Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(14-қисм)
2. Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидовга
Деразамдан тушган тола нур
Сомонйўли каби товланур.
Ҳурматли Эркин ака! Хат бошига маёқ қилиб келтирганим бу икки сатрингиз мени кўп ўйга толдиради. Шу шеърингизни илк ўқиганимда менга негадир ўзгача таъсир қилган. Бир ўқиганимда эсимда қолгани ҳам шундандир.
Чиндан ҳам, деразадан тушган нур, айниқса, тола-тола нур хонадаги чанг зарраларини бўлакча бир товлантиради: улар доим ҳаракатда, аммо нур чегарасида гирд кесилган ҳолда бижирлаб кўринади. Чанг зарраси ўз ҳолича кўринмас нарсадир, нур ҳам ўз ҳолича кўзга кўринмайди, аммо бу икки кўринмас борлиқ бир-бири билан учрашганида, учинчи шарт ҳам топилса, бири иккинчисини ошкор этиб юборади – нур заррада, зарра нурда кўринади. Учинчи шарт деганимиз, теваракда нур тушмаган соя жойнинг бор бўлишидир.
Осмондаги Сомонйўли туркум юлдузлари ер зимистон қоронғуликка чўмганида бор гўзаллиги билан кўринганидек, хона деразасидан тушган тола-тола, тарам-тарам нур ҳам ўзини ошкор этиши ва кўзларни қувонтириб живир-живир товланиши учун хонанинг соя қисми бор бўлишини тақозо этади!
Мана шу ажойиб манзарага термилиб ўтирган шоирни тасаввур қиламан: деразасидан тушган тола нурда товланаётган ҳаво (чанг) зарраларини Сомонйўли туркумининг ғиж-ғиж ва бижир-бижир юлдузларига ўхшатиб, ундан кўзини уза олмай қолган ва Борлиқ, Ҳаёт, Одам ҳақида теран ўй-хаёлларга толган киши албатта буюк шоир бўлади-да, дейман.
Эркин ака, менга сизнинг ижодингиз ёқади. Нимаси ёқади деб ўзимча кўп ўйлаганман. Топгандайман ҳам. Шеърларингизнинг юксак ички маданияти, (советга ва компартияга хизматни истисно этганда) мулоҳазаларингизнинг тўғрилиги ва теранлиги, шахсий дард ва дардчаларингизни асло шеър қилмаслигингиз (яъни, ғояда майдалашмаганингиз), миллийлик, ўйноқилик, ўзингизгагина хос ўхшатишларингиз… мени ром этарди кўпроқ.
Ўрис мустамлакаси даврида умуман адабиётимиздан, хоссатан сиз каби катта шоирларимиз ижодидан озодлик истаган кўнгилларимизнинг ташналигини қондирувчи ҳеч бўлмаганда ишоралар ахтарганларим, ҳатто шарқий қирғоқ билан ғарбий қирғоқ рамзан солиштирилган шеърингиздан шарқий қирғоқ фойдасига хулосалар чиқариб, ўзимча қувониб юрганларим эсимда.
Ниҳоят, тақдиримда битилган экан, “Ёшлик” журнали янги ташкил бўлган йилидан бошлаб уч-тўрт йил қўлингизда, наср бўлимида ишлаш насиб этди ва сизнинг муҳаррирлик фаолиятингизга ҳам меҳрим тушди.
Ўша йиллар мазасини ҳамон миннатдорлик ила эсимда ардоқлаб сақлайман, ўрганганларимни ҳаётга татбиқ этаман… Албатта, илк ижодини Исталиндан кейинги даврда – сиёсат юмшаган, мафкуравий ҳаволар бир оз илиқлашган паллаларда бошлаган сиз мансуб авлод онгида ижтимоий адолат туйғуси шакллана бошлаган эди, зотан у даврда ёзилган асарларда бу янги эпкин таъсири бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Шунинг учунмикан, орадан йигирма йилдан мўлроқ вақт ўтиб, Горбачнинг ошкоралик сиёсати бошлангач, шоир-ёзувчи қаламининг ижтимоий учи бирдан ўткирлашди, элимиз-юртимиз соғинган ғоялар куйлана бошлади.
