O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дийдор ва суҳбат

Дийдор ва суҳбат
198 views
14 May 2020 - 13:42

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ДИЙДОР ВА СУҲБАТ
(Йигирма биринчи кун)

Дийдорнинг қалбга ҳаловат, кўзга қувонч, дардга малҳам бўлиши бор. Инсон кимнингдир дийдорини соғиниши моҳиятида, шубҳасиз, бир сир бор. Дийдорлашганда уйғонадиган севинч, дийдорга талпинмоқ Аллоҳнинг раҳматини намойиш этади. Албатта, Аллоҳ Ер юзига ўз раҳматини нозил қилмаса, инсонлар орасида раҳмдиллик, меҳр ва муҳаббат бўлмас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларида гапирганларида: “Одамлар ичида суҳбатини ва молини энг аямагани Абу Бакрдир”, – дедилар (Ҳадис ва Ҳаёт, 21 жуз, 45-бет).

Маълум бўладики, суҳбатда сахий бўлиш молу давлатда сахий бўлишдан афзалроқдир.

Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу турли юртларга амир жўнатар эканлар, “Мусулмонларга суҳбатингни гўзал қил!” – деб тайинлардилар.

Зотан, дийдордан мурод гўзал суҳбатдир, гўзал суҳбат – илму ҳикматга элтувчи йўл, ибратларни юзага чиқарувчи кўзгу, қалбларни боғлайдиган нурли риштадир.

Суҳбатнинг ўз шартлари бор. Аввало, айтилажак ҳар бир сўздан Аллоҳ йўлидаги илм, илмнинг такрори; ибрат; манфаат ният қилиниши лозим. Иккинчидан, суҳбатда ғийбат, кераксиз гап, чақимчилик ва сафсатадан сақланмоқ керак. Учинчидан, суҳбатнинг чегараси, албатта, аниқ бўлиши жоиз. Гапинг қизиши амалларга путур етказмасин: ишларнинг кечикиши, режаларнинг бузилиши, ибодатларнинг унутилиши суҳбат сабабли рўй берса, бу суҳбат эмас, улкан иллатдир.

Бизнинг кунларимизда дийдордан мурод – таомлар тўла дастурхон, холос. Бизни тўплайдиган, учраштирадиган сабаб қалб истаган суҳбатлар эмас, қоринни беҳуда тўлдирувчи емаклардир.

Таассуфки, чорва ҳайвонлари ҳам қорин тўйғазмоқ учун охур атрофида тизиладилар, аммо улардан майда гап ва фитналар тарқамайди, биз эса ҳайвон каби охурга йиғилганимиз етмаганидек, шайтон каби фитнакор гапларга ружу қўйдик. Кийган кийими ва еяётган емакларини элга кўз-кўзламоқ эса, бундан кўра каттароқ шармандаликдир. Зерикишларимизга чорани маърифатдан топа олмай, овқатхўрликка муккадан кетар эканмиз, миллатнинг юксалиши ҳақидаги сўзларимиз хаёл бўлиб қолади, холос.

Роббим, бизни кечир! Қалбимизга ҳикмат ато эт, дийдор ва суҳбатларимизни хайрли айла!

2020 йил, 14 май.