Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш ташаббусини диктаторнинг расмий қароридан анча олдин, империядан мерос услубга кўра, ҳукумат амрининг халқ номидан “фидоийлари” аллақачон бошлаб юборишганди, деди масъул ташкилотлардан бирида хизмат қилувчи ЎХҲ мухлиси. Инглиз тилининг “аҳамиятини” ҳисобга олган баъзи Давлат ташкилотлари, йирик компаниялар ўз ходимларининг тил ва компъютерни малакали ўрганишлари учун маблағ ажратган, ўқитувчилар ёллашган. Раҳбарлар ўз ходимларига келажакда инглиз тилини билган кишиларгина иш ўринларини сақлаб қолишлари мумкинлигини маълум қилганлар.
Диктаторнинг инглиз тилига бўлган “фавқулодда муҳаббати” тилимиз бошига тушажак янгича йўқотишлардан дарак бермоқда. Иш ўрнини сақлаб қолиш чет тилига боғлиқ бўлган мамлакатда миллат ўз қадрини, Давлат тили ўз аҳамиятини йўқотади. Ўтган асрнинг 30 йилларидан бошланган “имло ўзгартириш касаллиги”, 80 йил ичида ёзувимизнинг уч маротаба ўзгариши туфайли халқимиз маданий-маърифий, илмий-диний билимлардан маҳрум бўлганди. Бугун инглиз тилини ёппасига ўрганишга қаратилаётган сиёсат диктаторнинг “кексалик инжиқлиги”дан бошқа нарса эмас, деди мухлис.
Кутилмаган бу янгилик чорак асрдан бери Давлат тилига мослашолмаётган халқни тамом ҳайрон қолдирди. Ҳали ҳам юртимизда отдан тушса-да, узангидан тушмаётган русийзабонлик ўрнини инглиззабонлик эгаллаши ўзбек халқига қандай бахт-саодат ато этади? Космосга учирадими, Ойга чиқарадими? Ўзбекистонимизда ҳаётнинг барча соҳаларини муаммолар домига тортган бир замонда инглиз тилини глобал масалага айланишини ақллар қандай қабул қилмоқда? Бундай саволларга ўз миллий тилини қайғурган ҳар бил ўзбекнинг бошини қотириши, дилини oғритиши турган гап.
Тил билиш яхши, лекин ўзга бир миллат тилини бошқа бир халққа мажбуран сингдириш зўравонликдир. Бизнингча, Диктаторимиз ҳеч қачон бошқа давлатларнинг раҳбарлари каби ўз халқининг тили, миллий ғурури, бахт-саодати ҳақида қайғурмаган. Масалан, В. Путин рус тилининг мавқеини мустаҳкамлаш учун талаблар қўяётган, тил ўрганувчи муҳожирлар учун шароитлар яратиш, керак бўлса моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида гапираётган бир пайтда, бизнинг Диктаторимиз рус тили аралашмаларидан холи бўлолмаётган ўзбек тили зиммасига инглиз тилини ўрганиш мажбуриятини ҳам юкламоқда. Бу қандай фавқулодда жонбозлик бўлди? Диктаторнинг навбатдаги ушбу ташаббуси остида нечоғлиқ маккорона режа, хиёнат яширинган экан?
Келажакни “ўйловчи” Диктаторимиз иккинчи она тилимизга “айланган” рус тили ўрнига инглиз тилини мўлжаллаётгани ҳақиқат. Ҳар ҳолда Давлатни қизи ва невараларига топширишга эришолса, ворисларга бир кучли суянчиқ, дўст керак бўлади, нега деганда энди ўрислардан фойда йўқ. Ўзи кетдими, эрта-индин тили ҳам кетади. Ўрнига истаса истамаса кучлироқ яна биттаси келади. Бу албатта Америка. Инглиз тили шунчаки тил эмас, қизи, неваралари яхши кўрадиган тил, ўзи ўрганолмай армонда қолган тил. Демак, ўзбекларга бир оғиз буйруқ берса–“тил ўрганилсин!” деса бас, ўзбекларнинг вазифаси буйруққа бўйсуниш, деб ўйлайди бу золим… Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, ўзбеклар инглизлашишга рози бўладиларми? Келинг, тилимизга бўлган ҳужумларни ибрат учун бирга эслайлик…
Тилга давомли зарбалар
Собиқ империя даврида ислом эътиқодли халқларнинг на фақат динлари, тиллари ҳам шу даража қаттиқ тазйиқ остига олингандики, унинг асорати ҳали ҳам давом этмоқда. Биз рус, грузин, арман ва бошқа халқлар каби минг йилликва ундан ҳам ортиқ (ҳатто милоддан олдин ҳам) миллий ёзувимиз, имломизга эга эдик. Худосиз сиёсат учун туркий халқларни Қуръон тили бўлган араб имлосидан айириш Қуръондан айиришнинг асосий шартларидан бири эди. Етакчилари, олимлари ўлдирилган, жасорати синдирилган оч-яланғоч омма империя сиёсатига ишонди ва тан олиш керакки, ўз даврида уни қўллаб-қувватлади ҳам. Афгор оммага бу дунё жаннатини ваъда қилган Қизил империя инқилобдан кейин бирданига араб имлосига ҳужум қилмади, 10-12 йил араб ёзувига сабр қилиб, шайтоний ваъдалар билан халқнинг “этини ўлдириб” борди. 1930 йилда эса ҳали қадрдон имлодан тамом узилиб улгурмаган ўзбек ёзувига рус имлосини тиқиштиришдан “андиша” қилган империя ўзбеклар ичидан лотин имлоси ташаббускорларини тайёрлади. Неча юз йиллар давомида қийинлиги сезилмаган араб имлосининг ноқулайлик томонлари “исботланиб” лотин имлоси таклиф қилинишига эришилди.
