O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Диктатор, унинг қизи ва Telia нинг миллиардлари

Диктатор, унинг қизи ва Telia нинг миллиардлари
111 views
07 October 2012 - 9:40

Диктатор ва унинг қизи, қизининг энг яқин дугонаси, 3G – лицензияси, 2,2 миллиард крон ва швед давлати телефон компанияси камида иккита халқаро жиноят тергов суриштирув ишларига аралашиб колган. Тергов таркибида унчалик ишониш мумкин бўлмаган ҳодиса, ҳозирда дунё оммавий ахборот воситаларида шов-шувга айланган воқеа – қандай қилиб TeliaSonera Ўзбекистонга кириб борганидир.

2011 йил сентябрь.  Дунё модаларининг прожекторлари диққати Нью-Йоркка,  модалар ҳафталигига  қаратилган. Шоҳона либослар,  кўзни қамаштирадиган даражада тикилган кийимлар, пуллар. Манхэттен ғарбидаги Линколн диққат марказига  буюкликни  кўз-кўз килиш  мусобақаси гулхани авжига  чиққан. Ҳамма шу ерда.

Режа  буйича модалар  хафтасининг пайшанба куни Guli бренди ўзининг 2012 йил баҳор коллекциясини намойиш қилиши керак эди. Аммо  Guli шоусига фақат бир неча кун қолганда  қандайдир бир воқеа юз беради. Тадбир ташкилотчилари  томонидан  программадаги  Guli  бренди намойиши устига чизиқ тортилади, яъни у программадан олиб ташланади.

Ўзи нима бўлганди? Буюк халқаро сиёсат  халқаро модалар тадбирига аралашганди. Чунки Guli брэнди ортида диктатор Ислом Каримовнинг 40 ёшли қизи Гулнора Каримова турарди. 2011 йилда Брюсселда, Европа Иттифоқининг президенти Жозе Мануэл Баррозо билан учрашган  ўзбек диктатори Ислом Каримов ўзи ва мамлакати   ҳақида  Amnesty International  докладидаги   қуйидаги жумлаларни ўкиганди:

“Ислом Каримовнинг йигирма йиллик ҳукмронлиги даври шуниси билан ажралиб турадики, бунда ҳар қайси кўринишдаги мухолиф кучлар давлат томонидан қатағон қилинди.  Ёзги таътил даврида ҳаттоки етти яшар болалар ҳам  пахта далаларида давлатнинг асосий экспорт салоҳиятини ташкил этувчи махсулотни, пахтани теришга мажбурдирлар. Диний эътиқод учун таъқиблар жуда яхши ҳужжатлаштирилган,  мамлакат қамоқхоналаридаги қийноқларнинг ҳисобига ҳам ета олмайсиз. Ҳаттоки маҳбус тириклайин қайноқ сувда қайнатиб ўлдирилгани ҳолати ҳам расман тасдиқланган”.

Айнан мана шу собиқ Совет мамлакатига 2007 йилда TeliaSonera 3G лицензиясини олиш учун икки миллиард кронадан ортиқ маблағни тўлаб юборган.

Гап шундаки, мана шу маблағни диктаторнинг қизи ўзлаштирган бўлиши мумкин ва ҳозирда мана шу воқеа сабаб, TeliaSonera нинг бош директори Ларс Нюберг, унинг раиси Андерс Нервингер, ҳамда уларнинг ҳар иккиси устидан  соҳиб бўлган швед ҳукумати муаммолар гирдобида қолган.

Гулнора Каримова  турли сабаблар боисидан жуда танилган инсон. У ҳақида турли диссидентларнинг ва бошқа ахборот сайтларнинг саҳифаларидан аниқ маълумотлар олиш мумкин. Бу тарзда ёзувчи журналистларни мамлакатда таъқиб этишади. Сарлавҳаларнинг кўриниши эса жозибалидир. У ўзини нафақат Guli брендининг дизайнери, балки дипломат деб ҳам таништиради, чунки отаси уни Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси лавозимига тайинлаган.  Тағин, Спотифайда (Spotify)  унинг Googoosha тахаллуси остида поп-юлдузи сифатида ижро этган энг сўнгги қўшиқларини тинглаш мумкин. Ўзининг веб саҳифаларидан бирида у ўзини “шоира, меццо-сопрано, дизайнер ва ўзбек гўзали” деб таништиради. Бундан икки йил илгари Джулиан Ассанж ўзининг WikiLeaks саҳифасида Америка дипломатларининг минглаб телеграммаларини очиқларкан, у ерда Каримованинг ҳам номи жуда ёмон отлиқ қилиб бўлмаса-да, эслаб ўтганди.   Элчихона дипломатлари Вашингтонга телеграмма беришаркан, диктаторнинг қизини “Қароқчилар каттаси” ва “Мамлакатда энг ёмон кўриладиган шахс” дея баҳо беришган.

