқа партиялар йўлидан бир оз бошқача бўлса-да, президент йўлидан заррача ҳам бошқача эмас. Демак, у президент партиясидир.
Ҳайрона савол туғилади: “Ясама урчитиб туғдирилган бўлса ҳам барибир “партия” деган оти бор, наҳот иқтидордаги ҳокимиятга қулваччаликдан бошқа иш қилмаса, наҳот ўзининг ғояси бўлмаса ва наҳот ўша ғоя учун курашмаса, наҳот бошқа партиялар билан мунозарага киришмаса?!”
Энг қизиғи, дунё билағонлари “Ўзбекистонда демократия йўқ!” деб ҳисоблайди, аммо биздаги ҳамма партия “демократик”дир. Фақат олд қўшимчаси бошқача: бири “либерал”, иккинчиси “халқ”, учинчиси “социал”, тўртинчиси “миллий тикланиш”. Бу атамалар ҳеч бир вазифасиз, бизнинг шароитда ҳеч бир маъно ташимайди, маъносини ўша партия аъзоларининг ўзи ҳам билмайди. Бир-бирларидан ажралиб туриш учунгина пешаналарига ёпиштириб олишган. Шунинг учунми, онатовуқ теварагидаги жўжалар сингари уюшиб яшашади. Ғоявий заруратдан (яъни, аниқ ва тиниқ бир ғоя асосида) туғилмаганидан бу шўринг қурғур “партия”лар ўзаро нимани талашишни ҳам билмайди. Қайтага жўжа булардан жонли ‒ у ҳарҳолда дон талашади. Булар шуниям қилмайди! Ўзбекчилик.
Бу партиялар президент сиёсатини мутлақо текширмайди, унинг ишларида хато кўрмайди, кўрса ҳам, кўрмаганга олади – ғиринг демайди.
Айтганча, онда-сонда дон “талашади” ҳам. Президентнинг мушугини пишт демаса-да, бир-бири билан нималар ҳақдадир ғиди-бидилашиб туради. Арзимас сабаблардан “жанжал” чиқариб, “демократия-демократия” ўйнашади. Жўжаларга ўхшамоқчи бўлишади. Мана, мисол:
“Адолат” газети 2010 йил 10 декабир сонида ХДПга қарши “Ўнглар ҳам, сўллар ҳам маҳаллани унутдиларми?” деган мақола чиқарган. Демак, “Адолат” партияси ХДП билан маҳаллани талашяпти. ХДП “чидамай кетади” ва “Ўзбекистон овози” газети 2010 йил 16 декабир сонида унга қарши: “Адолат” туш кўряптими, уйқусираяптими?” деб ёзади. ХДП маҳаллани асло ташлаб қўймаганини “исботлайди”. Яъни, душман томондан секингина, майин-юмшоққина ўқ келиб қолган эди, ушлаб олиб, қайтариб ўзига отилди. Энди навбат “Адолат”га! У 2011 йил 7 январ сонида Абдулла Файзуллаев қалами билан “Ўзбекистон овози”га қарши: “Қуруқ қошиқ оғиз йиртар” дея ўт очган. Жим турган – мохов! Жавоб қилмаса, енгилган бўлади. “Ўзбекистон овози” ҳам зудлик билан қарши ҳужумга ўтган: 2011 йил 15 январ сонида муҳаррир Сафар Остонов имзоси билан “Адолат” либералча фикрлашга ўтмоқда” дея рақиб партиянинг кирдикорларини “шафқатсизларча очиб” ташлаган! Сўнгра “Адолат” ғўзапоядан ясалган найзасини қўлга олади ва 2011 йил 4 феврал сонида ХДПнинг нақ “юраги”га санчади: “ХДПнинг тушунарсиз мафкураси унинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватловчилар орасида иккиланишларни келтириб чиқара бошлади” (Абдували Сойибназаров) деган узун сарлавҳа билан биратўла жонини суғуриб олмоқчи бўлади. Лекин “Ўзбекистон овози” ҳам осонликча жон берадиганлардан эмас, энди у ҳам “душман” партиянинг жонтомирига хотинчасига чанг солади: ғўзапоянайза ҳамласидан бир кун ўтар-ўтмас, яъни, 5 феврал сонининг 1-бетида “Адолат” СДП партия сифатида тўла шаклландими ўзи?” (Элмурод Эгамқулов) деб масалани узил-кесил, бор бўйи билан ва кўндалангига қўяди…
Хуллас, икки партия орасидаги машмаша бир ойча давом этади.
Орада ЎзХДП ЎзЛиДеП билан ҳам “аразлашиб” қолади: “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Қуруқ ваъда ва мақтаниш обрў келтирмайди” деган баландпарвоз сарлавҳалар остида… майда-чуйда гаплар қилади.