Халқ қулоқ солди, эргашди. Қайта қуриш йиллари кичикроқ бир даврада ўтирганимизда: “Ёзиб қолинглар, дардларни айтиб қолинглар, яқинда бу дўконлар (ошкоралик. ‒ Н.М.Р.) ёпилиб қолиши мумкин”, деган эдингиз олтмишинчи йиллар илиқлиги кетидан совуқ шабадалар эсганига ишора қилиб. Шу битта ўгитингизданоқ мендек бир ёш қаламкаш сизнинг ижтимоий сиймонгизни ҳам яхши кўриб қолган эдим.
Билмадим, эсингизда борми-йўқми, бир куни қайсидир иш билан сизга учраганимда менга бир қоғоз узатдингиз. Ёзув машинкасида кўчирилган бир шеър. 1989 йили Тифлисдаги майдонга совет танклари киритилиб, тинч намойишчилар шафқатсизларча ўққа тутилган қонли воқеага бағишланган экан.
Шеър янги ёзилгани (ўша куни Тифлис воқеасидан қанча ўтган эди, ҳозир эсимда йўқ) билиниб турарди. Ота-боболаримиздан сизиб келган, юраклар туб-тубида яширин асраб-авайлаганимиз озодлик ҳақидаги орзуларимизни ошкоралик майдонларига тўкиб-солиб юрган кунларимиз эди. Тикка турган ҳолда ўқиб чиқдим.
Шеърингиз менга бўмбадай таъсир қилди. Ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Қайта-қайта ўқидим. Ниҳоят: “Бошқаларга ҳам ўқитсам, кўпайтириб тарқатсак, майлими?” деб рухсат сўрадим. Балки элга ёйиш мақсадида ҳам уни ёш бир ижодкор қўлига бергандирсиз.
Ҳарҳолда, ошкоралик сиёсати ҳукм суриб турганига қарамай уни Ўзбекистондаги ҳеч қайси матбуот бирданига боса олмаслиги бор гап эди. Рухсатингизни олдиму “Бирлик” халқ ҳаракати паккаси жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси томон чопдим. Тифлисда рўй берган қонли қирғинбаротга Эркин Воҳидовнинг(!) муносабатини халқимиз тезроқ билиши мен учун жуда муҳим эди. “Бирлик” паккасида одатдагидек одам гавжум экан. Ҳовлиқиб шеърни ўқиб бердим.
Ҳали Компартия от устида турган, ҳали совет тузуми гоҳ Олмаота, гоҳ Вилнюс, гоҳ Тифлисда ваҳший кучини кўрсатиб пишқириб ётган бир пайтда бу каби шеърлар халққа кучли таъсир этиши, уни ижтимоий карахтликдан ижтимоий фаолликка уйғотиб юбориши, кўнглидаги ҳадикларни кетказиб руҳини кўтариб юбориши тайин эди. Шу боис зудлик билан уни кўпайтириб тарқатишга қарор қилинди. Ўзиям ўша замон ускуналарида(!) балки милён, балки ундан ҳам кўп нусха кўчириб тарқатилгандир шеърингиз!
Изтироб
Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун,
Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин.
Унинг йўқ обрўйин тўкканим учун,
Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.
Халқимга қадрингни бил десам агар,
Кураш, ҳақни ошкор қил десам агар,
Бу қутқу аталса давлатга зарар,
Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.
Амалдор дер эса, тузум ‒ мен ўзим,
Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,
Мен бундай тузумдан ўгириб юзим,
Тамом жиноятга ботганим бўлсин.
Тифлисда халқ узра танк юборган зот,
Шаънин қилар бўлса қонун эҳтиёт,
Ўша зот коммунист бўлса, мен ҳайҳот,
Фирқа дафтаримни отганим бўлсин…
деган жанговар сўзлар ёзилган эди унда.
Ҳа, Эркин ака, сиз шунақа Одам, шунақа Шоир эдингиз! Мухлисларингиздан бир мухлис, укаларингиздан бир ука, шогирдларингиздан бир шогирд ўлароқ кўп қатори мен ҳам сиз билан фахр ва ғурур туяр эдим.
