2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
ИРОДА
Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,
Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.
Биз абадий некбин. Мангу умидвор.
Биз — кўнгли совишни билмас ошиқлар.
Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар
Биз учун баробар янгроқ торлардир.
Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар
Бизлар қаловини топган қорлардир.
Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,
Дўстларга аталган дил розларимиз.
Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб.
Жаранглаб туради парвозларимиз.
* * *
ДИЙДОР
Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф.
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.
Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас
Олиш ўзи менга катта бахт.
Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.