O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Демократия индекси бўйича Ўзбекистон яна авторитар мамлакатлар қаторида қолди

Демократия индекси бўйича Ўзбекистон яна авторитар мамлакатлар қаторида қолди
150 views
12 February 2022 - 12:46

Қароргоҳи Британияда жойлашган The Economist Intelligence Unit ташкилотининг Жаҳон мамлакатлари демократия индексида Ўзбекистон бу йил 150-ўринни эгаллади. Ўтган йили мамлакат мазкур рейтингда 155-ўринга қўйилган эди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон бу йил демократия индексида 5 поғона юқорилаган бўлса-да, мамлакат кўрсаткичлари ўтган йилдаги билан солиштирганда ўзгармаган (2,12 балл) ҳамда авторитар режимли давлатлар қаторида қолаверган.

Халқаро экспертлар Ўзбекистондаги сайлов жараёни ва плюрализм сифатини 0,08 балл, ҳукумат фаолиятини 1,86 балл, сиёсий иштирокни 2,78 балл, сиёсий маданиятни 5 балл, фуқаролар эркинлигини эса 0,88 баллга (мавжуд 10 баллдан) баҳолашган.

Минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон демократия кўрсаткичлари бўйича Қирғизистон (115-ўрин) ва Қозоғистондан (128-ўрин) ортда қолган, бироқ Тожикистон (157-ўрин) ва Туркманистондан (162-ўрин) олдинда экани қайд этилган.

Халқаро рейтинг натижаларига кўра, Норвегия жаҳонда демократия энг ривожланган давлат ўлароқ топилган. Ундан кейин демократия энг ривожланган давлатлар қаторида Янги Зеландия, Финляндия, Швеция ва Исландия саналган.

Марказий Африка Республикаси, Конго, Шимолий Корея, Мьянма ва Афғонистон каби мамлакатлар эса энг нодемократик ўлкалар қаторидан жой олишган.

Манба: ozodlik.org