19 сентябрь кунида SVT – швед телевидениесининг “Вазифа.Текшириш” (Uppdrag Granskning) таҳлилий кўрсатувида Гулнора Каримованинг номи Гибралтарда рўйхатдан ўтган Такиланд ширкатининг эгаси Гаяне Авакиян билан яқин алоқада эканлигини,  Ўзбекистонда бизнес қилишини режалаган TeliaSonera 3G лицензиясини олиш учун ўзининг миллиардларини  айнан мана шу ширкатга тўлаганлигини фош қилди.

Авакиян Каримова билан “Дом стиля” деб аталадиган модалар уйида ишлаган ва уларнинг модалар кўргазмасида биргаликда тушган суратлари ҳам мавжуд. Бозорга у Ucell телефон компанияси номи билан кириб борди ва унда  Telia Sonera 90 фоиз ҳисса билан асосий эгаликни қўлга киритган бўлса, Такиланд қолган қисмига эга бўлди.

Бунга параллел бир воқелик шуни кўрсатмоқдаки, диктаторнинг катта қизи нафақат  телекоммуникация бозорига хўжайинлик қилади, балки давлат ишларига ҳам аралаша олади.  Август ойида, “Вазифа.Текширув” Telia Sonera ҳақидаги ўз таҳлилий кўрсатувини эълон қилишидан олдин Ўзбекистон вице-премьери Абдулла Орипов вазифасидан озод қилинганди. Абдулло Орипов телекоммуникация масалаларига ҳам алоқадор эди ва айтишларича, бошқа бир телекоммуникация ширкати, Россиянинг МТСга тегишли Уздунробита лицензияси ишидаги коррупцияга алоқадор шахс сифатида кўрилмоқда. Аммо 2004 йилда Уздунробитани МТС сотиб олгунигача, у Гулнора Каримовага тегишли эди, дея хабар тарқатди ахборот сайтларидан бири.  Режим танқидчиларининг баҳоларига кўра, Ориповга қўйилаётган айбловдан кўзланаётган асосий мақсад,  диктаторнинг қизига қаратилган нохуш нигоҳлардан жамоатчиликни чалғитиш бўлган.

TeliaSonera бош директори Ларс Нюберг учун Гулнора Каримова, Гаяне Авакян, унинг Такиланд ширкати, ҳамда тўлаб юборилган миллиардлар қаерга гумдон қилингани ва нима воқеа юз бергани борасида ўйлаб кўриш имконлари йўқмиди? Ҳозирда Швеция прокуратурасидан ташқари, Швейцария прокуратураси ҳам кўплаб миллион пулларни ювиш жиноятлари бўйича иш очган, дея хабар беради Швед телевидениеси.

Бу иш бораркан, Швеция-Финландиядаги йирик корпорациялардан бири бўлган Nordea банки 2011 йилда Такиланд ширкатидан тушган 30 миллион доллар миқдордаги маблағ учун ҳисоб рақами очганини билдирди ва орадан бир ҳафта ўтиб бу пуллар ҳам швед прокуратураси томонидан музлатилди.

Энди эса TeliaSonera 3G лицензиясини олишда сарфлаган миллиардлари пора, ёки пул ювиш амалиётига алоқадор эканлигини аниқлаштириш учун Mannheimer Swartling номли ҳуқуқий бир фирмани ёллади.

20 сентябрь кунида Эхо радиосига Ларс Нюберг қўйидагича интервью берди:

“Савол туғилади: Бу ишнинг ортида руйхатда бўлмаган бир неча кишилар бормикан? Бор бўлиши мумкин, чунки беш йил илгари бунақа жиддий саволлар ҳозиргидек мавжуд бўлмаганди”.

Telia раҳбари охирги ҳафталарда кўп сабабларни важ қилиб кўрсатмоқда.

 

svd.se/naringsliv