Адабиёт миллатнинг виждони бўладиган бўлса, кам деганда мана шундай бўлиши керак, дердим. Аммо…
…бир куни сизни таниб бўлмай қолди, Эркин ака! Сиз сингандек эдингиз, худди сизни синдиришгандек… Жонингизга суиқасд уюштириб (тўғри, кейин сўзингиздан қайтиб ўқни тасодифий тош экан дедингиз) синдиришдими ё депутатлик курсисини бериб синдиришдими? Ё олдин синдириб кейин депутат қилишдими?
Синдиришларига нега жим рози бўлиб турдингиз? Сиз ким-у, сизни синдирганлар ким эди – улар сизга тенгми?!
Тенг қўйиш тугул, бир куни уларни ўзингиздан ҳатто устун билиб қолдингиз! Қадрингизни қачон ерга урдингиз, қачон арзимасларнинг оёғи тагига тўшадингиз у қадрни?!
Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида “Олимнинг амирнинг ҳузурига бориши зиллати (паст кетгани)дандир, амирнинг олимнинг ҳузурига келиши иззатидандир”, деб жуда чиройли айтган эканлар.
Эркин Воҳидов!.. Абдулла Орипов!..
Бу шарафли номлар бутун бир даврга ишорадир! Сизлар ўз қадр-қийматларингизни билмасангизлар, халқимиз жуда яхши билар эди! Сизларни таниб-билганидан бошига тож қилиб кўтарган!
Амирлар остоналарингизга келиб, ҳузурларингизга навбат кутишига лойиқ зот бўлганларингиз ҳолда нега амирлар остонасига бош эгиб бордиларингиз?! Қоринларингиз очмиди, устларингиз юпунмиди?!
Оллоҳга минг қатла шукр, оч ҳам, юпун ҳам эмас эдингизлар. Оч ё юпун бўлганларингизда ҳам сизлар маънан тўқ ва бой кишилар ўлароқ, миллатнинг виждони бўлиш шарафига эришган улуғ инсонлар ўлароқ амирларнинг, подшоларнинг иззат-икромига лойиқ эдиларингиз.
Халқ бошига тож қилган сизлардай зотларга лойиқ даражада муомала қилмаса, ундай амиру подшоларнинг бир мирилик ҳам қиймати бўлмас. Сизлар амирларнинг остонасига бориб қанчалар паст кетган бўлсангизлар, амирлар сизларнинг остоналарингизга бош уриб келганида Ҳақ ҳузурида ҳам, халқ ҳузурида ҳам шунчалар иззат-икром топган бўларди. Яъни, қорин тўқ, уст бут, мартаба улуғ бўлсин деб руҳан ва маънан сингандан кўра қорин оч, уст юпун ҳолида иззатни сақлаб, Ҳақ ва халқ ҳузурида улуғ мартабаларни қозонган аъло эди. Замонларга шуниси қолади, замонлар ана шундай эрларни эъзозлайди.
