Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 10.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)
– Таҳдидлар қаторига демократияни қўйса бўладими? Мисол учун, аҳолининг аксарият қисми унчалик ўқимишли эмас, шу муносабат билан халқ миллатчи ва экстремистик шиорлардан фойдаланганларга овоз бериши мумкин. Яъни, нсон ҳуқуқлари ва Конституция деган тушунчадан йироқ кишиларнинг тинч йўл билан иқтидорга келишига имконият пайдо бўлади (эҳтимол бу бирданига эмас, бир неча босқичда амалга ошади, аммо натижа ўша-ўша бўлади). Унда нима қилиш керак? Бунга йўл қўйиб бериш керакми ёки бундай гуруҳ ёки оқимлар кучайиб кетмасдан туриб уларга бор куч билан қарши туриш керакми?
– Кўпчилик Гитлернинг 1930-чи йилларда демократия йўли билан иқтидорга келишини қоидадан кўра кўпроқ истисно деб ҳисоблаб келганлар ва шу фикрда қолаяптилар. Шунингдек, демократия бошқарувнинг энг идеал шакли эмас, балки инсоният томонидан синалган бошқарув услубларининг энг чидаса бўладигани деган фикрлар ҳам бор. Шу билан бирга, ақлли одамлар ҳеч қачон демократияни илойҳийлаштирмаганлар, бунга тарихдан мисоллар етарли.
Исломий фундаменталистлар демократия йўли билан ҳокимиятни қўлга киритишлари мумкинми? Агар кўпчилик уларга овоз берадиган бўлса, албатта мумкин. Ушбу кўпчилик уларга овоз берадими? Агар Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтадиган бўлса, бундай бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аммо бу нарса Ўзбекистонга демократия келган тақдирда амалга ошиши мумкин. Яъни, агар кўпчилик диктатураси бир киши диктатурасининг ўрнига келса. Аммо бу ҳақда хавотирланишга ҳали эрта.
– Ислом Каримовнинг 20 йил давом этган ҳукмдорлигидан қандай ижобий ва салбий сабоқлар олиш мумкин?
– Юқорида мен СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги бошқа республикаларга қараганда ривожланганроқ инфраструктура ва энг кучли иқтисодий база мерос бўлиб теккани ҳақида эслаб ўтгандим. Ислом Каримовнинг биринчи тарихий хатоси – у ушбу воқеликдан фойдалана олмади. Агар у бир қадам четга чиқишга ботина олганида, Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазият бугунги кунда эҳтимол анча яхшироқ кўринишга эга бўлган бўлармиди. Аммо Каримов ўзидаги қўрқувни енга олмади: у ўз халқига сиёсий ва иқтисодий эркинликлар беришдан қўрқди, чунки шу билан у ҳокимиятдан ҳам сиёсий ҳам моддий эркин бўлган одамларнинг пайдо бўлишига шароит яратиб берган бўларди. Президент Каримовнинг бу қўрқуви иқтисоддаги инқироз билан бирга йилдан-йилга чуқурлашиб бормоқда. Ижтимоий-сиёсий барқарорлик кучишлатар структуралар томонидан оммага тўхтатамай ўтказилаётган босими ва репрессиялар тўлқини ёрдамида ушлаб турилибди. Пировардида, Ўзбекистон турмуш тарзи бўйича дунёда сўнгги ўринлардан бирини эгалламоқда, аҳоли билан давлат ўртасидаги адоват эса критик нуқтасига етиб борди.
Каримовнинг иккинчи ҳалокатли хатоси – у тинч мухолифат ва мўътадил мусулмонларга қарши ўзининг давлат террори сиёсати билан жамиятнинг радикаллашувига замин тайёрлади. Натижада, Ўзбекистонда бугун ҳеч ким вазиятни тинч, демократик йўл билан – сайловлар ёрдамида ўзгартириш мумкинлигига ишонмай қўйди. Ҳокимият масаласини куч билан ҳал қилиш тарафдорларининг сони ўсиб бораяпти. Бунақа одамларни нафақат аҳолининг мухолифат кайфиятидаги қисми орасида, балки барча савиядаги давлат идоралари, шу жумладан, кучишлатар тузилмаларида ҳам учратиш мумкин. Бу хатолар – сиёсатчилар учун яхши сабоқ: мамлакатни Каримов бошқаргандек бошқармаслик керак.
– Ўзбекистонга таҳдид солаётган хатарлар ҳақида айтиб берсангиз. Уларни олдини олиш ёки зарарини иложи борича камайтиш учун нима қилиш керак?
– Диктаторлар давлат бошида турган мамлакатларни фуқаролик урушининг таҳдиди, диктаторларнинг ўзини эса жаллод қўлидан қатл таҳдиди таъқиб этади. Ўзбекистонни бу борада истисно этиб бўлмайди. (Баъзи демократик давлатлар ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги сиёсий режимни диктатура дейишдан ўзларини тиядилар. Аммо бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштиради, холос).
Ижтимойи портлаш хавфи йигирма йилдан бери мавжуд бўлиб келган ва йил сайин кучаймоқда. Мамлакатда полиция
кучларининг узлуксиз ўсиб бораётгани, Миллий хавфсилик тармоғининг бир неча баробарига кенгаяётгани сўзларимни тасдиқлайди.
Ижтимоий портлаш (фуқаролик уруши) хавфининг олдини олиш учун режимни ислоҳот қилиш керак. Ёки бундан-да аниқроқ ибора мавжуд: режимни алмаштириш керак.
Фарғона,
07.02.2011
(155)