O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Деҳқоннинг айтганлари

Деҳқоннинг айтганлари
269 views
26 September 2016 - 5:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(92)

9. Деҳқоннинг айтганлари

Президентимизга раҳмат, бу йил ҳосил яхши бўлди. Пахтани нес-нобуд этмай териб олдик. Президентимизга раҳмат, ўн беш фойизи деҳқонга берилсин, деган эди. Биз бу пахтани қаерда ҳам сотардик, Президентимизга раҳмат, оғиримизни енгил қилди – ўзлари сотадиган бўлди. Президентимизга раҳмат, ўзлари жуда кароматли  киши  эканлар.  Ёзувчи  Пиримқул  Қодиров  дегани телевизўрдан айтди, президентмиз Ҳиндистонга борганларида булутлар  тарқаб,  бирдан  қуёш  чиқиб  кетибди.  Бизни  қуёшли Ўзбекистон дейишади, аммо Ҳиндистонда қуёш чиқаришнинг ўзи бўладими? Президентмизга  раҳмат,  бизда  ҳам  ҳаво  яхши  келди.

Томорқадан олган ҳосил билан кун кечираяпмиз. Иккита сигиримиз бор, Президентимизга раҳмат, иккалови ҳам туғди, сут-қаймоқ текин бўлди.

Президентмизга  раҳмат,  қишлоқда  ун  йўқ.  Пахта  экиб, буғдой экмаган эдик. Президентимизга раҳмат, анча қийин бўлди. Ун олиб келишган эди, жанжал бошланди. Қўшнилар жиққа-мушт бўлишди. Президентимизга раҳмат, жанжалкашлар қамалди.  Президентимизга раҳмат, менинг хотиним анча чидамли
чиқди, унсиз ҳам овқат қилаверади. Президентимизга раҳмат, қишлоқда гўшт йўқ. Қўшнилар бир-бирининг гўштини ейди. Президентимизга раҳмат, буни ҳеч ким билмайди.

Президентимиз соғ бўлсинлар, қишлоқда ҳар хил касалликлар кўпайиб кетди. Менинг куёвим жигари чириб, ўлди. Иккита бола етим қолди. Президентимизга раҳмат, онаси нафақа олаяпти. Президентимизнинг юзи доим ёруғ бўлсин, қишлоқда чироқ йўқ. Қоронғу тушган заҳот ҳамма каппаларига кириб кетади, шам ёқиб, овқат пиширади. Президентимизга раҳмат, ҳали ҳеч ким нолигани йўқ.

Яқинда  эшагимни  сотдим.  Президентимизга  раҳмат, бозорлар  анча  қимматлаб  кетибди,  эшакни  нақ  икки  мингга олишди. Бу пулга гўшт олиб уйга келсам, хотин жанжал қилди, бутун эшакка тўрт кило гўшт олдингми, деди. Президентимизга раҳмат, йиғлаб-йиғлаб жим бўлди.

Президентимизга раҳмат, ҳаёт жонга тегди. Ҳатто ўзимни осмоқчи  бўлдим,  президентимизга  раҳмат,  арқон  чирик  экан, тирик қолдим. Ёш болаларимни ўйлаб яшай бошладим. Президентмизга  раҳмат, кенжатойим бултур мактабни тугатди. Тошкентга ўқишга бораман, деб хархаша қилди. Менга ёрдамчи бўл, қишлоқдан кетма, деб ёлвордим. Бола ўжар чиқди, кетди. Президентимизра раҳмат, порасиз ўқишга кириш мумкин эмас экан, болам бағримга қайтиб келди. У ҳам мендай яшайдиган бўлди.

Президентмизга раҳмат.

(давоми бор)