Бу маънони оддий мисол билан тушунтиришимиз мумкин. Масалан, бир йўл бор ва бу йўл катта жарликда тугайди. Бу жарликка тушган одам ундан қайтиб чиқа олмайди, яъни ҳалок бўлади. Бу йўлнинг бошида турган икки кишининг бирида харита бўлади ва у ушбу йўлдан юришнинг жарликка тушиш, яъни фожеа билан тугашини билади Иккинчи киши эса бу йўлдан юришнинг нима билан тугашини билмайди ва шу йўлдан кетишни истайди. Шунда қўлида харита бўлган киши:
“Эй инсон, бу йўлдан юрманг, унинг охирида ҳалок бўласиз”, деса, бу ҳақиқатни айтган киши мана шу йўлдан ўжарлик билан юришни истаётган одамга яхшилик қилган бўлади…
Бу шунчалик оддий ва тушунарли ҳақиқатдир…
Расулуллоҳ (сав) бир ҳадисларида шундай деганлар:
“Мазлумга ҳам, золимга ҳам ёрдам беринглар”. Саҳобалар: Мазлумга ёрдам беришни тушундик, аммо золимга қандай ёрдам берамиз?” деганларида, Муҳаммад (сав):
“”Золимни зулмидан қайтариш билан унга ёрдам беринглар” , деганлар.
Шу маънода бизнинг диктатор Каримовни танқидимиз унга ёрдам бериш маъносидадир. Яъни, яқин тарихда Ўзбекистоннинг Рашидов, Усмонхўжаев каби раҳбарларининг фожеавий оқибатига дучор бўлмаслик ҳақида уни огоҳлантиришдир.
Ҳозир диктатор Каримовнинг ёнидаги лаганбардорлари “Сиз улуғсиз, сиз буюксиз, сизнинг тенгингиз йўқ, сизга ўхшаган донишманд раҳбар тарихда бўлмаган “, дея сохта мақтовларни ёғдирмоқдалар. Эртага Каримов Президентликдан кетгандан кейин бу лаганбардорлар шундай дейишади: Лаънат бўлсин бу золимга, бизни сеҳрлаб қўйганди, бизни қўрқитганди, дунёнинг энг ахмоқ, ўжар одами эди ва ҳк…
Биз эса Каримовни ҳозир тириклигида ва мансабда ўтирган пайтида танқид қилаяпмиз. Тўғри баъзи танқидларимизда жузъий хатолар ҳам бўлиши мумкин. Аммо Ўзбекистон Президентининг диктатор эканлиги, 30 миллионлик халқни инсон ҳуқуқларидан ва адолатдан маҳрум қилгани, Ўзбекистонда фикр, сўз, эътиқод эркинлигининг ва сиёсий эркинликларнинг йўқлиги, натижада халқ хонавайрон бўлгани ва давлат тараққий этмай қолганини айтишимиз айнан ҳақиқатдир. Муҳими бу фақатгина Президент Каримов мухолифларининг фикри эмас, дунё жамоатчилиги, БМТ, ОИ ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ҳам хулосасидир…
Бизга сизлар фақат танқидни биласизлар, бирор аниқ таклифларингиз йўқ, дейдиганларга келадиган бўлсак марҳамат биз таклифларимизни мустақиллик йилларидан бери айтиб келаяпмиз. Истаганлар мана бу линкдан (http://www.uzerk.org/archives/12935) ЎХҲ нинг аниқ амалий таклифларини ўрганишлари ҳам мумкин.
Бу таклифлардаги асосий нуқта Ўзбекистонда умуминсоният тараққиётининг ижобий қадриятлари (инсон ҳуқуқларига амал қилиш, сўз, фикр, матбуот эркинликларини таъминлаш, эркин сайловлар ўтказиш ва ҳ.к), халқимизнинг эътиқодий қадриятлари (исломий қадриятлар), уларга зид бўлмаган миллий (ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва ҳ.к) қадриятлар асосида янги фуқаровий жамият тузишга қаратилгандир. ЎХҲ мана шу уч қадриятлар мажмуасининг ўзаро мутаносиблигига ишонган ва уларни ҳаётимизга тадбиқ қилишга интилаётган ҳамюртларимизнинг ҳаракатидир. Бу маънода ЎХҲ ни радикал ҳаракат дейдиганлар бизга туҳмат тошини отган ҳисобланадилар.
Хўш, Ўзбекистонни тараққиётга етаклайдиган бу ижобий дастур ҳаётга қандай тадбиқ илиниши мумкин? Бунинг учун Президент Ислом Каримов ёши бир жойга бориб қолганини эътироф қилиб, ўз вазифаларини Конституцияда кўрсатилгани каби Сенат Раисига топширади. Шундан кейин эркин ва адолатли сайловлар ўтказилади. Яъни, бу сайловда ҳукумат партиялари билан бирга мухолфатдаги сиёсий кучлар ҳам иштирок этадилар. Бу муддатда Каримов Сенат Раисининг Бош Маслаҳатчиси лавозимида Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнининг силлиқ ўтишида ўз ҳиссасини қўшиши ҳам мумкин. Чунки у Ўзбекистонда сиёсий вазиятни йўлдан чиқариши мумкин бўлган “қора” кучларни (масалан, турли кланларнинг вакилларини) яхши танийди ва уларни қандай нейтраллаштириш кераклигини билади.
Сайловда ғолиб чиққан номзод Ўзбекистоннинг янги Президенти бўлади. Шундан кейин Ўзбекистонда янгиланиш жараёнлари бошланади. Миллий Бирлик ва Тинчлик дастури қабул қилиниб, ўтган хатолар тузатилиб, янги тараққиёт йўлига ўтилади…
Бундай дастур ва уни амалга ошириш режасини Президент Каримовни билганлар асло амалга ошмайди, дея баҳолашлари мумкин. Айтишим керакки, булар менинг шахсий тушунча ва таклифларимдир. Уларни кимдир тўғри, кимдир нотўғри, дейиши мумкин. Менинг айтмоқчи бўлган фикрим, агар Каримов ҳукумати истаса яқинлашаётган ҳокимият алмашуви жараёнини мана шундай ижобий ва тараққийпарвар шаклда ҳам ҳал қилса бўлади. Бу масалада шахсан мен бу ишда ягона йўл диктатор Каримовни ағдариш, бундан бошқа чора йўқ, деган фикрда ҳам эмасман. Аллоҳ таоло истаса золимларга инсоф беради ва масалани тинч йўл билан ҳам ҳал қилса бўлади…
Хуллас, Президент Ислом Каримов тушунадими , йўқми, биз танқидларимиз билан унга яхшилик қилишга уринаяпмиз ва бу савобли ишни давом эттираверамиз. У эса ўзига яхшилик қилаётганларга бугунгача ёмонлик билан жавоб берди ва бермоқда, юзига ҳақиқатни айтганларнинг овозини ўчирмоқда, уларни қамоққа ташлаб даҳшатли шаклда қийноқларга солмоқда…
Яхшиликка ёмонлик…Аммо биз Ҳақ йўлидан, эзгулик, ҳақиқат, эркинлик, инсон ҳуқуқлари, соғлом эътиқод ва адолат йўлидан қайтмаймиз.
Намоз Нормўмин,
10. 01. 2013