Бироқ сиз каби машҳур адибларимизнинг хоссатан “мустақиллик”дан кейинги ижтимоий фаолияти мухлислар кўнглида доғли аламлар қолдирди. Нега? Чунки мамлакат ҳаётида, айниқса маънавият соҳасида жиддий ўпирилишлар бўлиб ётибди, лекин адабиёт жим, сизлар жим, ҳаммамиз жим, кўрсак ҳам кўрмаганга олиб турибмиз:
‒ сиёсат борган сари ёввойилашиб бормоқда; қаерга қараманг адолатсизлик, одамларда кичкинагина ҳам ҳуқуқ қолмаяпти;
‒ қамоқхоналар ҳақсиз қамалганлар билан лиқ тўла, каталакдай хоналарга бир ярим баравар, айрим қамоқхоналарда икки баравар кўп маҳбус тиқиб ташланган;
– жамиятда ўғрилик, фирибгарлик, зўравонлик кучайди, алдов маданийлашди; давлат мулкини талашнинг турли замонавий йўллари чиқиб кетди;
– порахўрлик мисли кўрилмаган даражада юксалди;
– пахта ва буғдойда яна қўшиб ёзишлар бошланди, ҳатто очиқ тус олди, режада кўзланган марралар пул билан дўндириляпти;
– халқнинг катта бўлаги амал-тақал қилиб кун кўраётир, ўшанда ҳам кўпларнинг чет элларда мардикорлик (қуллик) қилиши эвазигадир;
– аёллар – уйларимизнинг маликалари болаларини жамиятга чиройли тарбиялаб чиқаришдек вазифаларини ташлаб, бир тишлам нон илинжида кўчама-кўча, уйма-уй изғиб юрибди; тунги клуб (исловатхона)ларда ва чет элларда тан (номус)ларини сотиб бузуқликка ботган;
– халқимизнинг умумий ахлоқий аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб кетяпти, ёшлар орасида бузуқчилик урчиди, таълим соҳасидаги коллеж тизими ёшлар тарбиясини тўла издан чиқарди, ҳатто совет даврида мустаҳкам бўлиб келган оила тизимимиз бузилишга юз тутди ‒ булар ҳаммаси жамиятнинг қудратли тозаловчи иншооти бўлмиш дин қувғинга учраган, сиқув остига олинган, даъват йўллари кесилган, болаларга диний тарбия қатағон қилинган бир вазиятда юз беряпти;
– адабиёт соҳасига келсак, сўз эркинлиги тўла-тўкис бўғилиб, ёт ғоя ўлароқ ҳаётимиздан узил-кесил сиқиб чиқарилди, ўттиз милёнли бир мамлакатнинг фикрий майдонида шўппайиб Бир Кишигина қолди, бутун бошли мамлакат унинг ақл даражаси билан кифояланишга мажбур, алмойи-алжойи гапларини эшитишга, энг ёмони, бу алмойи-алжойи гапларни энг доно, энг олий фикрлар деб қабул қилишга мажбур, улардан ошириб гап айтишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди ва ҳоказо; натижада миллат ижтимоий-фикрий тараққиётдан анчагина орқада қолиб кетди; шу кетиш бўлса, орадан ҳеч қанча ўтмай халқимиз дўст билан душманни ажратолмай қолади, ҳатто отасини танимайдиган ҳолга тушади…
…лекин нимагадир бу ишларни кўриб турган, тушунган, элига-юртига қайғуриши лозим бўлган адабиёт жим, Эркин Воҳидов жим, Абдулла Орипов жим, деярли ҳамма жим! Мум тишлаганмиз гўё. Адабиёт нимадан қўрқади, Эркин ака? Ё мамлакатда фақат ижобий ишлар бўляптими?! Ҳозиргина санаганимиз балки юздан бир, мингдан бир салбий ишларни адабиёт салбий ҳисобламайдими ё?!
“Улуғ”имизга бу қадар маҳлиёликни қандай тушунсак бўлади?! Муштипар халқимиз яқин кечмишда юз берган Исталин шахсига сиғиниш таъсиридан ҳали тўла-тўкис қутулиб улгурмай энди Ислом Каримов шахсига сиғинтириш бошлаб юборилгани наҳот зиёлиларимизни хавотирга солмайди?!
Неча йиллардан бери мамлакатда босқичма-босқич, қаватма-қават репрессия кетяпти – кўрмаяпмиз-эшитмаяпмизми?!
“Террорчиликка қарши кураш” ниқоби остида мутлақо гуноҳсиз қанчадан-қанча имонли-ибодатли ўғил-қизимиз гулдай умрини узоқ муддатли қамоқларда ўтказяпти, ёш-ёш болалари эса бу ёқда отасиз-онасиз ўсяпти. Бу кўнгли ўксик, бағри кемтиклар эртага қанақа жамиятни ташкил этади?!
Оқсарой эгаси эса йигирма йилдан бери ўзининг бош ташвиши билан банд ‒ мамлакатнинг Асосий Қонунини неча бор бузиб, ўзини қайта-қайта “сайлатиб” келяпти. Шу ишми?!