Шундай қилиб, Марказий Осиё, Туркистон халқларининг кейинги минг йилликда ўз ёзувларидан илк маротаба айрилиш саънаси Қизил империяга мосланган ЎзСЭда (қисқартириб олинмоқда) шундай таърифланади: “… Имло ёзув билан боғлиқ. Ўзбек ёзуви араб графикаси(дан) 1930 йилда лотин графикаси, 1940 йилда рус графикаси асосидаги янги алифбога кўчирилиши билан Имло ҳам ўзгарди. …Ҳозирги ўзбек адабий тилининг имлоси ЎзССР Олий Совети томонидан 1956 й. 4 апрелда тасдиқланган ва май ойидан қўллана бошлаган “Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари”га амал қилади.” (Ад: “Записки ин-та востоковедения АН СССР. 1937.№6;) Кўриниб турибдики, 1925-27 йилларда бошланган ўзбек ёзувига қарши кураш 1956 йилда якунига етган.
Энди Диктатор ҳукмронлигига бўйинсунган ЎзМЭда Имлога берилган таърифни кўрайлик. (Қисқартириб олиняпти), “…Имло қоидалари вазиятга кўра ўзгариб туради. Кирилл ёзувидаги ўзбек адабий тилининг И. қоидалари 1940 йилдан шакллана бошлаган бўлса, 1956 й.да мукаммал қоидалар тўплами қабул қилинган. …Ўзбек тилининг лотин графикаси асосидаги (1995 й.да қабул қилинган) алифбоси бўйича асосий имло қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 й. 24 авг. Қарори билан қабул қилинган. (Ад.: Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари, Т., 1956; O’zbek tilining imlo lug’ati, T.,1995.)
Юқорида ҳар икки Энциклопедия изоҳларига эътибор қилинса, тил, имло ҳақидаги илм ва уни имзолаган олимлар ҳам хиёнаткор сиёсатга хизмат қилган ва қилаётганини, бутун бошли бир миллатнинг тили ўйинчоққа айланганини англаш қийин эмас. ЎзМЭ даги мана бу изоҳга эътибор берайлик: “Кирилл ёзувидаги ўзбек адабий тилининг И. қоидалари 1940 йилдан шакллана бошлаган бўлса, 1956 й.да мукаммал қоидалар тўплами қабул қилинган.”– кўчирма тугади. “Мукаммал қоидалар тўплами” қабул қилинган экан, нега энди орадан 55 йил ўтиб, 40- йилларда яроқсиз ҳисобланган лотин имлосига қайтиш зарур бўлиб қолди? Мақсад нима, бу ақлданми ё аҳмоқликми? Йўқ, бу кўра-била туриб миллатни саводсизлик чоҳига итаришдир. Ва бу ишни Диктатор Каримов шараф билан давом этмоқда.
23 йилки, Диктатор ўз атрофига йиғиб олгани, ўл деса ўлиб, қол деса қоладиган мансабпапараст “миллий авторитетлар”и билан ўзбек халқининг миллий маданияти, диний эътиқодига қарши курашда давом этади. Золимнинг “ислоҳотлари” ўзи ва қизининг ноғорасига ўйнашда устозларини ортда қолдираётган ҳавойи ёшлар жамоаси, санъатни миниб олган гала отарчилар, гўзалликни фахш ва наҳсга дўндирган раққосалар, ориятсиз эркаклар, енгилтабиат аёллар қиёфасида ўз меваларини бермоқда. Парокандаликка юз тутган меҳнаткаш ўзбек халқи ва кундан кунга қашшоқлашаётган ҳақиқий аҳли илм ва ватанда беватан зиёлилар турмуш тарзи жоҳил диктатор ва унинг қизини заррача қизиқтирмайди.
