O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Диктаторнинг хавфсизлиги учун Тошкентда иккита йўл кўмиб ташланди

Диктаторнинг хавфсизлиги учун Тошкентда иккита йўл кўмиб ташланди
167 views
04 September 2013 - 14:43
куча

Тошкентнинг кўмилган йўллари (Бобил минорасидан Навоий кўчасига қадар)

Диктаторнинг ташаббуси билан Тошкентда Мустақилликка атаб  тағин иккита йўлни кўмишди ва дарахтлар ўтқазишди.

Ободонлик ишлари билан танишиш мақсадида Хадра майдонига  шахсан ўзи келган Каримов “Иморатлар, йўллар ва бошқа инфратизилма объектлари қурилишида нафақат бугунги кун реалликларини, балки келажак авлодлар манфаатини ҳам ҳисобга олиш керак”, деган,  деб ёзади uznews.net сайти.

Шаҳар хизмати унинг зиёратига шу даражада астойдил тайёргарлик кўриб, унинг ташрифи олдидан, Хадра майдонидан Навоий номли гавжум кўчагача бўлган иккита йўлни кўмиб у ерга арча ва каштан дараҳтлари ўтқазишди.

Энди эса, аҳолиси зич Юнусобод мавзейидан Навоий кўчасигача қисқа йўлдан ҳаракатланувчи машиналар  бир неча километрдан иборат майдонни айланиб ўтишяпти.

И.Каримовнинг  сўзларига кўра, ўтган асрнинг 80 йилларида Навоий ва Фурқат кўчалари чорраҳасидаги ер ости автомобил йўллари, Хадра майдони атрофидаги кўпқаватли уйлар қурилишларида бу омиллар ҳисобга олинмаган ва бу кўп қийинчиликларни юзага келтирган.  Ушбу ҳудудларнинг катта қисми асфальт ва бетон билан қопланган, бу шаҳарнинг иқлим шароитларига тўғри келмайди. Бинолар бевосита йўл ёқасида жойлашгани учун ҳатто у ерларга дараҳтлар ўтқазишнинг ҳам имкони йўқ.

Унинг ташрифидан кейин Ҳадра майдонидаги қурилиш- таъмир ишлари натижасида, Навоий проспектига олиб чиқувчи майдондаги асфальт қопламанинг бир қисми олиб ташланди  ва у ерларга майса экилиб, декоратив дараҳтлар, гуллар ўтқазилди. Болалар майдончалари қурилди.

Шаҳарликлар учунми ёки ўзи учун?

Шаҳар транспорти оқимининг кўп марта ўсишига қарамай, сўнгги йилларда Тошкентда, қатор гавжум кўчаларнинг йўлларини кўмиш, у ерларга арча, каштан каби декоратив кўчатлар ўтқазиш тенденцияси авж олмоқда.

Уларни параллел кўчалар йўналиши бўйлаб айланиб ўтаётган автомобиллар ва автобуслар, уларнинг ўтказиш имкониятини чигаллаштириб, йўлларда борган сари катта-катта “пробкалар”ни вужудга келтирмоқда. Бироқ бу йўлларни очишга ҳаракат қилишмаяпти.

2000-йилларнинг бошларида Каримов топшириғи билан ЦУМдан Афросиёб (илгариги Косманавтлар) проспектига элтувчи 200 метрлик йўл майдони йўқ қилинди.

Бу йўл майдони тупроқ билан кўмилиб дараҳтлар ўтқазилди, чунки у Ислом Каримов ўзининг шаҳар ташқарисидаги резиденциясидан шаҳарга олиб чиқувчи “президент трассаси” деб аталмиш йўлга туташ эди.

куча1

Тошкентда автоулов йўли ўрнидаги пиёдалар йўлаги

Айни сабабга кўра, “Оқсарой” резиденцияси яқинидаги Интерпол биносидан Бўрижар канали орқали ўтувчи кўприккача бўлган участка ҳам ёпилди.

Ўшанда “Туркистон” саройи яқинидаги Шароф Рашидов (илгариги Ленин номидаги) проспектини (“Жасорат” ҳайкали яқинидаги) Абдулла Қодирий кўчаси билан Навоий кўчаси чорраҳасига боғловчи оралиқ йўл ҳам ёпилди ва кўмилди.

Пойтахтнинг асосий автотрассаларидан бири саналган, унинг марказидан йирик турар жой мавзейи бўлган Қўйлиқ ва тағин Фарғона водийси сари юриш мумкин бўлган Фарғона (собиқ Куйбишев) шоссеси ҳам ёпилди.

Бунинг сабаби ҳам – унинг «президент трасса»сига туташлиги эди. Кўчани нафақат темир панжаралар билан ўрашди, тағин бунга қўшимча ўлароқ Қўйлиқ мавзейига ўтиш мумкин бўлган автомобил кўпригининг бир қисмини бузишди.

Ҳамид Олимжон тумани ҳудудидаги Асака кўчасидан (“президент трассаси”нинг бир қисми) Истиқлол (собиқ Пушкин) кўчасига чиқиш йўли ёпилди. Тўғри, у ерларни кўмишмади, балки бетон блоклар қўйиб боши берк кўчага айлантиришди.

Яна шундай тарзда ҳукумат кўплаб микротуманлардан “Буюк Ипак Йўли” (Максим Горький) метро бекатига олиб чиқувчи йўлларни ёпди – бетон тўсиқлар билан “президент трасссаси”га олиб чиқувчи ўнлаб кўчалар ёпилди.

2010 йили Матбуотчилар кўчаси (собиқ Ленинград) қисман кўмилди, чунки у президент баъзида маъруза қилиб турадиган Форумлар Саройига олиб чиқар эди, шунингдек педагогика университетидан Шота Руставели кўчасига олиб чиқувчи Братислава (илгариги Глинка) кўчаси буткул ёпилди.

Юқорида айтилган  кўчаларнинг барчаси ёки аксарияти парк зоналарига айлантирилди ёхуд битта шахснинг – Ўзбекистоннинг 75 ёшли президенти Ислом Каримов ҳавфсизлигини таъминлаш учун шунчаки ёпиб ташланди.

Чарос