Кўтариб чиқилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган бу каби қанчадан-қанча долзарб масала турганида, матбуот ҳаётнинг чинини бир четга суриб қўйиб, қимматли саҳифаларини ёлғон-яшиққа тўлдириб ташлаган – онгимиз-шууримизга бир хилдаги ахлатини тўкиб ётибди; радио-телевидение тишсиз оғизларини тандирнинг оғзидай катта очиб, эртаю кеч “амир”имизга ҳамду сано алангасини гуриллатади, “мустақиллик”ни дин, унинг “меъмори”ни илоҳ даражасига чиқаришга урингани уринган.
Бугун телевидение насроний руҳли ё бузуқ киноларни кетма-кет кўрсатиб, мамлакатимизга қанақа қадриятларни олиб киряпти, нима ишларни тарғиб қиляпти?!
Бозори ўтмай қолган ашулачию ўйинчиларни битта чойхонага йиғиб олиб, майда-чуйда ”гап”ларини, ҳиринг-ҳиринг ва ҳо-ҳоларини ўттиз милён халққа ибрат қилиб тақдим этяпти. На бир маъни, на бир ҳикмат бор уларнинг шилта “гап”ларида!
Халқнинг боши гаранг бўлиб қолди, кимга эргашишни билмайди, теле экранларини спортчию ашулачи эгаллаган, ёшлар Ватан, миллат тарихини билмайдиган, отасини, онасини яхши танимайдиган, мамлакатда фақат Бир Кишини кўрадиган, ўша кишининг даражасида фикрлайдиган манқуртларга айлана бошлади…
Бу каби ҳолатлар ўйлашга, бонг уришга арзимайдими?! Булар ҳақида миллатнинг виждони бўлмиш адиблар қайғурмаса, ким қайғуради?! Хуллас, айтаман деса гап кўп, Эркин ака. Зотан, бу айтилганларинию айтилмаганларини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.
Мени ва мен каби ҳайрон халқимизни ўйлантириб турган нуқта ўзи шу – нимага кўриб-билиб туриб адабиётимиз дарғалари индамаяпти? Нимага Эркин Воҳидов индамаяпти?
Нимага олис Тифлисда тўкилган қон учун ўша дамлардаги энг обрўли гувоҳномасини – коммунистлик билетини отишга тайёр бўлган виждон эгаси йиллар давомида гуруҳ-гуруҳ қамоққа отилаётган, у қамоқхоналарнинг зах ертўлаларида сирли равишда ўлдириб юборилаётган, ҳеч бўлмаганда сил қилинаётган минглаб, ўнминглаб ватандошимизнинг бошига тушмиш қора кунларни кўра-билатуриб бу замоннинг обрўли гувоҳномасини – депутатлик ё қаҳрамонлик мандатини отишга журъат топмади?!
Тифлисдаги қирғинни кўриб-эшитиб қайнаб тошган виждон, ғайрат нимага Андижонда ёш-ёш йигитлар, қизлар, эрлар, аёллар, чоллар, кампирлар – қанчадан-қанча инсонимиз шафқатсизларча отиб-қириб юборилганини кўриб-эшитиб ҳам қайнаб кетмади?! Қайнаш не, ҳатто қилт этиб қўймади! Нимага депутатлик ё қаҳрамонлик гувоҳномаси улоқтирилмади?! Олисдаги гуржининг жони у қадар қадрли, ўз халқининг жони бу қадар қадрсизми адабиётимизга?!
Шунга ўхшади… Шунга ўхшайди… Бўлмаса, Гуржистонда ўлганларга ачинган юрак Ўзбекистонда ўлдирганга ачиниб ўтирармиди!
“16 февраль 1999 йил” шеърингизда сиз кўксингизни асли ҳимояга муҳтож халқнинг ҳимоясига тутмай, асли ўқ отган золимнинг ҳимоясига қалқон қилганингиз “Андижон қирғини”дан кейин ҳам сиздан халқ ҳимоясига бир нарса кутиб бўлмаслигини кўрсатган. Ачинарли… афсусланарли…