Диктаторнинг навбатдаги найрангги
Шундай қилиб ўзбеклар ўзининг яқин 80 йиллик тарихида 10 йил араб имлоси, 10 йил лотин имлоси ва 50 йил рус имлосида савод чиқариб, “маданиятимиз янгича шаклланган” бир пайтда, Диктаторнинг “ақлли боши”ни қандайдир ғоялар безовта қила бошлади. Гўё ўрисга нафратини изҳор қилиш, Ер куррасининг нариги томонидагиларга ёқиш, ҳаммадан ҳам ўзбек халқини қайта тикланаётган миллий-диний, тарихий қадриятлар таъсиридан “асраш”нинг бирдан бир йўлини лотин имлосига ўтишда кўрди. Ҳукумат диктаторнинг ташаббусини ўйлаб ҳам ўтирмай маъқуллади. “Ўзбек тилининг лотин графикаси асосидаги (1995 й.да қабул қилинган) алифбоси бўйича асосий имло қоидалари” ҳақида Ҳукумат Қарори қабул қилинди…
Одамлар араб имлосида ёзилган минг йиллик диний-маърифий, илмий асарлар ёнидан жой олиши мумкин бўлган кирилл ёзувидаги бутун бошли кутубхоналар, диссертациялар, илмий дарсликлар, аждодларини унутишга маҳкум авлодлар ҳақида ҳам қайғурардилар. Бу “оламшумул ўзгариш” ўзбек миллатига нима берди? Фақат орқага кетиш, тарихдан узилиш, авлодлар орасига бўшлик, раҳна солиш, саводсизликдан бошқа нима берди?
Мана, 18 йилки, жамият иккига бўлинган. Икки хил ёзув, икки хил имло қоидаларига кўра саводхонлигимиз нечоғлик натижалар бераётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Боғчадан тортиб, маҳалла-кўй, мактаб ва олий таълим, юқори ташкилотлар ёзишмаларидаги имло ва жумла хатолар айб бўлмай қолди. “Ёшлар” каналининг лотинда, “Ўзбекистон” каналининг кириллда фаолият олиб бориши гўё икки мамлакат, икки олам каби ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Кўчалардаги шиорлар, рекламалар, телеэкрандаги ўзбекча ёзувлар, номи лотинча ўзи кириллча газета ва журналлар, бадиий ва илмий адабиётлар, ёзув тури борки, хатолари бисёр.
Саводхонлигимиз даражасини белгиловчи маънавий савиямиз– ҳаёт тарзимиз, енгил-елпи қўшиқларимиз, бақир-чақир тўйлар-у, сериалларимиз, душман (раҳбар, амалдор) олдида қўйдек юввошлигимизу, ўзаро ноаҳллигимиз, дунё бўйлаб сочилиб– ит ётиш, мирза туриш яшашимиз, муомала маданиятимиздан маълум. Китоб ўқишга эринган, эътироз қилмоқчи киши соткадаги ёзишмалари, компъютердаги мақолалар, изоҳлар, нутқ маданиятимизни кузатиб, хулоса чиқариши мумкин.
Ворисларига қулай бўлсин деб
Айни кунда ҳар кимнинг имло ва ёзувга қизиқишига қараб, жамиятни уч гуруҳ ёки уч жамоа ажратиш мумкин:
араб имлоси жамоаси– ўрта ва катта ёшдаги зиёлилар, араб имлоси ва эътиқод илмини мустақил ўрганувчи ёшлар;
кирилл имлоси жамоаси– ҳар хил олди-қочди, севги ва адашиш қиссалари, кўнгил очар йўналишдаги нашрлар мухлислари–турли ёш ва савиядаги хотин-қизлар, кекса ёшли кишилар;
лотин имлоси жамоаси– адабиёт ўқиш имкони чекланган, қўл телефонлари ва интернет олди-қочдиларига боғланиб қолган 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган авлод.
Ўй-фикрлари, дунёқарашлари бўлиб ташланган, боши бирикмайдиган, умумманфаатини ҳис қилмайдиган, маҳаллийчилиликка берилган, оломонга айланган халқ қулликка маҳкумлиги бизга яқин тарихимиздан яхши маълум. Диктатор ўз зулми ва нафрати билан ўзбек халқини ўзи билан ўзи оввора оломонларга айлантира олди. Масалан, ўтган асрнинг 80-90 йилларида ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ҳукуматга ҳақ сўзни етказишни жиҳод деб тушунган халқимиз бугун, урганинг ун оши сўкканинг сўк оши, қабилида бошини дорга тутар ҳолатга келтирилгани ҳам ҳақиқат-ку.
Хуллас, Диктаторнинг инглиз тилини танлашдан мақсади “келажагимиз бўлган ёшлар”ни илдизларидан буткул узиб олиб, ўзидан кейин давлатни бошқаражак қизи ва невараларининг қулларига айлантиришдир. Айни кунларда мақсад сари тайёргарлик кенг кўламда олиб борилмоқда. Ўзбек телеканаллари халқни ислом дини, диний экстеримизм билан қўрқитишга, христиан руҳи сингдирилган ғарб ҳаётига доир кинолари билан мафтун этиш, исломга нисбатан нафрат, ғарбга нисбатан муҳаббат уйғотишга хизмат қилмоқда. Ислом эътиқоди йўналишида бирор кино кўрсатмайдиган Ўзтелевидение йил ўн икки ой давомида черков ҳаёти, христиан тарихи, монахлар ҳаёти, Рождество байрамлари ва бошқа халқлар эътиқодларини очиб берувчи илмий, бадиий, фантастик кино ва сериаллардан ортмайди. Ўзбек киноларининг мазмуни эса ўта зерикарли ва жонга теккан оилавий можоралар, суврати бору, сийрати ўлган олий таълим, ўйинқароқ талабалар дунёси, тўй-марака, қайнана-келин… мавзуларидан иборат.
Шундай экан, ОАВ ва Теледастурларининг ғайри миллий, ғарб маданияти тарғиботига мослаштирилганини кўрмаслик кўрлик, эшитмаслик карлик, тушунмаслик манқуртликдан бошқа нарса эмас. Аҳволимизни таҳлил қилган баъзи миллатимиз душманлари ёшлар Гулнора томонида, деб диктаторни ва ўзини ишонтирмоқда.
Яна бир бор эслайлик: Диктатор бутун фаолияти давомида ўзбек тилини давлат мақомига олиб чиқмаслик учун курашди ва шунга эришди ҳам. Айни кунда ҳам ўрис тилини яхши билмаган кишилар масъул лавозимларга ишга олинмайди. Чорак асрки, олди-берди, тўлов, муомала муносабатлари рус тилида қайд этилади. Ўзини ва тилини биз каби қадрсизлаган бирор миллат йўқдир собиқ иттифоқда ва ер юзида. Буларнинг барчаси миллат душмани Ислом Каримов сиёсатининг маҳсулидир. Кўриниб турибдики, на Диктаторга, на унинг қизига ишониш асло мумкин эмас.
Эй фарзандлар, азиз ёшлар, бегона тилни ўрганиш ихтиёрий, ўз тилини билиш ва асраш эса мажбурийдир. Диктаторнинг ўзбеклиги рост бўлганида, у аввало барча ўзбекистонликларга Давлат тилини ўрганиш ва уни муҳофаза қилиш бурчи ва талаби билан чиққан бўларди.
Мамлакатимизда инсонлар хоҳлаган тилини репититор орқали ўрганиши мумкин бўлгани ҳолда, диний эътиқодимиз имлоси араб ёзуви ва тилини ўрганмоқчи бўлган тенгдошларингиз туҳматлар билан айбланиб қамоқларда, қийноқларда азоб чекаётгани диктатор миллатимизнинг ашаддий душмани эканига кифоядир.
Азиз ёшлар, миллатлараро, халқаро, дипломатик муносабатлар воситаларидан бири саналган инглиз тилини лавозими ва хизмати тақозо қилувчиларгина билишга мажбурдирлар. Аммо уни мамлакатда ёппасига ўрганишга мажбурлаш, она тилимизнинг аста-секинлик билан истеъмолдан суриб чиқарилишига йўл қўйиш кечирилмас жиноятдир.
Токи миллат ва мамлакат эканмиз, ўз Давлат тилимиз, Эътиқодимиз, Байроғимиз, Гербимиз, Давлат Мадҳиямиз, миллий валютамиз… бошқалар назарида арзимас бўлиши мумкин, аммо у бизнинг фахримиз, ор-номусимиздир! Шундай экан, ор-номусни фақат ор-номус асрашини унутмайлик.
Абдиқодир КАРИМ.